2021 йил 29 сентябрь куни «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов Нукус шаҳрида қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашди.
Мазкур тадбирда «Адолат» СДП ҳудудий кенгаши ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаоллар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Учрашувни номзоднинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ишончли вакили — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти директори Айтмурат Альниязов олиб борди. У сайловчиларга Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Юзма-юз мулоқотда Б.Абдуҳалимов сайловчиларни ўзининг Сайловолди дастуридаги устувор йўналишлари билан таништирди. Хусусан, қонун устуворлиги, таълим, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ каби соҳаларни янада тараққий эттиришда адолат тамойилларга асосланган кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш ва олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш борасида ўз олдига қўйган мақсадларни баён этди.
Дастурда ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ижтимоий йўналтирилган иқтисодий дастурларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, ушбу дастурларни назорат қилиш тизимига янгича ёндашиш, инновацион ривожланиш ва инновацион иқтисодиёт, самарали иқтисодий сиёсат воситаларидан оқилона фойдаланиш каби долзарб масалалар қайд этиб ўтилганлиги қорақалпоғистонлик сайловчилар томонидан ижобий баҳоланди.
Шунингдек, номзоднинг дастурида қайд этилган устувор йўналишлар, мақсад ва вазифалар социал-демократия ғояси ҳамда “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий мақсадлари ва сиёсий платформасига тўлиқ мос келиши таъкидланди.
Тадбирда номзод ва унинг Сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб маҳаллий Кенгаш депутатлари, ёшлар ва хотин-қизлар вакиллари, турли соҳа мутахассислари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, иштирокчилар номзод Баҳром Абдуҳалимовдан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Куннинг иккинчи ярмида «Адолат» СДПдан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов иштирокида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимида ёш олимлар билан давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбати давомида бугунги кунда ёш олимларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, лойиҳаларини амалаётга татбиқ этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Зуҳра Ибрагимова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
“Адолат” СДП фракцияси раҳбари:
— Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараёнлар кечмоқда. Жорий йилнинг 24 октябрь санасида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда жуда муҳим воқеа ҳисобланади.
Қонунчиликдан барчамизга маълумки, Президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқи фақатгина сиёсий партияларга берилган. “Адолат” СДП ҳам бу ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда кўп минг кишилик партия аъзоларидан энг муносиби, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган партия Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимовни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатди.
Номзодимиз партия раҳбари сифатида фракция ва қуйи тизимгача бўлган алоқаларни мустаҳкамлашда ўз ташаббускорлигини кўрсатиб келмоқда.
Сайловолди дастурида меҳнат қонунчилиги устуворлигига эришиш, ходимни эксплуатация қилишга қарши кескин курашиш, мамлакат ялпи аҳолисининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, “Иш ҳақи минимуми”, “Яшаш минимуми” каби тушунчаларнинг қонуний асосларини яратиш каби халқчил ғоялар биз, депутатлар олдига юксак масъулият юклайди.
Ўз навбатида, Баҳром Абдураҳимовични нафақат сиёсий етакчи, балки ўз мутахассислигининг чуқур билимдони, Ўзбекистоннинг тарихи ва миллий қадриятларини, ижтимоий соҳаларни чуқур биладиган, ушбу йўналишлардаги долзарб масалалар ечимида мақбул таклиф ва ташаббуслар илгари сура оладиган етук олим сифатида жамоатчилигимиз яхши танийди.
Барчани бўлажак сайловда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.
Улбосин Сейтжанова,
халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати:
— Учрашувда “Адолат” СДП томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастури билан яқиндан танишдик. Унинг мазмун-моҳияти, устувор йўналишлари мамлакатимизни янада тараққий эттиришга ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилганига гувоҳ бўлдик.
Дунё сиёсий амалиётида кенг қўлланиладиган ва тан олинган социал-демократик ғояларнинг ўзбекона қадриятларимиз, миллий ўзига хослигимиз, халқимизнинг менталитетига уйғунлашган ҳолда ифодалангани бизни мамнун этди.
Мен Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлайман, 2021 йил 24 октябрда ўтказиладиган сайловда унга овоз беришга чақираман.
Нурлыбай КАЙПБЕРГЕНОВ,
“Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси:
— Шу кунларда юртимизда яна бир тарихий воқелик — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси давом этмоқда. Албатта, бу жараёнда барчамиз фаол фуқаро сифатида иштирок этишимиз, Ватанимиз тақдирига дахлдорлик ҳиссини эсдан чиқармаслигимиз керак.
Бугунги учрашувда сайловчилар “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти ҳамда Сайловолди дастури билан танишди. Мендан олдин сўзга чиққанларнинг фикр-мулоҳазаларига қўшилган ҳолда партия ҳудудий кенгаши раҳбари сифатида куйидаги фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман.
Энг аввало, Баҳром Абдуҳалимов партия раҳбари сифатида талабчан ва меҳрибон, ташаббускор ва софдил инсон, етук мутахассис эканлигини биз ўтган қисқа давр мобайнида кўрдик.
Шу ўринда Баҳром Абдуҳалимов сиёсий куч етакчиси сифатида юртимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнида партиямиз ва шахсан ўзи фаол иштирок этишга асосий масала деб қараб, Сиёсий Кенгашга раҳбар бўлиб сайланганидан кейин дастлабки хизмат сафарини Қорақалпоғистон Республикасидан бошлаганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Сиёсий Кенгаш раиси сифатида илк ташрифи давомида олий таълим муассасаларида таълим жараёни ва талабалар ижтимоий ҳимояси масаласига алоҳида эътибор қаратиб, Қорақалпоқ давлат университетига бориб, ўқув жараёни ва талабалар ётоқхонасидаги шароитлар билан яқиндан танишди, талабаларга кенг имкониятлар яратиш бўйича ўзининг таклаф ва тавсияларини берди.
Нукус шаҳри ва Беруний туманида бўлиб, маҳаллабай ва фуқаробай ишлаш жараёнининг бугунги ҳолатини ўрганди ва кам таъминланган, ҳаётда вақтинча оғир шароитга тушиб қолган хотин-қизлар вакиллари билан суҳбатлашди.
Уларнинг бандлигини таъминлаш, уй меҳнатини ташкил этиш бўйича аниқ мақсадли йўл-йўриқлар кўрсатди.
Мана шуларнинг ўзи Баҳром Абдураҳимовичнинг эл-юрт манфаати йўлида ўз билим ва тажрибасини тўлиқ сафарбар этадиган фидойи инсон, қобилиятли партия лидери эканлигидан далолат беради.
Ислам Аимбетов,
Коракалпок давлат университети юридика факультети талабаси:
— “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов ўз Сайловолди дастурида марказдан узоқ қишлоқларда яшаб, аъло баҳолар билан ўқиган, ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаш илгари сурилгани биз, ёшларни қувонтиради.
Жамиятдаги ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир инсонга олий маълумот олиш имкониятини яратиш, олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилиш ва ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш, олий маълумотлилар сони бўйича мамлакат даражасини кўтариш мақсадида сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини янада кенг жорий этиш чоралари келажакда ёшларга имкониятлар эшигини янада кенгроқ очади.
Олий таълим тизимига рейтинг амалиётини киритиш ва йил якунлари бўйича энг юқори рейтингга эга бўлган талабаларни грант асосида, рейтинги паст бўла туриб грантда ўқийдиган талабаларни контракт асосида ўқиш учун рўйхатларни қайта кўриб чиқиш тартибини ўрнатиш мақсадлари бу ижтимоий адолат ва ижтимоий тенглик ҳисобланади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, барчани “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Баҳром Абдуҳалимовга овоз беришга чорлайман.