Мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлиги учун муҳим таянч бўлган соҳаларни модернизация қилиш, иқтисодиётда юқори ва барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш ҳамда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш — яқин давр ичида Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг энг устувор ва бош мақсадига айланди. Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган ва ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз сифат жиҳатидан бутунлай янги ривожланиш босқичига қадам қўйди.
Кейинги йилларда амалга оширилган таркибий ва институционал ўзгаришлар туфайли иқтисодиётда эркин бозор тамойиллари мустаҳкамланди, миллий валютамизнинг эркин конвертацияси йўлга қўйилди, валюта бозори либераллаштирилди ва солиқ тизими тубдан ислоҳ қилинди. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий ва маҳаллий инвестициялар учун жозибадор муҳит яратиш борасидаги қатъий қадамлар туфайли юзлаб йирик саноат корхоналари, янги инфратузилма объектлари ва замонавий ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилди.
Энг муҳими, бу ислоҳотларнинг марказида «Инсон қадри учун» деган эзгу ғоя мужассам бўлиб, минг-минглаб янги иш ўринлари яратилди, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя бўйича мутлақо янги ва самарали манзилли тизим шакллантирилди.
Бироқ, эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, дунёда содир бўлаётган мураккаб геосиёсий ва иқтисодий жараёнлар фонида миллий иқтисодиётимизни янада мустаҳкамлаш, эҳтимолий хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида тезкор ва оқилона қарорлар қабул қилиш кун тартибидаги энг долзарб масала бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилиши мамлакатимизнинг яқин ва олис истиқболдаги иқтисодий хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашга қаратилган навбатдаги муҳим ва стратегик қадам бўлди.
Давлатимиз раҳбари глобал иқтисодиётдаги эҳтиёжлар ва асосий ҳамкор давлатларда иқтисодий фаоллик суръати маҳаллий корхоналаримиз ва экспортчиларимизга нечоғли муҳимлигини чуқур таҳлил қилиб, барча раҳбарлардан юқори сафарбарлик ва юқори масъулиятни талаб этди. Йиғилишда аниқ, манзилли ва илмий асосланган чора-тадбирлар белгилаб берилди:
- мева-сабзавот ва картошка захираларини тизимли шакллантириш ҳамда озиқ-овқат жамғармаларини тўлдириш бўйича қатъий чоралар белгиланди.
- йил якунига қадар умумий қуввати 87 минг тонна бўлган 340 та замонавий совиткичли омборни ишга тушириш вазифаси қўйилди. Бу чора макроиқтисодиётда мавсумий инфляциянинг олдини олиш ва талаб ҳамда таклиф мувозанатини ушлаб туришнинг энг самарали институционал механизмидир. Совиткичли омборлар тармоғи ички бозордаги нарх-наво тебранишларини мувозанатга келтиради ва кутилмаган йўқотишларни кескин камайтиради.
Тармоқ ва ҳудудларга бириктирилган экспертлар ҳамда «ақл марказлари» томонидан 15 августга қадар чуқур асосланган таклифлар ишлаб чиқилади.
Ушбу таклифлар «ресурс – инфратузилма – лойиҳа – ишлаб чиқариш – тушум – экспорт» тамойили бўйича узвий боғланган яхлит ва самарали кластер занжирини ташкил этади. Бу ёндашув замонавий иқтисодиёт назариясидаги «қиймат яратиш занжири» ва «синергетик самарадорлик» тамойилларига тўлиқ мос келади. Ҳар бир бўғиннинг кейингисига узвий боғланиши ресурс ва капиталнинг амортизация ва қайтарилиш самарадорлигини кескин оширади. 2027 йил учун макроиқтисодий параметрлар, бюджет, инвестиция ва экспорт дастурлари бутунлай янгича ёндашув асосида шакллантирилади. Инқирозга қарши бошқарувда сафарбарлик тизими ташқи рақобатга чидамлиликка қаратилган стратегик моделлаштириш ҳисобланади. Бу бюджет ва инвестиция сиёсатини консерватив ва эгилувчан вариантда пухта режалаштириш, ички имконият ва резервларни максимал ишга солиш имконини беради.
Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган ушбу видеоселектор йиғилиши Янги Ўзбекистоннинг стратегик бошқарув тизими қай даражада мослашувчан, тезкор ва узоқни кўра оладиган салоҳиятга эга эканини яна бир бор яққол намоён этди. Яқин йиллар ичида қўйилган кучли иқтисодий база ва институционал ислоҳотлар бугунги таҳликали глобал даврда юртимизнинг ривожланиш барқарорлигини таъминловчи ишончли суянч бўлиб хизмат қилмоқда.
Белгилаб берилган вазифалар — келажакдаги эҳтимолий геоиқтисодий ва молиявий инқирозларга қарши қўйилган мустаҳкам қалқон ҳамда миллий иқтисодиётимизни янги сифат босқичига олиб чиқувчи истиқболли харитадир.
Айтиш керакки, «Сафарбарлик сценарийси» ва занжирли ривожланиш моделининг амалиётга жорий этилиши келгусида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларимизни ташқи конъюнктура салбий таъсиридан ҳимоя қилади. Бюджет барқарорлиги ва фискал интизомни таъминлайди. Янги ва барқарор иш ўринларини яратишга ҳамда аҳоли фаровонлигини мунтазам ошириб боришга хизмат қилади.
Бугун барча даражадаги раҳбарлар, соҳа ва ҳудуд мутасаддилари, олимлар ва экспертлар зиммасига юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаши, мавжуд барча ички захираларни тўлиқ сафарбар этиши Ватанимизнинг тинч, барқарор ва кафолатли келажагини таъминлашдаги бош омил бўлиб қолади.
Манзура САЛИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
