Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида 30 март куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини Кегейли туманидаги “Ақтуба текстиль” корхонасидан бошлади.
Илгари бу туманда саноат умуман йўқ эди. Иқтисодиётни таркибий ўзгартириш бўйича қилинаётган ишлар, ҳудудлараро ҳамкорлик натижалари бу ерда ҳам сезилмоқда. Хусусан, андижонлик тадбиркорлар билан биргаликда учта лойиҳа ишга туширилди.
Улардан бири – “Ақтуба текстиль” йилига 3 миллион донадан зиёд трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга. Бунинг учун Германия, Япония ва Туркиядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. 500 та иш ўрни яратилган. Йилига 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.
Президентимиз корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди, ишчи аёллар билан суҳбатлашди. Чекка ҳудудларда бундай янги корхоналар очилаётгани, хотин-қизлар иш билан таъминланаётганининг аҳамиятини таъкидлаб, буни давом эттириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Корхонанинг ўзида касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ўқув маркази ташкил этилган. Унда яқин маҳаллалардаги ишсиз фуқаролар ҳунар ўрганиб, ўз йўлини топади.
Кегейли туманида Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилди.
Тадбир аввалида 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Беруний туманидаги “Беруний буғдой кластер” ҳамда “Райҳон аппарел”, Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент” заводининг 3-босқичи, Қўнғирот туманидаги “ККРаси кемикал”, Нукус шаҳридаги “Азимут ҳотел”, Тўрткўл туманидаги “Хозагро” вакиллари видеоалоқа орқали мажмуалар салоҳияти ҳақида ахборот берди. Бу корхоналарда жами 1 100 та доимий иш ўрни яратилади, улар орқали ишлаб чиқаришга 300 миллиард сўм, экспортга 20 миллион доллар қўшилади.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, ушбу янги корхоналарни ишга туширди.
Бу Қорақалпоғистон Республикасидаги ривожланишнинг изчил давоми аслида. Сўнгги олти йилда ҳудудда 15 триллион сўм инвестиция ҳисобига 5 минг 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилган. Тадбиркорлар сони 2 баравар кўпайиб, 46 мингта доимий иш ўрни яратилган. Илгари саноати энг паст бўлган 6 та туманда ишлаб чиқариш 2-3 баравар ошиб, Қорақалпоғистондаги улуши 12 фоизга етган.
Умуман, бу даврда Қорақалпоғистонда саноат 1,3 баравар ўсиб, 61 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Айниқса, кимё, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, текстиль ва тўқимачилик, фармацевтика саноати маҳсулотлари тайёрлаш 2 баравардан зиёд ўсган.
Ўтган йили 31 августда давлатимиз раҳбарининг “Қорақалпоғистон Реcпубликасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва катта дастур қабул қилинган эди. Бунга асосан 2023 йилнинг ўзида 670 миллиард сўм ва 340 миллион доллар маблағлар ажратилди.
Тадбиркорларга жозибадор бизнес муҳитини яратиш мақсадида фойда, айланмадан солиқ, ер ва мол-мулк солиқлари 2 баравар пасайтирилди, ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланди. Бу орқали Қорақалпоғистоннинг барча тадбиркорлари ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм қолаяпти.
Фақат ушбу ҳудуд тадбиркорларига тижорат кредитларининг 75 фоизига Тадбиркорлик жамғармаси кафиллиги берилиши белгиланди. Бундай имкониятлар соҳалар ривожига қўшимча туртки берди.
– Биз битта эл ва битта юртмиз! Ҳамма вилоятлар Қорақалпоғистонни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган. Ҳар бир туманга вазирлар, вилоят ҳокимлари, идора ва банклар раҳбарлари бириктирилган. Бунинг натижалари барча туманларда кўринаяпти ва бу ишлар тўхтамайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон аҳолиси фаровонлигини янада оширишга қаратилган учта янги ташаббус билдирди.
Биринчиси, Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилади. Бунинг учун алоҳида Қорақалпоғистон маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб, унга жорий йилда 250 миллиард сўм йўналтирилади.
Иккинчиси, кадастри йўқ 38 минг уй-жой ва кўчмас мулклар бўйича тегишли ҳужжатлар тайёрлаб берилади.
Учинчиси, аҳоли талабини инобатга олиб, жорий йилда 4 мингта уй-жой қурилади. Бунга қўшимча, замонавий лойиҳа асосида 4 минг якка тартибдаги уй-жой қуришга 4 сотихдан ер ажратилади.
Йиғилишда иш ўринларини кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қорақалпоғистонда 72 минг расмий ишсиз бор. Ҳар йили 43 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келади. Шуларни ҳисобга олиб, 193 минг иш ўрни яратиш ва Қорақалпоғистонни “ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш мақсад қилиб қўйилди. Бу борада йирик корхона ва кластерлар, кончилик, оилавий тадбиркорлик, касаначилик ва қишлоқ хўжалигидаги имкониятлар кўрсатиб ўтилди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари мўл ва арзон бўлишини таъминлаш мақсадида 2022 йилда аҳолига 6 минг 600 гектар ер берилган эди, бу йил яна 6 минг гектар ажратилмоқда. Бу орқали сабзи, пиёз, картошка каби кундалик маҳсулотларга эҳтиёж қопланади. Бўстон каналини бетонлаш ҳисобига Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманларида 100 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади. Дала четларида 3,6 минг гектарда қовоқ, узум ва сабзавот етиштириб, 42 минг тонна маҳсулот олинади.
Қорақалпоғистонда 51 та мактабда ўқувчилар сони меъёрдан 2 баравар кўп. 208 та маҳаллада ичимлик суви таъминоти яхши эмас. 120 километр магистрал ҳамда энг серқатнов 600 километр ички йўлларни таъмирлаш керак. Шу боис 9 та туманда мактабгача таълим муассасалари қуриш, мактаб ва шифохоналарни таъмирлашга, шу жумладан, иссиқлик таъминотига қўшимча маблағ ажратилиши белгиланди.
Йўлларни таъмирлаш, электр энергияси тақчиллиги чораларини кўриш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
Қорақалпоғистонлик фаоллар бу марраларни бажариш ўзларига боғлиқ экани, ҳамма бирлашиб ишласа, натижалар янада яхши бўлишини таъкидлашди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида миллатлараро тотувликка бағишланган маданий тадбир бўлди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Қарийб юз йиллик тарихга эга ушбу муассаса санъат ривожида, ёшлар тарбияси ва аҳолининг маданий ҳаётида муносиб ўринга эга. Охирги йилларда театр жорий таъмирланиб, асбоб-ускуналар янгиланди. 2017 йилда унга академик театр мақоми берилди.
Давлатимиз раҳбари бу ерда ёшуллилар, санъат соҳаси вакиллари билан бирга бадиий дастурни томоша қилди.
Қорақалпоғистонда кўплаб миллат вакиллари аҳил ва тотув яшамоқда. Дастурда шу жиҳат таъсирчан талқинларда ифодаланди. Халқ достонларидан парчалар, “Шағала”, “Дембермес”, “Нигарим” каби куй-қўшиқлар ижро этилди. Алишер Навоий, Бердақ, Махтумқули ва Абай ижодидан намуналар ўқилди. Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов қаламига мансуб “Туғишганлик” шеъри ва “Ўзбекистон” қўшиғида миллатлараро тотувлик, оғзибирчилик, тинчлик қадри тараннум этилди.
Президентимиз шу ерда қорақалпоғистонлик ижодкорлар, маданият соҳаси вакиллари билан мулоқот қилди. Бадиий дастурни юқори баҳолади.
Ўзбек ва қорақалпоқлар икки тилли бир эл. Асрлар давомида бирга яшаб, дўст, қариндош бўлиб, бир халққа айланиб кетган. Улар бугун мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти йўлида ҳамжиҳат. Бу нафақат саҳнада, балки ҳаётимизда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Давлатимиз раҳбари ушбу қадриятларни улуғловчи асарларни кўпроқ қўйиш, гастролларга чиқиб, ёшларни театрга қайтариш, маданиятини бойитиш муҳимлигини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев Нукус ёшлар технопаркини бориб кўрди.
Бу мажмуа ёшларнинг иқтидор ва кўникмаларини шакллантириш, янги иш ўринлари яратишга қаратилган. Хусусан, компьютер саводхонлиги, график дизайн, робототехника, 3D моделлаштириш, акселерация каби 9 та йўналишда йилига 1 минг 500 йигит-қиз таҳсил олиши мумкин. Бунинг учун замонавий техника, лаборатория ва устахона ускуналари ўрнатилган.
Ҳозирги кунда ўқув курслари битирувчиларининг ғоялари стартап шаклига келтирилиб, “Бўлажак олим”, “Technoways”, “Start 4 Region” каби танловларга 50 га яқин лойиҳа топширилган. Шунингдек, “Орол денгизининг қурғоқчил ҳудудида уруғчилик плантациясини ташкил этиш” мавзусида умумий қиймати 955 миллион сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу денгизнинг қуриган тубидаги ерлардан фойдаланиш, сувни тежаш ҳамда тузни камайтиришга хизмат қилади.
Умуман олганда, ушбу технопарк ёшларнинг интилиш ва ғояларини такомилга етказгунча ёрдам беради.
Давлатимиз раҳбарига ёш фермер ва олимларнинг қуритилган органик помидор, оқова сувларни тозалаш ва балиқларга озуқабоп ўсимлик лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Яшил технологияларга асосланган бу лойиҳалар Европа давлатларининг сертификатларига сазовор бўлган.
Президентимиз бу лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, амалиётга кенгроқ жорий этиш кераклигини таъкидлади.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Нукус шаҳридаги Алтин жағис маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишди.
Бу ерда 4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллалардаги манзилли ишлар Алтин жағисда ҳам ўз натижасини бермоқда. Яқин-яқингача бу манзил транспортлар бориши қийин, коммуникация тармоқлари камчил жой эди. Ўтган йили бу ер “Обод маҳалла” дастурига киритилиб, кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Йўл, электр энергияси, ичимлик суви ҳамда газ тармоқлари янгиланди.
Маҳалла биноси янгидан қурилиб, унинг атрофида болалар майдончалари, тиббиёт пункти, тадбиркорликка кўмаклашувчи марказ, савдо шохобчаси ташкил этилди. Замонавий спорт мажмуаси қуриб битказилмоқда. Бундай яхлит мажмуа аҳолига қулайлик яратади.
Давлатимиз раҳбари маҳалладаги ўзгаришларни кўздан кечирди, аҳоли билан суҳбатлашди.
– Маҳаллангиз обод бўлганини, одамлар юзидаги розиликни кўриб хурсандман. Буни ҳамма жойда давом эттирамиз. Қорақалпоғистон маҳаллаларини обод қилиш, сув, йўл, электр таъминотини яхшилаш, мактаб, боғча ва тиббиёт пунктларини қуриш ва таъмирлаш учун бу йил 1,5 триллион сўм бераяпмиз. Бундан ташқари, Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилади. Муаммони маҳалланинг ўзи кўтарсин, ўзига пул берайлик, ўзи назорат қилсин. Шунда сифат ва манфаат бўлади. Одамлар рози бўлади, – деди Президент.
Бу ерда ҳам тадбиркорликни қўллаб-қувватлаб, янги иш ўринлари яратишга эътибор қаратилмоқда. Маҳалланинг ери унумдор эмас. Аҳоли асосан хизмат кўрсатиш орқали даромад олади. Маҳаллада маиший хизмат шохобчалари, тикувчилик корхоналари, новвойхона, мебелсозлик ва техник хизмат кўрсатиш устахоналари бор. Келгусида қуёнчилик ва балиқчиликни ривожлантириш режалаштирилмоқда.
Маҳалла билан танишиш узоқ давом этди. Давлат раҳбари шу ерлик Қуўаншбай Сейтназаров хонадонида ифторлик қилди.
Юртимизни Наврўз шукуҳи ҳали тарк этмаган. Президентимиз маҳалла аҳлининг сумалак сайлида ҳам иштирок этди.
Шавкат Мирзиёев шу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳам суҳбатлашди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбирлари