Партия ташкил топган дастлабки йилларда баъзи юртдошларимиз янги сиёсий кучнинг “Адолат” деб номланишидан мақсад нима эканлигини биз фаоллардан сўрашар эди. Мен ҳеч иккиланмасдан мазкур сиёсий куч жамиятимизда адолат мезонининг бузилишига қарши иш олиб боради, деб жавоб берар эдим.
“Адолат” СДП илгари сураётган адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги ғоялари Президентимиз саъй-ҳаракатларига ҳамоҳанг эканлиги билан аҳамиятлидир. Зеро, “Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ инсон қадрини улуғлашни энг олий қадрият сифатида эътироф этдик. Янгиланган Конституциямизда ҳам Ўзбекистон ҳуқуқий давлат эканлигини муҳрлаб қўйдик. Ягона мақсадимиз – адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизни рози қилиш”, дейди давлатимиз раҳбари.
Дарҳақиқат, ўтган йиллар “Адолат” СДПнинг вилоят кенгаши ташкилий жиҳатдан ўзини ростлаб, танилишида, нуфузи ва салоҳияти ортишида, одамлар меҳри ва ишончини қозонишида муҳим давр бўлди. Дастлаб 8 нафар аъзо ва битта бошланғич партия ташкилоти билан иш бошлаган вилоят ташкилоти сафи кенгайиб, бугунги кунга келиб, аъзолар сони 84 минг нафарга, БПТлар сони эса 583 тага етди. Шуни мамнуният билан қайд этмоқчиманки, партиямизга хайрихоҳлар, қизиқувчилар кўпайиб, улар сони ҳам юз мингдан ортиб кетди. Айниқса, 2019-2024 йиллар партия учун ҳар томонлама ўсиш даври бўлди. Шу боисдан 2024 йилда бўлиб ўтган сайловлардан кўнглимиз тўлди.

Мен партиянинг вилоят кенгашига қарийб 10 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида раҳбарлик қилдим. Шу йиллар ичида “Адолат” СДП ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб чиниққан 293 нафардан ортиқ ёшлар айни пайтда турли идора ва ташкилотларда муқим иш ўринларига эга бўлиб, намунали фаолият юритмоқдалар. Партияда тарбияланиб, мустақил ҳаётга учирма бўлган ёшларнинг бири бугун саноатда, бошқаси қурилишда, яна қайсиси ҳоким, хуллас, халқ хўжалигининг турли тармоқларида Янги Ўзбекистонни барпо этишга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Шахсан ўзим ҳақимда айтадиган бўлсам, тўғриси, “Адолат” СДП билан бирга ҳамнафас бўлиб, асло кам бўлганим йўқ. Обрўйимга обрў қўшилди. Халқимиз икки марта мени халқ депутатлари вилоят Кенгашига депутат этиб сайлади. Мен партиядан бениҳоя миннатдорман. Шу кеча-кундузда Қашқадарё вилоят “Қизил ярим ой” жамияти раиси сифатида фаолият олиб бораётган бўлсам-да, партиянинг вилоят кенгаши билан доимо алоқадаман. Партиянинг тадбирларида иштирок этаман. Партия Сайловолди дастури ва ташаббусли лойиҳаларини амалга оширишда баҳоли қудрат ҳисса қўшаяпман. Айниқса, партиянинг “Кекса авлод ҳақида ғамхўрлик қилиш – ижтимоий адолатнинг бош мезони” лойиҳаси доирасида ташкил этилаётган давра суҳбатлари, учрашувларда мунтазам иштирок этмоқдаман.
Ушбу қутлуғ кунларда барча “адолат”чиларни партия ташкил топганига 30 йил тўлиши муносабати билан чин дилдан қутлаб, кейинги фаолиятларига улкан зафарлар тилаб қоламан.
