ADOLAT 24

“АДОЛАТ” СДП: КЕЧА ВА БУГУН 18 февраль – “Адолат” социал-демократик партияси ташкил топган кун

Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ собиқ тузумнинг партиявий якка ҳокимлигига, зўравон компартия тизимига барҳам берилиб, демократик қадриятларга асосланган кўппартиявийлик ва партиялараро соғлом рақобат учун кенг ва тенг шароитлар яратиб берилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 34-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар, деб белгилаб қўйилганлиги фуқароларимизнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Конституциявий имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдаланган Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 44 нафар депутати ва бошқа жамоатчилик вакилларининг ташаббуси ҳамда саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимиз тарихида сон жиҳатидан иккинчи партия – ягона социал-демократик партия вужудга келди.

1995 йил 18 февраль куни партиянинг таъсис Қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой қарори билан янги ташкил бўлган партия­­га Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси номи берилди. Унинг Низоми ва дас­турлари тасдиқланди. Қурултойнинг ўзбек халқига мурожаатномаси қабул қилинди. Буюк бобомиз Амир Темурнинг “Куч – адолатда” шиори партиянинг асосий шиори сифатида белгиланди.

Шунингдек, Қурултой қарори билан партиянинг босма нашри – “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси таъсис этилди ва 1995 йил 22 февраль кунидан бош­лаб мунтазам равишда чоп этиш йўлга қўйилди.

Ўша йилнинг ўзида 3000 нафардан ортиқ фуқаролар мамлакатимизда ягона бўлган социал-демократик партияни танлади. Республикамизнинг барча ҳудудларида юзлаб бошланғич партия ташкилотлари ҳисобига маҳаллий ва ҳудудий кенгашлар ташкил топ­ди.

Шундан буён партия ўз фаолиятини мамлакатимизнинг Мустақиллик мафкураси остида – Юрт тинч­лиги, Халқ фаровонлиги, Ватан тараққиёти йўлида социал-демократиянинг адолатлилик, тенглик, бирдамлик ғоялари билан суғорилган ўз мафкураси тамойилларига содиқ қолган ҳолда юритиб келмоқда.

Партия аъзоларининг ўсиши йил сайин ошиб борди. 1999 йилга келиб партия аъзолари сони 40 минг нафарга етди. 2004 йилда бу кўрсаткич 50 минг нафардан ортди. 2009 йилда 80 минг нафар бўлди. 2012 йил 1 январь ҳолатига 83 579 нафарни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг бошида бу кўрсаткич 563 549 нафарни ташкил қилиб, аъзолар 6866 та бош­ланғич партия ташкилотига бирлашишди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 44 нафар депутати айнан Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг аъзоларидан сайланган. Мамлакатимизда икки палатали парламент ташкил топ­гач, Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига партиядан 1999 йилда 7 нафар, 2004 йилда 10 нафар, 2009 йилда 19 нафар, 2014 йилда 20 нафар, 2020 йилги сайловларда 24 нафар депутат сайланди.

Партия ташкил топгандан буён Сиё­сий Кенгашнинг биринчи котиби лавозимида Анвар Жўрабоев (1995-1996), Турғунпўлат Даминов (1996-2005), Дилором Тошмуҳаммедова (2005-2008), сўнгра Сиёсий Кенгаш раиси лавозимида Исмоил Саифназаров (2008-2013), Нариман Умаров (2013-2020) фаолият юритди. 2020 йилдан буён бу лавозимда Баҳром Абдуҳалимов фаолият олиб бормоқда.

Партия ташкил топганидан буён нафақат умумий сайловларда, Президентлик сайловларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Президентлик лавозимига 2007 йилги сайловларда партия раҳбари Дилором Тошмуҳаммедованинг, 2015 ва 2016 йилги сайловларда партия раҳбари Наримон Умаровнинг, 2021 йилги сайловда партия раҳбари Баҳром Абду­ҳалимовнинг номзодлари илгари сурилди.

Таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқ­лари қадрини ошириш, адолат ва қонун устуворлигига эришиш тамо­йилларини ўз олдига қўйган “Адолат” социал-демок­ратик партияси ўз Сайловолди дас­турларида мамлакат тараққиётини кўзловчи, жамиятни юксалтирувчи муносиб ғоялар ва чақириқлар билан иштирок этиб келмоқда. Масалан, партиянинг бундан ўн, ўн беш йил аввалги дастурларида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, масофавий таълимни жорий этиш, электрон ҳукуматни йўлга қўйиш, қуёш энергия­си ва бошқа муқобил энергиялардан кенг фойдаланиш, судлар мустақиллигини амалда таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилганди.

Партиянинг кейинги дастурларидан юқоридагиларга қўшимча равишда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, “Хабеас Корпус” инс­титутини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш, коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, инновация ва инновацион инфратузилмаларни қўллаб-қувватлаш, олий таълимни ривожлантириш ва кенгайтириш, мактаб таълимини ислоҳ этиш, ақлли тиббиётни жорий қилиш каби масалалар ўрин олди.

Ёшлар, хотин-қизлар масалалари ҳам партия фаолларининг кундалик ишига айланган. Айни кунларда Ёшлар парламентига ўтаётган сайловлар ҳам партиянинг ёшлар тақдирига бефарқ эмаслигидан далолат беради.

Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида республиканинг барча ҳудудий кенгашлари фаоллари ва депутатлари кўмагида 3890 нафар хотин-қизлар ҳамда 4208 нафар ёшлар иш билан таъминланди.

Партия томонидан анъанавий тарзда “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида беғараз донорлик акция­­си ўтказиб келинмоқда. Акция давомида республиканинг барча ҳудудларидан 30 мингга яқин кўнгиллилар қатнашиб, 10 минг 500 литр донорлик қони йиғилди.

Партиянинг “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида хотин-қизларни турли хил тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоялаш мақсади кўзланган. Шу мақсадда, “Аёлларни зўравонликлардан ҳимоялаймиз” мавзуларида жами 2360 марта учрашувлар ташкил этилиб, 150 475 нафар хотин-қизлар билан суҳбат олиб борилди. Суҳбатлар давомида хотин-қизларга “Ҳимоя ордери” бериш тартиблари тушунтирилиб, уларнинг 484 нафари “Ҳимоя ордери” таъминланди. Касб-ҳунар ўрганишни хоҳлаган 500 нафар хотин-қизлар касбга йўналтирилди.

“Адолат” партиясининг лойиҳаларидан яна бири “Аҳоли билан юзма-юз” лойиҳасидир. Лойиҳа доирасида ҳар бир туман партия фаоллари, шу жумладан, депутатлари, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти кенгашлари ҳар ҳафтанинг бир кунини сайловчилар билан тўғридан-тўғри ишлашга бағиш­лайди. Бунда ўша куни битта маҳалланинг аҳолиси қамраб олинади. Унда уйма-уй, ким қария, ким бемор, ким ишсиз, кимнинг нимага муҳтожлиги бор ва бошқа муаммолари ўрганилиб, жойида бартараф этиш чоралари кўрилади.

Шунингдек, партия фракция йиғилишларида ўтган уч йил давомида 200 га яқин масала кўриб чиқилди ва уларда партия депутатлари томонидан тўрт юздан ортиқ таклиф берилди. Берилган таклифларнинг 80 фоизи партия Сайловолди дастуридан келиб чиқадиган масалалардир. Фракция аъзолари 21 ҳолатда қонун ташаббускорлиги билан, 83 ҳолатда назорат-таҳлил фаолияти билан шуғулланган. Фракция аъзоларининг ОАВ­да чиқиш­лари 21 015 тани ташкил этган. Шу даврда улар томонидан 5521 та мурожаатлар кўриб чиқилган.

Партиянинг маҳаллий депутатлари томонидан 2020 – 2022 йилларда 13 минг 580 та депутатлик сўровлари киритилиб, 6732 марта мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилган, доимий комиссияларга 3648 та, Кенгаш сессияларига 1767 та масала киритилган. Бундай мисолларни кўп­лаб келтириш мумкин.

Хуллас, партия бундан кейин ҳам ўз дастурий вазифаларини бажариш билан бир вақтда халққа янада яқинроқ бўлиб, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўради. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида фаолият юритади.

Tegishli xabarlar

Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш зарур

admin

ҚУЙИ ТАШКИЛОТ МУСТАҲКАМ ТАЯНЧ БЎЛСА, ПАРТИЯНИНГ НУФУЗИ ОРТИБ БОРАВEРАДИ

admin

БАРҲАМ ТОПГАН МУАММО

admin