ADOLAT 24

Ҳуқуқий, ижтимоий давлат қуриш йўлидаги муҳим қадам

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияcининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда янгиланаётган Конституция лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ўтган вақт мобайнида фуқароларимиздан келиб тушган 220 мингдан ортиқ таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти Конституциявий қонун лойиҳасига сингдирилди. Шунинг­дек, 2022 йил 24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида сиё­сий партиялар фракциялари томонидан Конституциявий қонун лойи­ҳаси юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатларини аниқлаштириш, ижтимоий давлат принципларини рўёбга чиқаришнинг конституциявий механизмларини янада кучайтириш ҳақида илгари сурилган қатор таклифлар ҳам янгиланаётган Конституция матнида акс этди.

Эътиборлиси, келиб тушган таклифлар асосида Конституция лойи­ҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалари 275 тадан 434 тага ошди, Асосий қонунимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгиланди.

Йиғилишда фракция аъзолари ўз партиявий дастур ва мақсадларидан келиб чиқиб, Бош қомусимиз лойиҳасида тегишли таклифлари акс этганини эътироф этиб, судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан амалга оширилиши Конс­титуция билан мустаҳкамланаётганини алоҳида қайд этдилар. Депутатларнинг фикрича, киритилаётган мазкур ўзгаришлар одил судловни тўлиқ ва мустақил равишда амалга ошириш имконини беради.

Конституциявий қонун лойиҳасида жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатиши кўзда тутилмоқда. Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади. Адвокатура фаолиятини ташкил этиш ва унинг тартиби қонун билан белгиланади.

Адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан тўсқинликсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади. Энг муҳими, адвокат ва унинг касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади.

Шунингдек, қонунлардаги ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши, бу борада, Конституциямизда шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб туриш мумкин эмаслиги белгиланмоқда ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ барча ҳаракатларга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши мус­таҳкамланмоқда. Бундан ташқари, илк бор айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи берилмоқда.

Ҳуқуқий, ижтимоий давлат қуриш — “Адолат” социал-демократик партиясининг пировард мақсади ҳисобланади. Янгиланаётган Конституцияда Ўзбекис­тон ҳуқуқий ва ижтимоий давлат эканлигининг мустаҳкамланиши, ижтимоий давлатга хос, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётидан тортиб, аҳолининг барча қатламлари учун хизмат кўрсатиш ва ижтимоий хизматларнинг ривожланган тизимини яратишгача бўлган барча элементлар Бош қомусимиз моддаларида муҳрланаётгани фракция аъзолари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Савол-жавобларга бой бўлган йиғилишда фракция аъзолари Конституция­­га киритилаётган ўзгартишлар давлат ҳокимияти асосларини янада такомиллаштиришга, парламентнинг ваколатларини кучайтиришга, фуқароларнинг қонунчилик жараёнидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида қайд этдилар.

Фракция аъзолари Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишларни маъқуллаб, ўзларининг позицияларини билдиришди.

Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Tegishli xabarlar

Мақсадимиз — ҲАМЮРТЛАРИМИЗНИ РОЗИ ҚИЛИШ

admin

БИЗ  БИЛАН “ГУЛДУРГУП”  ЎЙНАМАНГ ёхуд эрта турмушнинг аянчли оқибатлари

admin

Устоз

admin