ADOLAT 24

«Инсон қадри учун» ғояси: тергов фаолиятида муҳим қадам қўйилди

Мамлакатимизда истиқлол йилларида босиб ўтилган йўл ва орттирилган бой тажриба, эришилган ютуқ ва камчиликларни чуқур таҳлил қилиш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, шу таҳлиллар негизида “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган ҳолда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, мамлакат тараққиётини жадаллаштиришнинг устувор йўналишларини назарда тутувчи муҳим ҳужжат – 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси қабул қилингани бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Тараққиёт стратегиясининг 17-мақсадида қонунийликни қатъий таъминловчи, очиқ ва адолатли прокуратура фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш ҳамда “Қонун – устувор, жазо – муқаррар” тамойилини бош мезонга айлантириш устувор йўналиш сифатида белгиланди. Бунда, жумладан, тезкор-қидирув ва тергов фаолияти устидан назоратни кучайтириш, фуқароларнинг қадр-қиммати ва эркинлигини самарали ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш вазифалари кўзда тутилган.

Дастурий ҳужжатда белгиланган шу каби устувор вазифаларни амалга ошириш учун, шубҳасиз, ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган, адолат ва масъулият каби юксак туйғуларни ўзида шакл­лантирган, мамлакатимиз қонунларига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этадиган юқори малакали ходимлар талаб этилади. 

Айниқса, жиноятларни тергов қилиш ва суриштирув идоралари учун профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини узлуксиз ошириб боришнинг янги самарали тизимини яратмасдан туриб, юқори малакали терговчилар корпусини шакллантириш имконсиздир.

Шу маънода, жорий йилнинг 28 ноябрида Президентимизнинг “Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилингани бу йўналишда улкан аҳамият касб этди.

Фармондан кўзланган мақсад – Янги Ўзбекистон шароитида жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш амалиётини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, ушбу йўналишга илғор халқаро стандартлар ва замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондиришдан иборатдир.

Шу асосда Бош прокуратура Академияси негизида Ўзбекис­тон Респуб­ликаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилди. Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали тугатилиб, унинг штат бирликлари, ўқув ва моддий-техника базаси Академияга ўтказилди.

Фармон билан юқори малакали илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг энг долзарб масалалари бўйича комплекс илмий тадқиқотларни тизимли асосда амалга ошириш каби устувор вазифалар ҳам белгиланди.

Академияда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб тергов фаолияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа соҳаларида олий таълимнинг икки босқичли тизими – бакалавриат ва магистратура бўйича тўлақонли ўқув жараё­­ни ташкил этилади. Бунда:

– бакалавриат бўйича ўқитиш кундузги таълим шаклида амалга оширилади ҳамда ихтисослик ва юридик фанларни ўқитиш, шунингдек, чуқурлаштирилган стажировкани ташкил этиш орқали кадрларни мақсадли тайёрлашга йўналтирилади;

– Академиянинг тергов фаолияти йўналиши бўйича магистратурасига қабул суриштирув ва тергов фаолиятини амалга ошириш ваколатига эга давлат органларининг мазкур вазифаларни амалга оширувчи тузилмаларининг ҳамда прокуратура органларининг (ҳарбий хизматчилари) орасидан амалга оширилади;

– Академиянинг тергов фаолияти йўналиши бўйича бакалавриат ҳамда магистратурасига ўқишга қабул қилиш Васийлик кенгашининг ваколатли аъзоcи раислик қиладиган идоралараро қабул комиссияcи томонидан ташкил этиладиган махсус психологик танлов, ёзма имтиҳон ва тест синовлари орқали амалга оширилади;

– Академияда таълим олиш муддати бакалавриат дастури бўйича – уч йилни, тергов фаолияти йўналишидаги магистратура дастури бўйича – бир йилни ташкил этиб, битирувчиларга олий юридик таълимнинг тегиш­ли босқичини якунлаганлигини тасдиқловчи давлат намунасидаги дипломлар берилади;

– Академиянинг тергов фаолияти йўналишидаги ҳар йилги қабул квоталари бакалавриат дастури бўйича – 250 нафаргача талаба, магистратура дастури бўйича – 50 нафаргача олий юридик маълумотли ваколатли давлат органлари ходимларини ташкил этиб, Васийлик кенгаши томонидан ваколатли давлат органларининг ҳудудлар кесимидаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда таклифлар ишлаб чиқилади ҳамда магистратуранинг бошқа мутахассисликлари бўйича қабул квоталари Бош прокуратура томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда белгиланади.

Фармонда Академиянинг моддий-техник базаси ва таълим жараёнини ташкил этиш учун зарур шароитларни яратиш чоралари назарда тутилди. Академия фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг “Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони билан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг ташкил этилиши мамлакатимизда замон талаблари ва халқаро стандартлар асосида суриштирув ҳамда тергов идоралари учун профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини узлуксиз ошириб боришнинг янги самарали тизимини яратиш борасида муҳим қадам қўйилди.

Зеро, мамлакатимизда шу вақтга қадар терговчиларни тайёрлаш ва уларнинг касбий малакасини ошириш бўйича ягона марказлаштирилган тизим мавжуд эмас эди. Эндиликда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг ташкил этилиши ва фаолият юритиши:

биринчидан, жиноятларни тергов қилиш соҳасида кадрларни амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлайди;

иккинчидан, суриштирув ва тергов фаолиятини амалга ошириш ваколатига эга турли тизимга мансуб давлат органлари учун замон талабларига жавоб берадиган суриштирувчи ёки терговчиларни ягона ёндашув асосида тайёрлашни ташкил қилади;

учинчидан, тергов соҳасидаги юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг узлуксиз ўқув тизимини йўлга қўяди.

Академияда “турли тизим – ягона ёндашув” тамойили асосида тергов ва суриштирув органлари учун малакали кадрларни тайёрлашга йўналтирилган махсус ўқув тизимининг йўлга қўйилиши:

– тергов фаолиятида “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни тўлиқ рўёбга чиқаришга;

– жиноятларни ўз вақтида фош этишни ташкил этишга;

– тергов органларининг фаолиятини қонун устуворлиги ва қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлаш тамойили асосида такомиллаштиришга;

– шу орқали замонавий таҳдидларга муносиб жавоб беришга хизмат қилади.

Музаффар МАМАСИДДИҚОВ,

юридик фанлари доктори, профессор

Tegishli xabarlar

Жон Голсуорси: “Ёзувчилар ва ислоҳотчилар мукофот олмасликлари керак”

admin

Адолат қудрати

admin

8 МАРТ – ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИМУНОСАБАТИ БИЛАН МУКОФОТЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin