Тезлик — бугунги замоннинг энг муҳим талабларидан бири. Шу билан бирга фақат ҳаракат суръати эмас, балки жамият тараққиёти, инсон тафаккури ва меҳнат самарадорлигининг ҳам ўлчовига айланган. Кимдир маълумотни тез етказиш, кимдир ғояни жамоага сингдириш, яна кимдир инсонларни манзилига тез ва хавфсиз етказишга масъул. Айни йўналишда фаолият юритаётганлар орасида “Афросиёб” тезюрар электропоезди жамоаси алоҳида ўрин тутади. Шак-шубҳа йўқ, ушбу поезд — мамлакатимизнинг замонавий қиёфасини намоён қилган, техника ва интизом уйғунлигини ифода этган, жозибадор лойиҳа. Унда ишлаш эса касбий маҳорат, юксак масъулият, собитқадамлик ва фидойиликни талаб этади. Йўловчилар хавфсизлиги, поезд ҳаракатининг узлуксизлиги ва хизмат маданияти учун жавобгар бўлган вакиллар орасида Абдумутал Раҳимбердиевнинг ўз ўрни бор.
– Абдумутал ака, тезюрар поезд бошлиғи, спортчи ва блогер сифатида кўпчилик сизни яхши танийди. Аммо шу босқичгача етиб келгунча Сизга осон бўлмагандир.
– Ёшим 28 да, Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида туғилганман. мактабни тугатгач, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти қошидаги Миробод касб-ҳунар коллежига ўқишга кирдим. Аслини олганда, ушбу касбни танлашимда онамнинг ўрни беқиёс. У киши ҳар доим “меҳнатни сев, қилган ишингда фидойи ва ҳалол бўл” деб уқтиради.
Шу сабаб, темирйўлчи касби мен учун шунчаки иш эмас, балки масъулият ва ишонч рамзига айланган. Коллеждаги устозларимиз талабчан эди: интизом ва масъулиятни биринчи ўринга қўярди. “Темирйўлчиларнинг хатоси қимматга тушади”, дейишарди. Шу гаплар ҳаётимда дастуриламалга айланди. Рақобат кучли бўлган муҳит, устозларим қаттиққўлиги ва тажрибаси, оиламнинг ишончи шу соҳага бўлган меҳримни оширди. Фаолиятимни илк бор техник ходим сифатида бошлаганман. Ҳар бир вазифани виждонан бажариш, ҳар бир рейсни масъулият билан ташкил этиш орқали тажриба тўпладим.
Бугун “Афросиёб” тезюрар электропоезди бошлиғи сифатида хизмат қиляпман. Ҳар сафар рейс олдидан поезд эшиклари очилганда, мен буни фақат иш бошланиши деб эмас, балки одамлар ишончига жавобгарлик сифатида қабул қиламан. Бу йўлда ота-онамнинг дуоси, устозларим берган билим ва кўникмалар ҳамда ҳамкасбларимнинг қўллаб-қувватлови менга қанот бағишлаб туради.
– Ижтимоий тармоқлардаги чиқишларингизда қувонч, самимият ва ижобий кайфият уфуриб туради. Болаларга шодлик улашасиз, фойдаланувчиларга поезд хизматидан тўғри фойдаланишни тарғиб қиласиз, баъзида камчиликларни ҳам кўрсатасиз. Шу ўринда аниқлаб олсак: блог сиз учун фақат хоббими ёки одамлар фикрини ўзгартиришга қодир таъсир воситаси?
– Авваллари бу фаолият мен учун шунчаки хобби эди. Вақт ўтиши билан йўловчилар билан мулоқот жараёнида уларнинг поезддаги одоб-ахлоқ қоидалари, техник воситалардан фойдаланиш тартиби, чипта олиш ёки ҳужжат топшириш каби масалаларни етарлича билмасликларини кузата бошладим. Сабаби йўловчилар сўрайдиган кунлик саволлар деярли бир хил: “Қандай чипта олиш мумкин?”, “Нима учун паспорт сўралади?”, “Қайси вагонда қандай қулайликлар бор?” ва ҳоказо. Бу саволлардан англадимки, кўпчилик темир йўл тизимидаги қоидалар ва хизмат тартибини етарлича билмайди. Шу боис, уларга фойда келтириш, жамоатчилик онгини ўзгартиришнинг таъсирли воситаси бўлган ижтимоий тармоқлардан унумли фойдаланиб, соҳадаги тажрибамни бошқалар билан бўлишиш, йўловчилар маданиятини ошириш ниятида кичик блог очдим.
Бу орқали поезддаги хизмат жараёни, йўловчилар хавфсизлиги, вагонлар хусусиятлари, тезлик, ҳаракат йўналишлари ва иш тартиблари ҳақида қизиқарли маълумотлар бера бошладим. Бугунги кунда “инстаграм”даги саҳифам 32 минг 700 нафардан ортиқ обуначига эга. Ҳар бир постим ўртача 10 мингтадан 2 миллионтагача кўрилмоқда. Бу нафақат қизиқиш, балки одамлар темирйўл тизими ҳақидаги тўғри маълумотларга бўлган эҳтиёж юқори эканини ҳам кўрсатади. Блогим орқали фақат ижобий жиҳатларни эмас, балки мавжуд муаммолар – масалан, салонларнинг ифлосланиши, йўловчиларнинг интизомсизлиги каби ҳолатларни ҳам ёритаман. Бу орқали жамоатчилик фикрини шакллантириш, тартиб ва масъулият муҳитини кучайтиришни мақсад қилганман.
Айтиш мумкинки, бу йўналишда фаолият юритаётган илк ёш блогер эканман. Шу сабабданми, ОАВдан таклифлар кўпайди, соҳадаги фикрларим билан кенг аудитория олдида чиқишлар қилиб, машҳур шахслар билан суҳбатлар ташкил этяпман. Бу эса, ўз навбатида, ишимга бўлган қизиқиш ва ишончни янада оширмоқда. Шуни ҳам айтишим керакки, блог мен учун севимли иш, шу билан бирга жавобгарлик ҳам. Агар одамлар менинг чиқишларим орқали фойдали маълумот олса, бирор хатосини англаса ёки маданиятли ҳаракатдан ўрнак олса, меҳнатим зое кетмаган бўлади.
– Кўпинча сизни спорт билан шуғулланаётган ҳолда кўраман. Айтинг-чи, бу соғлом турмуш тарзини ташкил этиш билан бирга меҳнат интизоми, ирода ва масъулиятни шакллантиришда қанчалик аҳамиятли?
– Ўйлашимча, ҳар бир инсон ўз ҳаётида соғлом турмуш тарзига устувор аҳамият бериши керак. Бу нафақат касбий фаолият, балки шахсий ривожланишнинг ҳам бир қисми ҳисобланади. Ўзимдан келиб чиқиб айтсам, темирйўл соҳаси — жисмоний ва руҳий чидамлилик, диққат, тезкор фикрлашни талаб этувчи соҳа. Маълумки, ҳар бир темирйўлчи ҳар олти ойда тўлиқ тиббий кўрикдан ўтади. Шу билан бирга, ҳар сафар рейс олдидан кичик тиббий текширув ҳам амалга оширилади. Бу талаблар ходимнинг соғломлиги, масъулиятли ва тетик ҳолда йўловчилар хизматида бўлишини таъминлайди.
– Поезд – ҳаракат, ҳаракат эса мулоқот, деган фикрни сиз жуда яхши англагансиз. Хўш, хизматни яхши ўтказишда йўловчилар билан муносабат ва жамоадаги муҳитнинг ўрни қандай?
– Албатта, темирйўл хизматини мулоқот маданиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳар бир йўловчи – ўз характери, кайфияти, тажрибасига эга алоҳида дунё. Шунинг учун жамоамиз билан “Ҳар бир йўловчи – азиз меҳмонимиз, сафар эса нафақат қулай, балки ёқимли хотираларга бой бўлиши керак”, деган ёндашувни шакллантирганмиз. Ишимизда табассум, сўз, ҳатто нигоҳ ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки биргина самимий табассум йўловчи кайфиятини бутун саёҳат давомида кўтаринки бўлишига сабаб бўлади. Шу боис хизмат маданиятини нафақат талаб қилиш, балки шахсан намуна бўлишга ҳам ҳаракат қиламан.
Вагон кузатувчиси бўлган пайтларимда мен фақат бир вагон учун жавобгар эдим. Ҳозир эса поезд бошлиғи сифатида бутун поезд – яъни юзлаб йўловчи ва вагон хизматчилари учун ҳам масъулман. Бу нафақат катта ишонч, балки улкан масъулият ҳам. Йўловчиларнинг хавфсизлиги, сервис даражаси, кузатувчиларнинг хизмат сифати – буларнинг барчаси доимий назоратимда бўлиши керак. Ташқаридан қараганда, поездда иш жуда осондек туюлиши мумкин. Аммо амалда ҳар бир йўловчига индивидуал ёндашиш, турли характерлар билан ишлай билиш, муаммоларни самарали ҳал этиш катта сабр ва маданият талаб қилади.
Айни пайтда, низоли ҳолатларда ҳам ўзини ҳушёр тутиш, босиқ бўлиб, вазиятни юмшоқ, чиройли муомала билан ҳал қилиш ҳам бир санъат. Мен учун йўловчи фақат чипта эгаси эмас, балки “Афросиёб” брендига ишонган инсон. Шу ишончни оқлаш – менинг энг катта вазифам. Маълумот ўрнида айтиб кетай, айни вақтда “Афросиёб” поездларининг сони 6 та бўлиб, уларнинг ҳар бири замонавий қулайликларга эга. Поезднинг максимал тезлиги соатига 250 километрга етади.
Ҳар бир рейсда ресторан-вагон билан бирга 11 та вагон ҳаракатланади, умумий йўловчи сиғими эса 286 нафарни ташкил этади. Бугунги кунда темирйўл тизимида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида қатор ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Масалан, йўловчилар қулайлиги учун қўшимча рейслар йўлга қўйилди: пайшанба, жума, шанба ва якшанба кунлари соат 14:00 да қўшимча “Афросиёб” қатнови амалга оширилмоқда. Шунингдек, эрталабки 06:00 да Тошкент –Бухоро йўналишида ҳам қўшимча рейслар жорий қилинган. Энг муҳими, бугун электрон чипта тизими, онлайн тўлов имкониятлари йўловчиларга катта енгиллик яратмоқда. Илгаригидек чипта топиш муаммоси йўқ – ҳаммаси автоматлаштирилган.
– Вагон кузатувчиси фавқулодда ҳолатлар юзага келганда, қандай вазифаларни ўтайди? Шунингдек, паспорт ва чипта текшириш, болани чиптага бириктириш каби хавфсизлик ва идентификация масалаларида йўловчиларга қандай тартиб ва тавсияларни берган бўлар эдингиз?
–Асосий вазифамиз – фақат йўловчиларга хизмат кўрсатиш билан чекланмайди. Ҳаракатдаги поезд тартиби, хавфсизлик ва интизомни таъминловчи масъул шахсмиз. Унутмайликки, поезд катта техник тизим, у ҳар қандай вазиятда тўхтаб қолиши ёки кечикиши мумкин. Шу пайтларда, энг муҳими, йўловчилар орасидаги саросиманинг олдини олиш, уларга тўғри маълумот бериш ва вазиятни осойишталик билан бошқаришдир. Биз нафақат хизмат кўрсатувчи, балки тинчликни таъминловчи, шошилинч ҳолатларда биринчи тиббий ёрдам кўрсата оладиган мутахассис ҳам бўлишимиз керак. Шу билан бирга, йўловчилар кўпинча “Нега чипта ва паспорт текширилади?” деган саволни беришади. Бунинг жуда муҳим сабаблари бор.
Масалан, баъзан айрим шахслар қидирувда бўлиб, ўзлари эмас, балки танишлари номидан чипта сотиб олади. Агар биз чипта ва паспортни солиштирмасак, бу каби шахслар эркин ҳаракатланиши мумкин бўлади. Бу эса нафақат хавфсизлик, балки жамоат тартиби нуқтаи назаридан ҳам жиддий хатар туғдиради. Шу боис биз ҳар бир йўловчининг шахсий маълумотини текшириб, унинг чиптадаги маълумотларига мос келишини таъминлаймиз. Бу – Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларида белгиланган қатъий талаб.
Яна бир муҳим жиҳат – болаларнинг чиптага бириктирилиши масаласи. Кўпчилик буни эътиборсиз қолдиради. Масалан, 5 ёшгача бўлган болалар бепул, 5 ёшдан 10 ёшгача бўлганларга эса ярим нархда чипта сотиб олинади. Лекин бола ҳар доим ота-онасига бириктирилган бўлиши керак. Бир қарашда бу оддий масаладай туюлади, аммо амалиётда катта аҳамиятга эга. Яқинда шундай ҳолат бўлдики, ота-она орасидаги можаро сабабли фарзандни бириктириш амалга оширилмаган, кейин эса бу вазият катта муаммоларга сабаб бўлди. Биз инсонпарварлик нуқтаи назаридан уларни вагонга киритишга рухсат берган бўлсак ҳам, натижада жавобгарлик бизга юкланди. Шунинг учун ҳар бир йўловчига тавсиям шуки, чипта сотиб олганда, унинг барча маълумотларини синчиклаб текширинг, қайси йўналишга кетишингизни, болангиз бириктирилган ёки йўқлигини аниқланг. Бу нафақат осойишталик ва хавфсизлигингиз, балки бутун поезддаги тартибнинг асоси саналади.
– Бу касбда ўзига хос жиҳатлар қайси? Танлаш ниятида бўлган ёшлар учун қандай тавсиялар берасиз?
– Ёшларга тавсиям шуки, “Афросиёб” поезди – бу фақат иш воситаси эмас, балки фахр. Чунки у бутун Марказий Осиёдаги ягона тезюрар поезд. Шунинг учун бу соҳани танлайман деган йигит-қизлар, аввало, касбни чин дилдан севиши, унга ҳурмат билан ёндашиши керак. Форма ёки маош учун эмас, масъулият ва фидойилик учун танланг. Энг муҳими – тил билиш, мулоқот маданиятини ошириш. Чунки ҳар бир йўловчи билан самимий, маданиятли муносабат ўрната олган киши ҳақиқий вагон кузатувчиси ёки поезд бошлиғи бўлади.
– Суҳбатингиз учун ташаккур!
Илҳом Абдуқаюм ўғли суҳбатлашди.
