Устоз, мураббий, ўқитувчи дея таъриф этилган инсонлар жамиятнинг келажаги ва ишончи бўлган ёш авлодни тарбиялайди. Мамлакатимизда ўқитувчи касбига алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётгани боиси ҳам шунда.
Ҳар қандай одам ўқитувчи бўла олмаслигини ҳаёт тажрибаси кўрсатмоқда. Бу касбни эгаллаш учун кишида қобилият, муайян ижтимоий-психологик малака ва маълум тайёргарлик бўлиши лозим.
Ҳозирги ахборот оқими ниҳоятда кучайган, фан соҳасида муттасил янгиликлар юз бераётган, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий-маърифий соҳаларда ўзгаришлар бўлиб турган даврда яшаётганлигимиз ҳар бир кишидан фаоллик, эътибор, воқеа ва ўзгаришларга зиёли даражасида муносабат билдиришни талаб этади. Айниқса, ахборот олиш имкониятларининг кенгайганлиги, яъни оммавий ахборот воситаларининг ниҳоятда кўпайгани, интернет орқали мулоқот жараёнининг шиддат билан ривожланаётганлиги ўқитувчининг ўз устида доимо ишлаб, билимини ошириб бориши лозимлигини кўрсатади. Акс ҳолда, барча ахборот-коммуникация имкониятларидан бемалол фойдаланаётган ўқувчиларнинг талабига жавоб бериш қийин кечади.
Афсуски, олий ўқув юртида олган билими билан чекланаётган, билим доираси дарсликдан нарига ўтмайдиган, янгиликларга бефарқ, ўз устида ишламайдиган ўқитувчилар ҳам орамизда бор.
Ўқитувчининг билим савияси унинг педагогик маҳорати орқали юзага чиқади. Шунинг учун маҳоратни, замонавий педагогик ва ахборот технологиялари соҳасидаги янгиликларни дарс жараёнида қўллаш, пухта ўзлаштиришга эътибор бериш лозим.
Педагогик амалиётнинг самарали бўлиши етарли салоҳиятга эга бўлган ўқув масканларини танлашга ҳам боғлиқ. Малакали, тажрибали устозлар фаолият кўрсатаётган, замонавий техник ва бошқа воситалар билан жиҳозланган билим масканларида амалиёт ўташ бўлажак ўқитувчи учун муҳим босқич ҳисобланади.
Педагогик маҳоратнинг яна бир кўрсаткичи нутқ маданиятидир. Сўзни ўз ўрнида қўллаш, мантиқли ва изчил жумлалар тузиш, матнни боғлаб баён қила олиш қобилияти энг зарур сифатлардан биридир. Бунинг учун ўқитувчи ўз нутқи устида муттасил ишлаши, қисқа ифодада кўп фикр айта билиш маҳоратини эгаллаши зарур. Афсуски, бўлажак ўқитувчиларнинг айримлари нутқ маданиятининг оддий қоидаларига риоя этмаётганлиги, нутқи устида ишламаётганлиги учун амалиёт даврида анча мураккаб вазиятларга тушиб қолмокдалар.
Ўқитувчи жамиятнинг зиёли инсони сифатида оммавий ахборот воситалари, яъни газета ва журналларни доимий мутолаа қилиб бориши, радио тинглаши ва телекўрсатувлардан хабардор бўлиши, шунингдек, интернетдан фойдаланиши ҳам ниҳоятда муҳим. Булар ўзига хос ахборот манбаи сифатида ўқитувчининг жамият ҳаётидан хабардорлиги, ўзгаришларни тезда англаб олиши, жамият турмушидаги ислоҳотларни ўқувчиларга тўғри етказиб беришида асос ҳисобланади.
Устозлар турмушидан ўрнак олиб, муаллим, аввало, ўз оиласидаги мавқеи ва хурмати билан ҳам элга ўрнак бўлиши лозим. Маънавий гўзал, ахлоқи пок, таълим ва тарбияни чуқур эгаллаган ўқитувчи фақат ўз оиласининггина эмас, балки ҳамма ота-оналарнинг ҳам энг яқин маслаҳатгўйи ва содиқ дўстига айланади.
Озода Даминова,
Самарқанд шаҳридаги 19-умумтаълим мактаби директори