ADOLAT 24

Илм аҳлига МУРОЖААТ

Шиддат билан ўтиб бораётган мураккаб давримизда илм-фан тараққий топиб, кўп­лаб ютуқларга эришяпмиз. Юртимизда жуда катта ислоҳотларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Хусусан, диний соҳадаги ислоҳотларни гапириб, унинг шукронасини адо этишга ожизмиз. Қанча-қанча орзуларимиз амалга ошмоқда. Дин, виж­дон, эътиқод, қолаверса, сўз эркинлиги каби ибораларни бугун бемалол ҳаётга тат­биқ қиляпмиз.

Аммо, таассуфки, шунинг баробарида кейинги пайтларда дилни хира қиладиган фойдасиз тортишув ва низолар ҳам авж олмоқда. Бу каби тортишувлар инсонни фойдали илм олишдан узоқлаштириб, умрини беҳуда ўтказишга сабаб бўлади.

Ижтимоий тармоқларни кўринг: диний мавзуларда тортишув ва мунозалар кўпайиб кетди. Бу эса одамлар орасида турли тушунмовчикларга сабаб бўлмоқда. Баъзи аҳли илмларнинг воқеликка қарамай, турли гапларни айтиш­лари ҳам тортишув ва муҳокамаларни келтириб чиқармоқда. Бу ҳам фитнага сабаб бўлмоқда. Яна устоз кўрмасдан, ҳали диний илмларни яхши ўзлаштирмай дин номидан гапираётганлар ҳам учраб турибди. Улар умуман воқеликни тушунмасдан, ҳар хил “фатво”ларни айтаётганлари жуда катта фитналарни келтириб чиқармоқда. Уларнинг бу гап-сўзларидан кейин жуда кўпчилик онгида динга, хусусан, аҳли илмларга нисбатан салбий фикрлар пайдо бўлмоқда.

Азизлар, дин тортишув, мунозара, ҳақорат, камситиш, биридан бирини устун қўйиш учун нозил бўлмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дин – насиҳатдир!” деганлар. Ана шу қоидага мувофиқ, биз муомаламизга жуда ҳам эҳтиёт бўлишимиз керак.

Насиҳат юмшоқлик ва мулойимлик билан олиб борилади, азизлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон дағал, қўпол, ҳақорат қилувчи зот бўлмаганлар. Минг афсуски, Аллоҳ номидан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан гапириб ҳақорат ва фаҳш сўзларни ишлатиб даъват қилаётганларни ҳам эшитиб қоляпмиз.

Одамларга динни тўғри тушунтириш ва уларни яхшиликка даъват этиш ўтган улуғ пайғамбарларнинг суннати ҳисобланади. Даъват ҳикмат билан бўлади. Ҳикмат деб бир ишни муносиб макон, замон ва муносиб феъл ила қилишга айтилади. Гапни далил билан, воқеликни ҳисобга олиб, муҳим нарсаларни муқаддам қилиб, муҳим бўлмаган мавзуларни бироз кейинга суриб гапириш ҳам ҳикмат ҳисобланади. Агар воқеликни ҳисобга олмай гапирадиган бўлсак, унда жуда катта қийинчиликларга сабаб бўлиб қоламиз.

Бугун биз кўтараётган масалаларни одамлар қабул қиладими? Улар шуни тушуна оладими? Уларнинг фаҳми қай даражада? Бу нарсаларни ҳисобга олиш лозим.

Бугун қанақа муаммоларни кўтаришимиз керак? Интернетда кўтарилаётган айрим муаммолар, баъзи нотиқ ва хатибларимизнинг қилаётган хутбалари ҳеч кимнинг эсида бўлмаган, жамиятга фойда келтирмайдиган муаммолардир.

Бугун қанча мавзулар қолиб, бир-биримизни ҳақорат қилишга ўтиб кетяпмиз. Жамиятда бўлаётган катта муаммоларни кўриб, билиб туриб, бу муаммоларни бир четга суриб, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган, ўйламаган майда муаммоларни кўтариб, уни энг юқори даражага олиб чиқиб, ўзаро тортишишимиз мана шу воқелик фиқҳини билмаганимиздан бўлмоқда. Қайсидир домламиз тирноқ олишни муаммо қилиб чиқаётган бўлса, яна кимдир дастурхон устида қилинадиган дуолардан тортишмоқда. Бошқаси пойабзални қандай кийиш ҳақида ё таҳорат ҳақида тортишаётган бир паллада қайсидир бир жойда эр ўз хотинини ўлдириб қўяётганини айтмаслиги воқеликни умуман эътиборга олмаслигимиз сабабидан бўлмоқда. Аслида гапирадиган муаммоларимиз қанча! Жамиятимизда ўз хотинини ўлдириб қўяётган эр ҳам мусулмонликни даъво қилаётган шахс. Мусулмонман, деб турган кишининг ўз хотинини ўлдириб қўйиши, фарзанд ўз отасига қўл кўтариши, келин қайнонасини дўппослаб ураётгани ижтимоий тармоқларда тарқатилмоқда. Қайноға укасининг аёли бўлган келинни тепкилаётгани кўрсатиляпти. Бу муаммоларни гапиришимиз керак эмасми? Баъзи ака-укалар муносабати тубан ҳолатга келиб, бир-бирига пичоқ қадайдиган даражага келиб қолгани гапириш керак бўлган мавзу эмасми? Бугун кимдир дорига пул тополмасдан, фарзандини даволашдан ожиз бўлиб, қийналиб, одамлардан ёрдам сўраб турган пайт­­да унинг бир девор қўшниси миллионларча пулни осмонга совуриб, дабдабавозлик билан тўй қилаётганини айтиш керак эмасми?!

Илмли кишилар, аввало, ўзлари вазиятни тўғри баҳолаб, уни тўғри таҳлил қила олиши ва шунга қараб хулоса чиқариши лозим. Даъват қилишнинг ҳам ўз йўли, қонун-қоидалари бор, ахир.

Насиҳат қилмоқчи бўлган киши, аввало, илмли, бошқалардан олдин ўзи амал қиладиган, устозлардан кўрсатмалар олиб, уларнинг тавсия ва ижозатларига эга бўлмоғи лозим. Бу сифатларга эга бўлмаган кишилар бировларга насиҳат қиламан деб ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам адаштиради.

Ҳар бир ишнинг ўз эгаси – мутахассиси бўлади. Бирор ишга лаёқатсиз, мутахассис бўлмай киришиш доимо кулфат келтиради. Вазифадор инсон билимли, омонатдор ва ҳалол бўлса, унга топширилган ишни маромига етказиб бажаради. Бу иши билан ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам кўнглини шод қилади.

Мунозара ҳам бир илм бўлиб, унинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари, одоби бор. Мунозара аҳли илмлилар орасида ҳам бўлган, азизлар. Ҳар икки томон мунозара қиларкан, энг биринчи, баъзи бир одобларга риоя қилиш керак. Тортишиш, мунозара Аллоҳ учун бўлиши керак. Мана шунинг одобида биз айтамизки, интернетда тортишаётганларга мунозарангизни ўзингиз якка тартибда қилинг. Интернетда ўтириб бир-бирингизни ҳақорат қилишингиз бу мунозара эмас. Интернетда бир домла бошқа домланинг бутун ҳаётига жосуслик қилиб, хато-камчиликларини топиб, сен бу жойда мана бундай ишларни қилгансан, дея уни ҳақорат қилиши бу фитна.

Бугунги кунга келиб уларнинг мухлислари ҳам бир-бирлари билан мана шундай жанжаллашяпти. Ижтимоий тармоқлардаги изоҳларни ўқисангиз, бири бу тараф, иккинчиси у тараф бўлиб, устозлари бир-бирини қандай ҳақорат қилган бўлса, бир-бирини улардан ошириб ҳақорат қилишяпти. Қолаверса, мунозара омиларнинг иши эмас эди. Бу уламоларнинг иши эди. Олдин қандай бўлган:

Аввал устозлар бирор нарсани мунозара қилса, одоб-ахлоқ билан мунозарага чақирган. Иккинчи тараф ҳам одоб билан қабул қилган. Ҳозир фақат мен тўғриман, сен нотўғрисан, дейишяпти. Йўқ, азизлар, бу мунозара бўлмайди.

Мен интернетда бир-бири билан мунозара қилиб, ҳақорат қилаётган ҳамма домлаларни инсофга чақиряпман. Устоз ё толиби илмларга интернетда, ижтимоий тармоқда бир-бирини ҳақорат қилмаслик талаб этилади. Бундай масалаларда одоб билан ўзаро кўришиб, гаплашиб олиш мақсадга мувофиқ. Аммо халқни чалғитмаслик, одамларни иккига бўлмаслик лозим. 

Азизлар, биз илмни бир-бирларимиз билан тортишиш учун ўқимаганмиз. Ёки бўлмаса аҳмоқлар билан баҳслашгани ўқимаганмиз. Эскитдан қолган мақол бор: “Аҳмоққа сукут” деган. Сукут сақланг, ким билан бўлса тортишиб, уришиш учун илм ўқимаймиз.

Илмсиз ҳолатда тортишманг. Ўзингизнинг илм даражангизни билиб, сиз тортишмоқчи бўлган одамнинг илми сиздан зиёда бўлса, яхшиси у билан тортишманг. Унда сиз қайсарлик қилаётган, кибрга кетган бўласиз. Мунозара қилувчи киши билимли бўлмоғи лозим. Илмсиз баҳсга киришиш салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Бунинг гуноҳи ҳам оғир бўлади. Қуръони каримда айтилган: “Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб: “Бу ҳалол, бу ҳаром”, дея­верманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар нажот топмаслар” (Наҳл сураси, 116-оят). Мана бу бизга ҳужжат. Билиб-билмасдан, ўзимизча мана бу ҳалол, мана бу ҳаром, деймиз. Оғзимизга келган гапни гапирамиз.

Тортишаётган одам сабрли бўлиши керак. Сабр чегарасини бузиб, ҳақоратга ўтаяпмиз. Аллоҳ бизни кечирсин, бунақа тортишувлар мумкин эмас. Мунозарада шошма-шошарлик фойда бермайди. Аксинча зарар қилади. Баҳсга киришувчи инсон мулоҳазали, ҳар бир нарсани босиқлик билан атрофлича ўрганиб, хулоса қилувчи бўлиши керак.

Бир нарсани эсдан чиқармаслик керак. Биродар, сиз тортишаётган одам эҳтимол илмли эмасдир. Умуман илмда бўлмаган одам билан тортишаяпсиз ёки бўлмаса динда бўлмаган одам билан тортишаяпсиз.

Сиз кимнидир хоҳлаб ҳидоятга сололмайсиз. Бизнинг вазифамиз етказиб қўйиш. Ҳидоят Аллоҳдан. Шунинг учун ҳам “Динда мажбурлаш йўқ” деган қои­­да бор. Мунозарани ўзидан шеригини узоқлаштирмаган ҳолда қилиш керак. Қўполлик қилиш, ҳамсуҳбатини ерга уриш, жинси, ёши, касби ёки миллатини шаъма қилиб, шахсиятига ўтиб кетмаслик лозим. Ҳозир қандай бўляпти? Касбини, миллатини, унда қандай иллат бўлса барисини гапиряпмиз. Бунга ҳаққимиз йўқ.

Мунозарада жиддий эътибор бериладиган яна бир томон – мақсадга эришиш йўлида ҳар қандай воситаларни қўллаш мумкин деб ҳисоб­лаш. Натижада алдов, ёлғон гапириш, ёлғон гувоҳлик бериш, далилларни нотўғри ишлатиш каби динимиз ҳаром қилган ишларга қўл уради. Бу умуман мумкин эмас. Яна қайтариб айтаман, биродар, ҳидоят сизнинг қўлингизда эмас. Аллоҳ хоҳлагани ҳидоят бўлади. Сиз ўз нуқтаи назарингиздан келиб чиқиб, динни чиройли кўрсатинг, лекин мунозара қилиб, бировни ҳақорат қилманг.

Азизлар, бу жамиятда турли хил одамлар, касб эгалари бор. Бугун бу касб эгаси, эртага бошқаси билан тортишиб, уришсак, сен қилаётган иш шариатга тўғри келмайди, ё сенинг кўринишинг ундоқ, юришинг бундоқ деб ҳақорат қилсак. Унда мусулмончилик одоби, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган ҳусни хулқлари қаерда қолади? Шундай бўлайликки, бизни ҳамма севсин: мусулмон бўлган ҳам, бўлмаган ҳам, ибодат қилган ҳам, қилмаган ҳам, тўғри йўлда юрган ҳам, юрмаган ҳам. Шундай муомала қилайликки, унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқ-одоблари кўриниб турсин. Мана бу бизнинг одобимиз бўлади.

Сизларга яна бир бор илтимосимиз. Ўйлайманки, устозлар бизни тўғри тушунади. Мен бирорта шахсни назарда тутганим йўқ. Фалончи деган исмни ишлатганим йўқ. Бирор кишини ирода ҳам қилмадим. Ўзимдан бошлаб дин хизматида турган ҳаммага ё динни севгучиман деб турганларга ёки мен мухлисман деб турганларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тавсиясини омонат ўлароқ етказдим. Ҳаммамизни ушбу айтилганларга амал қилувчилардан, бир-биримизни яхши кўрувчилардан қилсин. Юртимиз тинч бўлсин. Фарзандларимизни ҳидоятли, илмли, тақволи қилсин.

PS. Мурожаат қисқартириб берилмоқда.

Tegishli xabarlar

Олтмиш йил аввал қурилган мактаб бугунги кун талабига жавоб берадими?!

admin

АХЛОҚИ ТУЗАЛМАГАН ФИРИБГАР жазони ўтаётиб, яна жиноятга қўл урди

admin

“СЕРИАЛЛАР ХОТИНИМНИ АСАБИЙ ҚИЛИБ ҚЎЙДИ” Хафтанинг бир куни “сериалларсиз кун” деб белгиланса…

admin