Орадан ўтган 30 йил ичида жамиятимизда адолат тантанаси учун фаоллик кўрсатиб келган партия ва унинг депутатлик корпуси ҳамда фидойи аъзолари “Куч — адолатда!”, “Адолат ҳар бир инсон учун!” ғояларини илгари суриб, ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида самарали фаолият юритиб келмоқда. Халқчил ғоя ва дастурларни ҳаётга татбиқ этишда, албатта, наманганлик «адолат»чиларнинг ҳам муносиб ўрни бор.
Тошкентда 1995 йил 18 февралда биринчи таъсис йиғилиши бўлиб ўтгандан сўнг, орадан икки ой ўтиб, яъни 27 апрель куни партиянинг Наманган вилоят кенгашининг биринчи таъсис конференцияси ўтказилди ва вилоят кенгашини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Вилоят кенгашининг шу куни бўлиб ўтган ташкилий пленумида вилоят уйсозлик комбинати директори, Республикада хизмат кўрсатган қурувчи Асқаржон Икромов биринчи котиб этиб сайланди. Партиядан номзоди кўрсатилган Асқаржон Икромов Олий Мажлиснинг биринчи депутатларидан бўлиб, у Олий Мажлиснинг Қурилиш ва уй-жой-коммунал хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси ҳам эди. Асқаржон Икромов 2000 йилга қадар мазкур лавозимда самарали меҳнат қилди. Барча туманларда партия кенгашлари ва бошланғич партия ташкилотлари тузилиб, аъзолар сони ортиб боришига ҳисса қўшди. У кишидан сўнг Ҳакимжон Халилов тўрт йил вилоят кенгашини бошқарди. Кейинчалик Комилжон Абдуллаев, Насимжон Ҳусановлар партия вилоят кенгашига раислик қилган бўлса, 2007-2013 йилларда вилоят кенгашини Наманган муҳандислик институти ректори, техника фанлари доктори, профессор Ҳамид Аҳмадхўжаев, 2017 йилга қадар эса Олимхон Мақсудовлар бошқаришди.
Катта билим ва тажриба соҳиби бўлган бу инсонларни ҳамда ўша даврда Сиёсий Кенгашда раҳбарлик қилган Наримон Умаров ва Баҳром Абдуҳалимовни устоз даражасида кўраман ва ўз фаолиятим давомида улар берган ўгит ва тарбияга суяниб келаман. Шу ўринда тарихга айланган йиллар оралиғида партия нуфузини оширишда туман кенгаши раисларининг ҳам муносиб ҳиссалари борлигини эслатиб ўтмоқчиман. Жумладан, Уйчида Аҳмаджон Юсупов, Попда Музофат Аҳмедова, Чустда Содиқжон Аҳмедов, Норинда Абдували Мавлонов, Янгиқўрғонда Дилбар Асқарова, Мингбулоқда Олимжон Аҳмедов, Косонсойда Муроджон Жалилов, Чортоқда Ҳабибахон Мирабдуллаева ва Наманган шаҳрида Саидолим Абдураҳмонов каби ташаббускор раисларимиз ҳудудий кенгашларда самарали иш ташкил қилиб, эътибор қозонишган.

Вилоятда партия аъзолари сони 75 минг нафардан зиёдга етди. Партиядошлар орасида наманганлик олимлар, маъориф ва тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар ва турли ташкилот-муассаса раҳбарлари бор. Партия аъзоларининг 44,5 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этган бўлса, 47 фоизи хотин-қизлардан иборат. 2024 йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайловларда илк бор депутатлар аралаш тизимда, яъни мажоритар ва пропоционал тарзда сайланишди. Партияларга берилган овозлар натижасида вилоятдаги вакилларимиз Дилмурод Исмоилов ва Шуҳрат Якубов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланишди.
Аввалги сайловларда ҳам вилоятимиздан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўплаб депутатлар сайланган. Улар орасида айни пайтда давлат идораларининг етакчи соҳаларида фаолият юритаётган Ойшахон Охунова, Феруза Омонова, Анвар Сулаймонов ва Акмал Бурхоновлар бор.
Вилоят бўйича маҳаллий кенгашларга сайланган депутатларнинг 53 нафари партиямиз фаоллари бўлиб, улардан 7 нафари вилоят ва 46 нафари туман ва шаҳар кенгаши депутати мақомига эришишди. Айни кунда маҳаллий кенгаш депутатлари орасида фаоллик кўрсатаётган, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксалишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Мусохон Оппоқов, Наримон Деҳқонов, Ғуломжон Ҳамдамов, Адҳамжон Ҳамраев, Фазлиддин Одашев, Тоҳиржон Бойдедаев, Дурдона Ҳатамова, Улуғой Одилова, Лобар Рустамова, Фарида Абдураҳмоноваларни ҳамда Ёшлар парламенти аъзоси, депутат Нозима Акбарова, партия фаоли Абдулбосит Собирхоновни алоҳида эътироф этсак арзийди. Айни дамда партия билан ҳамнафас бўлиб келаётган ҳуқуқшунос Зулфия Аҳмадхўжаева, тадбиркор Воҳидхон Ғаффоров, тиббиёт ходими Ойшахон Қосимова, маъориф ходими Шоира Турғунбоева ва устоз журналист Нурбек Абдуллаевни ҳамда туман кенгашларини узоқ йиллардан бери бошқариб, иш услублари, камтарликлари билан барчага ўрнак бўлаётган Заҳрохон Аҳмедова, Зафаржон Ҳасанов ва Раънохон Умароваларга чуқур ҳурмат билдирамиз.
2024 йилги сайловолди учрашувлари чоғида вилоятимизга ташриф буюрган «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова: “Наманган қадимдан кўплаб истеъдод эгаларининг парвозига қанот берган илоҳий бир маскан. Бу кўҳна юртда Маҳдуми Аъзам Косоний, Бобораҳим Машраб, Фазлий, Нодим Намангоний, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммадшариф Сўфизода каби маърифатпарвар кишилар туғилиб, ижод қилган. Миллий уйғониш даврининг етук намояндаларидан бири, Ватан ва халқ истиқлоли учун жонини фидо қилган улуғ жадид бобомиз Ибрат домла нафақат ўзи туғилиб ўсган Тўрақўрғон заминини, балки бутун Наманганни Марказий Осиёга, қолаверса дунёга машҳур этган”, дея эътироф этган эди.
Дарҳақиқат, наманганлик ҳар бир зиёли қатори партиямиз вакиллари ҳам улуғ боболаримиз изидан бориб, уларга муносиб авлод бўлишга интилиб келмоқда. Партия дастурини ҳаётга татбиқ этиш, унинг танилувчанлигини оширишда вилоят кенгаши ҳар бир ходимининг муносиб улуши бор. Айниқса, бу соҳада катта тажриба тўплаган, устозлик мақомига эришган Баҳодир Болтабоев, Ёрқиной Ҳожиматова ва Дилшода Турғунова номларини алоҳида эътироф этсак арзийди.
Хулоса қилиб айтганда, “Адолат” СДП бугунги кунга келиб ўз тараққиётининг янги сифат босқичига кўтарилди. Сафимизга кўплаб ташаббускор, сиёсий етук кишилар аъзо бўлиб кирди. Бунинг ҳисобига бошланғич партия ташкилотлари сони 600 тадан ошди. Бу эса барча тузилмаларнинг тарғибот-ташвиқот фаолиятини янада юқори даражага кўтариш имконини беради.
Фурсатдан фойдаланиб, барча аъзоларимиз ва фахрийларни, депутатларни, ёшлар ва аёллар қаноти фаолларини, хайрихоҳларни партиямиз ташкил топганлигининг ўттиз йиллик байрами билан қутлайман.