Мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритган вақтдан бошлаб, то шу кунга қадар демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан оғишмай борар экан, давлатчилигимизнинг демократик, ижтимоий, дунёвий ҳуқуқий асосларини яратиш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш борасида катта ишларни амалга оширмоқда. Зеро, мақсади фуқаролар фаровонлигини оширишга йўналтирилган ижтимоий давлат қуриш мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, истиқлол барча ватандошларимизга ҳурлик ва эркинлик бахтини берди, муҳими, инсонни, ҳар бир фуқарони жамиятнинг ҳақиқий гултожисига айлантиришдек улуғ мақсад сари илдамлашга хизмат қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумга тақдим этилган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳасининг 54-моддасида: “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир. Давлат инсон ва фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”, дейилади. Юртдошларимиз ҳуқуқ ва эркинликларининг бундай юксак меъёрда белгиланиши 1948 йилда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқларининг Умумжаҳон декларацияси” ғояларига тўла мос келади.
Конституциявий қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятан янги таҳрирда ишлаб чиқилганлиги, унинг муаллифи сифатида халқимиз эътироф этилганлиги, унда реал мавжуд ташқи ва ички глобал омиллар ҳисобга олинганлиги, бир сўз билан айтганда, жаҳон андозасига монандлигининг ўзи катта воқелик. Мустақилликнинг қўлга киритилиши қанчалик улкан сиёсий-ижтимоий факт бўлса, жамиятимиз тараққиётида янги Конституция шу қадар муҳим ўрин тутади. Мамлакат равнақи, барча соҳалар ривожининг ҳуқуқий асосини ташкил этаркан, уларнинг нақадар адолатли, ҳаққоний, ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан мукаммаллиги ҳам Конституцияда ўз ифодасини топади. Зотан, Конституция миллий давлат ривожида беқиёс аҳамият касб этади.
Маълумки, ҳар бир жамият ўзининг юксак тараққиётига эришиши учун суверен, мустақил бўлиши, халқ манфаатларига хизмат қилувчи демократик тамойилларга асосланган давлатчиликни вужудга келтириши зарурдир.
Референдумга тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни таҳрири Муқаддима, “Асосий принциплар”, “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари”, “Жамият ва шахс”, “Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши”, “Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши”, “Конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби” деб номланган 6 та бўлим, 27 та бобни ташкил этган 155 та моддани ўз ичига олади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг Муқаддимаси ҳар жиҳатдан мазмунан ва моҳиятан бойитилди. Муқаддима мантиқий боғлиқликдаги кетма-кетликда Конституциявий қонуннинг тааллуқли боблари ва моддаларида аниқ, равшан ойдинлашиб боради. Конституциямизда халқимиз ўзининг умуминсоний қадриятларга содиқлигини намоён қилиб, давлатимиз диққат марказида инсон, унинг ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини таъминлаш олий масъулият эканлиги, бутун ҳокимият ва суверенитет халққа тегишли бўлиб, у давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаилиги, ўзбек халқини, миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон фуқаролари ташкил этиши, Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши, диний эътиқод эркинлиги, давлатнинг диний бирлашмалар фаолиятига аралашмаслиги, меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитига эга бўлиши, ёлланиб ишловчиларнинг ҳуқуқлари таъминланганлиги, ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқининг мавжудлиги, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти яратилганлиги, бепул умумий таълимнинг кафолатланганлиги, вояга етмаган, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимояланганлиги каби асосий қоидалар мустаҳкамланди. Жумладан, фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган бозор муносабатларига асосланган иқтисод, унинг хилма-хил шаклдаги мулкка асосланиши, мулк шаклидан қатъи назар уларнинг дахлсизлиги ва давлат ҳимоясида эканлиги (65-модда), мулкдорнинг ўз мулкидан фойдаланишдаги эркинлиги (66-модда) сингари қоидалар барқарор иқтисодиётга, эркин тадбиркорлик фаолиятига ҳуқуқий асос бўлди. Бу, ўз навбатида, кучли ижтимоий сиёсат ва сиёсий ислоҳотларнинг ҳам узлуксизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Амалдаги Конституция қабул қилинганлигига ўтган 30 йилдан зиёд вақт давомида, яъни то шу кунгача қатор ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилганлиги ва ҳозирда янги таҳрирдаги Конституциявий қонун ишлаб чиқилиши ҳолати табиий ва ўз қонуниятига эга. Зеро, вақт ва замон ўтиб борар экан, табиат, жамият муттасил ўзгариб, ундаги мавжудлик, воқеа-ҳодисалар, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-маърифий, ахлоқий муносабатлар ҳам ривожланиб боради. Бунга мутаносиб равишда ҳаётимиз тартиб-қоидалари, қонунлари, хусусан, Конституция ҳам ўз такомилини тақозо этади.
Ҳозирги пайтга келиб, мамлакатимизда миллий давлатчиликнинг ривожланиш жараёнлари бутунлай ижобий томонга қараб ўзгарди. Шубҳасиз, ҳуқуқий давлатнинг энг асосий тамойили қонун устуворлиги таъминланмоқда. Бунда инсон ҳуқуқлари умуммажбурий бўлишига эришиш учун ҳуқуқий давлат асоси – ҳокимият тизимининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларига бўлинишининг конституциявий принципи алоҳида аҳамият касб этади.
Миллий давлатимиз ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари – пировард натижада Ўзбекистонда янги ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этишга қаратилган бўлиб, бунда демократиянинг давлат ички ҳаётида ҳам, ташқи сиёсатда ҳам ўрни жуда муҳим. Шу маънода, Конституциявий қонун лойиҳасининг 1-моддасида белгиланганидек, “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” барпо этишнинг халқаро тамойиллари, умумэътироф қилинган йўриқлари мавжуд бўлиб, бевосита фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаш ҳуқуқига эгалиги, озчиликнинг кўпчиликка бўйсуниши, барча фуқароларнинг миллати, элати, ижтимоий келиб чиқиши ва диний эътиқодидан қатъи назар тенг ҳуқуқлилиги, давлат ва жамият бошқарувида қонун устуворлиги, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи ва бошқалардан иборат. Айни пайтда, ҳар бир халқнинг ўз турмуш ва тафаккур тарзи, тарихий анъаналари, ҳаётга муносабати ва бошқа хусусиятларидан келиб чиқиб, демократияга ёндашишнинг ўзига хос усули, йўли бор. Зеро, демократияни жорий этишда юртимизда ўзбекона, халқчил тамойиллар шаклланаётганлиги ва ҳаётимизга кириб келаётганлигини эътиборга олиш керак.
Давлатчилигимизнинг демократик тамойилларини янада чуқурлаштириш ва ривожлантиришимиз мумкин. Аслида, демократия – “объектив воқелик”. У бор ёки йўқ! Бироқ барқарор демократик жамиятнинг қарор топиши учун зарур ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳаётга татбиқ қилишга қодир кучли ижтимоий давлат лозим. Ҳар бир нарсани унинг моҳиятидан келиб чиқиб, ўз номи билан аташ керак. Ўрни келганда таъкидлаш жоизки, ХХI асрда давлатларнинг арзон популизми ва демократия ниқоби остидаги ўйинлари эмас, балки миллий мафкурадан воқеликка айланган қадамларимиз, қўлга киритган ютуқларимиз мамлакатимиздаги ижтимоийликка йўғрилган асл демократик тамойиллар мазмун-моҳиятини ташкил этади.
Тўғри ва ҳақиқий бунёдкорлик ғоясини фақат давлатимизнинг демократик қарашлари, унинг ижтимоийлашуви орқалигина амалга ошириш мумкин. Ҳозирги даврда жаҳон давлатлари эришаётган ютуқлардан ортда қолмаслик, янги технологияларни эгаллаб, уни ишлаб чиқаришга жорий этиш учун изланиш, мустақилликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, янги-янги синовлар, хавф-хатар ва таҳдидлар, зиддиятли жараёнлар, иқтисодий қарама-қаршиликлар, глобал муаммолардан ҳимояланиш ва бартараф этишдек вазифалар – давлатимизнинг муҳим йўналишларини ташкил қилади.
Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилмоқда. Бу нормалар социал-демократик нормалар бўлиб, инсон ҳуқуқларига олий мақом берадиган, инсонларнинг барчасини ижтимоий ҳимоя қиладиган ва қонун олдида ҳамманинг тенглигини таъминлайдиган ҳуқуқий механизм бўлиб хизмат қилади.
“Адолат” социал демократик партияси томонидан йиллар давомида илгари суриб келинаётган бу норма, яъни “Кучли ижтимоий давлат – ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик қилиш” бўйича давлат сиёсатини юритиш, демакдир.
“Адолат” СДПнинг сиёсий платформаси ва Сайловолди дастурларида акс эттирилган масалаларнинг Конституция моддаларида акс эттирилиши, партиямизнинг кўтарган масалаларнинг долзарблигини ва халқчил тарзда ечимини топиши зарурлигини кўрсатади.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг муҳим моҳияти унинг мамлакатимиздаги барча аҳоли қатламлари манфаатлари ҳамда жамиятдаги хилма-хил қараш ва нормаларни ўзида мужассам этганидир.
Бир сўз билан айтганда, янгиланаётган Конституция “Адолат” социал-демократик партияси томонидан сайловларда кўтарилган таълим, соғлиқни сақлаш, прописка, ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофаза, оила ва гендер тенглиги каби бир қанча долзарб масалаларга ечим бўлиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарадиган кучли ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя воситаси бўлади.
“Адолат” СДП ўз олдига қўйган олижаноб ва эзгу мақсад – вазифаларнинг катта қисми янги таҳрирдаги Конституцияда ўз ўрнини топган. Шуларни инобатга олган ҳолда ярим миллиондан ортиқ аъзоларга эга бўлган “Адолат” СДП янги таҳрирдаги Конституцияни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Юртимизда 30 апрель тарихий сана бўлиб қолади. Референдумда фаол иштирок этиб, келажагимизни белгиловчи Асосий Қонуннинг қабул қилиниши орқали авваллари мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этиш имкониятини яратамиз.
Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси