ADOLAT 24

Илм- маърифатга бешик бўлган юрт (Иккинчи мақола)

Муаррихлар маълумотича, ўша пайтда фақат Гурганж шаҳрининг ўзида 700 дан ошиқ мадрасада таълим берилган, кўплаб кутубхоналар ташкил қилиниб, илм-фан аҳли учун хизмат қилган. Хоразм Маъмун академияси тарихда жуда оз муддат, тахминан 15-20 йил оралиғида фаолият юритган бўлса ҳам жаҳон илм-фанининг тараққиёти учун катта ҳисса қўшди. Хоразм Маъмун академияси даврида бошланган маданий, маънавий юксалиш Х-ХII асрларда ҳам давом этди. Хоразмшоҳ Ануштегинлар давлатида ташкил этилган “Ҳикматлар уйи” ярим асрдан ошиқ вақт давомида бу юртнинг илмий шуҳратини оламга таратди. Шу билан бирга бу “Ҳикматлар уйи”нинг илмий-маърифий марказлари Хоразмдан ташқари, Хоразмшоҳлар салтанатига қарашли Марв, Исфахон, Бухоро, Самарқанд Дабусия, Ахсикент, Термиз, Балх, Ғазна, Нишопур, Наса, Рай, Ҳамадон, Жанд каби шаҳарларда ҳам мавжуд бўлган. Умуман олганда, IX-ХII асрлар Мовароуннаҳр, Хоразм, Хуросон, яъни Ўрта Осиё ҳудудидаги давлатлар ва халқлар учун ҳам дунёвий илмларда, ҳам диний илмларда юксак тараққиёт нуқтаси — Шарқ Ренессанси сифатида тарихга муҳрланган.

IX-ХII асрларда Ўрта Осиёда илм-фан ва маънавиятнинг юксалиши нафақат алломаларнинг кўплаб етишиб чиқиши, илмий асарларнинг яратилиши, илмий марказлар, маърифат даргоҳлари, академияларнинг пайдо бўлиши мисолида, балки шаҳарсозликнинг ривожланиши, меъморчиликнинг тараққий этиши, бунёдкорликнинг кучайишида ҳам кўзга ташланади. Бошқача айтганда, илм-фан тараққиёти шаҳарсозлик, меъморчилик, ҳунармандчилик, маданият тараққиётига ҳам катта таъсир кўрсатган. Бу даврда Афросиёбнинг марказий қисми, Бухоро арки, Чор Бакр, Насаф қалъаси, Ахсикентнинг ҳукмдорлар қароргоҳи, Термизда Султон Саодат, Қирқ қиз қўрғонлари, Пойкент, Дабусия шаҳарларининг шаҳрис­тонлари, Шошкентнинг Минг ўрик шаҳарчаси, Гурганж шаҳри, Хива, Ичон қалъаси каби маъмурий марказлар қад ростлади. Шунингдек, Бухородаги Сомонийлар мақбараси, Калон, Вобкент, Жарқўрғон миноралари, Самарқанддаги Араб ота мақбараси, Работи Малик карвонсаройи, Деггарон масжиди, Хивадаги Жума масжид, Гурганждаги Эл-Арслон, Оловуддин Такиш мақбаралари шу даврда бунёд этилди. Ушбу маҳобатли, муҳташам, юксак иншоотлар, шаҳарлар ўша давр меъморчилигининг юксак намуналарига айланган. Бундай иншоотларни, шаҳарларни қуриш ўз-ўзидан бўлмаган. Меъморларнинг математика, физика, геометрия, геодезия, кимё каби фанларни мукаммал билганликларидан далолат беради. Бошқача айтганда, шаҳарлар, маҳобатли иншоотлар, иморатлар қуриш, тараққиётни юксалтириш илм-фаннинг ўша даврдаги амалий ифодаси эди. Табиийки, бу шаҳарларни, иншоотларни, четдан келиб биров қуриб бермаган. Айнан шу ерда яшаган, бу шаҳарлардаги мадрасаларда таълим олган меъморлар, муҳандислар барпо этганлар. Бугунги кунда ҳам асл ҳолида сақланаётган ва дунё маданий меросининг ноёб ёдгорликлари сифатида эъзозланаётган бу иншоотларнинг лойи­ҳалари илмий йўналишда, мадрасалар таълими асосида яратилган. Мадрасалар Шарқнинг энг олий ўқув масканлари сифатида қадрланган. Барча ҳукмдорлар мадрасалар барпо этишга алоҳида эътибор берганлар.

Шу ўринда ҳақли саволлар туғилади. Хўш, IX-ХII асрлардаги илм даргоҳлари, мадрасалар нега араблар ўлкаларида эмас, Марказий Осиё, юртимиз ҳудудларида юзага келди? Ўша даврда дунёвий фанларни равнақ топтирган, буюк кашфиётлар яратган улуғ алломалар нега бошқа мамлакатлардан эмас, айнан Мовароуннаҳр, Хоразм, Хуросон заминидан кўплаб етишиб чиққан эдилар? Ислом дини Арабистонда пайдо бўлган холда, бу диннинг илмий асослари, қоидалари, қонунлари нега Ўрта осиёлик алломалар томонидан яратиб берилди? Буларнинг сабаблари нимада эди?

Тарихдан маълумки юртимиз ҳудудларида Сополлитепа, Жарқўтон, Узунқир, Подаётоқ, Замонбобо, Қалъалиқир, Кўзалиқир, Жонбосқалъа каби илк шаҳарчалар, қўрғонлар, қалъалар барпо этилиши, Калтаминор, Саразм, Тозабоғёп, Сополли, Қовунчи сингари дастлабки маданият марказларининг вужудга келиши милоддан олдинги III-II мингинчи йилликларга тўғри келади. Бу даврда қабилалар ўзаро бирлашиб ягона маконларни ташкил этган. Маконлар эса деворлар билан ўралган қўрғонларга, қалъаларга айланган. Одамлар чорвачилик, деҳқончилик билан шуғуллана бошлаган. Инсонларнинг табиат кучлари олдидаги ҳайрати натижасида диний қарашлар келиб чиққан. Оловга, офтобга, сув, ерга сиғиниш юзага келган. Оташпарастлик, зардуштийлик ана шу тариқа пайдо бўлган. Қабилаларнинг бирлашиши уларни бошқаришни заруратга айлантирган. Шу тариқа ҳукмдорлар пайдо бўлган. Ердан, сувдан фойдаланиш ҳаёт талабига айланган, оқибатда каналлар қазиш, ерларга ишлов бериш, экин экиш ишлари бош­ланган. Академик Яҳё Ғуломов Хоразмда суғорма маданият, яъни каналлар қазиб, сув келтириб, ерга ишлов бериб экин экиш ишлари 4,5-5 минг йиллик тарихга эга деб баҳолайди. Бу ишларнинг амалга ошиши фақатгина одамнинг тинимсиз меҳнати, фаолияти билан боғлиқ кечадиган жараён эмас эди. Бунинг учун инсонда кучли ақлий тафаккур тараққий этиши, у илм-маърифат эгаси бўлиши, тахайюлот олами юксалиши зарур эди. Аждодларимиз 4,5-5 минг йиллар илгари ана шундай даражага эришганлар. Бунга юртимиз ҳудудларида сақланиб қолган кўплаб тарих излари — юқорида айт­ганимиз қўрғонлар, қалъалар, шаҳарчалар вайроналари, ўша давр маданиятларига оид ноёб ёдгорлик­лар, ашёлар, ғорларга, тошларга битилган суратлар яққол гувоҳлик беради. 

Ўзбекистон Давлат тарих музейи залларидаги милоддан олдинги 5-6 минг йилликлар оралиғида яратилган кўза, эрамиздан аввалги 3-3,5 минг йилликларга оид сакларнинг бронзадан ясалган қозони, 4,5-5 минг йиллик тарихга эга лашкарлар дубулғаси, кўплаб муҳрлар, тамғалар, терракота ҳайкалчалари аждодларимиз ақл-идроки қай даражада юксаклигини кўрсатади. Буларни, табиийки, юксак илм-маърифатли одамлар яратишлари, ишлаб чиқаришлари мумкин эди. Ўша давр тараққиёти аждодларимиз юксак тафаккур даражаси ёзма манбаларда ҳам аксини топ­ган. Бу, аввало, дунё илм-фани, адабиётининг илк намунаси “Авесто” асари саҳифаларида кўзга ташланади. Маълумки, бу асарнинг дастлабки қисмлари милоддан олдинги 2-3 минг йилликлар оралиғида яратилган. Унга кейинчалик милодий эра бошларида сосоний ҳукмдорлар талаби билан қайтадан ишлов берилган. Воқеаларни Хоразм, Мовароуннаҳр, Хуросон заминидан Эронга кўчиришга интилганлар. Лекин воқеалар тизими Ўрта Осиё билан Хоразм билан боғланиб қолаверган. Ана шу асарнинг энг қадимий даврларда яратилган яштларида(асар қисмларида) одамларнинг, аниқроғи, аждодларимизнинг даст­лаб қаерларда варалар, шаҳарчалар, қалъалар, яшаш жойлари барпо этганлари, давлатчилик асосларини қандай шаклда яратганлари, уларни бошқариш жараёнлари, ер, сув, оловдан фойдаланиш, каналлар қазиш, ерга ишлов бериш, деҳқончилик қилиш, чорвачиликни кўпайтириш, табиатга, ер, сув ва бошка мавжудотларга зарар етказганларни жазолаш хусусидаги маълумотлар ўрин олган. Бошқача айтганда асарда диний таълимотдан ташқари табиат, гигиена, табобат, кимё, меъморлик, муҳандислик, математика, механика, ботаника, астрономия каби дунёвий илмларга ҳам алоҳида ўрин берилган. Зардуштийлик ибодатхоналарида ана шу илмларни, фанларни ўрганиш мажбурий ҳисобланган. 

Илм-фан, маърифат, Ўрта Осиёда милоддан олдинги даврларда ана шундай юксак даражада ривожланган. Бу тарихий ҳақиқат бошқа маълумотлар билан ҳам исботланган. ХХ асрнинг 50-йилларида археологлар қадимги Хоразм маданиятига мансуб бўлган, эндиликда Қорақалпоғис­тон Республикаси ҳудудида Қизилқум этак­ларида ярим вайрона ҳолда кўмилиб ётган Қўйқирилган қалъа деб аталган айлана шаклдаги тарихий қалъа вайроналарини очиб ўргандилар. Қалъанинг пастки ер ости қисмида милоддан олдинги VI-IV асрларга оид дунёдаги илк расадхона, обсерватория қолдиқларига дуч келганлар. Бу расадхона қадимшунослар маълумотларига кўра Хоразмда зардуштийларнинг йил, ой, кунларни ўлчаш, қуёш, ой, юлдузларнинг чиқиши, ботиш вақтларини аниқлаш, самодаги ва ердаги ўзгаришлар сирини билиш, фаслларни белгилаш, сув келиши, экинлар экилиши, ҳосилларни йиғиб олиш, Наврўз, Меҳржон ва бошқа байрамларнинг қайси вақтларда нишонланишини аниқ кўрсатиш учун хизмат қилган. Расадхонада ўз даврининг юзлаб юлдузшунослари — ахтарвениклари фаолият кўрсатган. Расадхона яқинида мунажжимлар мактабида ёшларга таълим берилган. Илк қуёш соати, ой соати, устурлоблар мана шу ерда ясалган. 

Булардан ташқари, дунё қадимшунослари Ўрта Осиё ҳудудларидан эрадан аввалги минг йилликларга оид муғ, сўғд, хоразм, бақтр, будда ёзувларининг намуналарини топдилар. Бу ёзувларда давлатлар, ҳукмдорлар, улар қўл остидаги инсонлар фаолиятлари ҳақида сўз юритилган. Демак, бу ўлкаларда илм-маърифат юксак бўлган. Шу ўринда яна бир маълумот алоҳида эъти­борни жалб қилади. Маълумки, Турон заминда яшаган халқлар орасида милоддан олдинги II мингинчи йилликлардан милодий I мингинчи йилликлар охирига қадар кўп динлилик мавжуд бўлган. Бу давр­­да ушбу ўлкаларда қуёшга сиғинувчилар, оловни улуғловчилар, зардуштийлар, монийлар, маздакийлар, буддавийлар ва яна бошқа кўплаб динлар вакиллари яшашган. Одатда бир ҳудуддаги, бир макондаги халқларнинг турли диний табақаларга бўлиниши, ҳар қайсиси алоҳида эътиқодда яшашлари тарихда камдан-кам учрайди. Лекин мантиқан олиб қаралса, ҳар бир диннинг, таълимот, назариянинг вужудга келиши бу ниҳоятда юксак илм-маърифат, тараққиёт натижаси ҳисобланади. Хоҳ дунёвий, хоҳ диний жабҳада бўлсин янгилик, ўзгариш илм-фан юксалган жойда юзага келади. Ўша давр­ларда Ўрта Осиё халқлари орасида турли диний конфессияларга эътиқод қилишнинг юзага келиши ва шунга қарамай улар ўзаро аҳилликда, ҳамкорликда яшашлари ҳам ана шу маърифий юксаклик натижаси эди.

Айни ўша даврларда бу ерларда яшаган халқлар орасида “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Дада Қурқурт”, “Манас”, “Қиз Жибек” сингари юксак оғзаки ижод намуналарининг яратилиши ҳам бевосита маърифий тараққиёт билан боғлиқ ҳодиса ҳисобланади. Хоразмдаги Тупроққалъа, Жонбосқалъа, Фарғонадаги Қува, Ахсикент, Сурхондарёдаги Далварзинтепа, Холчаён, Қашқадарёдаги Ерқўрғон ёдгорликларидаги тош, лой ҳайкаллар, Бухородаги Варахша, Бойкент, Сурхондарёдаги Болаликтепа, Фаёзтепа, Хоразмдаги Аёзқалъа, Қизилқалъа, Акчахонқалъа, Самарқанддаги Афросиёб, Кўктепа, Тошкентдаги Мингўрик, Қанқа, Фанокент шаҳар обидаларида гўзал қилиб ишланган деворий суратлар юксак маданият намуналари эди. Милоддан олдинги 3-2 мингинчи йиллар оралиғида Самарқандда Қарнаб, Тошкентда Илоқ, Ангрен, Қашқадарёда Китоб, Яккабоғ, Сурхондарёда Ҳисор конларида илк марта рудалар қазиб олиниб, эритилиб хосил бўлган металларнинг инсонлар ҳаётий эҳтиёжларида ишлатила бошланиши асосида ҳам беқиёс илм-маърифат ётар эди. 

Юқорида келтирилган маълумотларнинг барчаси Марказий Осиёда милоддан олдинги минг йилликлардан бошлаб то янги эранинг VIII асрига қадар илм-маърифат, санъат, маънавият, маданият ниҳоятда юксак даражада бўлганлигини кўрсатади. Илм-фан ривожланган, маданият юксалган, давлат тараққий этган юртда моддий ва маънавий бойликлар ҳам кўп бўлган. Шунинг учун хорижий ҳукмдорлар, босқинчилар бу ўлкаларни, давлатларни босиб олишга интилганлар. Аҳамонийлар, юнон-македонлар босқинлари, хитойлик­ларнинг юришлари юртимиз бойликларига эга бўлиш йўлидаги интилишлар эди.

Милодий эранинг VIII асри бошларидаги араблар босқини Ўрта Осиё халқлари, жумладан, мамлакатимиз аҳолиси учун оғир кечди. Араблар аҳамонийлар, юнон-македонлар сингари юртимизни босиб олиш, унинг бойликларини талаш, заминимизга эгалик қилиш билангина чекланиб қолмадилар. Улар бу халқларнинг минглаб йиллар давомида шаклланган ҳаёт тарзини, анъаналарини, эътиқодларини ўзгартиришга киришдилар. Онгини эгаллашга интилдилар. Лекин бу осон жараён эмасди. Улар бу борада халқимизнинг юксак даражадаги илм-маърифати, маданияти, маънавияти, санъати, ақл-идроки, эътиқоди қаршилигига дуч келдилар. Бу қаршиликни енгиш учун улар маърифатли, улуғ инсонларни йўқ қилишга киришдилар. Шу сабабли Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида “Қутайба Хоразм хатини яхши биладиган, уларнинг хабар ва ривоятларини ўрганган, билимини бошқаларга ўргатадиган кишиларни ҳалок этиб, буткул йўқ қилиб юборган эди. Шунинг учун Хоразмда хабар ва ривоятлар, яъни афсоналар ва илм-фан янгиликлари ислом давридан кейин ҳақиқатни билиб бўлмайдиган даражада яширин қолди», деб ёзган эди. Улуғ алломанинг бу гапи нафақат Хоразм учун, ўша даврдаги Ўрта Осиёда яшаган барча ўлкалар ва халқлар тақдири учун хос эди. Тўғри, буюк мутафаккир ёзганидек, араблар босқини натижасида Ўрта Осиё халқларининг қадимий ёзувлари, яратган асарлари, илмий бойликлари, тарихи йўқ қилинди, диний эътиқодлари ўзгартирилди. Улар ҳаётига янги ёзув, янги дин кириб келди. Лекин араблар бу халқларнинг дилидан илм-маърифатга бўлган интилишни, олам сирларини англаш, билиш йўлидаги иштиёқни, дунёвий фанларни тадкиқ этиш борасидаги қизиқишни, бир сўз билан айтганда, маърифатпарварликни, қалбларидаги юксак иқтидорни, минглаб йиллар давомида шаклланган илмий қудратни йўқ қила олмадилар. Бу маърифатпарварлик, илм-фан соҳасидаги юксаклик Ўрта Осиё халқлари ҳаётига янги тил — араб тили кириб келганидан кейин янада кенгроқ миқёсда намоён бўлди. Бу тил хуросонлик, мовароуннаҳрлик, хоразмлик илм-маърифат аҳлларига бошқа халқлар билан ҳамкорлик қилиш, бошқа ўлкаларда яшовчи алломалар билан илмий алоқалар ўрнатиш, ўз илмий кашфиётларини дунёга танитиш учун янги имкониятлар ҳам яратиб берди. Умумлаштириб айтадиган бўлсак, ўрта осиё­ликларнинг азал-азалдан шаклланган илм-маърифати, фандаги ютуқлари, илмий иқтидори араб тили воситасида дунё­­га маълум бўлди. Шу билан биргаликда бу ҳодиса араб дунёсида, мусулмон оламида юксак илм-маърифатни, фан тараққиётини ҳам бошлаб берди. Бошқача айтганда, араб тили ўрта осиёлик алломаларнинг, халқларнинг илм-маърифати орқали бадавийлар тилидан илм-маърифат тилига айланди. Буларнинг бари ислом дунёсида, араб тили тарқалган ўлкаларда IX асрдаёқ илк илм даргоҳлари, марказлари, мадрасалари пайдо бўлишига асос бўлди. Араб­лар эгаллаган ҳудудларда IX-Х асрларда дунёвий фанларни равнақ топтирган, буюк кашфиётлар яратган улуғ алломалар айнан Мовароуннаҳр, Хоразм, Хуросон ўлкаларидан етишиб чиқишига замин тайёрлади. Худди шу даврда ислом динининг илмий асослари, қоидалари, қонунлари айнан ўрта осиёлик мутафаккирлар, муҳаддислар, мутакалимлар, фақиҳлар томонидан яратиб берилди. Буларнинг асосида ўрта осиёликларнинг VII-VIII асргача шаклланган юксак маърифати, илм-фан соҳасида эришган ютуқлари ётар эди.

Маълумки, баъзи илмий асарларда Шарқ ва Ғарбнинг тарихда илм-маърифат ва фан тараққиётида тутган ўрнига баҳо беришда Ғарб илм-маърифати улуғланар, Шарқнинг бу борадаги буюк хизматлари эъти­бордан четда қоларди. Маърифатпарварлик борасида мактаблар, университетлар, илмий марказлар ташкил қилишда, илмий янгиликлар, турли фанларда кашфиётлар яратишда Ғарб Шарққа нисбатан устозлик қилган деган маълумотлар ўртага ташланар эди. Бугун дунё миқёсида ҳаётга қарашлар ўзгарди, тарихга ҳаққоний, холис баҳо берила бошланди. Натижада илм-маърифат, фан соҳасида ҳам Шарқ Ғарбга нисбатан етакчи бўлганлиги, маърифий юксалиш айнан Шарқдан бошланганлиги тарихий ҳақиқат сифатида исботланди. Бунинг айни исботи Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон илм-фани, маърифати тарихи асосида ҳам кўзга ташланади. Олис тарихни қўятурайлик, нисбатан яқин — ўрта асрлар тарихига назар ташлайлик. Эътибор беринг: ғарб давлатларидаги юқорида номларини келтирганимиз энг қадимий университетлар ташкил қилинганининг 600-700 йиллик тўйлари ўтказилаётган бир пайтда жаҳон жамоатчилиги халқаро ташкилотлар билан биргаликда улуғ аждодларимиз Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Абу Мансур Мотурудий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Исо ат-Термизий, Ҳаким ат-Термизий каби алломалар таваллудининг 1100-1200 йиллик анжуманларини, Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллик байрамини нишонлаган эди. Мана шунинг ўзи ҳам Ўзбекистон мисолида Шарқнинг илм-фан соҳасида етакчилик қилганини кўрсатади. 

Тарихда воқеалар унутилиши, инсоният бошидан ўтказган ҳодисалар чалкаш ҳолда талқин қилиниши, уларга баҳо беришда бирёқламаликлар юзага келиши мумкин. Бундай ҳолат халқимизнинг тарихига нисбатан муносабатларда ҳам кўзга ташланади. Лекин ҳаёт ҳамма нарсага – чалкашликлар, хатоларга барҳам беради, унутилган тарихларни тиклайди. Бугунги кунда ана шундай жараёнга гувоҳ бўлиб турибмиз. Олис аждодларимизнинг энг қадимги даврларда ҳам илм-маърифатда, маданият ва маънавият соҳаларида етакчи бўлганликлари, бу анъаналарни кейинчалик буюк боболаримиз давом эттирганлик­лари, оталаримиз фаолиятида ҳам маърифатпарварлик ғоялари асосий ўрин тутганлиги, эндиликда эса бугунги авлод қалбида ҳам ана шу улуғ мақсадлар амалга ошаётганлигини ҳаётнинг ўзи исботлади. Биз бугун ҳақли равишда мамлакатимизни илм-маърифатга бешик бўлган ва бу анъаналарни муваффақиятли равишда давом эттираётган юрт деб айта оламиз. Мадраса­чилик тарихимиз эса юртимиз илм-маърифатида муҳим бир босқич бўлиб қолди. Европа мамлакатларидаги университетларнинг 700-800 йиллик тўйлари ўтказилгани каби вақти келиб Шарқ, хусусан, Ўзбекис­тондаги мадрасаларнинг 1100-1200 йиллик тўйлари нишонланса, уларнинг жаҳон илм-фани тарихига қўшган ҳиссаларига муносиб баҳо берилса ажаб эмас.

Йиллар ўтаверади, ҳаёт давом этади. Халқимиз асрлар оша юртимиз қадимда дунё илм-фани бешикларидан бири бўлганлигини, аждодларимиз илму маърифатда буюк кашфиётлар яратганликларини, бугунги авлодлар ҳам аждодларга муносиб ворислар сифатида уларнинг энг яхши анъаналарини, улуғвор ишларини давом эттираётганликларини намоён қилиб бораверади.

Камол МАТЁҚУБОВ

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Ҳақиқий бойлигим, чексиз муҳаббатим эди

admin

COVID-19га қарши вакциналар юзасидан саволларга жавоблар

admin

Ўқитувчи қадри

admin