ADOLAT 24

Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда

“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентлигига кўрсатилган номзод Робахон Махмудованинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб ўтди. 

Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, меҳнат фахрийлари, фаол хотин-қизлар ва ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Учрашувни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сирдарё вилоят кенгаши раиси Жамол Комилов кириш сўзи билан очиб берди. 

2023 йил 9 июль санасида бўлиб ўтадиган Президентлик сайлови Ўзбекистоннинг келгусидаги барқарор тараққиёти ва ривожланиши учун муҳимлиги таъкидланди.

Сўнг Президентликка номзод Робахон Махмудованинг бош ишончли вакили Иномжон Қуд­ратов томонидан йиғилганларга номзод ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбир давомида “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудова сайловчиларни ўз Сайловолди дастурининг устувор йўналишлари билан яқиндан таништирди. 

Айтиб ўтилганидек, номзод дастурида тадбиркорлик субъектларига қўшимча харажатлар юклайдиган барча қоидаларни фақат қонунлар орқали қабул қилинишига эришиш, шунинг­дек, қонунларни тўғридан-тўғри ишлайдиган механизмлар билан қабул қилиш, бу борада парламент қўмиталари ишини кучайтириш, парламент фаолиятида тадбиркорлик субъектлари ишига аралашмаслик, уларга оид масалаларни ижро органларидан талаб қилиш, депутатларнинг иш вақтининг ярмини ўз сайловчилари ёнида ўтказишини белгиловчи тартибни жорий этишни назарда тутувчи ғоя ва мақсадлар илгари сурилмоқда.

Қолаверса, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги бош­қарув компаниялари фаолиятини такомиллаштириш, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий бир хил ўсишни таъминлаб, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривож­лантириш, субсидиялар бериш тизимини такомиллаштириш ва мақсадли ишлатилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, жарималарни ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилигига қараб белгилашга доир масалаларга ҳам номзод дастурида алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, бошланғич таълим муассасаларида жамоатчилик назорати кучайтирилиб, боғча ва мактабларга очиқ, шаффоф танлов асосида ишга олиш тизимини яратиш, давлат ҳисобидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхати такомиллаштирилиб, ижтимоий дорихоналар ривож­лантирилиши, оғир касалликларни давлат томонидан даволашни кенгайтириш, аҳоли банд­лигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг реал даромадларини ошириш борасидаги таклифлар тадбир иштирокчиларининг эътибор марказида бўлди.

Учрашув давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Джанибекова, халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродов, халқ депутатлари Мирзаобод туман Кенгаши депутати Дилдора Халиқова сўз олиб, Президентликка номзод Робахон Махмудованинг Сайловолди дас­турида 9 йўналишда мамлакатимиз равнақи, фуқароларимиз фаровонлигига дахлдор ғоя ва мақсадлар таклиф этилаётганлигини таъкидлаш баробарида, йиғилганларни кутилаётган муҳим сиёсий, тарихий тадбирда Робахон Махмудовага овоз беришга чақиришди. 

Тадбир якунида Президентликка номзод томонидан Сайловчиларнинг саволларига батафсил жавоб берилди.

“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.

Tegishli xabarlar

Улуғ алломанинг мангулик тафаккури

admin

Саъдулла Ҳаким: “Қўшиқлар ёнади юлдузлар каби…”

admin

ЎЗБЕКИСТОН – ФРАНЦИЯ: ҚАТЪИЙ ИШОНЧ ВА АЗАЛИЙ ДЎСТЛИККА АСОСЛАНГАН МУНОСАБАТЛАР СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИК ДАРАЖАСИДА ДАВОМ ЭТАДИ

admin