ADOLAT 24

ТОШКЕНТ ХАЛҚАРО ИНВЕСТИЦИЯ ФОРУМИ ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАРНИНГ ТАҚДИМОТ ПЛАТФОРМАСИ БЎЛИБ ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Пойтахтимизда 24 март куни биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади. Форумнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Сессияда, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, Осиё тараққиёт банки президенти Масацугу Асакава, Саудия Арабистони подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ, Жаҳон савдо ташкилоти вице-президенти Сянчен Чжан, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки вице-президенти Константин Лимитовский, Халқаро молия корпорацияси вице-президенти Стефани фон Фридербург қатнашдилар. Тадбирда BBC World News халқаро телеканалида янгиликлар бошловчиси сифатида танилган, ҳозирда эса Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг коммуникация масалалари бўйича директори лавозимида фаолият юритаётган Жонатан Чарльз модераторлик қилди.

Давлатимиз раҳбари форум иштирокчиларини қутлаб, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳот ва янгиланишлар тўғрисида сўзлади ҳамда юртимизни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган Ўзбекистон замини қадимдан Осиё, Европа ва Африка қитъаларининг карвон йўллари туташган ҳудуд сифатида машҳур бўлгани, кўп асрлар давомида дунёнинг турли минтақаларидаги савдогар, ишбилармон ва тадбиркорлар эътиборини ўзига тортиб келгани қайд этилди.

Уч минг йиллик давлатчилик тарихига эга мамлакатимиз узоқ давр мобайнида дунёнинг савдо, иқтисод, илм-фан, маданият ва санъат юксак равнақ топган марказларидан бири бўлиб хизмат қилган.

Ушбу анъаналарнинг давоми сифатида “Буюк ўтмишдан – буюк келажак сари” тамойили асосида иқтисодий-ижтимоий ривожланишимизни жадал давом эттириш ишлари олиб борилмоқда. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларини санаб ўтди.

Хусусан, 2017 йилда катта қадам ташланди – хорижий валютани конвертация қилиш, хорижий инвесторлар томонидан фойдани репатриация қилиш бўйича чекловлар бекор қилинди. Банк ва йирик корхоналаримиз илк марта халқаро рейтинглар олиб, жаҳон молия бозорларига чиқди.

Халқаро ҳамжамият учун очиқлик сиёсатини таъминлаш мақсадида 90 та хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш имконияти яратилди, яна 60 га яқин мамлакат фуқароларига эса енгиллаштирилган тартибда виза олиш имконияти берилди. Бу кўрсаткичлар бўйича мамлакатимиз минтақадаги энг очиқ давлат мақомини қўлга киритди.

Коррупцияга қарши курашиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. 2020 йилда Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари миллий стратегияси қабул қилинди ва тарихда биринчи марта мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо бўлиб сайланди.

Фуқаролик жамиятини барпо этиш, сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон капиталини ривожлантиришда эришилган муваффақиятлар қайд этилди. Хусусан, сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 21 мингдан ортиқ янги мактабгача таълим муассасаси ташкил этилиб, 200 га яқин янги мактаб барпо этилди, 3 мингдан ортиқ мавжуд мактаб эса реконструкция қилинди ва тўлиқ жиҳозланди. Шу ўтган қисқа даврда 82 та янги университет ва институт, жумладан, 23 та хорижий олийгоҳ ташкил этилиб, олий таълим даргоҳларининг умумий сони 159 тага етди. Натижада мактаб битирувчиларининг олий таълим билан қамров даражасини олдинги 9 фоиздан 28 фоизга етказишга эришилди.

Иқтисодиётни ислоҳ қилишда, жумладан, солиқ юкини енгиллаштириш, божхона божларини камайтириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицион муҳитни яхшилашдаги натижалар ҳам санаб ўтилди.

Натижада иқтисодиётимизга жалб қилинган йиллик хорижий инвестициялар ҳажми уч ярим баробарга ошиб, охирги 5 йилда уларнинг умумий қиймати 25 миллиард долларни ташкил этди. Бунинг ҳисобига 59 мингта инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши 2,5 миллиондан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига муносиб ҳисса қўшди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишларига батафсил тўхталди. Булар – мамлакатда иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлаш чораларини изчил давом эттириш, ихчам ва юқори натижадор, бизнесни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат бошқарув тизимини яратиш, давлатнинг иқтисодиётдаги роли ва улушини кескин қисқартириш, тадбиркорлик фаолиятини янада рағбатлантириш, инвесторлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, инфратузилмани жадал ривожлантириш ва модернизация қилиш, маҳаллий хомашё негизида юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, инсон капиталига сармоя киритиш, ташқи савдони либераллаштириш ва гендер тенгликни таъминлаш.

Умуман олганда, амалга ошириладиган ислоҳотлар натижасида кейинги 5 йил ичида ялпи ички маҳсулотни 100 миллиард долларга, йиллик экспорт ҳажмини эса 30 миллиард долларга, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга етказиш кўзда тутилгани таъкидланди. Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб аҳолиси ўртадан юқори даромад оладиган давлатлар қаторидан жой олишига эришиш мақсад қилиб қўйилган.

Давлатимиз раҳбари инвесторлар учун энг қулай ва жозибадор шароитларни яратиш, хорижий ҳамкор ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли шерикликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасидаги ишлар қатъий давом эттирилишини таъкидлади.

Сўзининг якунида Президентимиз иштирокчиларга форум иши муваффақиятли, ҳамкорлик эса самарали бўлишини, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро манфаатли келишувларга эришишни тилади.

Сессия давомида халқаро молиявий институт ва ташкилотлар раҳбарлари сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг ривожланиш истиқболлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Форумнинг шўъба сессиялари ва мунозараларида Ўзбекистоннинг инвестициявий, иқтисодий ва саноат салоҳияти, минтақавий ва глобал савдо алоқаларини ривожлантириш истиқболлари, инвестицияларни жалб қилиш, савдони либераллаштириш ва миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, мамлакатимизни индустриаллаштириш бўйича галдаги қадамлар, саноатни юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтириш, миллий энергетика тармоғини трансформация қилиш ва муқобил энергия манбаларига ўтиш чоралари, минтақа мамлакатларининг транспорт жиҳатидан боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва транзит салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинади.

Ковиддан кейинги даврда иқтисодий фаолликни тиклаш ва унинг жадал ривожланишини рағбатлантириш, камбағалликни қисқартириш, пул-кредит сиёсатини тартибга солиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, банк соҳаси ва молия бозорини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Форум дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги Савдо, иқтисодиёт, фан ва технологиялар, маданият, спорт ва ёшлар масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 5-йиғилиши, “Саноат кооперацияси. Янги имкониятлар” мавзусидаги Ўзбекистон – Хитой инвестиция форуми ҳамда халқаро молиявий институтлар, хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари раҳбарлари ва тараққиёт бўйича ҳамкорлар иштирокида Ўзбекистон бўйича мамлакат платформаси бўлиб ўтади.

Тошкент халқаро инвестиция форуми 26 март куни ўз ишини якунлайди.

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида яна бир муҳим воқеа – Сурхондарё вилояти Ангор туманида янги иссиқлик электр станцияси қурилишига бағишланган маросим бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев бўлажак станциянинг қуввати ва самарадорлиги ҳақида сўзлади.

Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион доллар бўлиб, унинг натижасида 1 минг 560 мегаватт қувват яратилади, йилига 12 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа доирасида энг замонавий технологиялар ўрнатилиб, йилига 1 миллиард куб метр табиий газ тежалади.

Мажмуа Сурхондарёдаги биринчи, охирги йилларда юртимизда барпо этиладиган энг йирик иссиқлик электр станцияси бўлади. Бу ҳудуднинг чексиз иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга катта имкониятлар яратади.

Масалан, Сурхон воҳаси нефть, газ, кўмир, қимматбаҳо ва рангли металлар, кўп турдаги безак тошлар каби 100 дан ортиқ конларга эга бўлса-да, улар етарли даражада ўзлаштирилмаган. Шунинг учун келгуси беш йилда бу вилоятда 7 миллиард долларлик 5 мингдан зиёд инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, бу станцияда ишлаб чиқарилган электр энергияси Сурхондарёдаги 500 минг хонадонни ҳам нурга тўлдиради. Бундан ташқари, қўшни Афғонистонга йилига камида 3 миллиард киловатт-соат электр энергиясини экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.

Лойиҳанинг қурилиш даврида 2000, ишга тушгандан сўнг доимий 150 та иш ўрни яратилади.

Лойиҳа Германиянинг “Siemens Energy”, Франциянинг “ЕDF”, Нидерландиянинг “Stone City Energy” компаниялари томонидан давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. Давлатимиз раҳбари бунга алоҳида эътибор қаратиб, соҳада хусусий капитал иштирокига кенг имкониятлар очилаётганини таъкидлади.

– Биз охирги йилларда энергетика соҳасида катта ислоҳотларни амалга ошириб, соҳани тўлиқ трансформация қилмоқдамиз. Жумладан, электр ишлаб чиқаришга илк бор хусусий сектор иштироки учун кенг имкониятлар очилди. Сўнгги уч йилда умумий қуввати 1 минг мегаваттдан зиёд бўлган 5 та электр станцияси давлат-хусусий шериклик асосида ишга туширилди. Жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 1 миллиард доллардан ошди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда қуввати 9 минг мегаватт бўлган яна 19 та электр станцияси барпо этилмоқда. Уларнинг умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд.

Президентимиз тадбирда иштирок этган халқаро молиявий институтлар ва компаниялар раҳбарларига миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда хорижий инвестиция иштирокидаги лойиҳалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини яна бир бор таъкидлади.

Тадбирда иштирок этган “Siemens Energy” компанияси президенти Кристиан Брух ва “ЕDF” компанияси ижрочи директори Беатрис Буффон Ўзбекистонда энергетика тизими замонавий технологиялар асосида модернизация қилинаётганини юксак баҳолади. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, мазкур лойиҳани юқори сифатда амалга оширишларини таъкидлашди.  

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари инвесторлар билан бирга рамзий тугмани босиб, иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаб берди.

Мазкур станцияни 2024 йил охирида ишга тушириш режалаштирилган.

Tegishli xabarlar

ОМОНАТ

admin

Ҳақли талаб қондирилди

admin

Барча соҳаларда самарадорлик таъминланади

admin