ADOLAT 24

Касб байрами муборак бўлсин, азиз устозлар!

Дунё яралибдики, инсон эҳтиёжлар қуршовида яшайди. Инсон эҳтиёжининг энг олий нуқтаси, шубҳасиз, билишга, англашга, илм олишга бўлган эҳтиёждир. Инсон илмсиз яшай олмайди. Теран нигоҳ билан қарасак, дунёда ўргатувчи шахс етакчи ўринда эканлигини кўрамиз.

Дарҳақиқат, таваллуд топгандан кейин дастлаб ота-онамизнинг парвариши, йўл-йўриғи остида ҳаёт кечиришни бош­лаймиз. Биринчи устоз – ота-она дейишгани бежиз эмас. Мактабга қадам қўйиб, чин маънодаги устозимизни топамиз. Ўйин­қароқ болага ҳарф танитиш меҳнати кўзи ожизга кўз нури бериш билан тенг. Юқори синфлар, ўрта махсус таълим ва олий таълим тизими давом этиб борар экан, инсоннинг нафақат зиё кўзи очилади, балки дунёқараши, фикрлаш доираси ўткирлашиб бораверади. 

Ҳақиқий зиёли таҳсилни тугатиб, меҳнат фаолиятини бошлаганида ҳам ўрганишдан чекинмайди, ҳар кунги ишидан сабоқ чиқаради. Умр сўнггида эса ҳаёт мактаби кўз ўнгида яққол гавдаланади. Машаққатлар ва қувончларга, синовлар ва неъматларга бой бу дунё энг яхши муаллимлиги, лекин унинг барча “дарс”ларига ҳам қунт билан қараб, керакли сабоқни чиқармаганини англайди, “умр устози”нинг унга қўйган “баҳо”си неча эканлигини ҳам қалбан ҳис этади. 

Устоз заҳри ота меҳридан устун. Бу ҳикматли сўз Шайх Саъдий Шерозийга мансуб. Устозни фарзанд учун энг муҳим ва улуғ шахс­лар ҳисобланмиш ота-онага менгзаш кўп ўринларда учрайди. Бу ерда эса ота меҳри қанчалик кучли бўлмасин, у тўғри йўналтирилмаслиги ва ўрнида сарф этилмаслиги мумкин, кучли меҳр бола руҳиятига акс таъсир кўрсатиш эҳтимоли бор, устознинг эса аслида салбий тасаввур уйғотадиган заҳри ҳам шогирдининг манфаатини кўзлаб ишлатилади, деган маъно англашилади. Дарҳақиқат, қайсидир билимимиз ҳаёт йўлларида асқотса, аввало, буни ўргатган, илм олишда дангасалик қилган пайтимиз дакки берган, қаттиққўллик қилган устозимиз ёдга тушади. Шогирд устозини кеч бўлса-да, тушуниб етади. Унинг олдидаги қарзини узолмаса ҳам, бир умр дилдан миннатдор бўлади. Устоз шундай зотки, у нафақат билими, пок қалби билан ҳам ҳаётни чароғон этади. 

Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндаси Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қуйидаги ҳам маъно, ҳам сўз ўйини жиҳатидан чиройли мисраларига назар солинг:

Ким ёр анга илм, толиби илм керак,

Ўргангали илм толиби илм керак!

Мен толиби илму толиби илме йўқ,

Мен бормен илм толиби — илм керак.

Шоҳ ва шоир айтмоқчики, бу дунёдаги барча инсонларга илм керак, барча илм талабида бўлиши лозим. У шундай юксак билими билан ҳам ўзини илмсиз, лекин илм талабида, деб ҳисобламоқда. 

“Бешикдан қабргача илм изла”, деган пурмаъно сўздан илмга чегара йўқлиги маълум. Инсон ҳаёт экан, билим билан ёнма-ён юрса, ҳаёт йўлини ёритувчи машъалага эга, гўё. Билим ҳаёт синовларидан ёруғ юз билан ўтиш, хатолардан сабоқ чиқариш, ибратли умр кечиришда энг яхши кўмакчидир.

Ўқитувчилик инсоннинг онг олами билан ишловчи, таълим ва тарбиядек, Абдулла Авлонийнинг таъбири билан айтганда, “ё ҳаёт, ё мамот” масаласи кўндаланг турувчи касб экан, унинг эгалари олдида доимо таъзимдамиз. Касб байрамингиз қутлуғ бўлсин, азиз устозлар! 

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

ЙЎЛ ҲАММАНИКИ, МЕҲНАТИ БИЗНИКИ

admin

ТИЛ “ҚАБРИСТОН”И КЕНГАЙМОҚДА…(ми?) ёхуд тил байрами арафасидаги ўйлар

admin

Фуқароларнинг шикоят қилиш имкониятлари кенгаймоқда

admin