Жорий йилнинг 20 февраль куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги XV пленуми бўлиб ўтди.
Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг 2024 йилга белгиланган чора-тадбирлар режаси ижроси муҳокама қилиниб, шунингдек, “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастуридан келиб чиқадиган 2025 йилда партия ва унинг фракцияси амалга ошириши режалаштирилган устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Пленумда партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция аъзолари, ҳудудий партия кенгашлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, партия экспертлари, фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Тадбир танқидий-таҳлилий руҳда ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова маъруза қилиб, партиянинг 2024 йилдаги асосий фаолияти “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент фармони, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”га оид Давлат дастури ҳамда партиянинг “Адолат – ҳар бир инсон учун” Сайловолди дастури асосида ташкил этилганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, 2024 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларида партия сиёсий жараёнларга муносиб тайёргарлик кўрди. Сайлов тарғиботи жараёнида миллий, замонавий ва хорижий тажриба ўрганилди, партия экспертлари ҳамда медиа соҳаси вакиллари сафарбар этилди.
Шу мақсадда мамлакатимиз ривожи ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган партия Сайловолди дастури ишлаб чиқилди. Дастур лойиҳаси жойларда партия фаоллари, депутатлар ва жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиниб, жамиятда мавжуд долзарб муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш йўллари бўйича 30 мингга яқин таклиф йиғилди. Экспертлар таҳлилдан сўнг муҳим таклифларни дастурга киритди.

Натижада “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари” деб номланган 9 та йўналишдан иборат, 200 дан ортиқ вазифани қамраб олган партия Сайловолди дастури ишлаб чиқилди.
Имконияти чекланган фуқароларни ҳам хабардор қилиш мақсадида дастур брайль алифбосида, шунингдек, ўзбек, рус, инглиз ва қорақалпоқ тилларида 30 минг нусхада чоп этилиб, сайловчиларга тарқатилди.
“Адолат” СДП қошида марказий, ҳудудий, туман ва шаҳар сайловолди штаблари ташкил этилиб, тарғибот-ташвиқот ва ташкилий вазифалар партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг чора-тадбирлар режаси асосида олиб борилди. Замонавий тарғибот воситаларини ишлаб чиқиш учун партияда студия ташкил этилиб, компьютер жамланмалари ва техник ускуналар сотиб олинди. Сайлов кампанияси даврида 2 миллионга яқин флаер, 700 та катта, 1000 та кичик баннер, 500 та махсус плакатлар дизайни тайёрланди.
2024 йил 27 октябрда ўтказилган сайловлар натижасига кўра, партия номзодларидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 21 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 103 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига 752 нафар депутат сайланди.

2024 йилда партия Сайловолди дастурида илгари сурилган ғоялардан келиб чиқиб, Республика миқёсида 20 мингга яқин тадбирлар ташкил этилди ва 1 миллиондан ортиқ иштирокчи қамраб олинди. Партиявий лойиҳалар доирасида барча даражадаги партия бўғинларида 5412 та тадбир ўтказилиб, уларда 243 мингдан зиёд киши қатнашди.
“Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида маҳаллаларда партия депутатлик корпуслари иштирокида қонунлар ижросини ўрганиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, жойларда жамоатчилик билан бевосита мулоқотлар олиб бориш юзасидан салмоқли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, 9 088 маҳалладаги 37 025 хонадон ва 6 075 та хўжалик юритувчи субъект ўрганилди. Аҳоли томонидан келиб тушган 7 022 та мурожаатдан 2 582 таси бўйича депутатлик сўровлари юборилиб, 2 326 таси ижобий ҳал этилди, 4 138 мурожаат ҳуқуқий маслаҳатлар орқали жойида ечим топди.
“Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори” лойиҳаси доирасида Республика бўйича ҳар сешанба 1 782 та сиёсий-ҳуқуқий ўқув ташкил этилди, уларда 130 мингдан зиёд тингловчи қамраб олинди. “Биз коррупцияга қаршимиз” лойиҳаси доирасида 806 та тадбирда 50 527 нафар иштирокчи жалб қилинди.
“Адолатли жамият олимларга таянади” лойиҳаси орқали олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштироки билан партия дастури асосида 789 та тадбир ўтказилди. “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида Республика бўйича “Энг тоза кўча”, “Энг тоза хонадон”, “Энг тоза маҳалла” номинациялари бўйича 1 734 та танлов ташкил этилди, ғолиблар партия совғалари билан тақдирланди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича 463 та тадбирда 13 481 киши қатнашди, 17 440 туп дарахт кўчатлари экилди.
“Адолат” СДП “Адолатчи аёллар” қаноти Кенгашлари томонидан 4 050 дан ортиқ тадбирлар ўтказилиб, 1 миллиондан зиёд хотин-қизлар қамраб олинди.
“Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида тазйиқ ва зўравонликлардан жабр кўраётган хотин-қизларни ҳимоялаш мақсадида 1 816 маротаба учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилиб, 197 минг нафар хотин-қиз билан суҳбатлар олиб борилди. 8 716 нафар аёлга ҳуқуқий, 1 987 нафар аёлга моддий ёрдам кўрсатилди, 469 нафарига эса кредит олиш бўйича амалий ёрдам берилди. 170 нафар зўравонликка учраган аёлларга “Ҳимоя ордери” олиб берилди.
3 850 нафар хотин-қизлар касб-ҳунар ўрганиш учун йўналтирилди. Шу билан бирга, 18 мингдан ортиқ аёллар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. 2024 йил 5 февраль куни партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат доирасида 25 мартдан 31 майгача жойларда хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида 600 га яқин туркум тадбирлар ва 670 дан ортиқ сиёсий ўқувлар ўтказилди.
“Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида партия ҳудудий Кенгашлари ва депутатлар кўмагида 1 247 нафар ишсиз хотин-қизлар ҳамда 1 263 нафар ёшлар иш билан таъминланди. Бугунги кунда “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти соҳибларидан 17 нафари партия аъзоси сифатида фаолият юритиб келмоқда. Ёшлар масаласи бўйича 8 500 дан ортиқ тадбирлар, 1 400 та давра суҳбати, 249 та конференция, 1 216 та семинар ва учрашувлар ўтказилиб, 882 минг ёш қамраб олинди. 1 209 та ёшлар мурожаати ўрганилиб, 1 510 нафар ёшга “Ёшлар дафтари”га киритилиш тартиби тушунтирилди, 392 нафар ёшни “Ёшлар дафтари”га киритишга кўмаклашилди.

Турли даражадаги депутатлик корпуслари билан 1 051 та “Депутат ва ёшлар” учрашуви ташкил этилиб, унда 98 642 нафар ёшлар иштирок этди. 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ва 8 декабрь – Конституция қабул қилинганлигининг 32 йиллиги арафасида “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида беғараз донорлик акциялари ўтказилиб, 3 978 нафар донор томонидан 1 тонна 706 литр қон топширилди. Бу орқали 7 956 нафар қонга муҳтож бола ҳаёти сақлаб қолинди.
2024 йил 5 декабрь куни “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Конституция билимдони” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди. 14 нафар ҳудудий босқич ғолиблари иштирок этиб, совриндорлар партия эсдалик совғалари билан тақдирланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг 24 нафар аъзоси конституциявий ислоҳотлар, ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид бир қатор ташаббусларда фаол иштирок этди. Parliament.gov.uz жамоатчилик муҳокамаси порталида эълон қилинган қонунларга таклифлар бериб, ёшларни уй-жой билан таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш каби масалалар бўйича ташаббуслар ишлаб чиқилди.
2024 йилда маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган партия депутатлари 2 770 та депутатлик сўрови юбориб, 75 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилди. 1 487 маротаба мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди. “Адолат” СДП депутатлик гуруҳлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларига 339 та, доимий комиссияларга эса 874 та масала киритилди. Натижада аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъул шахсларга топшириқлар берилди ва ижро назоратга олинди.
Пленумда 2024 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ижросида эришилган ютуқлар ҳамда мавжуд камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, 2025 йилда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” муносабати билан партия томонидан амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар, партия барча даражадаги бўғинлари, Марказий аппарат, ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлар, бошланғич партия ташкилотлари ҳамда депутатлик корпусларининг масъулиятини янада ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Партия Сайловолди дастурида белгилаб қўйилган мақсад ва вазифаларни бажариш, шу жумладан, истироҳат боғлари, сайилгоҳлар ва хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқлаш юзасидан доимий депутатлик назоратини амалга ошириш; дори воситалари нархларини сунъий ошириш ҳолатларининг олдини олиш; дорихоналарда рецептсиз сотиладиган дори воситалари рўйхатини қисқартириш; аҳоли бандлигини таъминлашда партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳасини кенгайтириш каби мақсадларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
– 2025 йилда биз асосий эътиборни “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури, партиянинг 2025 йилга мўлжалланган Иш режаси, шунингдек, 2025–2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастуримиз ва Ҳаракатлар дастури ижросига қаратишимиз лозим, – деди партия етакчиси Робахон Махмудова. – Яқинда бўлиб ўтган партия Ижроия қўмитаси йиғилишида 2025 йил учун Иш режа тасдиқланиб, жорий йилдаги асосий фаолиятимиз мезони сифатида белгилаб олинди.
Пленумда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳисоботи ҳам эшитилди. Фракция раҳбари ўринбосари Муҳаммаджон Валиев 2024 йилда партия фракцияси томонидан қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ва бошқа йўналишларда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот бериб, келгусида депутатлар ҳамда партия вакиллари тизимли фаолият олиб бориши зарурлигини таъкидлади. Фракция Сайловолди дастурида белгилаб берилган ғоя ва вазифаларни амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга доир муҳим қонунлар бўйича таклифлар тайёрлаш, шу жумладан, суд-ҳуқуқ тизими, коррупцияга қарши кураш, таълим ва тиббиёт соҳаларини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришда фаоллик кўрсатгани қайд этилди.
Фракция томонидан ҳисобот даврида 12 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, шундан 4 таси тўлиқ фракция ташаббуси билан, 8 таси эса шерикликда тайёрланди. Парламент назорати доирасида мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш, аҳоли билан мулоқот давомида аниқланган муаммоларни ҳал этиш мақсадида бир қатор парламент сўровлари ҳам юборилди.
Пленум якунида партия ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан партия раҳбарияти томонидан қатнашчилар ва фаоллар табрикланиб, рағбатлантирилди.
Пленум кун тартибидаги барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, партия олдида турган устувор режаларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Сўз Пленум иштирокчиларига:
Рўйиддин РАУПОВ,
Қашқадарё вилоят кенгаши раиси:
– Пленумда партиямиз раҳбарияти томонидан кун тартибидаги биринчи масала – партиянинг 2024 йилдаги фаолияти сарҳисоби бўйича тақдим этилган маъруза ва ундаги масалаларни атрофлича муҳокама қилдик.
Таъкидлаш жоизки, партиямиз бу давр мобайнида “Адолат – ҳар бир инсон учун” Сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда сезиларли ютуқларга эришди. Хусусан, партия структуралари ва депутатлик корпуслари томонидан маҳаллаларда режали тарзда ташкил этилган учрашувлар, лойиҳалар, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари, сиёсий ўқувлар партиямизнинг аҳоли орасидаги обрў-эътиборини янада юксалтирди.
Шу билан бирга, партия аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш ва сайлов жараёнларига пухта тайёргарлик кўриш орқали партиямизнинг электорат билан ишлаш услублари замонавий тарғибот воситалари билан бойитилгани эътиборимиздан четда қолмади. Сайлов жараёнида партиямиз ташаббуси билан амалга оширилган маълумотни кенг аудиторияга етказиш механизмлари, хусусан, ахборот технологияларидан унумли фойдаланилгани партиямиз имижига ижобий таъсир кўрсатди.
Айни пайтда партия фаолиятида кузатилган бир қатор муаммолар ва камчиликлар ҳам мавжуд эканини қайд этмоқчимиз. Жумладан, партия сафини кенгайтиришда аниқ мақсадли ёндашувни янада кучайтириш, аъзолар ўртасида партия дастурий ғояларини чуқурроқ сингдириш, партия ички интизоми ва ҳисобот механизмларини такомиллаштириш кутилганидек самарали бўлмади. Шу билан бирга, аҳоли билан мунтазам учрашувлар, мурожаатлар билан ишлаш жараёнини янada таъсирчан шаклда давом эттириш лозимлиги намоён бўлди.
Пленумда билдирилган фикрларимиз, таклифларимиз асосида партия Сиёсий Кенгаши ва Ижроия қўмитаси томонидан келгуси режаларнинг аниқ белгилаб олиниши, камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши муҳим аҳамият касб этади. Биз, партия раҳбарияти ва барча даражадаги партия бўғинлари ўзаро ҳамкорликда янада фаолроқ ишлаши учун, Сайловолди дастурида кўрсатилган устувор вазифаларни изчиллик билан амалга оширишимиз лозим.
Партия тизимини мустаҳкамлаш, аъзоларнинг сиёсий савиясини ошириш, Сайловолди дастуримиз мақсадлари ва “Адолат” тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда биз, доимо партиямизни қўллаб-қувватлашни ва бу жараёнда фаол иштирок этишни мақсад қилдик.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, биз партиямиз етакчисининг ўтган йил сарҳисоби юзасидан маърузасини қўллаб-қувватлаймиз.
Жамол Комилов,
Сирдарё вилоят кенгаши раиси:
– Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан партия Сиёсий Кенгаши раҳбарининг сермазмун, таҳлилий ҳисоботини тингладик.
Дарҳақиқат, ҳисобот йилида партиямиз томонидан жамоатчилик назорати тартибида кўплаб долзарб масалалар бўйича депутатлар иштирокида ўрганишлар ўтказилди.
Депутатларимиз томонидан депутат сўрови тизимидан самарали фойдаланиб келинмоқда. Биргина халқ депутатлари Фориш тумани Кенгаши депутати М.Казаков томонидан депутатлик сўрови юборилиши натижасида 110 та хонадон учун “Электр таъминоти” корхонаси томонидан замонавий трансформатор ўрнатилиши ҳам депутатларимизнинг самарали фаолият юритаётганлигидан далолат беради.
Депутатларимиз томонидан кўплаб шу каби ижобий ишлар қилинган бўлишига қарамай, афсуски, таҳлилларга кўра, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда фаолият юритиб келаётган депутатлик гуруҳларимизнинг барчаси ҳам фаол эмас.
Маҳаллий Кенгашлардаги айрим партия депутатлик гуруҳлари томонидан 2024 йил давомида жами 36 та масала киритилган, бўлса, баъзи Кенгашлар сессияларига йил давомида бор-йўғи 4 та ёки биттагина масала ҳам киритмаганлиги ачинарли ҳолат, албатта.
Маълумки, шу йилнинг ўзида ҳокимларнинг 33 та ваколати Кенгашларга олиб берилди, яна 17 та ваколатни ўтказиш режа қилинган. Мисол учун, ичимлик суви тарифига устама, давлат объектлари ва бозорларда ижара тўловлари каби жами 7 турдаги маҳаллий йиғимлар миқдорини тасдиқлаш ваколати ҳам маҳаллий кенгашларга ўтказилиши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида халқ депутатларидан ҳудудни ривожлантиришга оид дастурлардаги вазифалар ижроси бўйича депутатлик ва Кенгаш назоратини амалга оширишда фаол ва ташаббускор бўлишни кутаётганини таъкидлади.
Халқимиз томонидан билдирилган ишончни оқлаш мақсадида биз партия етакчисининг ҳисоботида қайд этилган натижаларни янада яхшилашимиз, партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини амалга оширишда бирлашишимиз лозим. Жойларда мавжуд бўлган муаммоларни ўрганиб, маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари, сессияларида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, давлат дастурлари ижроси билан боғлиқ ва бошқа турли мазмундаги масалаларни кўриб чиқишимиз, депутатлик гуруҳларимиз фаолиятини янада жонлантириш устувор вазифамиз бўлмоғи керак.
Лола саидова,
Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари:
– Партиянинг ҳудудий Кенгаши фаоли сифатида, бугунги Пленум кун тартибида муҳокама қилинган масалалар, жумладан, 2025 йилга мўлжалланган режа ва мақсадларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Аввало, партия Сиёсий Кенгаши раисининг маърузасида илгари сурилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид Давлат дастуридан келиб чиқиб, белгилаб олинган вазифаларни аҳамиятли деб ҳисоблайман. Чунки бу режалар партиямиз электорати манфаатлари, жойлардаги аҳоли эҳтиёжлари билан чамбарчас боғлиқдир.
Шу нуқтаи назардан, биз ҳудудий Кенгаш сифатида ҳар бир лойиҳани ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, партиямиз Сайловолди дастуридаги муҳим йўналишларни ҳаётга жорий этиш учун аниқ механизмлар ишлаб чиқишимиз лозим. Чунки “Бир ойда бир иш ўрни”, “Яшил макон” каби партия лойиҳалари жойларда аҳоли фаровонлигини ошириш, экология, бандлик, ёшлар ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдек мақсадларга хизмат қилади.
Таъкидланганидек, партиянинг барча даражадаги бўғинлари, шу жумладан, биз – ҳудудий Кенгашлар, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз, бошланғич партия ташкилотлари ва фаолларимиз бир йўналишда, биргаликда иш олиб борсак, келгуси йилда кўзланган вазифаларни муваффақиятли уддалаймиз. Шунингдек, бевосита жойларда партия дастурий мақсадларини тарғиб этиш, аҳоли мурожаатларини ҳал этиш, маҳалла ва корхоналарда ўрганишлар ўтказиш орқали партиямизнинг фаолиятини янада кучайтириш кўзланган натижаларга эришишда муҳим аҳамият касб этади.
Биз ҳудудларда ушбу режаларни ҳаётга самарали ва изчил татбиқ этиш, партия аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, фаолларимиз сафини кенгайтириш, халқ билан мунтазам мулоқот қилиш ва партиявий жамоатчилик назоратини янада мустаҳкамлаш борасида барча саъй-ҳаракатларимизни йўналтирамиз. Шу орқали партиямиз “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари” тамойилини ҳаётга тўлақонли татбиқ этишига ишонаман.
Барча партиядошларимизни ушбу шарафли мақсадлар йўлида собитқадамлик билан иш олиб боришга чақираман. Биз партиямиз олдида турган 2025 йилдаги мақсад ва вазифаларни муносиб равишда амалга ошириш йўлида астойдил ҳаракат қиламиз.
Дилмурод Исмоилов,
партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:
– Кун тартибидаги иккинчи масала – фракциямиз томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисобига доир маъруза юзасидан шуни айтмоқчиманки, аввало, партия фракцияси томонидан ҳисобот даврида “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш, жойларда халқимиз билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориш, парламент назорати механизмларидан унумли фойдаланиш йўналишларида сезиларли самараларга эришилди. Фракциямиз ташаббуси билан бир нечта муҳим қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, уларда мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларида аниқ ислоҳотлар назарда тутилди. Бу жараёнда партия электорати манфаатларини ифода этиш, улар томонидан билдирилаётган фикрлар ва таклифларни инобатга олиш устувор вазифамиз бўлди.
Шу билан бирга, депутатлик сўровлари ва парламент эшитувлари орқали аҳоли фаровонлиги учун муҳим бўлган масалаларни кўтардик. Қонунларимиз ҳаётимизда қандай ишлаётганини ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, тегишли давлат идоралари ва мансабдор шахслардан аниқ чоралар кўришни талаб қилиш бўйича бир қатор аниқ ишлар амалга оширилди. Аҳоли билан олиб борилган мунтазам учрашувларимиз, партиямизнинг “Адолат – ҳар бир инсон учун”, “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари” каби тамойилларини ҳаётга самарали татбиқ этишда муҳим ўрин тутди.
Албатта, ютуқларимиз билан бир қаторда, олдимизда турган вазифалар ҳам кўп. Жумладан, партия Сайловолди дастурида белгиланган мақсадларга тўла эришиш учун қонунчилик ташаббусларимизни янада чуқурлаштириш, аҳоли билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва партия ичидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашимиз лозим. Шундай экан, 2024 йилда эришган натижаларимиз келгусида янада улкан режаларни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор бўлади, деб ишонаман.
Пленумда билдирилган барча таклиф ва тавсиялар фракциямиз фаолиятини янада ривожлантиришда, албатта, инобатга олинади. Биз – партия фракцияси аъзолари, партиямиз электорати ишончини оқлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш ва мамлакат тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш йўлида ҳамжиҳатликда хизмат қилиш учун бутун салоҳиятимизни сафарбар этишда давом этамиз.
Елена Борисова,
партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:
– Партиямизнинг бугунги XV пленумида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид ишлар фракциямиз олдига салмоқли вазифалар қўймоқда.
Жумладан, партиямиз дастурида белгиланган муҳим йўналишлар, хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш, экологик муаммоларни бартараф этиш, халқаро тажрибадан келиб чиқиб соҳаларга инновацион ёндашувларни жорий этиш ишлари фракциямиз диққат марказида бўлади. Фракциямиз аъзолари 2025 йилда бир неча муҳим қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, мавжуд қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, партия электорати томонидан кўтарилаётган долзарб масалаларнинг парламент назорати доирасида ечимини топиш йўлида фаол иш олиб боради.
Шу билан бирга, партия фракцияси аъзолари сифатида жойларда сайловчилар билан яқин ҳамкорликни кучайтириш, аҳоли билан мунтазам учрашувлар ўтказиб, уларнинг мурожаатларини ўрганиш ва аниқ механизмлар орқали ушбу саъй-ҳаракатларимиздан кенг жамоатчиликни хабардор қилиб боришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Зеро, сайловчиларимизнинг партиямизга, бизга билдирган ишончини тўлақонли оқлашимиз зарур.
Пленумда қабул қилинган тавсиялар асосида режаларимизни янада аниқлаштириш, уларни самарали амалга ошириш механизмлари ҳамда ишларимиз натижадорлигини назорат қилиб бориш юзасидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқамиз. Бу жараёнда фракциямиз аъзоларининг партиямиз Сайловолди дастурида белгилаб берилган вазифаларни бажариш ҳамда 2025 йилда олдимизда турган мақсадларни амалга ошириш борасида етарлича салоҳияти мавжуд.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати