ADOLAT 24

Косонсойнинг довруғини таратган буюклар

Донғи дунёга кетган Косонсой қадимийлик жиҳатидан маълум ва машҳур ҳисобланади. Тарихий манбаларга асосланадиган бўлсак, Косонсой (Кушон)нинг тилга олиниш даври эрамиздан аввалги III, II асрларга бориб тақалади. Ўша даврлардан токи шу кунларга қадар бу диёрдан дунё тамаддуни ривожига ҳисса қўшган кўплаб буюк шахслар етишиб чиққан. 

Ушбу мўъжазгина мақолада Косонсой фарзанди бўлган ва дунё илм-маърифати ривожига муносиб ҳисса қўшган бир қатор алломалар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтишга ҳаракат қиламиз. 

Косонсойнинг фаҳри ҳисобланмиш йирик диний арбоб, Нақшбандия тариқатининг давомчиси Махдуми Аъзам Косоний (1461-1542 йиллар) ўз замонасининг муҳтарам зотларидан бири эди. Уни Мирзо Бобур ва бошқа шоҳ ва шаҳзодалар ўзига пир тутган. Махдуми Аъзам Косоний-Даҳбедий Самарқандда яшаб, ўша ердан абадий қўним топган. Ундан “Танбеҳ ус-салотин” ва бошқа кўплаб диний ва илмий асарлар мерос бўлиб қолган. 

“Малик ул-уламо” унвони соҳиби бўлган Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад ал-Косоний (1100-1191 йиллар) Моварауннаҳр фиқҳ мактаби вакилларидан бири ҳисобланган. Унинг “Бадоеъ-ус саное” асари маърифат аҳли учун мерос бўлиб қолган. 

“Тож-ус саодат” унвони соҳиби бўлган Шамсиддин Муҳаммад Косоний (XI аср) тарихда етук донишманд сифатида ном қолдирган. 

Марғилон шаҳри ҳокими бўлган Пайғу Малик Косоний (XI аср) эса “Обизилол” номли қасидалар тўп­ламини ёзиб қолдирган тенгсиз шоир ҳисобланади.

Етук шоир ва илм арбоби бўлмиш Абу Наср Аҳмад ибн Сулаймон ал-Косоний Қорахонийлар давлати (1080-1086 йиллар)да вазир ва қози лавозимларида ишлаган. 

Абу Нуваси Аҳваий Косоний (768-855 йиллар) ҳам ўз даврининг етук олими ва шоири ҳисобланади. Шунинг­дек, яшаб ўтган даври ҳақида ёзиб қолдирган эсдаликлари қиммати жиҳатидан юқори ўринда туради. 

Хитой пойтахти Пекин шаҳрининг мусулмонлар истиқомат қиладиган Нюжье мавзеида кўҳна зиёратгоҳ бор. Унда жуда қадимий қабр бўлиб, у асли косонсойлик Шайх Муҳаммад бинни Аҳмади Буртани Косонийга тегишлидир. 

Шайх Муҳаммад XIII аср бошларида кўҳна Косонда таваллуд топган. Ёшлигидан диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллаган. Косоний нисбаси наинки ўз юрти, балки Осиё ва Яқин Шарқда маълуму машҳур бўлган. Умрининг сўнгги дамларини Хитойда ўтказган олим узоқ йиллар Пекин шаҳрида мударрислик қилган. 

Ўн бешинчи асрнинг охири, ўн олтинчи асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган Муҳаммад Ҳодий Косоний илм-маърифатли шоирларидан бири бўлган. Фазлийнинг «Мажмуайи шоирон” асарида берилган маълумотларга қараганда Ҳодий Косоний форсий шоир бўлган. 

Ашраф бин Умар Ойбек хожа Косонийнинг (вафоти 1449 йил) улуғ ва мўътабар шайх бўлганликлари эътироф этилади. 

Косонийлардан яна бири бўлмиш Муҳаммад Ҳасан Паймий ҳам халқпарвар шайх, олим сифатида ном қозонган. Халқ у кишига “Мадд дона гўй” (Гапни чўзиб, дона-дона гапирувчи) дея таъриф берган. У 869 йилда вафот этган, Гўрмирон қишлоғидаги қабрис­тонга қўйилган. 

Милодий 1258 йил 8 январда мазкур қабристонга дафн этилган Муҳаммад Носир бин Шайхул имоми Олим бин ул Ҳусайн Шамс ал-Косоний замонасининг етук олимларидан бири бўлган. Ул зотга замондошлари “фақиру мис­кинларнинг доимий саховатпешаси, улуғларнинг пешвоси, машҳурларнинг шарофатлиси, мамлакатнинг кўрки, буюк эҳсон соҳиби, олимлар мураббийси, фозиллар даражасини белгиловчи” дея таъриф берганлар.

Амир Дарвеш Муҳаммад Файзий Косоний XVI асрда яшаб ўтган таниқли шоир бўлиб, дастлаб Косонда, сўнг Самарқанд ва Тошкент мадрасаларида таҳсил олади. Замондошлари орасида “Подшоҳ Файзий Шерозий” номи билан машҳур бўлган. Ўн бир йил Тошкент музофоти қозикалони бўлиб ишлаган. Юз йилдан ортиқ умр кўриб, 1591 йилда вафот этган ва Даҳбедда, Махдуми Аъзам пойгоҳига дафн этилган.

“Баҳр ул-асрор” асари муаллифи косонлик олим ва шоир Маҳмуд ибн Вали Косоний (у Амир Ҳолати Косоний деб ҳам аталган)дир. Маҳмуд ибн Валининг падари бузруквори Мир Муҳаммад Вали Косоний Пирмуҳаммадхон (1546-1567 йиллар) замонида Косондан Балхга кўчиб келган ва унинг саройида катта нуфузга эга бўлган. Мир Хислат тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзган. Олим Б. Аҳмедовнинг ёзишича, Маҳмуд ибн Валининг катта акаси Амир Абулборий Косоний ҳам ўз даврининг оқилу доно кишиси бўлган. Манбаларда қайд этилишича, Саййид Миракшоҳ Маҳмуднинг опасига уйланган. Саййид Миракшоҳнинг бой кутубхонаси бўлиб, уни Маҳмуднинг ихтиёрига топшириб қўйган.

Муҳаммад Аминхўжа Мунший Косоний XVIII-XIX асрларда меъмор, наққош, нажжор, шоир ва котиб сифатида донг таратган. Унинг бошчилигида Наманган шаҳридаги Мулла Қирғиз мад­расаси, 1809 йили Косонсойдаги XI асрга тегишли “Ғўзапоямозор” меъморий обидаси мукаммал таъмирланган.

Махдуми Аъзам Косоний авлоди бўлмиш Муҳаммад Ҳакимхон тўра 1806 йил ўз замонасининг ҳур фикр­ли кишиси Маъсумхон оиласида дунёга келган. Тараққийпарвар сиёсий қарашлари туфайли Ҳакимхон тўра Қўқон хони томонидан мамлакатдан бадарға қилинади. Умрининг кўп қисми саёҳатларда, саргардонликда ўтади. 

Девонаи Қаландар Косоний ўз замонининг (XVIII аср) етук шоири бўлган. Адабиётшунос олим А.Халилбековнинг “Наманган адабий гулшани” китобида қайд этилишича, Қаландар Косоний шоира Жаҳон отин Увайсийнинг отаси бўлган. Шоир ўзбек-тожик тилларида ижод қилган. 

Косонсойлик тарихчи Ҳакимхон Тўра Қўқон хони Олимхоннинг жияни бўлган. Отаси Маъсумхон Қўқон хонининг туғишган синглиси Офтоб ойимнинг эри эди. Ҳакимхон тўра ўзи яшаб турган хон замони тўғрисида “Мунтахаб ат-таворих” номли асар ёзган. Бу асар XIX аср миллий адабиётининг энг яхши намуналаридан бири саналади. 

Туркистон мухторияти Маориф вазири бўлган Носирхон Тўра Косоний ўз замонасининг олим ва миллатпарвар кишиларидан бири эди. Носирхон Тўра таълимни аввал ўз отасидан, сўнг­ра Қўқон, Бухоро мадрасасида олгач, 1913 йил ҳаж амалини бажаради. Сафар чоғида ривожланган давлатларда амалга оширилаётган кашфиётлар ва илм-фан тараққиётидан хабардор бўлиб қайтади ва ўзига яқин инсонлар ва қўрбошилар билан ватанни қутқаришга бел боғлайди. Натижада Носирхон Тўра советлар томонидан кузатувга олинади ва 1925 йилда Самарага сургун қилинади, кейинчалик эса Оренбургга ўтказилади. 1928 йилнинг сентябрь ойида сургундан қайтса ҳам Носирхон Тўра советлар томонидан қатъий назоратга олинади. Хоинларнинг хиёнатига учраб, 1930 йил 15 июлда Ўшда қўлга олинади. Сўроқ давомида Носирхон Тўра нега шўролар сиёсатига қарши эканлигини тушунтириб беради. 1930 йил 27 октябрда Носирхон Тўра отиб ташланади.

Ислом илмининг етук олими Мулла Жўра Охунд Косонсой довруғини етти иқлимга ёйган буюк олим эди. 1887 йилда таваллуд топган Мулла Жўра она шаҳрида бошланғич таълимни олади. Бухоро мадрасасида илмий ва исломий фанларни, айниқса, фикҳ, фалсафий тариқат ва шариат илмини мукаммал эгаллаган Мулла Жўра Охунд талабалик даврида Амир Олимхон ва Николай II стипендияларига сазовор бўлган.

ХХ аср алломасига айланган Мулла Жўра Охунд шўролар даврида руҳонийликда айбланиб, кўп йиллар қамоқда ўтириб чиқди. Аллома 1985 йилда 98 ёшида вафот этган. 

Бутун умри ватан фироғида ўтган Саййид Мубашширхон Косоний (1929-1995 йиллар) Косонсойнинг Дарвоза қишлоқ маҳалласидаги мулк­дор Сулаймонхўжа оиласида туғилган. 1930 йилда большевиклар томонидан мол-мулки мусодара қилинган отаси Сибирга сургун қилинади. Шундан сўнг Саййид Мубашширхон онаси Латифа биби ва тоғаси билан ватандан чиқиб кетиб, Афғонистон, Саудия Арабистони каби давлатларда ҳижратда яшайди. Саййид Мубашшир Косоний қатор хотира китоблар муаллифи. Унинг уч жилддан иборат «Ўрта Осиё тарихи» асари ноёб қўлланма ҳисобланади.

Буюкларга бешик бўлган қадимий Косонсойда ноёб асори-атиқалар, кўҳна тарихдан сўзловчи қадимий обидалар ҳам талайгина. Жумладан, Косонсойнинг кўрки бўлиб, кўкка бўй чўзиб турган улкан чинорнинг экилганига минг йилдан ошган. 

Садпири комил масжиди ҳам минг йиллик тарихга эга. Ушбу масжид ёнидаги қабристонда бир қанча олиму уламолар ором олиб ётибди.

2200 йиллик тарихга эга бўлган Муғтепа Даван, Кушонийлар империяси даврида Фарғона давлатининг ҳарбий сиёсий маркази, пойтахт шаҳар бўлган. Қорахонийлар даврида (XI аср) шаҳарда танга пуллар зарб этилган. 

Табиий туризм маскани ҳисобланадиган Чак-чак булоқнинг ҳам ўз тарихи бор. Тарихий манбаларда қайд этилишича, Амир Темур Қамариддинга қарши урушда икки бора шу ердан ўтиб, булоқ ёнида дам олган.

Туман марказидаги 1030 йилда қурилган Ғўзапоямозор меъморий обидаси ғаройиблиги билан кишини ҳайратга солади. Бу ерда Сайид Жалолиддин Сомоний номи билан боғлиқ мақбаралар мажмуи бўлиб, қатағон йилларида (1933 йилда) бузиб ташланган, хайриятки, масжид сақланиб қолган. Ушбу масжид биносини улкан ғўзапоя дарахти тўсини кўтариб туради. Абдуллахон подшолиги даврида қурилган. 

Жомий масжиди ҳам диққатга сазовор обидадир. Ер остида барпо этилган Гунгалак ҳаммоми 1400 ёшда. Ривоятларга кўра, ҳаммом шам билан иситилган.

Саййид Жалолиддин Косоний зиёратгоҳи XV асрларда барпо бўлган. Бу ерда Махдуми Аъзам Косонийнинг отаси Саййид Жалолиддин Косоний қабри бор. 

Хуллас, Косонсойда қадимий тепаликлар, истеҳкомлар, қалъалар, кузатув манзиллари, улуғ кишилар қўним топган Тафтуқ ота, Лангар ота, балиқлар ҳукмдори аталмиш Шайх Зунун Мисрий, Чор саҳоба, Зарбахш ва Хўжа Рўшноги каби зиёратгоҳлар борки, уларнинг ҳар бири алоҳида тарихга эга. 

 Косон қасабасини синчковлик билан ўрганган шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида бу гўшага алоҳида таъриф бериб: “Яхши ҳаволиқ ердур. Сафолик боғчалари бор. Вале сафолик боғчалари тамом сой ёқасида воқеъ бўлғон учун “пусини пеш барра” дебтурлар. Сафо ва ҳавода Ўш била Косон элининг таассуби бор…” дея таъриф этган. Ушбу таърифни ҳис этиш, кўз билан кўриш учун биргина йўл бор. Бу йўл Косонсой томонга элтади… 

Муҳаммадхон АКРАМОВ,

Косонсой тарих музейи мудири,

Муҳиддин ОМАД, 

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси

Tegishli xabarlar

САЙЛОВ ТАРТИБИГА ОИД ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ      ЮЗАСИДАН 400 ГА ЯҚИН ТАКЛИФ КЕЛИБ ТУШГАН 

admin

Гулираъно Маъсудова: “Ёнма-ён туриб ҳам соғинардик”

admin

Фирибгар “Қувурчи” жазоланди

admin