Кейинги йилларда юртимизда ўзини-ўзи бошқаришнинг ноёб тизимини ҳаёт мезонига айлантириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. Хусусан, маҳаллаларда маънавий-маърифий ислоҳотлар билан бир қаторда аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш, ишсизларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, камбағалликни қисқартириш билан боғлиқ кенг қамровли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Энди одамлар ўзларини қийнаётган муаммолар ечимини ҳал этишни сўраб ҳар хил идораларга қатнашига ҳожат қолмади. Бугунги кунда маҳаллага мурожаат қилиш орқали кўпгина масалаларга ижобий ечим топяпти. Айниқса, кундалик ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган, муносиб ҳаёт кечириш учун зарур бўлган йўл, сув, электр энергияси, газ ва бошқа масалалар бўйича маҳаллалар тизимли иш олиб бормоқда.
Дарҳақиқат, демократик давлатда маҳалла инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамиятининг муҳим элементи сифатида катта аҳамиятга эга. Маҳалла ишида энг муҳими бу давлат идоралари билан яқин ҳамкорлик ва шерикликдир. Маҳалла қонун ҳужжатлари юрисдикциясига кирмайдиган кўпгина масалаларни инсонпарварлик, қўшничилик тамойиллари асосида ҳал қилади. Анъанавий қадриятларни асраб-авайлаш ва авлоддан авлодга етказиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш маҳалланинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Айнан шу масалалар ечими доирасида маҳалланинг нуфузини кўтариш нафақат иқтисодий-ижтимоий, балки сиёсий, тарбиявий, улкан маънавий масала эканлиги устувор вазифа сифатида белгиланиб, уни мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ишончли таянчи ва таъсирчан кучи бўлиб хизмат қилишига зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Маҳалла халқ билан давлат ўртасидаги кўприк бўлиши керак. Одамларнинг қувончу ташвишидан доимо хабардор бўлиш маҳалланинг асосий вазифасидир». Бунинг учун “маҳалла раиси ислоҳотчи бўлиши керак”.
Ислоҳот ислоҳот учун эмас. Обод Ватан обод маҳалладан бошланиши учун маҳалла раиси ўзини ўзи ислоҳ қила олиши, ўзига нисбатан талабни кучайтириши, мунтазам малакасини ошириб бориши, салоҳиятли ва талабчан бўлиши бугунги кун талабидир.
Республика Президентининг Хоразм вилоятига ташрифи чоғидаги “Маҳалла раисларини сайлаймиз, улардан кўп нарса талаб қиламиз, лекин бунинг учун маҳаллий раҳбарлар нима қиляпти, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Энди давлат идоралари ходимларининг моддий манфаатдорлиги, одамларнинг розилигидан келиб чиқиб белгиланадиган тизим қиламиз. Солиқ, молия, бандлик, инвестиция, тадбиркорлик ва бошқа масалаларга масъул раҳбарлар маҳаллаларда ишлайди. Маҳалла раислари ўз ҳудудидаги муаммолар бўйича уларга талаб қўяди” деган фикрлари ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.
Бугун юртимизда 9 минг 452 та маҳалла фаолият юритмоқда. Албатта, маҳаллалар ўз зиммасидаги вазифаларни самарали бажариши учун ҳуқуқий асослар билан бирга, етарли шарт-шароитларга ҳам эга бўлмоғи лозим.
Сўнгги 3 йилда жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланган маҳалла институтини халқимизнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш борасида қатор амалий чоралар кўрилди. Хусусан, соҳага оид 42 та қонун ҳужжати, шу жумладан 4 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та фармон ва қарори, ҳукуматнинг 33 та қарори қабул қилинди, 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилди.
Маҳалла раислари ва “еттилик” вакиллари эҳтиёжманд, кам таъминланган, оилавий шароити оғир хонадонлардаги ижтимоий-маънавий муҳитни мунтазам равишда хонадонбай ўрганмоқда ва аниқланган муаммоларнинг ечимини топиш чоралари кўриляпти.
Зеро, маҳалла раислиги, бу – одамлар тақдири ва келажаги, қувонч ва ташвишларига дахлдор вазифадир. Айнан шу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга доир қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан, жумладан, фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддатини уч йилдан беш йилга ўзгартириш ҳамда фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда бўшаб қолган ўринларга янги сайлов ўтказиш орқали фуқаролар йиғини раисини беш йил муддатга сайлаш тартибини белгилаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ ваколатларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ўтказиш режалаштириляпти.
Бундан ташқари, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссиясининг фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ ваколатлари Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларига ўтказиш ҳамда ҳудудий фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларининг номини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари сифатида ўзгартириш назарда тутилмоқда.
Жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган навбатдаги фуқаролар йиғинлари раислари сайловида раисликка номзодларга талаблар кучаяди. Аниқ мезонлар белгиланади.
Мазкур жараёнга илмий-таҳлилий ёндошган ҳолда республикамизнинг қатор тадқиқот марказлари ўз хулосаларини эълон қилмоқдалар. Жумладан, “Оила ва гендер” илмий тадқиқот институтининг таҳлилларига кўра, фуқаролар йиғинлари раислари келгусида қатор масалаларга эътиборни қаратишлари лозим бўлади.
Хусусан, Қорқалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2025–2030 йилларга мўлжалланган ҳар бир маҳаллада комплексларни ташкил этиш бўйича ҳудудий манзилли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; ҳар бир маҳаллада ўз ичига гузар, қулай ва арзон дорихоналар, зарур маиший хизмат ва сервис шохобчалари, болалар майдончаси ҳамда кичик истироҳат боғини қамраб оладиган “Маҳалла экосфераси” марказини барпо этиш; маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларининг кадрлар билан таъминланиш ҳолатини мониторинг қилиш; маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари раҳбар ва ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш мақсадида Маҳалла тизими раҳбар ва ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш институти – Маҳалла академиясини ташкил қилиш; касбий тайёрлашни тизимли равишда ҳамда замонавий таълим технологиялари ва ўқитишнинг замонавий услубларидан кенг фойдаланган ҳолда ташкил этиш, ўқув жараёнига республикамиздаги етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари олимларини, давлат органларининг малакали амалиётчи мутахассисларини, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ходимларини шартнома асосида жалб этиш; фуқаролар йиғинларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, уни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш масалалари юзасидан тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш; фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг, сув таъминоти манбаларининг, турар жойларнинг, таълим муассасаларининг санитария ва экологик ҳолати, ёнғин хавфсизлиги талабларига, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига, савдо қоидалари ва фуқароларга хизмат кўрсатиш маданиятига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш; оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, энг аввало, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш учун мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш; маҳаллада оила психологи, оила медиатори хизматини йўлга қўйиш; маҳаллаларнинг ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси ҳамда табиий бойликлари билан таништиришга қаратилган манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Тарихий маҳалла” мақомини олган фуқаролар йиғинларида этнотуризмни ривожлантириш ва жозибадорлигини ошириш ҳамда туристик маршрутларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Албатта, тараққиётнинг ҳозирги босқичидаги стратегик вазифалар демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини изчил ривожлантириш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишдан иборат. Ўзини-ўзи бошқариш, мамлакат ҳаётида иштирок этиш имкониятини бериш фуқароларнинг ўз тақдири учун жавобгарликни англашнинг ягона йўлидир.
Зеро, маҳалла ҳаётимизда катта ижтимоий куч сифатида майдонга чиқди.
