ADOLAT 24

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳаси муҳокамада: Ҳар бир таклиф эътиборга олинади

Аҳоли манфаатларини таъминлаш, ҳаёт тарзини яхшилаш, хизмат кўрсатиш сифатини оширишда, албатта, фуқароларнинг фикр­лари билан ўртоқлашиш ва таклифларига таяниш самарали усул саналади. 

Келгуси 5 йилликда мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларига замон нафаси ва янгиланиш­лар ҳароратини бахш этувчи “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойи­­ли асосида Янги Ўзбекис­тоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. 

Таъкидлаш ўринлики, Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да мамлакатимизни ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши доирасида 100 га яқин пухта ишланган, аниқ мақсадларга эришиш назарда тутилмоқда.

Қайси соҳада фаолият юритишидан қатъи назар, кўплаб юртдошларимиз, оддий фуқародан тортиб давлат ва жамият арбоблари, олимлар, илм-фан вакиллари, ёшлар ўзларининг таклифларини билдириб, Тараққиёт стратегиясининг янада пишиқ-пухта бўлишида, шунингдек, унда халқимизнинг хоҳиш-иродаси тўла қамраб олинишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. 

Тараққиёт стратегияси лойиҳасида репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш назарда тутилмоқда. Бу борада 46 та туманлараро перинатал марказларни ташкил этиш, уларни кадрлар, зарур тиббий техника ва буюмлар билан таъминлаш назарда тутилган.

Шу ўринда перинатал марказларда фаолият юритаётган шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашда кўрсатиладиган тиббий хизмат тури, мураккаблиги ва эришилган натижаларни ҳисобга олиш масаласини ҳам “йўл харитаси”да қайд этиб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Бугунги кунда барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, соҳани рақамлаштириш ва ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш борасидаги ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Шунингдек, ҳудудлардаги мавжуд ҳолатлардан келиб чиқиб, ушбу йўналишда фаолият олиб борадиган мутахассисларни тайёрлаш, хусусан, перинатал ва скрининг марказларида уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

Бунинг учун жамоат саломатлиги техникумлари қошида IT оператор – ҳамшираларини тайёрлаш курси ёки йўналишини ташкил этиш таклиф этилмоқда.

Яна бир масала, қўмитамизга ҳудудларда ўрганишлар давомида фуқаролар томонидан нафақат илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга, балки турли ташкилотларда, жумладан, тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган илмий даражага эга малакали ходимларнинг ҳам лавозим маошларига қўшимча устама тўлаш амалиётини жорий этиш бўйича таклифлар келиб тушмоқда.

Ҳар бир таклиф, муносабат аҳамиятли. Энг муҳими, уларда соҳаларга киритилиши лозим бўлган ўзгаришлар, мавжуд муаммоларга ечим тилга олинади. Қолаверса, фуқароларда дахлдорлик ҳиссини ошириб, ўз келажаги учун замин яратиш имконини беради.

Манзура САЛИМОВА, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси

Tegishli xabarlar

НОМЗОД КЎРСАТИШДА ФУҚАРОЛАР ИШТИРОКИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

admin

СЕНИНГ ТЕНГДОШИНГ Илмга чанқоқ, интилувчан, изланувчан ёшлар мамлакатимизнинг эртанги истиқболи, ёрқин келажагини таъминловчи кучдир

admin

Ташаббуслар бардавом бўлади

admin