ADOLAT 24

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР : мазмун-моҳияти, зарурати, устувор йўналишлари 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида “Ўзбекистон Республикасининг Конституция­сига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.

Жамоатчилик муҳокамасида Фанлар академияси раёсати, илм­ий-тадқиқот инс­титутлари устоз олимлари, ёш тадқиқотчилари иштирок этдилар. Конституция­вий комиссия раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйи­­ча Ўзбекистон Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов сўзга чиқиб, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, зарурати, устувор йўналишлари тўғрисида фикр билдирди. 

Сўзга чиққанлар 2021 йилнинг 7 декабрида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституция куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида Асосий қомусга жамият ҳаёти учун ўта муҳим бўлган йўналишлар бўйича ўзгартиришлар киритиш таклиф этилганлигини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари кенгашларининг 2022 йил 20 майдаги қўшма қарори билан Конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан 46 кишидан иборат Конституциявий комиссия тузилганлигини, Комиссия таркибига депутатлар, сенаторлар, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан вакиллар, фуқаролик жамияти инс­титутлари, ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар ва бошқа мутахассислар киритилганлигини таъкидлаб ўтдилар.

Конституциявий комиссия фаолияти “жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган ғоя асосида ташкил этилганлиги, аҳолининг барча қатламларидан Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар олинганлиги, ягона конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги эътироф этилди.

Мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар ўтказиш зарурати юзага келганлиги, инсонлар онгида туб ўзгаришлар рўй бергани, халқимиз конституциявий ислоҳотларда фаол иштирок этаётганлиги, Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича олтмиш мингдан ортиқ таклиф ва тавсиялар тушганлиги, халқимиз ўз тақдири, келажагига умид билан қараётгани муҳокама иштирокчилари чиқишларида баён этилди.

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилингани, лойи­ҳада Асосий қонуннинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш ҳамда 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим-моддалар) қўшиш таклиф этилгани ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Илмий жамоатчилик конституциявий ислоҳотларнинг бош мақсади – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи эканлигини, Конституцияда инсон ҳуқуқларини амалда таъминлашнинг мукаммал механизми яратилиши, инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозимлиги тўғрисида фикр билдирдилар.

Президент томонидан Ўзбекистонда ўлим жазосини тақиқлаш тўғрисидаги нормани киритиш, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шартлигини талаб қилувчи “Миранда қоидаси”нинг қўлланиши, шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслигини назарда тутувчи “Хабеас корпус” институти қои­даларининг Конституцияда ифодаланиши шахс ва инсон дахлсизлигини таъминловчи муҳим восита бўлиши уқтирилди.

Муҳокамада “инсон қадри” тушунчаси “ижтимоий давлат” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқлиги, ижтимоий давлат – ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат модели эканлиги, ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутиши, у шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратишни талаб қилиши, жамиятнинг ҳар бир меҳнатга лаёқатли аъзоси ишсизликдан ҳимояланиши, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахс­ларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам давлатнинг асосий ижтимоий вазифаси эканлиги ва мазкур қоидаларнинг Асосий қонунда мужассамланиши Ўзбекистоннинг ижтимоий қиёфаси тубдан ўзгаришига олиб келиши кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Тадбирда Конституцияда ҳар ким давлат таълим ташкилотларида танлов асосида бепул олий маълумот олишга ҳақли эканлиги, олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари қонунда белгиланган доирада ўзини ўзи бошқариш, академик эркинлик, шунингдек, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги, давлат илм-фанни ривожлантиришга, жаҳон илмий ҳамжамияти билан илмий алоқалар ўрнатишга кўмаклашиши ҳамда илмий ва техникавий ижод эркинлигидан ташқари, бадиий ижод эркинлиги берилиши ҳамда маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланиши каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

Жамоатчилик муҳокамаси иштирокчилари томонидан Ўзбекистонда хусусий мулк ҳимоя­сини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларнинг кучайтирилиши, мулкдор суд қарорисиз, ўзининг розилигисиз, адолатли товон пулисиз мулкидан маҳрум этилмаслиги, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқмаслик ҳамда бекор қилмаслик масаласи ҳам конституциявий қои­­да сифатида белгиланиши, иқтисодиётимизни ҳаракатга келтирувчи асосий куч бўлган тадбиркорликнинг ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш бирламчи вазифа ҳисобланишига алоҳида урғу берилди.

Жамоатчилик муҳокамаси якунида конституциявий тузатишлар, биринчи навбатда, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг муайян шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини кафолатли тарзда таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланиши таъкидланди.

Ўз мухбиримиз

Tegishli xabarlar

Зиммамизга юксак масъулият юкламоқда

admin

Халқ ноиби аралашмайдиган, унинг ваколат доирасига кирмайдиган масала йўқ

admin

Бириккан элни ҳеч ким, ҳеч қандай куч енга олмайди

admin