ADOLAT 24

Қонундаги «тушунарсиз» модда у қандай мақсадда киритилган?

Ахборот тарқатиш, муаммони жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш журналистнинг вазифаси. Ривожланган демократик давлатларда бирор мавзу кўтарилса, бу одатий ҳолат сифатида қабул қилинади. Агар журналистни мақтайдиган бўлсангиз, у (It is my job) деб ўз вазифасини бажарганини айтади. Ўзбек журналистларида ҳам «бу менинг вазифам» (масалан, «Rost24» сайти муҳаррири Анора Содиқованинг фикри), дея иш тутиш кузатилаётгани кишига умид бахш этади.

Аслида матбуот ахборот сотиш, реклама бериш эвазига кун кўриши керак. Ўзбекистон истиқлолга эришгач, тоталитар жамиятдан демократияга ўтиш даврида оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий чеклангани, журналистнинг манфаатдорлиги шундай вазиятни вужудга келтирдики, ижодкорлар камида икки тоифага бўлиниб қолди. Биринчиси, мавжуд иш ва қалам ҳақига қаноат қилади, иккинчиси эса танқидий чиқишлар ваҳимаси билан қўшимча «даромад» ундиради.

Биринчисига мисоллар кўп. Келинг, иккинчиси ҳақида қисқача тўхталамиз. Марказий нашрлардан бирининг муҳаррири ўз мухбири билан ҳамкорликда ёғ-мой комбинатидаги ҳолатни ўрганишади. Тўпланган ахборотлар натижасида танқидий мақола тайёрланади. Оқибат эса муҳаррирнинг пора олиши вақтида қўлига кишан солиш билан якунланади.

Муаммо нимада?

«Журналист оладиган маоши ва қалам ҳақининг камлиги боис танқидий мақоласини пора эвазига чоп этмагандир», дейишингиз мумкин. Бу фикрнинг ҳам яшашга ҳаққи бор. Бизнингча эса масаланинг асосий сабаби қонундаги камчиликдадир. Оммавий ахборот воситаларига доир қонун ва кодекслар кўплигидан муаммо йўқдек хулоса келиб чиқади.

Аслида-чи?

«Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг (https://lex.uz/docs/9540) «Журналист текшируви» деб аталган 9-моддасида журналистнинг текширув ўтказишга ва уни ОАВда эълон қилишга ҳаққи борлиги, «Журналист текшируви даврида у қўлга киритган материаллар ва ҳужжатлар олиб қўйилиши ёки кўздан кечирилиши мумкин эмас»лиги таъкидланади. Бу ҳуқуқни биз ҳам қўллаб-қувватлаймиз, албатта. Лекин қонуннинг худди шу жойида журналист ўз текширувларининг натижаларини «…давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларга ихтиёрий равишда тақдим этиши мумкин», деган банди ҳам бор.

Хўш, йўл қўйилган камчилик­ларни не азобда қийналиб топган журналистнинг текширув натижаларини ўша корхона масъулларига «ихтиёрий равишда тақдим этиши» қай тарзда амалга ошади?

Фараз қиламиз, журналист раҳбар қабулига кириб: «Жаноб бош­лиқ, корхонангизда муаммо ва камчиликлар бор экан, мана қўлга киритган исбот – ҳужжатларимиз, уларни тузатиб қўйинг», деди ҳам дейлик. Текширув натижалари корхонада қандай тартибда кўриб чиқилади? Ким чора кўради? Чора кўриладими?..

Ҳолбуки, ҳаётда корхона раҳбарига эмас, аксинча журналистга кўрилган чораларга гувоҳ бўлдик (масалан, Муҳаммаджон Обидов. «Журналист суриштируви: тажриба ва таҳлил» («Фарғона» нашриёти, 2018., 96 бет).

Одатда бошқа «беозор» йўли кўп қўлланилади. Танқидий материал ҳақида ҳамма унутади. Корхона ва таҳририят ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномаси тузилиб, унга кўра корхонада амалга оширилаётган янгилик ва ибратли ишларни тарғиб этишни таҳририят зиммасига олади (бундан бир неча ой аввал ижтимоий тармоқда «тренд» бўлган бир ҳокимлик ва сайт ўртасида тузилган 90 миллионлик шартномани эсланг). Олам гулис­тон!..

Ёғ-мой комбинати билан боғлиқ мисолимизда, тахминимизча, «нақд», яъни пора сўралган. Корхона раҳбари айбини ёпиш учун тўғри йўл тутган: таъмагир муҳаррирни ҳуқуқ-тартибот ходимларига топширган. Аммо, лекин, бироқ – журналист топган муаммо ва камчиликлар бартараф этилдими?

Демократик давлатда журналист муаммони кўргач, уни бурчи ва вазифасидан келиб чиқиб, жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиши керак. Шу боис қонундаги юқорида таъкидлаган жумлалардан воз кечиш вақти келди. Текшириш ўтказган журналист учун ҳам, текширилувчи ташкилот раҳбари учун ҳам муаммо «ўзаро келишув» асосида «бартараф этилиши» эҳтимоли йўқотилиши зарур.

Агар мазкур бандлардан бошқа эзгу муддао кўзланган бўлса, уни қонунга киритган собиқ депутатлар изоҳ беришар, мутахассислар шарҳлашар балки…

Нима бўлганда ҳам, қонундаги бу тушунарсиз бандга бериладиган шарҳлар, тузатишлар Халқаро журналистлар федерациясининг «Журналистларнинг фаолият тамойиллари Декларацияси»да қабул қилинган журналистларнинг ахборот олиш, узатиш, тарқатиш, шарҳлаш ва воқеаларни баён этиш бўйича йўлланмасидаги «Ҳақиқатни ҳурмат қилиш ва жамиятнинг ҳақиқатни билиш ҳуқуқи – журналистларнинг биринчи навбатдаги бурчидир», деган талабига мос бўлиши даркор.

Демак, қонунлар такомиллаштирилмоғи, журналистлар билан бир қаторда раҳбарларнинг дунёқараши, амаллари қонунга мувофиқ бўлиши давр талабидир.

Танқиддан қўрқувнинг тарихи

Бунинг учун раҳбарлар онгидаги эски қарашларни ҳам ўзгартириш керак. Совет даврида Ленин, ке­йинчалик Сталин матбуотни, унинг назорати(цензура)ни коммунистик партия «қўли»га тутқазган. Партия­нинг қатағон машинаси – НКВД ўзгача фикрлайдиган кишиларни қамоққа олиб, жисман йўқ қилган, одамлар ўртасидаги миш-мишни тўхтатиш учун матбуот орқали «халқ душманлари»га лаънат ёғдирган. Сталин ўлимидан кейин эса коммунистик партия раҳбарлари тегишли органлар топшириғи билан бирор раҳбарни аввал матбуотда танқид қилдирар, ундан кейин иш қўзғаб, қамоқхоналарда чиритарди (масалан, «Пахта иши»). Иккисининг ҳам мақсади муштарак эди. Мана шу тарихий ҳодиса жаҳон матбуоти илмида «тоталитар назария» номи билан ўрин олган. Бугунги раҳбарнинг танқиддан қўрқиши, танқидни қабул қила олмаслиги замирида онг остига сингиб кетган юқоридаги тушунча яширинган: мақола уни «йўқ қилиш мақсадида уюштирилган», вассалом.

Бу қўрқув миллат онгига йиллар давомида сингдирилди, ундан халос бўлиш, ҳатто истиқлолга эришиб, демократик йўлни танлаганимизга 31 йил бўлган эса-да, ҳамон қийин кечмоқда.

Президент таъкиди

Шу ўринда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг айтган фикрлари билан кифояланишни маъқул кўрдик:

«Бугун барча бўғиндаги раҳбарларнинг жамоатчилик билан, айниқса, оммавий ахборот воситалари билан муомала маданияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим масалага айланди.

Айрим ҳолларда раҳбарлар томонидан танқидни қабул қила билмаслик, нима қилиб бўлса-да, уни тан олмасликка бўлаётган уриниш­ларда ҳам кўзга ташланмоқда.

Афсуски, баъзи раҳбарлар халқ билан, матбуотчилар билан мулоқотда оддий муомала маданиятини, маънавиятни унутиб қўйишмоқда. Улар томонидан қилинган мурожаатларга ўз вақтида, холис жавоб берилмаслиги ҳам ҳақли эъти­розларга сабаб бўляпти.

Ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз, деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларда қайсидир раҳбарнинг фаолияти билан боғлиқ шов-шувли хабар тарқаляпти. Уларда берилаётган танқидий материалларга ўз вақтида холис, асосли муносабат билдирилмаётгани оқибатида одамлар орасида ҳар хил фикрлар, баҳс-мунозаралар юзага келмоқда.

Энг ачинарлиси, баъзи раҳбарлар жамоатчилик ўртасида турли зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган бундай ҳолатларнинг олдини олиш ўрнига, кибру ҳавога берилиш, ўзига бино қўйиш билан масалани янада чигаллаштирмоқда.

Тушунаман, ҳар кимнинг ўзига яраша ғурури, иззат-нафси бор. Лекин раҳбар шуниси билан раҳбарки, у нафақат ўзининг шаънини, балки давлат идорасининг обрўсини ҳам сақлашга масъул эканини унутмаслиги керак.

У ҳар қандай тўсиқ ва қийинчиликларга, кескин ва долзарб муаммоларга дуч келмасин, вазиятдан оғир-босиқлик ва вазминлик билан чиқиб, фақат қонунга асосланган тўғри қарор қабул қилиши шарт» (https://www.gazeta.uz/uz/2019/11/23/speech/).

Матбуот эркинлиги – юрт шаъни

Тўғриси, Президент томонидан шу гаплар айтилгунича кўпчилик зиёлилар «халқ дардини матбуот орқали раҳбаримизга етказишга яна қийналар эканмизда» сингари ўй-хаёллар гирдобида қолганди. Ижро ҳокимияти муаммони бартараф этиш ўрнига жамият дардини кўтариб чиқаётган журналистлар билан курашмаслиги керак. Бундай раҳбарлар ўз ҳаракатлари билан халқаро ҳамжамиятда юртнинг обрўсини туширади.

АҚШ Давлат департаменти раҳбарларидан бири Элис Уэллс ўзининг «Твиттер»даги саҳифасида: «Президент Ш.М.Мирзиёев Ўзбекис­тон ОАВга қарши таҳдидларни қоралаб, матбуот эркинлигининг собит тарафдори эканлигини билдирганидан хурсандман. Журналист ва блогерларнинг хавфсиз бўлиши ҳамда ўз вазифаларини эркин бажаришларига имкон берилиши демократия ва очиқликнинг янада ўсишига ёрдам беради», дея бежиз таъкидламади. Чунки улар икки юз йил олдин бу йўлни босиб, улкан таж­риба тўплашган.

Ҳаёт давом этади. Мавжуд қонунларнинг саволли жойларини бартараф этиш ёки шарҳлашга зарурат бор.

Масалан, тиғиз ҳолатларда тезкор ахборот тарқатиш билан боғлиқ бўлган, шу билан бирга, «нима мумкину, нима мумкин эмас»лиги изоҳланган, изқуварлару судьялар қаторида журналистлару блогерлар бирдек тушунадиган ва амалиётда қўлланиладиган шарҳлар ёзилиши бугунги кунда долзарбдир.

Хулоса қилиб айтганда, журналистнинг ахборот олиш, таҳлил қилиш ва тарқатишдаги ҳуқуқий эркинлиги амалда таъминланмасдан туриб, матбуот эркинлигига эришиб бўлмайди. Қонунларда белгиланган журналист қўлга киритган ахборотларни тарқатишдаги зарурати, унинг мурожаатига бериладиган жавоб муддати қисқартирилмас экан, фаолият чекланади, жамият ахборотсизлик муҳитида қолади ва бу ҳолат демократик қадриятларни топтайди, коррупцияга йўл очиб беради. Журналистнинг фаолиятсизлиги эса жамият учун мисли кўрилмаган зарар келтиради.

Ҳалим САИДОВ,

филология фанлари доктори

Tegishli xabarlar

АДОЛАТНИ ҲАЁТИ МЕЗОНИГА АЙЛАНТИРГАН ОЛИМ

admin

АДОЛАТ – ҲАР БИР ИНСОН УЧУН

admin

ЭРКАКЛАРНИ АСРАНГ АЁЛЛАР! Зеро, улар ҳам баъзан ҳимояга муҳтож бўлишади

admin