ADOLAT 24

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

“Адолат” социал-демократик партия­сидан Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов жойларда учрашувлар ўтказмоқда. Унинг навбатдаги учрашуви хоразмлик сайловчилар билан бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда партия фаоллари, депутатлар, турли соҳа вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, фаол хотин-қизлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Учрашувни номзоднинг Хоразм вилоятидаги ишонч­­ли вакили, Хоразм Маъмун академияси раиси Икром Абдуллаев кириш сўзи билан очиб берди. У йиғилганларга Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг таржимаи ҳоли ва фаолияти тўғрисида атрофлича маълумот берди.

 Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов сўзга чиқиб, Сайловолди дастурида илгари сурилган ғоялар, асосий йўналишларни сайловчилар эътиборига ҳавола қилди.

Жумладан, номзоднинг Сайловолди дастуридан ўрин олган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ролини кучайтириш орқали ижро ҳокимияти устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларига ватанпарвар, профессионал ва фидойи инсонлар келишини таъминлаш, жиноятчиликка, порахўрликка, тамагирликка, зўравонликка қарши муросасиз курашиш, адолатли ва мустақил суд-ҳуқуқ тизимини яратиш ишларини давом эттириш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантириш каби асосий масалалар иштирокчилар эъти­борини тортди. 

Президентликка номзоднинг Сайловолди дас­турида илгари сурилган “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони!”, “Бизнинг мақсадимиз адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуриш!”, “Адолат ва қонун устуворлиги учун!” каби йўналишлар мазмун ва моҳияти, кўзланган мақсадининг халқчил ва ҳаётийлиги билан сайловчилар эъти­рофига сазовор бўлди. 

Учрашувда сўзга чиққанлар номзоднинг Сайловолди дастуридаги барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини мужассам этадиган ғоялар ҳар томонлама қўллаб-қувватлангани, шунингдек, мамлакатимизда ижтимоий соҳалар(фан, таълим, тиббиёт)ни янада ривожлантириш бўйича билдирилган фикрлар кўпчиликка манзур бўлишига ишонч билдиришди.

Маълумки, Сайловолди дас­­­турининг соғлиқни сақлаш йўналишида аҳоли орасида тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзининг қарор топишига эришиш кўзда тутилган. Фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг ўртача умри кўриш кўрсаткичини янада узайтириш, тиббий ёрдам сифатини кескин ошириш ва энг аввало, оила, мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш самарадорлигига эришиш ижтимоий тараққиётда муҳим масала экани сайловчилар томонидан таъкид­ланди. 

Бундан ташқари, номзоднинг Сайловолди дастуридан ўрин олган Ватанимиз тараққиёти йўлида замонавий, юқори интеллектуал кадрларни тайёрлашда таълим тизимининг барча босқичидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш каби илғор ғоялар учрашув иштирокчилари томонидан маъқулланди. Номзод дастурида қайд этилган устувор йўналишлар, мақсад ва вазифалар социал-демократия ғоя­­си ҳамда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партия­сининг дастурий мақсадлари ва сиёсий платформасига тўлиқ мос келиши қайд этилди.

Фикр ва мулоҳазаларга, так­лиф ва тавсияларга бой бўлган учрашув сўнггида номзод Баҳром Абдуҳалимов сайловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.

Тоҳиржон Полвонов,

“Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши раиси

— Бугун сайловчилар “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг таржимаи ҳоли, фаолияти ҳамда Сайловолди дас­тури билан танишишди. Партиянинг ҳудудий кенгаши раҳбари сифатида Президентликка номзоднинг дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Унинг асосий йўналишлари мамлакатимиз равнақи ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилганини алоҳида таъкид­лаш жоиз, албатта.

Б.Аблуҳалимов сиёсий куч етакчиси сифатида юртимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнида партиянинг фаол иштирокини таъминлашда ташаббускорлиги, талабчанлиги ва интилувчанлиги билан барчамизга ўрнак бўлиб келаяпти. 

Номзоднинг Сайловолди дастури дунё сиёсий амалаётида кенг қўлланиладиган ва тан олинган социал-демократик ғояларга уйғунлиги, ўзбекона қадриятлар, халқимизнинг менталитетига мослиги бизни мамнун этади.  

Жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида барчани фаол иштирок этишга ҳамда Баҳром Абдуҳалимовни қўллаб-қувватлашга чақираман! 

Юлдуз Раҳманова,

УрДУ доценти:

– Учрашувда “Адолат” СДП томонидан Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентлигига кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастури халқчил эканига амин бўлдик.

Хусусан, номзод дастурида аёллар ўз меҳри билан оиладаги ижобий муҳитни, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни сақлаб туради деган ақидани илгари сургани ҳолда оила институтини мустаҳкамлаш бўйича миллий индексларни, шунингдек, тегишли халқаро рейтингларда Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилаш бўйи­­ча чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқишни назарда тутади. 

Дастурдаги “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини амалга ошириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, гендер тенглигига эришиш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш каби вазифалар ҳам учрашув иштирокчиларига манзур бўлди. 

Оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш каби эзгу ғоялар ҳам ҳаётбахшлиги билан муҳим аҳамият касб этади. 

Рауфжон Маҳмудов,

филология фанлари бўйича фалсафа  доктори:

– Номзоднинг дастурида таълим йўналишлари бўйича ҳам бир қатор ғоялар назарда тутилганини кўришимиз мумкин. Хусусан, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини ягона – Таълим вазирлигига айлантириш. Жамиятдаги ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир инсонга олий маълумот олиш имкониятини кенг яратиш ҳам бугунги кунда долзарб масала ҳисобланади. 

Президентликка номзод Б.Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастурида олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилиш, рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул таълим олишини таъминлаш ҳам қайд этилган. Шу ўринда яна бир масала эътиборга моликки, олий таълим тизимига рейтинг амалиётини киритиш орқали йил якунлари бўйича энг юқори рейтингга эга бўлган талабаларни грант асосида, рейтинги паст бўла туриб грантда ўқийдиган талабаларни контракт асосида ўқиш учун рўйхатларни қайта кўриб чиқиш тартибини ўрнатиш масаласи ёшларнинг илм олишга бўлган иштиёқини кучайтиради ва адолатли тизим яратилишига олиб келади.

Майсара Худайберганова,

Боғот туман кенгаши раиси:

– Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дас­тури билан танишиб, унинг мазмун-моҳияти, устувор йўналишлари ҳамда унда илгари сурилган ғоялар мамлакатимиз тараққиёти учун ҳар томонлама мос эканига гувоҳ бўлдик.

Дарҳақиқат, барча соҳаларни ривожлантириш, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, халқимиз учун тинч ва фаровон турмуш шароити яратиш каби эзгу мақсадлар баён этилгани эътирофга молик.

 Номзоднинг дастури билан танишар эканмиз, унда ғояларнинг аниқ кўрсатилганлиги, мақсадларга эришишнинг муайян механизмлари акс этганлиги билан ажралиб туриши эътиборимни тортди. Зеро, ушбу ғояларнинг жозибадорлиги сайловчини ўзига жалб этади.

Айниқса, дастурда жамиятимизда “Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо – муқаррар” тамойилини қарор топтириш ишларини изчил давом эттириш алоҳида таъкидланган.

Унда “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш орқали ягона юрисдикция судларини ташкил этиш жараё­нини қуйи поғоналарга – туман (шаҳар) даражасига тушириш, уларга “халқ судлари” мақомини бериш, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанция­­си ваколатини юклаш борасида мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш, адвокатларнинг нуфузи ва мақомини янада кўтариш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, ҳар бир адвокат малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиши учун зарур чораларни кўриш, бу борада амалдаги қонунлар ижроси юзасидан кучли ва самарали назорат ўрнатиш принципини таъминлаш каби таклифлар эътиборимни ўзига тортди. 

 “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекис­тон Республикаси Президентлигига кўрсатилган Баҳром Абдуҳалимовнинг номзоди ҳамда унинг Сайловолди дастурини тўла қўллаб-қувватлайман.

Tegishli xabarlar

Римда пиширилган палов

admin

Қарор лойиҳаси Халқ манфаатига хизмат қиладими?

admin

Транспорт иншоотлари лойиҳаси кўриб чиқилди

admin