Яқинда фарзандларим, невараларим йўқлаб келишди.
Болалик уй бозор деганларидек, хонадонимизга файз кирди. Улар билан шашка-шахмат, чиллак, бармоқ ўйинларини ўйнаб, чақчақлашдик. Тор ҳовлида зерикишди, шекилли, “парк”ка борамиз, деб қолишди. Невараларим билан Абдулла Қодирий номли истироҳат боғига йўл олдик. Зум ўтмай етиб келдик. Адиб ҳайкали атрофига экилган манзарали дарахтлар, турли рангдаги алвон гулларнинг нафис ифори димоққа уриб турарди. Невараларим қувонганидан боғнинг ичига чопқиллаганича кетишди. Афсуски, уларнинг бу қувончи узоққа бормади.
Боғни айланар эканмиз, юзлаб арчалар қуриб, манзарали дарахтларнинг синиб ётганини, тунги ёритқичлар қўпориб ташланганлигини кўриб, ҳайратда қолдик. Бундан 10 йил илгари барпо этилган Абдулла Қодирий боғидаги аввалги кўркамликдан асар ҳам қолмаган. Ўйингоҳлар у ёқда турсин, бирорта ўтирадиган жой, тамадди қиладиган бир зумлик чойхона, салқин ичимлик ичадиган жой ҳам йўқ. Ёввойи ўсимликлар одам бўй ўсиб, қуриб ётибди. Ҳаммаёқ чанг-тўзон. Эртак қаҳрамонларининг ҳайкалчалари синдириб кетилган…
Бугун юртимизда ислоҳотлар жадал бормоқда, аммо баъзи жабҳаларда бўлаётган ўзгаришларни тушуна олмаяпман. Нима учун ҳаётдан кўз юмган давлат арбоблари, шоиру ёзувчиларни фақатгина хотира кунию туғилган санасида эслаймиз? Уларнинг ҳайкали атрофида турли байрамона тадбирлар ўтказамиз. Катта-катта амалдорлар келиб, узундан-узун ваъзхонлик қилишади, уларнинг пойига гулчамбарлар қўйишади.
Эртасига эса…
– Бува, бизни қаерга олиб келдингиз, бу ерда биздан бошқа ҳеч ким йўқ-ку, – деди хафа бўлиб невараларимдан бири.
Ҳақиқатан ҳам, боғда учрашув учун бошқа жой топмаган 2-3 нафар йигит-қиздан бошқа ҳеч ким йўқ. Невараларим олдида ўзимни айбдордек ҳис қилдим…
Катта кўчага чиқиб, Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғига йўл олдик. Пойтахтимизнинг кўчаларидан ўтар эканмиз, осмонўпар иморатларни, шаҳар ичидаги шаҳарни кўриб, невараларим кўзида яна қувончни кўрдим. Ғафур Ғулом номидаги боққа ҳам етиб келдик.
Боғ атрофи эртак қаҳрамонларига атаб чизилган расмлар билан ўралган. Сув бағрида солланиб турган дарахтлар, арча-мажнунтолларни кўриб, кўнглим таскин топди. Дарвоза олдига борар эканмиз, боғ маъмурияти ёзиб қўйган эълонга кўзимиз тушди. Эълон матни шундан иборат: “Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи”даги дарахт ва экотизим сақланиб қолиши шарти билан 2020 йил ноябрь ойидан реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлар 2022 йил декабрь ойида тугатилади. Бу ерда ҳеч қандай турар жой мажмуаси ва ҳеч қандай бизнес марказ бўлмайди”. Азиз газетхон! Бу эълонни ўқиб, мен ҳеч нарсани тушунмадим. Ким-кимга ҳисобот бермоқда. Шаҳарнинг истироҳат боғларидан бирида 2 йил қурилиш олиб бориладими? “Toshkent Citi” неча йилда қурилди? Ўзи 2 йилда боғ ичида нималар қуришмоқчи? Шуларни ўйлаб турган эдим, ўртанча неварам:
– Бугун телевизорда кўрсатаётган боғлардаги от ўйин, арғимчоқларда учамизми-йўқми? Музқаймоқ егим келаяпти, – деди.
Уларга нима дейишни ҳам билолмай қолдим. Дуч келган машинани тўхтатиб, Бешёғочдаги “Magic City” – “Сеҳрли шаҳарча”га етиб бордик.
Бундан 50-60 йил олдин бу боғ пойтахтдаги энг сўлим масканлардан бири ҳисобланарди. Халқ сайллари, байрамларининг аксари шу боғда ўтказиларди. Ҳатто “Мафтунингман” кинофильмининг айрим қисмлари шу боғда олинган. Бизнинг ёшлигимиз, хотираларимиз шу боғ билан чамбарчас боғланган. У ўзининг соя-салқини, ўйингоҳларининг кўплиги, бетакрор кўли билан машҳур эди. Тошкентликларнинг аксари сузишни шу кўлда ўрганишган. Бугун эса булардан асар ҳам қолмабди. Соя-салқин берувчи 100 йиллик чинор, ёнғоқ, кедрлар, акация, дуб дарахтлари ўрнига, хорижий давлатларнинг тарихий иморатлари, рамзи деворлари ва қишин-ёзин ишлайдиган ёпиқ аттракцион ўйингоҳлари, ўртада мусиқавий фаввора қурилибди. “Сеҳрли шаҳарча”даги нархларга қаранг: чой – 3000, қаҳва – 14 000 сўм, яхна ичимликлар 4 000 дан 14 000 сўмгача, ширинликлар 10 000 дан 14 000 сўмгача, турли егуликлар 7 000 дан 16 000 сўмгача.
Ўйингоҳ учун 5 000 сўмга пластик карточка олиб, унга 5 ёшгача фарзанд учун 50 000, 5 ёшдан ошган бўлса 75 000 сўм тўлайсиз ва маълум аттракционлардан фойдаланасиз. Бунга кирмаган аттракцион 2 минутдан 3 минутгага 20 000 сўмдан 25 000 сўмгача. Энг арзони 15 000 сўм. Ана сизга маданий ҳордиқнинг нарх-навоси!?
Энди ўринли савол туғилади: Бу жойларга ўртаҳол оила аъзолари 2-3 нафар фарзандини етаклаб неча сўм билан келиши керак? Яна бир масала, “Magic City”асли қаерда қурилган? Англиядами ёки Ўзбекистонда? Ўзбекистонда бўлса, ақалли бирор жойда бу боғ номи давлат тилида ҳам ёзилиши керакми, ахир?
Хуллас нафақанинг ярмисини қандай ишлатганимни билмай қолдим. Тўғри, пул келади-кетади. Бугунги кундан невараларимнинг ўйнагани, менинг эса ўйлаганим хотира бўлиб қолади.
Даврон АҲМАД.
Муаллиф олган суратлар