ADOLAT 24

Ибратли воқеа

Ота-боболаримиз «сувни исроф қилма», «ҳовли супураётганда ахлатни ариқ томонга супурма», «сувга туфлама» деб қайта-қайта қулоғимизга қуйгани бежиз эмас.

Болалигимда рўй берган бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Дўмбировот боғ-роғлар маскани эди. Бу ерда тўқимачилик комбинатига тегишли болалар оромгоҳи (ўша пайт тили билан айтганда пионерлар лагери) бўларди. Бизнинг ҳовли шу лагернинг ичида эди. Отам (биз отамни ада дердик) ҳам, ойим ҳам шу лагерда ишлар эдилар. Ёз келиши билан юзлаб болалар дам олишга келар, ҳаммаёқни шодон қий-чув тутиб кетар эди… 

Бир куни ғалати иш бўлди. Кичик акам жангарироқ, «жанжални пулга сотиб оладиган» хилидан эди. Чўмилишга бордик. Қарасак, бир бола шундоқ ариқ бўйида туриб сувга «чоптираяпти». Акамнинг жон-пони чиқиб кетди! Бояги боланинг орқасига бир тепган эди, сувнинг ўртасига бориб тушди. Шўрлик су­зишни билмас экан, оғиз-бурнига сув кириб чўкиб кета бошлади. Акамнинг ўзи анҳорга калла ташлаб олиб чиқди. Ҳангома ўша заҳоти овоза бўлди. «Фалончининг безори ўғли лагерда дам олаётган пионерни чўктирмоқчи бўпти». 

Хуллас, мелиса келди, муҳокама бошланди. Албатта, биринчи галда отамни айбдор қилдилар. «Безори» бола тарбиялагани учун. Шунда отам ҳам ғалати иш қилди. Оромгоҳ шаҳардан узоқда бўлгани учун бу ерда ҳам водопровод йўқ, ариқдан сув ичиларди. Сувни тозалаш учун кокс (ғаваксимон кўмир) солинган ҳовуздан ўтказиб, кейин цементланган иккинчи ҳовузга қуйиб, истеъмол қилинар эди.

Отам «жабрланувчи» болани етаклаб ўша ҳовуз бўйига олиб келди. Бошини силаб, отини сўради. Нечанчи синфда ўқиши билан қизиқди. Сўнг бундай деди: «Биламан, ўғлим, сен шаҳарда турасан, қувурдан сув ичасан, кўчадаги ариққа чоптирсанг, биров индамайди. Кел, болам, манави ҳовузга бир чоптиргин!»

Тўпланганларнинг капалаги учиб кетди! Айниқса, оқ халат кийган дўхтир хотин «Бу қанақаси, сиз зараза тарқатиб, ҳаммани дизентерия қилмоқчимисиз, нима ҳақингиз бор?» деб шовқин солди. «Уларчи? — деди отам сув оқимининг пастига имо қилиб. — Улар дизентерия бўлмайдими? Улар одам эмасми? Юз қадам нарида ҳам инсонлар яшайди, барака топгурлар! Улар ҳам шу ариқдан сув ичади!»

Ҳамманинг дами ичига тушиб кетди. Кўзойнак тақиб юрадиган лагер бош­лиғи ўрис хотин эди. «Бу одам тўғри айтаяпти! — деди у чертиб-чертиб. — Бундан кейин қайси бола сувга чоптирса, вожатийсини жавобгар қиламан!».

Tegishli xabarlar

Фаолиятимизда амалий натижалар муҳим

admin

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ “ХИТОЙ – ҚИРҒИЗИСТОН – ЎЗБЕКИСТОН” ТЕМИР ЙЎЛИ ҚУРИЛИШИ ТЎҒРИСИДАГИ БИТИМНИ ИМЗОЛАШ МАРОСИМИ ИШТИРОКЧИЛАРИГА МУРОЖААТ ЙЎЛЛАДИ

admin

Жаҳон Берунийни қайта кашф этади

admin