Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳамда эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш мақсадида бир қатор қонунлар амалиётга жорий этилган. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Қонунда гендер тенглик бу – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳатидир, деб кўрсатилган.
Гендер тенгликка оид қонунлар ижроси бўйича фаолиятда судьялар томонидан зўравонликка қарши белгиланган жавобгарлик ҳақида хабардорликни ошириш ва бундай зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга доир давра суҳбатлари ташкил қилиниб, ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилиши тартиби ҳамда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаган тақдирда келиб чиқадиган жавобгарлик чоралари тушунтирилмоқда.
Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда кафолатлар қонунийлик, жинс бўйича камситишга йўл қўйилмаслик, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида таъминланмоқда.
Ташкил этилаётган тадбирларда оилавий муносабатлар соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун ҳуқуқ ҳамда имкониятларнинг тенглиги қуйидагиларга асосланиши тарғиб этилмоқда.
Хотин-қизлар ва эркаклар никоҳ тузишининг ихтиёрийлиги, мажбурий ва эрта никоҳларга йўл қўйилмаслиги, эр ва хотиннинг шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тенглиги ана шулар жумласидандир. Бундан ташқари, оиланинг ички можароларини ўзаро келишув бўйича ҳал қилиш, уй меҳнатига нисбатан хотин-қизлар ва эркаклар ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларининг тенглиги, болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишда, вояга етмаган ҳамда меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашда тенг иштирок этиш лозимлиги қонунда мустаҳкамлаб қўйилган.
Бола туғилиши муносабати билан она ҳам, ота ҳам ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқига эга. Болани парваришлаш бўйича таътилнинг давомийлиги ота-онанинг ихтиёрига кўра улар ўртасида бўлиниши, бунда ота-она таътилдан уни қисмларга бўлган ҳолда фойдаланиши мумкин.
Агар шахс ўзини жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган деб ҳисобласа, ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган шахсдан давлат божи ундирилмайди.
Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизматларга ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда, уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланиши тушунтирилмоқда.
Орзимурод Шукуров,
жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди раиси