ADOLAT 24

ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИГА ҲОЗИРЛИК БУГУНДАН БОШЛАНАДИ

Ўқувчилар ёзги таътилга чиқди дегани, асосий иш энди бошланади, деганидир. Чунки ўқишлардан толиқиб, ёзги таътилга чиққан болаларни руҳий, жисмоний ва маънавий жиҳатдан тиклаб, тетик ва соғлом кайфиятда мактаб қучоғига қайтариш давлатимиз олдида турган энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Болаларнинг дам олиш­ларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2022 йил 18 ноябрдаги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 февралдаги қарори билан соғломлаштириш оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш бўйича яратилган концепциянинг умумий қоидаларида мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган ёш авлодга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланиши белгилаб қўйилган. 

Шунингдек, мазкур концепцияда ёшларнинг билими ва иқтидори, ижодкорлик қобилиятини ривожлантириш билан бир қаторда ёш авлоднинг мазмунли дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш соҳасидаги фаолиятни замонавий талабларга мос равишда тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлиги таъкид­ланган. 

Айниқса, соғломлаштириш ором­гоҳларига жалб этиладиган болалар салмоғини кўпайтириш ва уларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ушбу йўналишдаги ишларни комплекс равишда такомиллаштириш ва ривож­лантиришни, шунингдек, унинг доимий фаолият юритувчи тизимини яратишни тақозо этмоқда.

2023-2024-ўқув йилида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тармоғидаги 10 160 та мактабларга 700 000 нафардан зиёд болажонлар биринчи синфга қабул қилинган бўлиб, ўқувчилар сони 6,5 миллион нафарга етди.

Айни пайтда 414 мингдан зиёд 11-синф ўқувчилари мактаб билан хайр­лашиб, мустақил ҳаёт сари қадам қўйиш­моқда. 

Демак, саноқда қолган 6 миллион нафар атрофидаги болаларнинг таътил давридаги ҳаёти ушбу масалага дахлдор бўлиб турибди. Хўш, шунча болажонларимизни тўлақонли равишда оромгоҳларга қамраб олишнинг имкони борми? Чунки тўққиз ой давомида таълим олиб, толиқиб таътилга чиққан ўқувчилар қайноқ ёз фаслида қимматли вақтларини қаерда ўтказадилар, деган ҳақли саволга жавоб топиш олдимиздаги энг долзарб вазифалардан бири ҳисоб­ланади. Аслида бу савол ҳар йили шу пайт­га келганда ота-оналарни, устозларни, жамоатчиликни ўйлантирадиган биринчи галдаги бошқотирма ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган концепцияда кўрсатилишича, болаларни соғломлаштириш ором­гоҳлари уларнинг ёши ва салоҳиятини эътиборга олган ҳолда қуйидаги ихтисослашган йўналиш­ларда ташкил этилади:

 Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳлари фан олимпиадалари, таълим соҳасининг турли даражадаги мусобақалари ғолиблари бўлган 10-14 ёшгача болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилиши учун йўналтирилиб, унда бир ёки бир неч­та фанлар ёхуд тиллар чуқурлаштирилган тарзда ўргатилади;

Спорт-соғломлаштириш ором­гоҳ­лари 8-16 ёшгача болаларнинг ўқув-машқ жараёнини давом эттириш, спорт маҳоратини такомиллаштириш, жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш, соғлиғини мус­таҳ­кам­лашга йўналтирилган бўлиб, унда бола­ларнинг ёши ва спорт турининг ўзига хос хусусиятлари асосида ҳар хил гуруҳлар тузилади;

Санаторий-соғломлаштириш оромгоҳларида юрак қон-томир тизимининг касалланиши, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, таянч-ҳаракат аппаратининг ўзига хос бўлмаган хусусиятлари билан бетоб бўлиб турадиган 7-14 ёшгача болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилиши учун ташкил этилади;

Меҳнат ва дам олиш оромгоҳларида 15-18 ёшгача болаларнинг ижтимоий фойдали меҳнатини дам олиш ва соғломлаштириш билан бирга қўшиб олиб боришга йўналтирилиб, болалар ижтимоий фойдали меҳнатга тайёрланади ва уларнинг меҳнат кўникмалари шакл­лантирилади;

Ҳарбий-спорт оромгоҳларида 12-17 ёшгача болаларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этилади;

Экологик-биологик ва ўлкашунослик оромгоҳлари. 7-14 ёшгача болалар учун сайёҳлик-ўлкашунослик ва экскурсия ишлари ташкил этилади, уларга мамлакатимизнинг табиий, ижтимоий-иқтисодий ва тарихий жиҳатдан ўзига хос жиҳатлари чуқур ўргатилади;

Ихтисослашган болалар ором­гоҳлари 7-14 ёшгача болаларнинг етакчилик ва фаоллигини шакллантириш, уларнинг ижтимоий мослашув кўникмаларини оширишга йўналтирилади, деб белгиланган. 

Булардан ташқари, манфаатдор ташкилотларнинг таклиф ва ташаб­буслари асосида бошқа йўналиш­лардаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти ҳам йўлга қўйи­лиши мумкинлиги айтиб ўтилган. Шуни ҳисобга олиб, ёзги таътил пайтида болаларни тиббий, психологик кўрикдан ўтказиб, аниқланган касаллик турлари бўйича шифохоналарда, қишлоқ ва шаҳар врачлик пунктларида даволаш манзилларини ташкил этиб, тиббий ва маънавий тарбиячи назорати остида муддатли даволаш-профилактика ишлари амалга оширилиб, болаларга даволаш ва даволанишнинг дастлабки босқичи ҳақида тушунчалар бериб борилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунинг­дек, болаларнинг қизиқиш ва интилиш­ларини ҳисобга олган ҳолда мактаб шароитида инновацион руҳдаги тўгаракларни ташкил этиб, болаларни қамраб олиш мумкин. 

Демак, ёзги соғломлаштириш даврида вазирликларга қарашли барча идоралар, ташкилот ва муассасалар маҳаллалар билан ҳамкорликда болаларнинг ҳар бир кунини мазмунли ўтказишга бош-қош бўлиб, уларни мамлакатимиздаги тарихий манзилларга, табиат қўйнига, музейларга, йирик саноат иншоотларига саёҳатларга олиб борса, маданий-маърифий тадбирларга жалб этиб, кутубхоналарда, илм-фан даргоҳларида ихтирочилар, ёзувчи-шоирлар, олимлар, тадбиркорлар, машҳур спортчилар билан учрашувлар уюштирса, саноат, қишлоқ хўжалигидаги янгиликлар билан таништириб, улар онгида умуминсоний ва миллий қадриятларни шакллантириб, дунёқарашлари ўзгарган ҳолда жонажон мактаблари қучоғига янгича руҳ ва кайфиятда қайтишига кўмак­лашсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

Исроилжон ЖЎРАЕВ, 

Наманган вилоят кенгаши раиси, 

халқ депутатлари Косонсой туман Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

Ҳар бир мурожаат эътиборда (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти)

admin

Конунчиликдаги ноқулайликлар фуқаро фойдасига ҳал этилиши қатъий белгиланмоқда

admin

Қўшнингизнинг қорни туқми?!

admin