Олмонияга ўқишга борган бир араб йигит ҳикоя қилади:
“Олмония саноатлашган, ўта ривожланган давлат. У ерда турли соҳаларга оид маҳсулотларнинг саралари ишлаб чиқарилади. Кўпчилик бу мамлакат аҳолиси ниҳоятда тўкин-сочин, ўта дабдабада яшайди деб ўйлайди. Сафаримдан олдин мен ҳам шу фикрда эдим.
Ҳамбург шаҳрига келиб тушганимда у ердаги танишларим бир ресторанда зиёфат уюштирди. Ресторанга бордик. Қарасак, ресторанда одам кам, бир нечта ёши улуғ аёллар бор, четдаги столда ёш эр-хотин ўтирибди. Олдиларида иккита тарелка овқат ва иккита ичимликдан бошқа нарса йўқ. Биз ҳам бир столга ўтирдик, қорин ҳам очиб кетганди, шеригим кўпгина овқат буюртма берди. Ресторан тинч, овқат ҳам тезда келди.
Овқатланиб бўлиб, кетаётганимизда овқатнинг деярли учдан бири ортиб қолган эди. Ресторан эшигига етиб бормаган ҳам эдикки, кимдир бизни чақирди. Қарасак, ёши улуғ хонимлар ресторан бошлиғига нималарнидир гапиришяпти. Билсак, улар кўп овқат қолдириб кетаётганимиздан норози экан. Шеригим: “Ўзимиз буюртма берган овқат, пулини тўладик, сизларга дахли бўлмаган нарсага нега аралашасизлар?” – деди. Хонимлардан бири бизга қаттиқ ғазаб билан қараб турди-да, телефон олдига бориб, кимгадир сим қоқди…
Кўп ўтмасдан, расмий кийимда бир киши кириб келди, ўзини «ижтимоий таъминот муассасасининг зобити” деб таништирди. Бизга 50 марка жарима солди. Биз жавоб қайтаролмадик. Шеригим узр сўраб, жаримани тўлади. Зобит самимий оҳангда деди: “Ортиб қолмаслигига кўзларинг етган таомни буюртма беринглар, пул ўзларингники, лекин ресурслар барчаники. Дунёда кўплаб одамлар ресурс, озиқ-овқат тақчиллигига дуч келмоқда, сизлар эса беҳудага кетказяпсизлар”.
Биз роса хижолатда қолдик. У ҳақ эди.
Хулоса ўзингиздан…
