ADOLAT 24

Инсон умри дахлсиз

Инсонлар қаерда туғилганидан, қаерда яшашидан, ирқидан, миллатидан, келиб чиқишидан, жинсидан, тилидан ва бошқа анатомик белгиларидан қатъи назар битта – одам оиласига мансуб ва барча ҳуқуқларда тенг яратилган. Аммо бу тенгликка нечоғлик амал қилиш даражаси у яшаб турган жамият ва ундаги ҳуқуқий муҳит билан бевосита боғлиқ. Шу сабабли ҳам, инсоният битта оила таркибида бўлса-да, турли мамлакатларда, турли даврларда ҳар хил шароитларда яшаб келмоқда.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён ўтган даврга назар ташлайдиган бўлсак, ҳар бир инсоннинг тенг ҳуқуқли шароитларда яшаши учун босқичма-босқич ҳуқуқий механизмлар такомиллаштириб борилмоқда. Айниқса, жорий йил инсон қад­рини улуғлаш мақсади билан тарих саҳифаларига кирди. Инсон қад­рини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясидан ўрин олди.

Мамлакатимизнинг Асосий қонуни – Конституцияда инсон қадрини оширишга оид меъёрларни янада такомиллаштириш ва кучайтириш мақсадида бошланган конс­титуциявий ислоҳотлар халқимиз томонидан кўтаринки кайфият билан қўллаб-қувватланмоқда.

Жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганига ўттиз йил тўлмоқда. Демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги 30 йиллик мустақил ҳаёт тарих саҳифаларида ўчмас из қолдирди. Албатта, ушбу улуғ мақсадлар сари бошланган ривожланиш ва тараққиёт йўлини босиб ўтиш осон кечмади. Аммо Ўзбекистон халқи танлаган тўғри йўл ва олиб борилган оқилона сиёсат йиллар давомида ўз самарасини бериб келмоқда. Инсон қадр-қимматини оширишга доир ислоҳотлар йил сайин қулоч ёймоқда.

Конституциявий ислоҳотларнинг энг асосий устувор вазифалари – инсон манфаатини тўғридан-тўғри ва самарали ҳимоя қилишга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини, шахсий, мулкий ва маънавий дахлсизликларининг сўзсиз таъминланишига қаратилганлиги билан эъти­борга моликдир.

Бир неча минглаб фуқароларимизнинг таклифлари асосида шакллантирилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида олтмишдан ортиқ нормалар қатори “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади” деган норманинг киритилиши инсон ҳаёти янада ишончли ҳимоя қилинишига қаратилганлиги билан ҳам эътибор тортади, унинг халқчиллигини оширади.

Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг 2005 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги фармони билан 2008 йил 1 январдан бошлаб жиноят қонунчилигидан ўлим жазоси бутунлай олиб ташланиб, унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилган эди. 

Мамлакатимизда ўлим жазосидан воз кечилганлиги бежиз эмас. 

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасида ҳар бир инсон учун яшаш ҳуқуқи берилган. Биз инсонпарвар демократик давлат учун шундай муқаддас ҳуқуқдан жазо тариқасида маҳрум этиш конституциявий демократик давлат тамойилларига ҳам, инсонпарвар давлат тамойилларига ҳам мос келмайди. 

Иккинчидан, Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси қоидаларига кўра, яшаш ҳуқуқи табиий ҳуқуқ, бундай ҳуқуқдан маҳрум этиш мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 30 сентябрь кунги қарори билан ратификация қилинган Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларация­­си мезонларига зид ҳисобланади. 

Учинчидан, биз мустабидлик йилларининг мудҳиш кунларини, 1937–1953 йиллар оралиғида юз мингга яқин ватандошларимиз қатағон қилинганлигини, уларнинг 13 минг нафари отиб ташланганлигини, “пахта иши” билан боғлиқ қатағон йилларини унутганимиз йўқ. Масалан, “пахта иши” билан боғлиқ уйдирмалар оқибатида ватандошларимиз орасида ноҳақ ўлим жазосига ҳукм қилинганлар бўлди. Уларга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган вақтда ҳукм ижро этилиб бўлинганлиги қасдлар, хатолик ёки бефарқликлар билан ҳам инсон умрига завол бўлиш мумкинлигини тарихимиз кўрсатиб турибди. 

Тўртинчидан, инсонларни ўлим жазоси билан қўрқитиш орқали улар устидан зўравонлик қилиш механизми бутунлай ва ишончли барҳам топади. 

Бешинчидан, ўлим жазоси фақатгина қисқа муддатли жисмоний жазо ҳисобланса, умрбод қамоқ жазоси йиллар давомида ҳам жисмоний, ҳам маънавий, ҳам руҳий азоб­ланишни тақозо этади.

Бир сўз билан айтганда, Конституция­мизда “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади” деган норманинг қатъий белгилаб қўйилиши инсон ҳуқуқларига содиқлигимизни, инсон қадрини улуғлашга қўйган катта ва залворли қадамимизни яққол намоён этмоқда. Зеро, табиатнинг гултожи бўлган инсон умри инсонпарвар Янги Ўзбекистонда олий мақомда ва дахлсиздир.

Абдукамол РАХМОНОВ, 

“Адолат” СДП 

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Tegishli xabarlar

Қачон уй оламиз?

admin

ХАЛҚИМИЗ УЧУН БЕЛГИЛАБ ОЛИНГАН ВАЗИФАЛАРНИНГ ИЖРОСИ МУҲИМ

admin

Нега 608 минг туп кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган?

admin