ADOLAT 24

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ХОРИЖИЙ ДЕЛЕГАЦИЯЛАР РАҲБАРЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 март куни биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари Одиль Рено-Бассо хоним, Осиё тараққиёт банки президенти Масацугу Асакава, Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси, Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари Бинали Йилдирим, Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ ва Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Сухайл ал-Мазруий билан учрашувлар ўтказди.

Одиль Рено-Бассо хоним билан учрашувда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини илгари суришда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг фаол иштирокини давом эттиришга доир амалий жиҳатлар муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва ЕТТБ ҳамкорлигида мисли кўрилмаган юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди.

Банкнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари портфели 3 миллиард еврога етди, унда хусусий секторга инвестициялар улуши 50 фоизгача ошди.

Ушбу етакчи молиявий институтнинг сармоялари ҳажми бўйича Ўзбекистон кетма-кет иккинчи йил минтақада пешқадам бўлиб турибди.

ЕТТБнинг Андижон ва Урганч шаҳарларидаги филиаллари фаолият юритмоқда.

Президент Одиль Рено-Бассо давлатимиз раҳбарини Тошкент халқаро инвестиция форумининг муваффақиятли ўтказилгани билан самимий қутлаб, банк Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси мақсадларига эришиш йўлида тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади.

Учрашувда шериклик муносабатларини кенгайтириш бўйича “йўл харитаси”ни тайёрлашга келишиб олинди.

Давлат корхоналари ва банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, “яшил” тараққиёт, энергетика ва транспорт соҳаларидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини, энг аввало, инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суришга жорий қилиш, шунингдек, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигига оид дастурларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, келгуси йилда Ўзбекистонда ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишини ўтказишга тайёргарликнинг бориши кўриб чиқилди.

Осиё тараққиёт банки президенти Масацугу Асакава учрашув аввалида Ўзбекистон етакчисини нуфузли халқаро молия институтлари раҳбарлари ва бизнес вакилларини жамлаган Инвестиция форуми муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

 ОТБ билан стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ва истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари ОТБ президентини яқинда навбатдаги муддатга қайта сайлангани билан самимий табриклаб, Янги Ўзбекистондаги янгиланишлар дастурини илгари суришда, шу жумладан, коронавирус пандемияси оқибатларини олдини олишда кўрсатилаётган кўмак учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Икки томонлама муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда лойиҳалар портфели икки баробарга кенгайиб, бугунги кунда 9 миллиард доллардан ошди. Қўшма лойиҳалар доирасидаги инвестицияларни ўзлаштириш суръатлари ҳам икки баробар жадаллашди.

Банк томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар, шу жумладан, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, молия сектори, энергетика, транспорт ва инфратузилмани модернизация қилиш, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида кўрсатилаётган техник кўмак юқори баҳоланди.

Учрашувда Ўзбекистон ва ОТБ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг янги дастурини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, “яшил” иқтисодиётни жадал жорий этиш, лойиҳаларни аралаш молиялаштириш механизмларини ривожлантириш, бизнес, шу жумладан, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини молиялаштириш дастурларини кенгайтириш, давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини жорий қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги стратегик шерикликнинг устувор йўналишларини илгари суриш бўйича “йўл харитаси”ни биргаликда қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.

Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси, Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари Бинали Йилдирим учрашув аввалида давлатимиз раҳбарига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон – Туркия стратегик шериклик муносабатларининг бугунги даражасини мамнуният билан қайд этди. Ўзаро савдо ҳажмлари ортмоқда, замонавий саноатни барпо этиш ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Стратегик шериклик бўйича олий даражадаги кенгашнинг навбатдаги йиғилишини ўтказишга фаол тайёргарлик кўрилмоқда.

Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Ўтган йил ноябрь ойида ташкилотнинг Истанбул саммитида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, инновациялар ва юқори технологиялар трансфери каби соҳалардаги қўшма ташаббус ва лойиҳаларни илгари суриш шулар жумласидан.

Минтақа кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ол-Сауд ва Валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ол-Сауднинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Суҳбат чоғида кўп қиррали Ўзбекистон – Саудия муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.   

Давлатимиз раҳбари икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, йирик инвестиция лойиҳалари, энг аввало, энергетика соҳасида илгари сурилаётганини юқори баҳолади.

“ACWA Power” корпорацияси мамлакатимизнинг турли ҳудудларида энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва “яшил” энергетикани ривожлантириш бўйича умумий қиймати 2,7 миллиард долларлик лойиҳаларни илгари суришга ҳисса қўшаётгани алоҳида қайд этилди.

Бундан ташқари, Саудия тараққиёт фонди иштирокида ижтимоий аҳамиятга эга қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

“Йўл харитаси” асосида нефть-газ, газ-кимё ва кимё тармоқлари, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика ҳамда бошқа устувор йўналишларда истиқболли инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Сухайл ал-Мазруий учрашув аввалида БАА Президенти Шайх Халифа ол-Наҳаён, Абу-Даби амирлиги Валиаҳд шаҳзодаси, БАА Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад ол-Наҳаён ва мамлакат Бош вазири, Дубай Амири Муҳаммад ол-Наҳаённинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Вазир хорижий бизнеснинг мамлакатимизга бўлган катта қизиқишини яна бир бор тасдиқлаган Тошкент форумининг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Учрашувда амалий ҳамкорликни, энг аввало, савдо, инвестициялар, инновациялар, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика ва транспорт соҳаларида олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

“Яшил” энергетика соҳасидаги ҳамкорлик натижалари юқори баҳоланди. Masdar компанияси мамлакатимиз ҳудудларида фотоэлектрик ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича қатор йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш ва устувор тармоқларда янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун катта салоҳият мавжудлиги қайд этилди.

ЎзА

Tegishli xabarlar

“БИР ОЙДА КЕЛТИРИБ БЕРАМАН…”

admin

Соҳада инновацион жараён юзага келса… Кимга зарару, кимга фойда?

admin

Ёшлар парламенти аъзолари сайланди

admin