ADOLAT 24

“Жимжитлик”да мевали дарахтга тош отилдими?

“Сиёсат” журналида сиёсий фанлар доктори, профессор Муқимжон Қирғизбоевнинг чоп этилган “Жимжитлик” мақоласини қизиқиш ва диққат билан ўқиб чиқдик. Бир савол туғилди, у таҳлилийми ёки танқидийми? Тан олиш керак, ҳам танқидий ва таҳлилий мақола ёзилган. Сир эмас, танқид келажакнинг меваси, аммо қачонки танқид асосли бўлсагина у адолат йўлида хизмат қилиши тарихий ҳақиқатдир. Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар нафақат танқид ва таҳлил билан чекланишни, балки танқид даражасига кўтарилган муаммоларга ўзининг амалий ва ҳаётий таклифларини беришни ҳам талаб қиладиган даврда яшаб келмоқдамиз. Фикрлар хилма-хиллиги ва ана шу рангин ўй-қарашларни эмин-эркин билдира олинадиган жамиятдан ривож­ланишни кутиш мумкин. Ҳақиқат баҳсларда туғилгани каби, камчиликларни рўй-рост айтиш хатоларни вақтида тузатишга имконият яратади.

Умуман, мақоланинг бош­ланишидан якунига қадар бугунги партиялар фаолиятидан қониқмаслик хавотир билан тилга олинган. Биз баъзи бир фикрларни қабул қилсак, баъзиларига ойдинлик киритиш мақсадида ўз муносабатимизни билдирмоқчимиз. Мақола “Жамият институти саналадиган партиялар фаолиятини кузатган кишида гўёки улар жамиятни ривожлантириш омили вазифасини бажариш ўрнига фақат ўзларининг мавжудлик белгиларини сақлаб қолишга уринаётгандек тасаввур уйғотиши муқаррар” деган жумла билан ўзига жалб қилади. Сиё­сий фаол бўлмаган фуқаролар мақолани ўқиб, “сиёсий партиялар жамият учун кераксиз унсур экан”, деган тушунчага келиши муқаррар. Бугун халқимиз туб ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси ошаётган бир вақтда бу каби асоссиз гап­лар билан одамларни чалғитиш керакмикан?                                   

Назаримда, аввалги ва ҳозирги жараённи муқояса ва мушоҳада қилсак, сиёсий партиялар анча жонланди. Бунинг исботини ҳис этиш учун охирги депутатлик ва Президентлик сайловларига назар солиш кифоя. Унда партиялараро баҳс-мунозара, номзодларнинг кескин фикр­лари ва ушбу нуқтаи назарларнинг кенг жамоатчилик томонидан фаол кузатилиб, баҳо берилганида кўриш мумкин.

Муаллиф бир ўринда партияларнинг қуйи органи – бошланғич партия ташкилотлари яхши ишламаётганини таъкидлайди. Лекин айнан сўнгги сайловлар БПТ партия учун катта куч эканини кўрсатиб қўйди. Сайлов­олди дастур учун ғоялар йиғиш, номзод кўрсатиш, ташвиқот олиб боришда кўплаб БПТлар жонбозлик кўрсатди. Жумладан, “Адолат” партия­сига 6866 та бошланғич партия ташкилоти бирлашган бўлиб, уларнинг аксарияти тиббиёт, таълим, ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари билан бойиган. Самарқанд давлат чет тиллар инс­титути, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Ургут туман тиббиёт бирлашмаси, Миробод туманидаги “Ўзтемирйўлмаштаъмир” корхонаси, Бектемир туманидаги “Магма грууп” МЧЖ, Пастдарғом туманидаги “Камалак инвест” МЧЖ каби БПТлар ғоя­ларимиз атрофида кўплаб инсонларни жипслаштирмоқда.

Мақолада асосан университет ва институтларда тадбир ўтказиш танқид қилинган фикрга ҳам қўшила олмаймиз. Зеро, келажак бунёдкорлари саналмиш ёшларнинг сиёсий онгини оширмай туриб, қандай қилиб сиёсат оламида тараққиётга эриша оламиз? Ёшлар бугунги сиёсий нафасдан баҳра олсин, жараёнларни тушунсин, билсин, мақсадимиз шу. Мақолада таълим муассасаларида кўп тадбир ўтказиш қораланади-ю, яна бир неча сатр қуйида партиялар интеллектуал салоҳиятли ёшларни жалб қилолмаётганликда айбланади. Бу ўзи баён этган фикрни инкор қилиш эмасми? Майли, бу бошқа масала. Айтмоқчи бўлганимиз, ёшларга қаратилган ишларни ҳам биргина жумла билан йўққа чиқариш адолатдан эмас. Хусусан, “Адолат” СДП томонидан 2022 йилнинг ўзида 4 600 та тадбир ташкил қилинди, унда 280 400 нафар йигит-қизлар қатнашди. Яна тадбирбозликда айбламанг, келинг, амалий ишлардан гапирайлик: 1208 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди, 200 ёш тадбиркорга ўз бизнесини йўлга қўйишга кўмак­лашилди, 396 ёш оиланинг ажрими олди олинди.

Яна мақолада сиёсий партия­лар орасида мухолифат йўқлиги каби сийқаси чиқиб кетган гап­ларни қайта-қайта такрорлашдан нима мақсад? Ахир, сиёсий партиялар бир-бирига нисбатан мухолифат эканлиги оддий ҳақиқат-ку. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида, халқ депутатлари ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари сессияларида сиёсий партиялар рақобати мавжуд ва йил сайин кескин тус олмоқда.

Мақолада сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари бир-бирига ҳамоҳанглиги ҳам танқид қилинган. Фикримизча, бунга ҳожат йўқ. Юртимиз бир, муаммоларимиз умумий, ечимини ҳам фақат биргаликда, муштаракликда ҳал қила олишимиз муҳим. Аниқроғи, ҳар бир партия дас­турида муаммолар ечимига маълум бир қиррадан қаралса-да, уларнинг мақсадлари ягонадир. Айтайлик, “Адолат” СДП сайловолди дастурида ҳудудий ва маҳаллий даражадаги судларни бирлаштириш орқали фуқароларнинг оворагарчилигига барҳам бериш масаласини кўтарган. Бошқа партияларнинг сайловчилари шу каби оворагарчиликка дуч келмайдими? Демак, қарашларнинг асл мақсади ҳам бир-бирига яқин бўлиши табиий ҳолдир.

Бир неча бор тилга олинган “Сайловолди ваъдалар бажарилмаяпти” иддаоси ҳам ноўрин. Шу ўринда яна бир бор ўн йил аввалги ва ҳозирги сайловолди дастурларни таққосий ўрганишни тавсия қилган бўлардик. Амалдаги сайловолди дас­турларида жонли гаплар, кескин фикрлар, амалга оширса бўладиган реал ташаббуслар талайгина. Улар ваъдалигича қолиб кетмагани ҳам рост. Асосийси ғояларимиз ўринли эканлиги ҳаётда ўз аксини топаяпти ва ҳукумат томонидан, қолаверса, халқимиз томонидан илиқ қарши олинаяпти. Мисол учун, айнан “Адолат” партияси томонидан Ўзбекистонда электрон ҳукуматни жорий этиш таклиф этилган эди. Ҳозирда бу ташаббус рўёбга чиқиб бормоқда.

Шу ўринда қайд этиб ўтиш керакки, дастурлар қотиб қолган догма эмас, улар жуда эгилувчан, шунинг учун дас­турларни доимо халқ талабидан келиб чиқиб ихчамлаштириб бориш муҳим деб ҳисоблаймиз.

Ҳисобот учун эмас, балки амалий далил келтириш мақсадида, “Адолат” СДП фракцияси йиғилишларида ўтган уч йил давомида 200 га яқин масала кўриб чиқилгани, уларда партия депутатлари томонидан 400дан ортиқ таклифлар берилгани, 80 фоизи эса партия сайловолди дастуридан келиб чиқадиган масалалар эканлиги ҳамда шу даврда халқнинг 5521 та мурожаатлари кўриб чиқилгани ва ҳал бўлгани ижобий кўрсаткич десак, муболаға бўлмайди.

“Жимжитлик” ҳукм сурган жамиятда эса бу каби ишлар бўлмайди. Булар балким ким учундир арзимаган, жуда камтар туюлар, лекин партияларга мурожаат қилиб, ўз муаммоларини ҳал қила олган оддий инсонлар учун бу муҳим.

Муаллиф яна хориж тажрибасига эътибор қаратиб, кўпроқ АҚШ амалиётини қўллаб-қувватлаган. Мус­тақиллигимизга 30 йилдан ошди. Хориж тажрибасини жуда кўп ўргандик. Ахир, АҚШ қонунлари ўзбекистонлик­лар учун эмас, балки фақат америкаликлар учун мос ва хос эканлигини ҳам англаганмиз. Фик­римизча, ҳозирги янги босқичда энди ўзлигимизни, ноёб тажрибамизни чуқур ўрганишимиз зарур. Шундагина ўзимизнинг чуқур томирларимизни ич-ичидан ўрганилган таҳлил ва танқидлар фойда келтира бошлайди. Кўппартия­вийликка асос солувчи мамлакат қонунлари айнан Америка Қўшма Штатлари ёки Россия тажрибасига эмас, ўзбек давлатчилигининг тарихий анъаналарига, замонавий давлатчилик ва парламентаризм борасида тўп­ланган таж­рибаларга, ривож­ланган давлатлар амалиётига тўлиқ мос келиши баробарида, ижтимоий-сиё­сий ислоҳотларнинг мантиқий давоми, мамлакатнинг давлат-ҳуқуқий ва сиёсий тизимини босқичма-босқич тадрижий ривожлантиришнинг натижаси сифатида кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари ташланган муҳим қадам бўлганлигини инкор этмаслик керак.

Биламизки, сиёсий партиялар, бу – демократиянинг кўзгуси. Бунинг яққол исботи сифатида бўлиб ўтаётган сайловларни мисол келтириш мумкин. 2021 йил 24 октябрдаги сайловда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига мавжуд сиёсий партиялар қонун ҳужжатларида белгиланган барча талабларни бажаргани учун ҳам номзод кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Агар мақолада айтилганидек, номуносиб даражада партиялар бўлганида эди, қайси сайловчи, ким уларни қўллаб-қувватлаган бўлар эди? Европа кузатувчилари миссия­­си ҳам ўзларининг ҳисоботларида партиялар фаоллигини алоҳида қайд этганлигини инкор этиб бўлмайди. Бу Янги Ўзбекистондаги партиялар янгича услубдаги ишлашининг намунаси ва эътирофидир.

Мақолада муаллифнинг депутатлар бесамар фаолият олиб бораётгани ҳақидаги танқидига, фик­римизча, вақт олий ҳакам, бунга халқнинг ўзи объектив баҳо беришга қодир десак, тўғри бўлади. Бугун ошкоралик, очиқлик замонида ҳар ким ўзи сайлаган депутатнинг фаолиятини баҳолашга барча шароитлар яратилган. Баҳо бериш учун эса бажарилган ишлардан бохабар бўлиш керак. Масалан, биргина “Адолат” СДП депутатлари мисолида қарайдиган бўлсак, маҳаллий депутатлар томонидан 2020–2022 йилларда 13 минг 580 та депутатлик сўровлари киритилган, 6 минг 732 марта мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилган, доимий комиссияларга 3 минг 648 та, Кенгаш сессияларига 1 минг 767 та масала киритилган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Булар баҳо бера оладиган амалий ишлар ва далиллардир.

Сиёсий партиялар фракцияларининг Қонунчилик палатасидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган яна бир қанча қўшимча ваколатлар бор. Масалан, Қонунчилик палатасининг Кенгаши қонун лойиҳасини бир вақтнинг ўзида масъул қўмитага ва партия фракцияларига топшириши шарт, масъул қўмита фракцияларнинг фикрлари ва таклифларисиз қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш учун қабул қилиш ёки қилмаслик масаласида ўз хулосасини чиқаришга ҳақли эмас.

Худди шундай, Давлат бюджети лойиҳасининг Қонунчилик палатасидаги муҳокамаси ҳам дастлабки тарздаёқ фракциялар иштирокида амалга оширилади. Бу нормалар ҳам сиёсий партиялар фракциялари фаолиятига татбиқ этилиб, ҳар бир қонун лойиҳаси ҳали умумий тарзда кўриб чиқилишидан аввал, яъни Қонунчилик палатаси муҳокамасига қабул қилиш масаласи дастлабки тарзда фракцияларнинг муҳокамасига киритилади. Сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги иштироки шу тариқа ўзининг ижобий самарасини бермоқда, фракция аъзоларининг масъулиятини ҳам янада оширмоқда.

Муаллиф “Нима учун ўтган давр ичида фуқаролар ўз муаммолари билан сиёсий партияларга деярли мурожаат қилмай қўйдилар? Чунки аксарият партия вакилларининг ҳал этиш учун ресурслари ва хоҳиш-эътибори йўқлигини жуда яхши билишади. Ваҳоланки, ижтимоий муаммолар ечимини топиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш барча партияларнинг дастурида баландпарвоз сўзлар билан битиб қўйилган”, дея партияларнинг ишига “ўз қаричи” билан баҳо беришга ҳожат бормикан? Ваҳоланки, “Адолат” партиясининг биргина Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари томонидан ҳар йили 4000-5000 нафар фуқаролар қабул қилинган. Табиийки, уларнинг муаммолари депутатларимиз томонидан назоратга олиниб, ечим топилган. Бу ҳақда ҳам истаганча мисол келтириш мумкин. 

Биласизми, “Адолат” СДП тизимидаги “Адолат қабулхоналари”га фуқаролар ва юридик шахслардан сўнгги йилларда жами 9459 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 5122 таси (54%) партия депутатлик гуруҳлари ва фаоллари томонидан тегишли ижро органларига сўровлар чиқариш орқали ҳал этилган бўлса, 2139 нафар (22%) фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилган. 2198 та (23%) дан ортиқ мурожаатлар эса тааллуқлилиги бўйича ижро органларига йўналтирилган.

Партия томонидан жамоатчилик назорати ўрнатиш йўли билан ҳукуматнинг эътибори болалар саломатлигига қаратилмоқда. Республикадаги барча мактабларда малакали бепул тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати “Ёшлар саломатлиги – партия эътиборида” лойиҳаси доирасида республикадаги барча умумтаълим мактабларида ўқувчилар ўртасида тиш, умуртқа (сколиоз) ва ясситовонлик касалликларига чалинганлиги ёки чалиниши мумкинлиги ҳамда мактаблардаги умумий тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати ўрганилди. Ўрганишлар давомида соҳа мутахассислари томонидан ташкил этилган тиббий кўриклар натижасида мактаб ўқувчилари орасидан “сколиоз” касаллиги ташхиси қўйилган болалар сони 11 351 нафарни, ясситовонлик ташхиси қўйилган болалар 30 680 нафарни, кариес касаллигига чалинган болалар сони эса 225 287 нафарни ташкил этиши аниқланиб, бу касалликларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди ва амалий натижаларга эришилмоқда.

Болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ҳолатини яхшилаш бўйича депутатлар томонидан доимий коммиссияларга 35 та, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг сессияларига 68 та масалалар киритилиб, тегишли масъулларга вазифалар юклатилди.

Муаллиф сиёсий партияларни сайловчилардан узоқ, бошланғич партия­ ташкилотларидан йироқ, марказлашган бошқарув сифатида қоралаган. Бу фикрлар, афсуски, муаллифнинг партия ишларидан анчагина йироқлигидан, партия матбуотидан бехабарлигидан далолат беради. “Адолат” партиясининг ўнлаб лойиҳаларидан биргина “Аҳоли билан юзма-юз” лойиҳаси муаллиф фикрларини инкор этади. Бу лойиҳа дои­расида ҳар бир туман партия фаоллари, шу жумладан, депутатлари, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар қаноти” кенгашлари ҳар ҳафтанинг аниқ бир кунини сайловчилар билан тўғридан-тўғри ишлашга бағиш­лайди.

Соҳа мутахассислари бирор ҳолатга назар ташлаб, таҳлил қилар эканлар, профессионал нуқтаи назардан ёндошадилар, назария ва амалиётни тарози паллаларига қўйишга интиладилар. Муқимжон Қирғизбоевнинг мақола доирасидаги фикрлари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Халқ мушоҳадаси эса бошқача. Улар кўриб, ҳис этганлари, гувоҳи бўлганларига тая­ниб, борини айтадилар. Биз ҳам, аввало, халқ ишончига кириш ҳаракатидамиз.

Мақолага ўзимизнинг объектив фикр-мулоҳаза ва муносабатимизни якунлар эканмиз, “Жимжитлик”нинг долзарб томонига яна бир карра эьтибор қаратдик. Биринчидан, мақолага партиялар томонидан берилаётган асосли жавоблар орқали халқимиз нафақат партиялар ҳақида қўшимча маълумотларга эга бўлишади, балки партияларга янада яқинлашиб, уларга мурожаат қилиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилса, иккинчидан, ота-боболаримизнинг “мевали дарахтга тош отилади” деган қимматбаҳо ўгитлари асосли бўлиб, отилган тош фақат фойдага бўлди, дея фикрларимизни якунлаймиз.

Tegishli xabarlar

«Олимнинг сиёсатга кириши янги фикр, янги штрихларни олиб келади» — президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов билан суҳбат

admin

Конституция билимдонлари Кўрик-танлови якунланди

admin

“Президент эртанги кунни яхши кўра оладиган шахс бўлиши керак”.

admin