Қаерда озодалик, тозалик, мусаффолик бўлса, ўша ерда гўзаллик юзага келади. Гўзалликдан эса кўнгиллар яйрайди, қалблар қувончга тўлади. Ундан баҳра олган ҳар қандай одам “Қанийди юртимизда шундай гўзал гўшалар, масканлар кўп бўлса”, деб орзу қилади.
Юртимизда, шаҳар ва қишлоқларимизда, хусусан, мамлакатимиз пойтахтида кейинги йилларда барпо этилган гўзал масканлар кўп. Лекин кўнгилни хира қиладиган, гўзалликка доғ бўлиб тушадиган жойлар ҳам йўқ эмас. Келинг, муддаога ўтайлик.
Пойтахтимизнинг қоқ марказида, метрополитеннинг Чилонзор йўналишидаги “Новза” бекатидан чиқиб, Анҳор томонга сал юрсангиз, йўлакнинг шундоқ ёнида катта ахлатхонага, чиқиндилар ташланадиган жойга дуч келасиз. Бу жой Чилонзор туманидаги маҳаллалардан бири учун, аниқроғи, “Новза” бекати яқинидаги иккита кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг чиқинди ташлашлари учун мослаб қурилган. Мослаб қурилган дейишимизнинг сабаби бор. Маълумки, кейинги йилларда маҳаллаларда, мавзелар ва даҳаларда чиқинди ташланадиган жойлар девор билан ўраб олиниб, ахлатлар учун турли хил махсус қутилар қўйилмоқда. Бу чиқиндиларнинг сочилиб, атрофни ифлослантирмаслиги, ҳар хил қўланса ҳидлар чиқариб, тоза ҳавога зарар етказмаслиги учун қўл келмоқда. Афсуски, “Новза” бекати яқинидаги чиқиндихона бундай қулайликларга эга эмас. У чиқиндилар тўпланадиган жой сифатида мослаштирилган, холос. Яъни, катта йўл ва йўлак ўртасида омонат жой ҳозирланиб, унинг ичига чиқинди ташланадиган темир қути қўйилган. Чиқиндилар кўпайганда улар темир қутига сиғмай, йўлакнинг ҳам бир қисмини эгаллайди. Шунинг учун бу ерга ташланган чиқиндилар аксарият ҳолларда йўл ва йўлакларга сочилиб ётади. Бу ердан ҳар куни ўтадиган минглаб одамлар ана шу чиқиндиларнинг қўланса ҳидидан, ахлатлар туфайли юзага келадиган ифлосликлардан “баҳраманд” бўладилар.
Бу ҳолатдан фақат йўловчиларгина эмас, ёш болалар ҳам “баҳра олишади”. Негаки, юқорида эслатганимиз иккита кўп қаватли уйларда яшовчи болажонлар учун ўйин майдони ҳам айнан ана шу чиқиндихонанинг биқинида жойлашган.
Бундан ташқари, ушбу чиқиндихонанинг ўзига хос “мижозлари” ҳам бор. Бу “мижозлар” қишин-ёзин ҳар куни эрталабдан кечгача чиқиндихона яқинида, метронинг чиқиш йўлаги атрофида жойлашиб олиб, чиқиндилар орасидан пластмасса ва эски буюмларни, яъни иккиламчи бозор маҳсулотларини йиғадилар. Табиийки, чиқиндилар “мижозлар” томонидан титкиланиши оқибатида йўлакка сочилади ва улардан чиқадиган қўланса ҳид янада кучаяди.
Бу йил ёзнинг айни чилла пайтидан бошлаб ушбу жойда яна бир ажабтовур ҳолат рўй берди – хусусий тадбиркорлардан бири ушбу чиқиндихона ёнида шарбатлар савдосини йўлга қўйди. Кўнгли тусаганлар чиқиндихона ёнида чанқоғини қондиришмоқда.
Хуллас, шунақа гаплар!
Бу ердан ҳар куни бир неча минглаб одамлар ўтадилар. Ушбу ҳолатни кўрадилар, лекин ҳеч ким бу хусусда “Ахир чиқиндихоналарни, ахлат тўпланадиган жойларни шаҳарнинг одамлар гавжум жойларига, болалар ўйингоҳларига яқин нуқталарга жойлаштириш уят-ку, санитария-тиббиёт қоидаларига зид-ку!” демайди. Гўё шундай бўлиши керакдек, бу ҳолатга эътиборсиз, лоқайд қарайдилар.
Эҳтимол, уларнинг лоқайдлигини, эътиборсизлигини тушунса бўлар. Лекин шу чиқиндихонани, ахлат тўпланадиган масканни шу ерга жойлаштирган Чилонзор туман ободонлаштириш бошқармасидагиларнинг бу борадаги фаолиятини, шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги марказининг бу ҳолатга эътиборсизлиги, лоқайдлигини қандай тушуниш мумкин?!
Ёки уларнинг ўзлари ушбу масканда ана шундай кўримсиз, ёқимсиз ҳолатнинг юзага келишига бош-қош бўлишаётганмиканлар?! Ахир минглаб одамлар, йўловчилар ўтадиган йўлакка чиқиндихона жойлаштириш, уни ифлос масканга айлантириш нафақат уят, инсофсизлик, фаросатсизлик-ку!
Биз юқорида ушбу ахлатхона ёнидан ҳар куни минглаб одамлар ўтиб қайтишини бир неча марта такрорладик. Бу бежизга эмас. Чунки ўша минглаб беэътибор, лоқайд юртдошларимизнинг орасида юзлаб хорижлик меҳмонлар ҳам бор. Улар пойтахтимизнинг қоқ марказидаги бу манзарани қандай баҳолашар экан?.. Мутасаддилар масаланинг шу томонини ҳам бир ўйлаб кўришса, ёмон бўлмасди, назаримда.
Умуман, бундай ҳолатдан, уятсизликдан уялайлик!
Ҳақгўй