Янгиланаётган мамлакатимиз сиёсий майдонида халқчил ғоялари билан ўз нуфузига эга бўлган “Адолат” СДП фуқароларимиз, айниқса, ёшларимизда Ватанга муҳаббат туйғусини юксалтириш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва адолатли жамият қуришни ўзининг бош мақсади, деб билади. Фуқаролар, айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқ-манфаатларини кафолатлаш, жамиятда адолат устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни жадаллаштириш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техник базасини кучайтириш партия фаолиятининг муҳим йўналишлари сирасига киради.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод, “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастурида юқоридагиларга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Шу сабаб сайловчилар унинг дастурини қўллаб-қувватламоқдалар.
Номзод билан Андижон вилоятида ўтказилган учрашувда юқоридагилар ўз ифодасини топди. Президентликка номзоднинг Андижон вилояти бўйича ишончли вакили Йўлдошали Эгамов учрашувни очиб, Баҳром Абдуҳалимовга сўз берди. У ўз дастури билан йиғилганларни атрофлича таништирди.
Таъкидланганидек, номзод сайловчиларга ўз дастурини партиянинг мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ва жамиятда мавжуд муаммоларни теран англаган ва “Ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак”, деган ақидага қатъий амал қилган ҳолда таклиф этди. Бу йўлда ҳар бир иш қонун устуворлиги асосида амалга оширилади. У ўз сўзида сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ҳамда бошқа соҳалардаги ислоҳот ва янгиланишларни изчил давом эттиришни ўзининг бош мақсадига айлантирганлиги ҳақида фикр билдирди.
Баҳром Абдуҳалимов сайловчилар билан мулоқот жараёнида уларнинг саволларига жавоб берди.
Насибахон Тўйчиева,
халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати:
— Дастурда ўрин олган кучли ижтимоий ҳимоя йўналишида белгиланган мақсад ва вазифалар ҳеч бир сайловчини бефарқ қолдирмайди. Айниқса, аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш масаласи ечимини кутмоқда. Шунингдек, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштириш каби устувор вазифалар белгиланганлиги аҳоли учун муҳимдир. Бу айни вақтда андижонлик тиббиёт ходимларини ҳам қувонтирди.
Айниқса, номзоднинг “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича “Миллий дастур” қабул қилиш ғоясини қўллаб-қувватлаймиз.
Хулкарой Мўминова,
“Адолат” СДП Хонобод шаҳар кенгаши раиси:
— Мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар ҳаёти, ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, тарихий паллага кирди. Зеро, мамлакат Президентини сайлашдек катта ижтимоий-сиёсий воқеадан бирон-бир фуқаро четда қолиши мумкин бўлмаганидек, сайлов ҳар қандай сиёсий партия ҳаёти ва фаолиятида мисли кўрилмаган чиниқиш, тобланиш мактабига айланди. Қолаверса, бўлажак сайлов сиёсий партиялар ва унинг вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди. Сиёсий партиялар учун мазкур сайловда муваффақиятли иштирок этиш, энг аввало, улар илгари сурган номзодига ва унинг Сайловолди дастурига боғлиқдир.
Номзодимизнинг дастурида илгари сурилган ғоя ва мафкура мамлакатимиз тараққиётининг кейинги беш йиллигига ҳар томонлама мос эканига гувоҳ бўлдик. Мазкур ғояларда Ўзбекистонимизни ҳар соҳада ривожлантириш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, халқимиз учун тинч ва фаровон турмуш шароитини яратиш мужассам.
Илёс Мирзо Зияев,
“Ёш адолатчилар” қаноти фаоли:
— Дастурда марказдан узоқ қишлоқларда яшаб, аъло баҳолар билан ўқиган, ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаш таклифи илгари сурилганлиги барчани бирдай қувонтирди.
Шу билан биргаликда таълим тизимини ислоҳ қилишда жамиятдаги ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир инсонга олий маълумот олиш имкониятини яратиш, олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилиш ва ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлигини ҳамда рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлаш, олий маълумотлилар сони бўйича мамлакат даражасини кўтариш мақсадида олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини янада кенг жорий этиш чораларини амалга ошириш мақсадлари, давлатимиз ўзининг энг катта бойлиги ва таянчи деб билган биз, ёшларга катта имконият эшикларини очади.
***
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Андижон филиалида ҳам бўлди. Шифохона фаолияти билан танишиб, даволаш жараёнларини кузатди. Шу ерда бир гуруҳ шифокорлар билан учрашиб, мулоқот ўтказди.
Мулоқотда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасалари, айниқса, ихтисослаштирилган тиббий марказлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шифокорлар учун муносиб иш шароитлари яратиш, шунингдек, мамлакатимизда онкологик хасталикларни эрта аниқлаш, келиб чиқишининг олдини олиш, ушбу касалликка чалинган беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш хусусида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
– Аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини амалиётга кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз, – деди Баҳром Абдуҳалимов.
Эътиборлиси, номзод билан мулоқот давомида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхатини қайта шакллантириш, аҳолини дори-дармон билан кафолатли таъминлаш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйиш хусусида ҳам сўз юритилди. Фуқароларнинг тиббий маданиятини ошириш бўйича “Миллий дастур” қабул қилиш юзасидан таклифлар билдирилди.
