ADOLAT 24

Ўтган йилги фаолият сарҳисоб қилиниб, бу йилги режалар белгилаб олинди

«Адолат» социал-демок­ратик партияси сиёсий кенгашининг X пленуми бўлиб ўтди.

Унда партиянинг 2022 йилдаги фаолияти ҳамда 2023 йилдаги устувор вазифалари, шунингдек, «Ўзбекистон Респуб­ликаси Конс­титуцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумида «Адолат» СДПнинг иштирокига оид масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда партия сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов маъруза қилиб, партиянинг ўтган йилги фаолияти хусусида тўхталди. Таъкид­ланганидек, «Адолат» СДП тизимида ўтган 2022 йилда аъзо­лар сафини кўпайтириш, бош­ланғич партия ташкилотлари фао­лиятини кучайтириш, кадрлар заҳирасини мустаҳкамлаш, партия фаолларининг сиёсий билимлари ва фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида ҳисобот даврида партия аъзо­лари сони 46 минг 343 нафарга кўпайиб, умумий аъзолар сони 563 минг 549 нафарни, бошланғич партия ташкилотлари сони эса 6 минг 866 тани ташкил қилди.

Халқ билан бевосита мулоқот ўрнатиш мақсадида партиянинг «Муаммо билан юзма-юз» лойи­ҳаси доирасида барча даражадаги депутатлик корпуслари иштирокида мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Шунинг­дек, ишчи гуруҳлар томонидан 4 минг 710 та маҳаллаларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилинди.

Партия ташкилотларига аҳолидан келиб тушган 11 минг 200 та мурожаат юзасидан тегишли мутасаддиларга 4 мингдан ортиқ депутатлик сўровлари юборилди. Мурожаатларнинг 3,5 мингдан ортиғи ўз ижобий ечимини топди. 7 минг 123 дан ортиқ мурожаатлар эса ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали ҳал этилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги «Адолат» СДП депутатлик гуруҳлари томонидан Қорақалпоғистон Рес­публикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари доимий комиссияларига 1 минг 365 та, сессияларга эса 723 та масала киритилди.

Ҳисобот даврида партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, бу борада «Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи» лойи­ҳаси дои­расида хотин-қизларни турли тазйиқ ва зўравонлик­лардан ҳимоялаш мақсадида 1 минг 698 марта учрашув ташкил этилиб, 51 минг­га яқин хотин-қизлар билан суҳбатлашилди. Суҳбатлар давомида хотин-қизларга «Ҳимоя ордери»ни бериш тартиблари тушунтирилди ва 229 нафар аёлларга ордер олиб берилди.

Пленумда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг 2022 йилдаги ютуқ ва камчиликлари атрофлича таҳлил қилиниб, жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор йўналиш­лар бўйича фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Шунингдек, пленумда «Ўзбекис­тон Респуб­ликаси Конституция­­си тўғрисида»ги Ўзбекистон Рес­публикаси Конституциявий қонуни лойи­ҳаси бўйича Ўзбекистон Респуб­ликаси референдуми ҳамда янгиланаётган Конституциямиз мо­ҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, янги таҳ­рирдаги Конституция юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, унда устувор йўналиш сифатида белгиланган «Инсон қадри учун» ғояси ҳамда «инсон – жамият – давлат» тамойили инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан эътиборга молик.

Жорий йилнинг 30 апрель санасида бўлиб ўтадиган референдум ҳамда янгиланаётган Конс­титуциямиз мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, фуқароларнинг мазкур муҳим сиёсий жараёндаги иштироки бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Партия фаолларининг бу борадаги вазифалари белгилаб олинди.

Сўз – Пленум қатнашчиларига

Баҳром Абдуҳалимов,

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси:

– Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида мамлакатимиздаги барча аҳоли ва жамиятимизни жипс­лаштирмоқда. Янги Конституцияни шакллантиришда мамлакатимиздаги кенг жамоатчилик вакиллари, зиёлиларимиз, илмий доиралар вакиллари, ёшлар, барча халқимиз ва шу жумладан, сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этишди. Биз «Адолат» социал-демократик партияси вакилларининг ушбу жараёнда иштирок этганларидан ва Янгиланаётган Конституцияга уч минг­­га яқин таклифларни берганликларидан ниҳоятда мамнунмиз.

Албатта, биз яхши биламизки, «Адолат» СДП мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашга, адолатни қарор топтиришга, шу билан бир қаторда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилиш учун доимо курашиб келган. Мана шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Ўзбекис­тоннинг ҳуқуқий давлат деб эълон қилиниши, социал-демократик ғояларни мужассамлаштирган бу ғоя барчамизни, хусусан, партия электоратини ҳам жуда қувонтиради.

Зеро, ҳуқуқий давлат тушунчаси «Адолат» СДПнинг бош мезонларидан бири ҳисобланади. Янги таҳрирдаги Конституцияда «Инсон қадри», унинг ҳуқуқ ва эркинликлари Олий қадрият сифатида белгиланмоқда. Инсон қад­ри ва ҳуқуқига оид бўлган нормаларнинг сони амалдаги Конс­титуцияга қараганда 3 баробар ортмоқда. Бу, албатта, партиямиз томонидан илгари сурилган ғоялар билан ҳамоҳангдир.

Қўшимча қилиб айтиш мумкинки, Янги таҳрирдаги Конституцияда суд-ҳуқуқ тизимига боғлиқ бўлган масалаларга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Янгиланаётган Конституцияга адвокатура тизимига оид алоҳида боб киритилиб, бу билан адвокатурани прокуратура тизими билан бир хил мақомга тенглаштирилмоқда. Шунингдек, давлат томонидан бепул юридик ёрдам бериш масалалари ҳам кафолатланмоқда.

Шу билан бирга, Янги Конституцияга Хабеас корпус институти ва Миранда қоидаларига оид бир қатор нормалар киритилмоқда. Ундан ташқари, шахсни ўзига қарши кўрсатма бермаслик ва сукут сақлаш ҳуқуқлари кафолатланмоқда.

Муҳаббат Шаропова,

 «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши аъзоси,

Ўзбекистон Қаҳрамони:

– Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 52-моддасида ўқитувчининг мақоми, унинг шаъни, қадри давлат муҳофазасига олинганлигини кўриб, очиғи, жуда қувондим, бу жудаям аҳамиятли ҳодиса бўлди.

Ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлигини таъминлаш каби вазифаларнинг Конституцияда белгилаб қўйилиши болаларимизнинг сифатли ва замонавий таълим олишига, келажакда фаровон яшашига хизмат қилади. Сир эмаски, ўқитувчиларнинг аксарияти — бюджетдан маош оладиган инсонлардир. Уларни маҳаллий амалдорлар яна текин хизматкорга айлантириб қўймаслиги учун ҳам ушбу норма жуда муҳим. Конституция орқали уларнинг мақоми оширилиши ўқитувчиларга бўлган эҳтиромни ва ушбу касбнинг қанчалик қадрли эканини кўрсатади.

Ислом Ҳамроев,

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши аъзоси:

– Янги таҳрирдаги Конституцияда ОАВ фаолиятига тўсқинлик ёки аралашиш жиддий жавобгарликка сабаб бўлиши Бош қомус даражасида белгиланмоқда. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсатини қатъий давом эттиришга қаратилган нормаларнинг мустаҳкамланаётганлиги, демократик тамойилларнинг қарор топаётганлиги далолатидир.

Айтиш жоизки, амалдаги Конституциямиз ва қонунчилигимизда ҳам ОАВнинг эркинлиги, цензурага йўл қўйилмаслиги каби бир қатор нормалар мавжуд. Аммо эндиликда тақдим этилаётган нормага кўра, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйи­лаётгани соҳа вакиллари эркинлигини янги босқичга олиб чиқади. Қолаверса, соҳа ривожига, ахборот сифати ошишига, мамлакатимизда сўз ва ахборот эркинлиги янада юксалишига, жамиятда очиқлик ва ошкоралик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Tegishli xabarlar

ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИГА ҲОЗИРЛИК БУГУНДАН БОШЛАНАДИ

admin

КАЛОНДИМОҒЛИК КАСОФАТИ ёхуд қотилга айланган қариндош

admin

Ҳамкорлик меморандуми имзоланди

admin