ADOLAT 24

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Наманган вилояти. 

2021 йил 5 октябрда “Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов Наманган вилояти сайловчилари билан учрашди. Тўрақўрғон туманидаги Маданият марказида бўлиб ўтган тадбирда партия фаоллари, депутатлар, хайрихоҳлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, фаол хотин-қизлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этдилар.

Учрашувни Президентлик­­ка номзоднинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили – “Адолат” СДП вилоят кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев кириш сўзи билан очди. Иштирокчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли ва фаолияти тўғрисида ҳикоя қилувчи видеофильм қўйиб берилди. Шундан сўнг  Баҳром Абдуҳалимов сўзга чиқиб, ўз Сайлов­олди дас­турида илгари сурилган илғор ғоялар, асосий масалаларни сайловчилар эътиборига ҳавола қилди.

– Тадбирнинг барча иштирокчилари қатори мен ҳам Президентликка номзоднинг нутқини эътибор билан тингладим, – дейди халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгаши депутати Гулчеҳра Усмонова. – Хусусан, маҳаллий Кенгашларнинг ролини кучайтириш,  ижро ҳокимияти фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ватанпарвар, профессионал ва фидойи инсонлар келишини таъминлашга қаратилган ғоялар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Уларнинг бугунги жамиятимиз учун долзарблиги ҳеч кимга сир эмас. Шунинг­дек, жиноятчиликка, порахўрликка, тамагирликка, зўравонликка қар­­ши муросасиз курашиш, адолатли ва мустақил суд-ҳуқуқ тизимини яратиш ишларини давом эттириш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантириш каби масалаларга алоҳида урғу берилганлиги ҳам диққатга сазовор.  

Учрашувда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини ривож­лантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳи­­моясини таъминлаш тўғрисида ҳам атроф­лича фикр юритилди. Сайлов­олди дастурига кўра, маънавий тарбиянинг устуворлигини таъминлаш учун давлат барча маданий, тарихий ва табиат ёдгорлик­ларини рўйхатдан ўтказиши ва сақлаши, уларга маблағ ажратиши шарт эканлиги таъкидланган. Шунингдек, миллий ва тарихий қад­риятларимизга асосланган “Жамиятда юриш-туриш одоб-ахлоқ қоидалари”ни яратиш ва жорий этиш ғояси илгари сурилган. 

Аҳолини сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш, фуқароларнинг тиббий маданиятни юксалтириш, дори-дармонлар нархини назорат қилиш  каби ижтимоий масалаларнинг дас­турдан жой олганлиги алоҳида эътироф этилди. Мамлакат учун замонавий, юқори интеллектуал кадрларни тайёрлашда таълим тизимининг барча босқичидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва жадаллаштириш ғоялари ҳам маъқулланди.

Учрашув якунида номзод Баҳром Абдуҳалимов сайловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича, ҳаётий мисоллар билан жавоблар берди.

Тадбирда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича кузатиш миссияси вакиллари Инеке Аппел Катарина (Нидерландия) ва Яана Кархило (Финландия) ҳам иштирок этди.

Нурбек Абдуллаев,

“Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби:

— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” СДП томонидан кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дас­тури билан танишдик. Унинг мазмун-моҳияти, устувор йўналишлари ҳамда унда илгари сурилган мақсад ва вазифалар мамлакатимиз тараққиётининг кейинги беш йиллигига ҳар томонлама мос эканига гувоҳ бўлдик.

Айнан ушбу мақсад ва вазифаларда Ўзбекистонимизни ҳар соҳада ривожлантириш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, халқимиз учун тинч ва фаровон турмуш шароитини яратиш мужассам. 

Номзоднинг дастурида белгиланган устувор мақсад ва вазифаларни амалиётга татбиқ қилишга маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан самарали фаолият олиб борилиши натижасида эришамиз. Бунда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига партия ҳамда номзоднинг дастурида илгари сурилган илғор ғояларни киритиш, уларнинг ижро этилиши устидан депутатлик назоратини ўрнатиш, партия электорати ва сайловчилар манфаатларидан келиб чиқиб, мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини комиссия ва сессияларда доимий равишда эшитиб боришни долзарб масала, деб ҳисоб­лаймиз.

Бу, ўз навбатида, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим масалаларини ечишда энг мақбул қарорларни шакллантириш ва қабул қилиш жараёнида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш, ижтимоий адолат тамойилларини ҳаётга кенг татбиқ этиш, бюрократизм ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этишга ҳам хизмат қилади.

Мен Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлайман, сизларни ҳам унга овоз беришга чақираман.

Инобат Дадамирзаева, 

Давлатобод туманидаги 77-умумтаълим мактаби ўқитувчиси: 

— Сиёсий майдонда халқчил ва ҳаётий ғоялари билан ўз ўрни ва обрўсига эга бўлган “Адолат” социал-демократик партияси навбатдаги сайлов олдидан Ватанимиз тараққиёти йўлида ҳуқуқий демократик, “ижтимоий давлат” ва “барча учун фаровонлик таъминланган” адолатли фуқаролик жамиятини қуришнинг социал-демократик моделини таклиф этмоқда. Инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлигини тан олиб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги мезонларини таъминлаш, Ўзбекистонни эркинлик, имкониятлар тенглиги, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган давлатга айлантириш мақсади яққол кўзга ташланмоқда. Бунинг учун инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўймаслик, аҳолининг юқори турмуш даражасини таъминлаш зарур. 

Абдулбосит Собирхонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги

“Ёшлар парламенти” аъзоси: 

— “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов ўзининг дастури орқали республикамиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, маънавий соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишни асосий мақсади, деб билади.  

Шу маънода партиямиздан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовни нафақат партиямизнинг дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқаришга қодир етакчи, балки мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига, халқимизнинг эртанги тақдирига дахлдор масалаларни ҳал қилишда ўз фик­рига, фуқаролик позициясига эга шахс, масъулиятли, халқпарвар ва жонкуяр раҳбар сифатида биламан.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, сизларни олдимиздаги муҳим сиёсий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида алоҳида фаолликка чақирган ҳолда, партиямиз томонидан кўрсатилган номзод — Баҳром Абдуҳалимовни қўллаб-қувватлашга чақираман.

Tegishli xabarlar

ЧЕКМАНГ! БМТ маълумотларига кўра, дунёда кашандалик оқибатида ҳар йили 5,4 миллион, ҳар 6 сонияда 1 киши ҳаётдан кўз юмади

admin

ТИЛ

admin

Журналистнинг рафиқаси бўлиш ҳам жасорат

admin