ADOLAT 24

У КЎП СОҲАДА БИРИНЧИ ЭДИ

Америкалик дипломат ва журналист Юджин Скайлер Ўрта Осиёга ташриф буюрган биринчи америкалик дип­ломат, Тургенев ва Толстойнинг биринчи таржимони, ўзи таълим олган университетнинг илк докторларидан ва АҚШнинг Руминия, Сербия, Грециядаги дастлабки элчиси эди. Унинг асарларида бизнинг юртимиз ва шаҳарларимиз ҳаёти алоҳида из қолдирган.

Юджин Скайлер 1840 йил 24 февралда Нью-Йорк штатидаги Итака шаҳрида туғилган. Унинг ота-онаси асли голландиялик бўлиб, отаси дорихонада ишлар, онаси мамлакатда таниқли ношир Чарльз Скрадлер авлодларидан эди. У 15 ёшида Йёльск коллежига кирди, кейин университетни тугатди. У кўп китоб ўқир, шунданми, келажакда юрист эмас, қаламкашликда кўпроқ шуҳрат қозонди. “The Nateli” (Миллат) журнали билан ижодий алоқада бўлди ва бу юмушни умрининг охиригача давом эттирди.

Юджин 23 ёшда эканида шаҳар гаванида узоқ вақт Россиянинг “Невс­кий” эскадрони тўхтаб қолди. У кемага борди, одамлар билан гаплашди, рус тилига қизиқиб қолди ва уни тезда мукаммал ўрганиб олди. Тилни билиш даражаси Тургеневнинг “Оталар ва болалар” романини инглизчага таржима қилиш имконида эди. Бу таржима 1867 йилда китоб бўлиб чиқди ва ўқувчилар орасида муҳокамаларга сабаб бўлди. Кейин фин тилини ўрганди, миллий эпос – “Калевила”нинг нашрига муҳаррирлик қилди. 

Юджин хаёллари чексиз йигитлардан, “Қирлар ортида, булутлардан нарида нима бор?” деб қизиқувчилар тоифасидан эди. Шунинг учун дунё кезишни истарди. 1864 йилда давлат департаментига дипломатик ишга ўтиш истаги борлигини маълум қилиб, ариза топширди. Унинг мурожаати 3 йил давомида кўриб чиқилди ва Москвага боришга рухсат тегди. 

Шундай қилиб, салом, кўҳна қитъа! Баден-Баден шаҳрида сафарда юрган Тургенев билан учрашди, унга ўзи таржима қилган романини совға қилди. Бу ёзувчига маъқул тушди ва Юджин Скарлетга Толстой, Одоевс­кий, Тютчев ҳақида сўзлаб, уларга хатлар ёзиб берди. “Бу зиёлилар маърифатли америкаликни, айниқса, рус романининг таржимонини қандай кутиб олишини кўрасан!” деди ишонч билан Николай Сергеевич. 

Ҳақиқатан, “Уруш ва тинчлик”ни ёзиб тугатиб, “юкдан қутилган” Лев Толстой меҳмонни хуш кайфият билан кутиб олди, Ясная Полянада бир ҳафта меҳмон қилди. Улуғ ёзувчи америкаликлар ҳаёти, айниқса, таълим тизими билан атроф­лича қизиққан, уларнинг алифбосини кўчириб олган. Юджин муҳтарам ёзувчидан “Казаклар” ва “Севастополь ҳикоя­лари” асарларини таржима қилишга рухсат олади. “Нью-Йорк таймс” газетасида ҳали океан орти учун анча сирли бўлган рус ҳаёти, одамлари ҳақида репортажлар эълон қилади, биринчи бўлиб “Уруш ва тинчлик” эпопеясидан хабар бериб, у билан таништиради.

Ю.Скайлер хизмат сафари билан 1868 йил илк марта бир савдогар ҳамроҳлигида Ўрта Осиёга ташриф буюради. Волга дарёсида параходда Самарагача келиб, ундан Оренбургга, Ўрол тоғлари орқали Қозоғистон ва Қирғизис­тонга келади. Кўрганларини муфассал қайд этиб, хизмат маълумотлари тайёрлаб боради. Бу пайтда Россия Ўрта Осиёга ўз босқинчилик юриш­ларини бошлаган, Бухоро амирлигини эгаллаб, Самарқанд сари ҳаракат бош­лаганди.

Россияга тайинланган янги элчи Эндрю Кёртин бу мамлакат ҳақида кам маълумотга эга эди, у Ю.Скайлернинг шарҳлари ўзига ёққанлигини маълум қилади. Шу сабаб бўладими, 1873 йилда Россиянинг ўз янги мулклари билан таништиришга мўлжалланган обрўли хорижий меҳмонлар сафида Юджин Скайлер ҳам бор эди. Сафар давомида Скайлер шу йил 23 март куни Саратовда “Нью-Йорк Геральд” газетаси мухбири Януарий Мак-Гахан билан учрашади. Мак-Гахан Хивага йўл олади, Скайлер эса Тошкент – Самарқанд – Бухоро – Қўқон йўналиши бўйлаб кетади. Бу сафар 8 ой давом этади, сайёҳ шундан кейин Сибирь ва Ўрол тоғи орқали Санкт-Петербургга қайтади.

Юджин Скайлер кўрганлари асосида турли нашрларга шарҳлар эълон қилади. Уларни “Туркистон. Самарқанд, Бухоро, Қўқонга сафар” тўпламида нашр эттиради. Асосийси – 1874 йилда АҚШ Давлат департаментида Туркистондаги аҳвол ҳақидаги док­лади бўлди. Унда генерал фон Кауфман томонидан “татарлар” – умуман, маҳаллий аҳолига шафқатсизларча муносабатда бўлгани қораланган эди. Бу чиқиш халқаро доираларда катта шов-шувга сабаб бўлади. Ҳатто Россия ҳукумати эътироз билдириб, АҚШнинг қора танлиларга инсоний муносабат ўрнатиш муҳимлигини писанда қилади. 

Ю.Скайлер миссиясини Туркия, Руминия, Сербия, Греция­­да давом эттирди, АҚШга қайтиб, маърузалар ўқиди. Кейин Италияга қайтиб келиб, фаолиятини давом эттираётганда, безгакка чалиниб, 1890 йилда Венецияда вафот этди.

Юджин Скайлер ХIХ асрдаги юртимиз ҳаётини ўз кўзи билан кўрган ва уни ҳужжатлар асосида бадиий акс эттирган саноқли ижодкорлардан бири. Унинг 2 жилддан иборат “Туркистон” асари дунё юзини кўрган, кўплаб тилларга таржима қилинган. Бу китоб русча нашридан таржима қилиниб, ўзбек тилида ҳам чоп этилди.  

Гарчи муаллиф русларнинг Ўрта Осиёга киришини умуман ижобий баҳолаган бўлса-да (қандай кучлар таъсир этгани мавҳум), унда ўтмишимизга доир қимматли маълумотлар жой олгани шубҳасиз. Шунинг учун Ю.Скайлернинг бу икки китобини оригиналдан ўгириб, зарур изоҳлар билан нашр этиш лозим. Негаки, “Агар тарихга дахлдор бўлса, отнинг тақаси ҳам қимматли” деганларидек, биз учун унинг хотиралари жуда ҳам қадр­лидир. 

Ҳаким Сатторий

Tegishli xabarlar

Газ қуйиш шохобчалари ҳақида онлайн маълумот олиш тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ

admin

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ: ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ХОС СИЁСИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУҲИТДА, МИЛЛИЙ ҲАМДА ХАЛҚАРО ҚОНУНЧИЛИК  ТАЛАБЛАРИГА МОС РАВИШДА ЎТКАЗИЛДИ 

admin

СТРАТЕГИЯ — жамият тараққиёти кафолати

admin