ADOLAT 24

Буни умр дерлар, шодлик, қайғули…

Гоҳ радиода, гоҳо телевизорда бўлсин, Ўзбекистон халқ артисти Маъмуржон Тўхтасинов ижросидаги қўшиқ янграр экан, албатта, уни юз бор эшитсак ҳам илк бора тинглаётгандай жон қулоғимиз билан тинглаб, ҳофизнинг янгроқ ва тиниқ овози, ҳар бир нафасидаги нолага монанд тебрана бошлаймиз. Ундаги ажиб сеҳр қалбимизга етиб бориб, нафақат вужудимизда, балки жон томиримизда сел каби оқади, cўз ва соз сеҳрига маст бўламиз…

Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг Янгиқўрғон қишлоғидаги ҳофиз яшаган уй олдида бизни хонадоннинг ўзи каби оддийгина, гул чеҳрасига айрилиқ, соғинч ва ҳаёт синовлари ўз изини қолдирган муштипаргина Қимматхон Тўхтасинова очиқ чеҳра билан кутиб олди.

Иболи, ҳаёли, камтар-камсуқум, қадоқ қўллари билан бошидаги рўмолини тўғрилаб, менга тик қарашга ҳам ботинмай ҳаё қилаётган, маъсум нигоҳларини қўлларига қадаган қаршимдаги аёлнинг 56 йиллик босиб ўтган умр йўли ҳам унинг ўзбек аёлига хос нафосату назокатини ўғирлай олмаганидан ҳайратим ошади. Негадир ўз-ўзимдан уялиб кетаман, шу оддийгина, аммо барча гўзал хислатларни ўтириш-туришида, кийинишида, нигоҳларида, қўйингки, жисму жонидаю, муомаласига жо қила олган аёлга таҳсин айтгим келади. 

– Эшитишимча, Маъмуржон Тўхтасиновнинг отаси ҳали у онасининг қорнидалигидаёқ Ўзбекис­тон халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқовдан туғилажак боласи ўғил бўлса, отини Маъмуржон қўйишга розилик олган, кейинчалик бир тўйда 3 ёшлик кичик Маъмуржонни қўлидан етаклаб, ҳофиз олдига олиб бориб, у кишидан: “Шу бола улуғ санъаткор бўлсин”, дея дуосини олган экан. Шу ҳақда эшитганмисиз? 

– Ҳа, кўп эшитганман. 1958 йилда дадам (қайнотам демоқчи) Тошкентда, педагогика институтининг немис тили факультетида ўқиб юрган кезлари экан. Ўша пайт­­да қайнона-қайнотамнинг икки боласи бўлиб, учинчи фарзандини кутаётган эканлар. Чойхонада Халқ ҳофизлари Маъмуржон Узоқов ва Жўрахон Султонов сўрида қўшиқ айтиб ўтиришган, менинг билишимча. Қайнотам уларни тасодифан кўриб қолиб, чой ташиб, хизматларини қилган. Шунда улар қайнотамни дуо қилишган. Ўша пайтда ҳавас қилиб, ўғил кўрсам отини Маъмуржон қўяман, деб ният қилган ва ниятларига етган…  

Биз у киши билан битта жойда, “Беклар” маҳалласида туғилиб ўсганмиз. У киши мана шу уйда, биз эса тўртта уй наридаги ҳовлида яшардик. 

– Унда болалигингиздан бирга ўйнаб-ўсганингиз учун бир-бирингизни яхши билар экансизлар-да? 

– Йў-ўқ, то уйимизга совчи бормагунича кўчамизда шундай йигит яшашини ҳам билмаганман. Бўлмаса уйларимиз бир-бирига шундоққина кўриниб туради. Чунки у киши туманимиз марказидаги 1-сонли рус тилига ихтисослаштирилган ўрта мактабда таҳсил олган. Мен эса қишлоғимиздаги 4-сонли мактабда ўқиганман. Энди ўйласам, кичкиналигимизда ҳар тонг у киши бу томонга, мен бошқа томонга мактабга кетар эканмиз. У пайтларда ҳамма, ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам сентябрдан то декабрнинг охиригача пахта теришга кетардик. Қайинсинглим пахтада мени ёқтириб қолган ва ота-онасига келинликка тавсия қилган экан. 1983 йилда 10-синфни тугатаётган кунларим эди. Июнь ойида уйимизга қайнотам совчи бўлиб чиққан. У пайтларда қизларни эрта турмушга беришарди. Ёшимиз орасидаги фарқ саккиз ёш эди. Ўшанда онам менинг ёнимга бир расм олиб кириб, “манави бола экан, кўр-чи” , деганлар. Бир кўрибман, бош­­қа қарамабман ҳам. Ўша-ўша чиройли сурати кўз олдимда қолган. Жуда чиройли йигит эди…

– Расмларини кўриб розилик беравердингизми?

– Йўқ, у пайтлари қиздан розилик сўралмасди, мендан ҳам сўрашмаган. У киши ҳам қизнинг расмини олиб чиқинглар, деган экан. Ўшанда биз мактабда битирувчи ўқувчилар винетка учун расмга тушган эдик. Ўшани олиб чиқиб кўрсатишса, “бўлувради”,  дебди… Шу билан тўйимиз бўлиб кетди. 

– Тўйгача учрашгандирсизлар?

– Тўйдан олдин никоҳдан ўтиш учун ариза беришга маҳалламиз бошидаги сельсоветга борганмиз. У кишининг “Мос­квич” машинаси бор экан. Қайтишимизда бизни уйга яқинроқ жойгача олиб келиб қўйган. Ўшанда ёнимда турса ҳам кўрмаганман, яъни юзига қарамаганман, қаролмаганман. Ўшанда.17 ёшли қиз эдим, бориб ҳужжатга қўл қўйиб келаверибман. Бошқача бўлган эканми у замонлар… 

– Ота-онангиз артистга қиз бермаймиз дейишмадими?

– Йўқ, у пайтда артист эмас эди-да. Қўқондаги автомобиль йўллари техникумини тугатиб, маданият уйи­­да ишлаган, кейин ҳарбий хизматга бориб, Тошкентда Икромжон Бўронов раҳбарлигидаги ҳарбий ансамблда Турғун Бекназаров, Муҳриддин Ҳолиқов билан бирга 2 йил хизмат қилган. Санъатга қизиқиши устунлик қилиб, Тошкент маданият институтига ўқишга кириб, 1-курсни тугатаётган пайтлари эди. Мана, шу ҳовлида тўйимиз бўлган. Тахталардан ўриндиқ қилиниб, меҳмонларга жой қилинган, бир файзли тўй бўлган. 

– Тўйдан кейин ҳақиқий оилавий ҳаёт бошланади. Бу хонадондаги турмуш тарзи сизнинг оилангизникига ўхшармиди?

– Онам колхозчи бўлиб, Фарғона каналини қазишда иштирок этган аёллардан. Отам деҳқон эди. Бу оиладагилар эса аксинча, ҳаммаси ўқимишли, зиёли, маданиятли одамлар бўлиб, фақат мен ўқимаган эдим. Қайнотам Салим ака Тўхтасинов мактабда немис тилидан дарс берарди. 40 йил шу соҳада ишлаганлар. Қайнонам раҳматлик Насибахон ая уй бекаси бўлса ҳам тўн тикиб сотиб, рўзғорга қарашар эди. Жуда оқила аёл бўлганлари учун шу кишига ўхшасин деб, қизимга бувисининг исмларини қўйганмиз. Қайнотам болаларидан аъло ўқишни қаттиқ талаб қилар, қайнонам эса уларнинг ўқиши, юмушларини ўз вақтида бажаришини назорат қилардилар. Кейинчалик қайинсингилларимнинг ҳаммаси ўқитувчи бўлишди. Оила даврасида доимо илмий суҳбатлар, тортишувлар, баҳслар бўларди. Ўшандай пайтларда олий маълумотим йўқлиги учун уларнинг суҳбатига қўшилолмасдан жим ўтирар, ич-ичимдан қийналардим, албатта. Қайнотам мени инс­титутда ўқитмоқчи ҳам бўлган. Аммо кетма-кет болаларимиз туғилгач, вақт тополмадим… 

– 17 ёш келинчакнинг 5 нафар қайин­сингил билан муроса қилиши, рўзғор ишларини эплаб кетиши осон бўлмагандир?

– Қайнотам овқатга инжиқроқ эди. Шунинг учун овқатни қайнонам тайёрлар, мен бошқа юмушларни бажарар эдим. Ишонасизми, саккиз йилда ошни оби-тобида, қайнотамга ёқадиган қилиб пиширишни ўрганганман. Шунгача қайнонам ош дамлардилару, “ана энди ошни солиб келаверинг”, дерди. Қайинсингилларим эса опа-синг­лимдай эди, болаларимни катта қилишда кўп ёрдам беришган.

Турмуш ўртоғим жуда кўнгилчан, оғир, босиқ ва тўғрисўз инсон эди. Баъзи эркак­ларга ўхшаб зиёфату чойхоналарнинг шинавандаси эмас, ишдан бўшашлари билан уйга, оиласи, болалари ёнига шошарди. Тўйимиздан 15 кун ўтиб Тошкентга ўқишга кетди, аммо ҳар жума куни поездда, албатта, уйга келарди. У пайтлар ҳовлимизнинг бир томонида девор йўқлиги учун очиқ дала бўлиб, нима иш билан машғул бўлсам ҳам кўз қиримни шу томонга ташлаб қўярдим. Бир қарасам, жилмайиб келаётган бўларди, ҳозиргача кўз олдимда турибди. Ўқишларини тугатгунча шундай яшадик. 

1986 йилда, яъни ўқишни тугатиш арафасида телевидениеда қўшиқлари берилиб, анча танилиб қолди. Бир қизимиз бор эди. Ўғлимнинг туғилиши жуда қизиқ бўлган. У киши биз билан янги йил кутишга келди, мен эса қайнонам билан туғруқхонага кетдим. Ўшанда шундай хурсанд бўлганлар-ки… У пайтлар эркаклар туғруқхонага бориши уят ҳисобланса ҳам қайнотам ва хўжайиним чақалоқни кўргани боришарди. Ўғлимизнинг отини ўзлари Умиджон деб қўйган. Менимча, яхши қўшиқлари билан одамлар кўнглидан жой олишни, ўғлининг ҳам яхши инсон, яхши ҳофиз бўлишини умид қилиб, яхшилик истаб шундай исм қўйган бўлсалар керак.

– Ҳофиз кўпинча тўйларда, эл хизматида юриши табиий. Қўшиқларига раққосалар ўйнаганида, баъзида ҳамкасаба аёллар уйга қўнғироқ қилиб безов­­та қилишса қандай ҳолатга тушардингиз? 

– Жаҳлим чиқарди, албатта. Аммо ичимга ютардим. Айниқса, 1990 йилда “Яхшилиғ” қўшиғини айтганидан кейин безов­­та қиладиган аёллар сони кўпайиб кетди. Уйи­мизга телефон қилиб, сўрайверишар эди, “чақириб беринг, танишиман”, дейишарди. Аммо у киши мени уйда йўқ денглар дер, бирон марта телефон гўшагини ўзи кўтармасди. Аёл бўла туриб, эркак кишининг уйи­­га телефон қилиб, хотинидан унинг эрини сўрашганига ҳайрон қолардим. Мобиль телефон энди урф бўлаётган паллалар эди. Бир куни ҳатто таниқли шоира аёл Муяссар Отажонова қўнғироқ қилиб, “Маъмуржон борми?” деса, “Нима қиласиз?” дебман. “Нотўғри тушундингиз, шекилли, мен шоираман, шеърларимни бермоқчиман”, деса хижолат бўлдим. Унинг кўп шеърларини қўшиқ қилганлар.

– Турмуш ўртоғингиз уйга кеч келган пайтларида шубҳа туфайли бош­ланган жанжалга қайнона-қайнотангиз аралашармиди?

– Йўқ, бизнинг бирон гапимиз хонамиздан ҳовлига чиқмас эди. Чунки қайнона-қайнотамнинг салобати, ҳурмати бор эди. Уларга ҳеч нимани сездирмасдик. Чунки катталар бор уйда келиннинг бунақа майда-чуйда гапларни гапириши уят-ку. Ҳозир менинг ҳам уч келиним бор. Улар ҳам менинг олдимда андиша қилишади. Ҳурматимни қилишади. Барибир қайнона-қайнотали уй бошқача бўлади.

– Турмуш ўртоғингизнинг ўзи ҳам ота-онасидан ҳайиқармиди ёки эрка ўғилмиди?

– Қайнотам фарзандларини назоратда ушлар, ҳаволаниб кетмасин, нотўғри йўлга юрмасин дер, жуда ақлли одам эди. Улар “келин, агар ўғлимнинг ичиб ёки чекиб келганини сезсангиз, дарров менга айтинг. Айтмасангиз сиздан хафа бўламан”, дерди. 

– Айтармидингиз?

– Нимани айтаман, у кишининг бундай ёмон одатлари бўлмаса… Ўзи ҳам, дўст-ёрлари ҳам жуда яхши одамлар эди.

Қайинакам икки фарзандли бўлганида автоҳалокатга учраб, оламдан ўтди. Бу киши ота-онасининг ёлғиз суянчиғи бўлиб қолди. Балки мен келин бўлиб тушгунимга қадар кўп азоб чеккан, тақдир синовларига учраганлиги туфайлидир. Бу киши армиядан келгач, декабрь ойида қўшнимиз қариндошиникига тўйга олиб кетган, қайтишда қуюқ туман бўлганлиги учун шофёр йўлни кўролмай машинани катта зовурга қараб ҳайдаган, натижада қўшним ва яна бир киши оламдан ўтган, икки киши узоқ даволанишдан кейин ҳаётга қайтишган экан. Шулардан бири Маъмуржон ака бўлиб, жарроҳлик операциясида оёғининг эзилган қисмини кесиб ташлагач, икки-уч йилча тўшакка михланган, аммо жони омон қолган, ўнг оёғи калта бўлиб, оқсайдиган бўлган экан. 

– Тузалиб кетгач, яна тўйларга, эл хизматига чиқиб кетган эканлар-да?

– Ҳа, шунда қайнотам агар қўшиқ айтмоқчи бўлсанг, аввало, институтда ўқийсан, деб шарт қўйган экан. Шундан кейин ўқишга кириб, институтни тугатиб келгач, Олтиариқ маданият уйида бадиий раҳбар, мусиқа мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаб, 1997 йилдан “Ўзбекнаво” бирлашмасининг Фарғона вилоят бўлимида яккахон хонанда сифатида фаолият юрита бошлади. Қаерда ишламасин, бир зум ижоддан тўхтамасди. Мумтоз ашулаларни фарғонача ижро услубида куйлаганида одамлар бутун вужуди билан тингларди. Бундан ташқари, ”Лайли ва Мажнун”, “Шаҳзода ва Малика”, “Кеча ва кундуз”, “Бобур” видеофильмларида куйлаган мумтоз ва ўзи басталаган ашулалари бетакрор мусиқий асарлардир. Маъмуржон ака меҳнатининг самараси сифатида 1998 йилда Халқаро Бобур мукофоти совриндори бўлди.

– Хонанданинг “Яхшилиғ” қўшиғининг ўзи мукаммал ижро. У яратилганига 30 йилдан ошган бўлса ҳам ҳамон қўшиқ ихлосмандларининг севимли дурдонаси ҳисобланади. Унинг яратилиш тарихидан хабарингиз борми?

– Фаттоҳ ака деган яқин инсони Маъмуржон акамни “Ёшлар куйлаганда” концерт дастурига таклиф қилган экан-у видеофильмга мос овоз эгаларини саралаб юрган режиссёр Мақсуд Юнусовга “Бугун Олтиариқдан бир йигит келади, эшитиб кўринг-чи, сизга маъқул бўлар”, дебди. Режиссёрга ҳақиқатдан ҳам Маъмуржон аканинг қўшиқлари ва овози ёқибди, куйга солиб, тайёрлаб келиши учун ўнга яқин шеър бериб юборибди. У киши ўша шеърларни уйда ўтириб, қўшиқ ҳолатига келтирдилар. Ўзига маъқул бўладиган даражага етгач, аввало, дадамга айтиб берди. Улар билан бирга биз ҳам эшитганмиз. Қайнотамнинг қулоғига ёққач, оқ фотиҳасини олиб, овоз лентасига ёздириш учун Тошкентга кетди. Шу аснода “Яхшилиғ” қўшиғи пайдо бўлди.

– Ҳофизнинг нафақат “Яхшилиғ”, балки “Буни умр дерлар”, “Нима қолди” каби кўплаб қўшиқлари жуда машҳур. Бундай қўшиқларни яратиш ўзига ёқармиди ёки мухлислари талаб қилармиди? 

– У киши унча-мунча шеърни қўшиқ қилишга шошмасди. Кўп китоб ўқир, улар орасида романлар, қиссалар, шеърий асарлар бўлар эди. Шулар ичида ўзига ёқадиган шеър чиқиб қолса, олиб қўяр, вақти келганида куйга соларди. Умрбоқий мавзуларни, дўстлик, инсонийлик, меҳр-оқибат, садоқат ҳақидаги шеърларни яхши кўрарди. Ҳеч қачон тўйбоп қўшиқлар, обрў келтириш учун ашула айтмас эди, янги қўшиқлари ўз-ўзидан одамларнинг кўнглига ёқарди шекилли, оммалашиб кетарди. 

– Ижод қилаётганида болалари халақит берса, дакки берармиди?

– Иложи борича болаларнинг отасига халақит беришларига йўл қўймасдим. Болалар кириб қолса ҳам уларни бирон марта уришмаган. Ҳаётида кетма-кет содир бўлган бахтсиз воқеалар-автоҳалокатлар нафақат уни, оиламиздаги ҳар биримизни анча мулоҳазали, эҳтиёткор, бир қарашдан бир-биримизнинг фикримизни уқадиган, қадр­лайдиган қилиб қўйган эди. 

1998 йилда тошкентлик таниқли бир санъаткор қиз узатаётган экан, тўйга турмуш ўртоғимни таклиф қилди ва у кетди. Ўшанда иккинчи марта яна автоҳалокатга учради. У вақтда қайнонам оламдан ўтган, қайинсингилларим турмушга чиқиб кетишган бўлиб, қўлимда кичик қизчам, яна тўрт нафар болаларим бор эди. Беш бола билан қаерга бора оламан?! Уларни олиб юриш бир муаммо. Уйда қолдирай десам, қараб туришга одам йўқ. Бу гал шоф­­ёр йўлдан чиқиб кетиб, бу кишининг оёғи яна ўша жойи­дан синган эди… Бир ой Тошкентда ётди, шу вақт ичида қайнотам раҳматлик икки катта боламни уйда қолдириб, мени ва уч боламни олиб, бир мартагина кўрсатиб келдилар… Бир ойдан сўнг бир амаллаб уйга олиб келишди. Уйга келганидан кейин ҳам бир йилча қимирламай ётди. Туриш, юриш мумкин эмас эди. Аҳволини кўриб биз чидолмасдик. Лекин шунчалар иродали, сабр­­ли эди-ки, жони оғриса ҳам бирон марта нолимасди. У кунларни эслашни ҳам истамайман… 

– Оғир кунларида дўст-ёрлари ҳам хабар олиб туришдими?

– Ҳаётнинг ҳар бир ташвиши-синов деганларидек, ўшанда мен у кишининг садоқатли, меҳр-оқибатли дўстлари борлигига гувоҳ бўлганман. Дўстлари ёнидан кетишмади десам, муболаға бўлар-ку, аммо ёлғизлатиб қўйишмади. Ўша пайтлари уйимиздан дўстларидан ташқари маҳалла-кўй, таниш-билиш, қўни-қўшнининг оёғи узилмади. Шу оқибатли одамлар яшаш учун курашга куч берарди, чамамда. Нима қаттиқ деса тош қаттиқ, тошдан ҳам бош қаттиқ, дейишгани каби, жисмоний оғриқларни сабр билан енгиб, бир йилдан кейин оёққа тура бошлади, икки йил ўтгач, 2000 йилда “Туркистон” санъат саройида концерт берди.

 – Қувончу изтиробга, ҳаётга, муҳаб­батга тўла концерт денг… Сиз ҳам концертга бордингизми?

– Йўқ, ўшанда “сизлар борсангизлар хаёлим бузилади”, деб бизларни олиб кетмаган. У кишининг бир оғиз сўзи биз учун тиллолардан аъло бўлиб, кўнглимиз шукронага тўла, ҳали тамоман тузалмаган бўлса ҳам саҳнага, умуман ҳаётга қайтганидан хурсанд эдик… Биз телевизорда томоша қилдик. Концертга шунчалар кўп мухлис келган экан-ки, санъат саройига одам сиғмабди. Ўша йили Ўзбекис­тон халқ артисти унвонига сазовор бўлди. Бу эътироф ҳофиз учун нафақат мукофот, ҳаётидаги оғир кунлардан кейинги руҳий қўллаб-қувватлаш, катта олқиш, қора булутдан кейин чарақлаб чиққан қуёш каби эди. 

– Маъмуржон Тўхтасинов ҳофиз бўлмаганида ким бўларди, деб ўйлайсиз?

 – Агар қўшиқчи бўлмаса, шифокор бўларди. Чунки жуда кўп эшитганман: “шифокорлик жуда яхши касб-да”, деганларини. Балки шифокорларнинг беминнат хизматлари туфайли соғлиги тикланганлиги учундир. Балки бу касб эгаларининг одамларга кўпроқ нафи текканлиги сабаблидир.

– Ҳофизнинг оила кам-кўстига қарашга вақти бўлармиди?

– Оилада ҳеч қачон харажат муаммо бўлмаган. “Уйда нима камчилик”, деб сўрарди. “Бирон нарса кам бўлса мен хотиржам юролмайман”, деб харажатларни бир-икки ойга етадиган қилиб қўярди. Мен харажат учун бозорга чиқиб кўрмаганман. Ҳозир ҳам шу хислатини ўғилларимга ибрат қилиб кўрсатаман.  

– Болаларнинг муаммолари билан ким шуғулланарди? Дейлик боғчаси, мактаби дегандай.

– Болаларнинг ҳаммаси гимназияда ўқиган. Ҳар бирининг синф йиғилишигача ўзлари борарди. Болаларга жуда меҳрибон, худди яқин ўртоғи, дўсти каби гаплашарди. Уларга қаттиқ гапирганини эслолмайман. 

 – Ҳаётингизнинг алоҳида қувонч­­ли кунларида, яхши кунларда сизларга қандай совғалар беришни яхши кўрарди?

– Кўпинча болаларга ўйинчоқлар, катта машиналар, қизларга қўғирчоқ опкелар эди. Бир боланинг туғилган куни бўлса, хафа бўлишмасин деб ҳаммасига совға улашарди. Болаларга совға қилган машиналари ҳалигача уйимизда турибди. 

– Ҳофиз маҳалла-кўй, қўни-қўшниларнинг тўйларида хизмат қилган бўлиши табиий. Олтиариқда хонандалар ўзи яшайдиган туман аҳли тўй қилса, улардан хизмат ҳақи сўрамас экан. Бу одатга қандай қарарди?

– Тумандошларимиздан хизмат ҳақи олмасди. Ночорроқ оилалар бўлса одамлар қистирган пулларини ҳам уй эгасига ташлаб келарди. Хайр-саховатни яхши кўрар эди. Буларни ҳам биз одамларнинг уни дуо қилиб, хурсанд бўлиб гапирганларидан билардик. Бунақа нарсаларни айтиб бўлмайди, гапирса хайри ҳам қолмайди аслида.

– Бугун устоз санъаткорнинг фарзандлари ҳам улғайишган. Улар орасида отасининг изидан бораётганлари ҳам борми?

– Катта қизимиз Адолат кулолчилар оиласига келин бўлиб тушгани учунми, кулол. Қолган болаларимизнинг ҳаммаси санъат соҳасида ишлашади. Ўғилларимиз олий маълумотли: Умиджон 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида мусиқа ўқитувчиси, Уйғунжон шу мактабда директор ўринбосари, Ўткирбек Фарғона санъат коллежида мусиқа ўқитувчиси бўлиш билан бирга, ака-сингиллари билан мусиқа ва санъат мактабида ҳам ишлайди. Уларнинг овозлари ҳам, санъатга қизиқишлари ҳам, ҳатто характерлари ҳам отасига ўхшайди. Кичкина қизим Насибахон ҳам акалари билан бирга ишлайди, у болаларга дутор чалиш сирларини ўргатади. Ўғилларим эл хизматида, отасининг қўшиқларини айтишади, ўзлари янги қўшиқлар яратишади. Овозлари тиниқ ва жарангдор. 14 нафар невараларимиз орасида санъатга қизиқадиганлари ҳам борлигидан қувонаман. Уйғунжоннинг боласига унга ўхшаб элда азиз инсон бўлсин, деган яхши ният билан бобосининг отини қўйганмиз.

– Умиджон Тўхтасинов “Беклигимни кўрмаган отам” қўшиғини:

Эркаланиб чин суёлмадим,

Кўзингизга термулолмадим,

Зарчопонлар олиб беролмадим,

Пешонамга сиғмаган отам,

Беклигимни кўрмаган отам –

 дея дард билан куйлаган…

– Бу аслида Сайёра Тўйчиеванинг шеъри бўлиб, қайнонам оламдан ўтганларидан кейин анча вақт ўтиб, Маъмуржон ака куйлаган “Беклигимни кўрмаган онам” қўшиғидир. Отаси вафот этганида Умиджон уйланиб, эндигина қизчалик бўлган пайти эди. Ҳали бундай айрилиққа тайёр эмас эди. Унинг соғинчи дунёларга сиғмади шекилли, жуда ўртанди. “Онажон, дадамнинг шу қўшиғини отамга бағишлаб айтай”, деди. Рухсат бердим. Шояд ҳамма дарди шу қўшиқдаги ноласи билан чиқиб кетиб, бироз енгиллашса, дедим…

– Турмуш ўртоғингизнинг қайси қўшиғини яхши кўриб тинглайсиз?

– Ҳаммасини яхши кўраман, аммо “Буни умр дерлар” қўшиғини бошқача меҳр билан тинглайман… 

Кимдур эшик очар, кимлардур ёпар,

Кимдур малҳам бўлар, кимлардур қопар, 

Кимдур сокин дарё, кимлардур чопар,

Буни умр дерлар кундузли, тунли,

Буни умр дерлар, шодлик, қайғули… 

Негадир шу қўшиқ менга мадад бераётгандек, иккаламизнинг ҳаётимиз ҳақида сўзлаётгандай, орамиздаги узилмас риштага ўхшайди… Ҳофиз руҳан биз билан биргадай туюлаверади, ҳамиша кўнглимда, ёнимда юргандай… 

– Халқ севган ҳофиз Маъмуржон Тўхтасинов билан ўтган умрингизнинг турли саҳифалари ҳақида гапирсангиз. Яъни, ҳар биримизнинг ҳаётимизда бўладиган оқ ва қора ранглар хусусида.

– Ёрқин ранглар – Маъмуржон аканинг жисмидан дард бироз чекинган, у оёққа турган кунлар қувончини ҳеч нарса билан баҳолай олмайман. Ўша кунлари мен яшамадим – гўё осмонларда учиб юрар эдим. Қора ранглар… 2010 йилда оёқлари оғриб юрганида кутилмаганда шифокорнинг Маъмуржон аканинг жигаридаги давосиз дард ҳақидаги қўрқинчли ташхиси ва орадан олти ой ўтгач содир бўлган даҳшатли воқеа билан боғлиқ…

Ҳа, одамларнинг меҳру муҳаббатига, ҳурмату эҳтиромига сазовор бўлган халқ севган ҳофиз бугун орамизда йўқ. Аммо у ўзининг юз бора эшитсанг ҳам яна тинг­лагинг келаверадиган, ширали овози билан мухлисларини сеҳрлаб қўядиган, ҳар гал эшитганингда руҳиятингни санъатнинг бепоён кенгликларига олиб кетадиган ўлмас қўшиқлари билан ҳар бир мухлисининг кўнгил уйида абадий яшайверади. Инсонларни эзгуликка, яхшиликка чорловчи, ўзидан яхши ном қолдиришга ундовчи қўшиқлари эса ҳар бир ўзбек хонадонида, ҳар куни янграйверади:

Ортингда қани, ўйла-чи бир он – нима қолди?

Армон қолдими, қолдими тўфон, нима қолди?

Инсон боласи олгай нафас орзу-ҳавас-ла,

Шодлик қолдими, қолдими пушмон – нима қолди?

Инсон ҳаёти ёниб ўчар нурга баробар, 

Нур қолдиму сендан зимистон, нима қолди?…

Ҳофизнинг ортида қалби санъатга ошуфта оқил ва оқила фарзандлари, мухлислари ҳар куни севиб тинглайдиган абадийликка дахлдор дурдоналари – санъати билан қоришган НУР қолди!

“Adolat” мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!

admin

Стратегик ташаббус ва лойиҳаларни эълон қилишда муҳим платформа

admin

Замонавий тиббиёт тизими халқимиз ишончи ва розилигига асосида ривожланади

admin