ADOLAT 24

Эъзозхон Исматова: “Ҳар бир истеъдод ўзини намоён қилиши керак!”

Копирайтинг — нафақат сўз санъати, балки маълум бир соҳанинг муваффақиятини таъминловчи йўл. Бугунги кунда маркетинг дунёси учун ажралмас бўлган ушбу соҳа истеъдодли ёзувчилар учун катта имкониятлар тақдим этиши билан юртдошларимиз, айниқса, ёшлар орасида тез фурсатда тилга тушди ва оммалашди. Қайд этилишича, копирайтинг­га бўлган қизиқишнинг ортиши, бу соҳанинг афзаллик­лари билан боғлиқ: ижодкорлик, мустақиллик ва ўз фикр­ларини эркин ифода этиш имконияти. 

Соҳа экспертлари малакали копирайтерлар бир ойда ўртача 5-15 миллион сўмгача пул топишлари мумкинлигини таъкидлашади.

Эъзозхон Исматова 600 нафардан ортиқ шогирдни соҳада даромад олишга йўналтирган тажрибали устоз сифатида танилган. Шогирдларининг барчаси копирайтинг орқали ўз истеъдодларини ривожлантириб, даромад олиш имкониятига эга бўлди. Унинг “Kopirayter kundaligi” канали эса катта миқдорда пул топаётган тиришқоқ шогирдларнинг ютуқларига тўлиб кетган. 

Эъзозхон Исматова биз билан суҳбатда копирайтинг назарияси, амалиёти, соҳанинг ўзига хос жиҳатлари, замонавий медиа бизнес оламида копирайтерларга бўлган эҳтиёж бўйича ўз фикр­ларини ўртоқлашди ҳамда шогирдларининг соҳадаги муваффақиятлари ва имкониятлари хусусида сўз юритди. 

– Сизни ижодкор, ўқитувчи, копирайтер дея таништираман. Сизга берилган таърифлар етарлими ёки қайсинисидир эсдан чиқардимми?

 – Ҳаммаси тўғри. Яна аудиомейкер, сценарист, филолог ҳамман. Лекин эришган мақомларим ичида энг муҳимлари бу рафиқалик ва оналик. Ҳозир нафақат педагог, нафақат ижодкор ёки копирайтер, балки 3 нафар фарзанднинг онасиман. Жамият учун керакли шахслар тарбияси билан машғулман.

Фарзандли бўлгач эса копирайтинг оламига кириб келдим. Сўз орқали санъат асари яратишнинг бошқа усулларини ўргандим. Кишиларни сотувга ундайдиган матнлар ёзишга киришдим. Натижада, мана, 5 йилдан бери шу оламдаман. Ортимдан 600 дан зиёд шогирд олиб кириб, кичик бир жамият яратдим. Аммо касбим – ўқитувчилик. “Дек­рет”дан сўнг олийгоҳда ишлашни кўзлаб турибман. Катта-катта аудитория­ларда дарс бериш учун билим ва куч йиғмоқдаман.

– Суҳбатни болалик даврингиздан бошласак. Айтишларича, ишбилармон, уддабуронлигингиз болалигингизданоқ тилга тушган экан. Хўш, ўша пайтдаги тиришқоқ ва қизиқувчанлигингиз сизга нималарни ўргатди?

– Оҳ-ҳо, сиз сўраманг, мен айтмай. Ўзимни омадлиман, деб ҳисоблайман.

Ўқувчилик йилларимданоқ дадамнинг компьютер ва принтерларидан фойдаланиб, пул ишлашни бошладим. Рефератлар, ижодий ишлар… Чунки мактаб дас­турини жуда тез ўзлаштирардим, сўнг зерикиб ўтирардим. Ёшлигимдан бош­лаб ўз жамғармам бўлган. Бироқ бунга мени ҳеч ким мажбур қилмаган. Аксинча, ота-онам қўллаб-қувватлаган, хоҳишларим “қанотини қайиришмаган”. Чунки ўқишим аъло даражада эди-да.

Лицейда аниқ фанлар йўналишида ўқишни бошладим. “Банкда ишлайман!” деб ният қилардим… Аммо 1-курсдалигимда кучли руҳий травма олдиму, математикадан қийнала бош­ладим. Миям тўхтаб қолгандай, ҳеч нимани ўйлагим келмасди. Кейин Навоий давлат педагогика институтининг инглиз тили ва адабиёти йўналишига грант асосида қабул қилиндим. ОТМ менга шахсий ривожланиш учун катта эшиклар очди. Танловлар, саммитлар, анжуманлар, симпозиумлар… Ва шу қаторда яна ўша қадрдон машғулотларим ҳам қолиб кетмади.

Институтда ўқирканман, ҳамма ишим режали, тартибли эди — репетиторлик қилардим, таржима билан шуғулланардим, буюртмага овоз ёзардим, компьютердан ҳужжатлар, ҳар хил креатив тақвимлар чиқариб, “тикиб” сотардим, Телеграмда гуруҳ очиб, иш юритиб, буюртма олиб, савдо қилардим. 2016-2017 йилларда биринчи марта қўлимга маош сифатида доллар олганман. Сўнг инс­титутда ўқиш даврида ижодга ишқим кетди. Драбл ёзишни машқ қилдим. Ёзганларим алманахлардан ўрин олди, газеталарда чиқди, танловларда қатнашишимга сабаб бўлди. Ундан кейин тадбиркорликка қизиқа бош­ладим. Катта тадбиркор бўлдим, дея олмайман. Аммо лицей давридаёқ принтердан китоб чиқариб сотиб, репетиторимга керак пулни бемалол топардим. Талабаликда ҳам Тошкентдан улгуржи нархда маҳсулот олиб, шаҳрим бўйлаб буюртма қилганларга тарқатар эдим.

Сўнгроқ сўзга муҳаббатим ҳаммасидан устун келди. Насрда ижод қилишга берилиб кетдим. Институтда ўқиш даврида инглиз тили билан боғлиқ респуб­лика бўйлаб кўплаб саммиту анжуманларда, кўрик-танловларда қатнаш­дим. Буларнинг бари ўзимга нисбатан ишончимни оширди. Иккиланиш, қўрқув каби ҳисларни енгиб ўтишга ўргатди. Қўлимдан неки келса, синаб кўриш иштиёқини уйғотди. Ўшандаёқ “Ҳар қандай қобилият даромад келтириши керак” деган гапни шиор қилиб олган эдим. Шунинг учун ҳам нафақат копирайтинг ёки педагогика, балки аудиомейкер, сухандонлик, сценаристликда ҳам ўзимни синадим. Таж­риба орттирдим. Буларнинг барчаси шаклланишимга катта туртки берган.

– Копирайтингни танлашингизга асосан “бола парвариши” таътилини сабаб қиласиз. Ва бу орқали кўплаб хотин-қизлар ҳаётини тамомила ўзгартириб юбориш мумкинлигини амалда исботлаб келяпсиз. Нима учун?

 – Фарзандли бўлгунимча ижтимоий фаол эдим, бир пайтнинг ўзида бир неча хил иш билан шуғулланардим. Ҳам талаба, ҳам мактабда ўқитувчи эдим. Оналик таътилида ҳаётдан узилиб қолгандай бўлдим. Табиий, руҳий жараёнлар менга босимдай таъсир қилди. Чунки бу ҳақида етарли билимим бўлмаган. Бу вақтинчалик ҳолат эканини ёш, ғўр ақлим қабул қилолмаган. Шундай қилиб, аввал овоз бериш билан боғлиқ ишимга қайтдим. Сўнг­роқ копирайтинг оламига кирдим. Бир йилдан сўнг уни ўргатишни бош­ладим.

Мақсадим – ўзим каби қийналган аёлларга, даромад келадиган манбасини кўпайтиришни истаган йигит-қизларга ёрдам бериш эди. Ҳозир ўқув курсларимдан ташқари якка тартибда консультация ҳам ташкил қилганман. Унда ўзимда бор тажрибалар асосида талабгорга муаммосини таҳлил қилиб, ечим бўла оладиган тайёр траектория чизиб беришга ҳаракат қиламан. Бу имкониятлардан фойдаланиш керак, холос.

Менинг бир шиорим бор: ниманидир мақсад қилсам, шу мақсадга мендан олдин эришган одамни топаман. Унинг таж­рибасини ўрганаман. Хато ва ютуқларини таҳлил қиламан. Шунга биноан ўз йўлимни чизаман. Натижада шогирдлариму, консультациямга келганларга ҳам малакам асосида таж­рибаларимни ўртоқлашаман.

– Келинг, шу ўринда копирайтингда даромад топишни кўриб чиқсак. Буни бошқаларга қўшимча касб сифатида ўрганишни тавсия қиласизми?

 – Копирайтинг – бу реклама ва маркетингда ёзувлар яратиш жараёни. У маҳсулот ёки хизматни қизиқарли ва жалб қилувчи тарзда тақдим этишга ёрдам беради. Мақсад – ўқувчиларни қизиқтириш ва сотишни ошириш. Эффектив копирайтерлар мижозларнинг эҳтиёжларини тушуниб, уларга мос ёзувлар ёзадилар. Натижада, яхши копирайтинг маҳсулотга талабни ошириши мумкин. У яхлит бир бутун профессионал касб. Шунчаки интернетдан даромад қилиш усули эмас. Шундай экан, унга жиддий муносабатда бўлишларини тавсия қиламан. Шунинг­дек, бу касб ҳамма учун эмас. Ҳаммага бирдай тўғри келадиган умумий соҳа эмас. Уни ўрганаётганларга эса пухта билим олишни, изланишни, амалиёт қилишни ва имкон қадар асосий ишга айлантиришни тавсия қиламан.

Аммо қўшимча касб, деб қарайдиганларни ҳам қораламайман. “Ҳеч қурса қўшимча сифатида эплаяптилар-ку! Офарин! Кучайтирсинлар!” дейман. Дарвоқе, шу ўринда яна бир нарса эсимга келди. Суҳбатларда шундай савол беришади: “Копирайтинг­га пул учун кирганларга қандай қарайсиз?”. Албатта, тўғри қарайман! “Ажойиб!” дейман ҳатто. Чунки мақсад бор. Демак, киши нимага қараб ҳаракат қилишни, қаерга қараб интилишни билади. Пул учун ишлаш эса, сизга айт­сам, ёмон иш эмас. Шундай экан, қобилиятинг орқали даромад келадиган яна бир канални очиб қўйиш — чинданам ажойиб.

– Шогирдларингиз сизни меҳрибон, қаттиққўл, ҳар нарсага эътиборли, дея таърифлашди. Нима деб ўйлайсиз, маҳоратли ўқитувчи бўлиш қанчалар машаққатли?

– Биласизми, бир нарсани нафақат ўқувчилар, балки экспертлар ҳам тушунишларини жуда хоҳлардим: яхши мутахассис дегани яхши ўқитувчи дегани эмас. Педагоглик алоҳида масала. Албатта, ҳамма зўр мутахассислар ўз соҳаларидан ёшларга етарлича дарс бера олади, дегани эмас. Буни айнан ўқитувчилар сулоласидан бўлганим учун ҳам яхши биламан. Боболарим, бувим, аммаларим, тоғаларим, холаларим, янгаларим ҳам ўқитувчи. Дадам, онам ҳам шу касб эгаси бўлганларидан хонадонимизда ўзгача муҳит ҳукм сурарди.

Ўқитувчи нафақат соҳани яхши билиши, балки уни ўрганувчига енгил, осон ва тушунарли шаклда етказиб бера олиши керак. Маълумотни шунчаки айтиб беришни тўти ҳам эплайди. Масала шуни керакли усуллар, танланган сўзлар билан етказишда! Шунинг учун иккиланмай айтаман: маҳоратли ўқитувчи бўлишнинг ўзи бир маҳорат. Бу кишидан билимдан ташқари иштиёқ, қобилият, ташаб­бускорликни талаб қилади.

– Яхши копирайтернинг 3 хис­латини айтинг дейишса, қайси жиҳатларини тилга оласиз?

 – Биринчиси – янгиликка, ўрганишга ташналик. Иккинчиси – мослашувчанлик. Учинчиси эса “проблем мейкер” (“муаммо туғдирувчи”) эмас, “проблем солвер”( “муаммо ечувчи”) бўла олиш. Агар мана шу 3 сифат бир ерда кесишса, бош­қа соҳаларда ҳам муваффақият қозониш мумкин, деб ҳисоблайман. Копирайтинг – замонавий касб. Ҳар куни янги билимлар, трендлар, тенденциялар яратилади. Илгари сурилади. Янги таж­рибалар, янги ғоялар дунё бўйлаб кезади. Уларни илғаш ва ўрганиш керак. Сўнг амалга татбиқ қилиш лозим. Бундан ташқари, копирайтер ҳар хил жамоада ва ҳар хил лойиҳа устида ишлашга тўғри келади: металлаломми, сув брендими, борингки, гулқоғозми – фарқи йўқ. Ана шу лойиҳалар, уларнинг мақсадли аудиториясига мослаша олиш лозим. Шунда етказиш лозим бўлган мессежни яққол пайқайди ва ёндашади. Ҳозирги кунда бундай мутахассислар учун бозорда жуда кўп бўш иш ўринлари бор.

Бундан ташқари, копирайтер мутахассис саволларга кўмилиши ёки кўмиши эмас, атрофдан унинг жавобини излашга интилиши, маълумотни фақатгина кутиши эмас, излаши, таҳлил қилиши ва аудиторияга мос тақдим қилиши керак. Бир гап билан айтганда, вазифага сидқидилдан муносабатда бўлиш лозим.

– Маркетингнинг ушбу ноодатий туридан яхшигина даромад топиш – шунчаки хомхаёл, дегувчиларга нима деган бўлардингиз?

– Иложи йўқ, дейишяптими? Ҳа, айнан улар учун бунинг иложи йўқ. Ҳар ким ўз хулосасига муносиб. Кишилар қайсидир хулосага келиш учун қандайдир босқичлардан ўтадилар. Бу табиий жараёнга аралашишни хоҳламайман. Марҳамат, шундай ҳисоб­лашсин. Улар шу фикрда эканликларида бу ёқда қанча мутахассиснинг уйига шу соҳадан нон киради.

– Табиийки, “Олма пиш — оғзимга туш” деб ўтириш муваффақиятни кафолатламайди. Шогирдларингизни ишга йўналтиришга, ўзини-ўзи эплаб кетишига кўмаклашасизми? Нима учун буюртмачи сизнинг шогирдингизни танлаши керак?

– Шогирдларимга иш топиб бермайман. Аммо иш топиш йўлларини ўргатаман. Қандай мулоқот қилишни ҳам. Ҳатто тушунмаган, билмаган буюртма келиб қолса, нима қилиш ҳақида ҳам дарслар ташкил қилганман.

Менинг шогирдларим, асосан, ўзимга ўхшаб тез ишлайдилар. Вазиятга, жамоага, лойиҳага, буюртмага тез мослашадилар. Мужмал ҳамкорлик қилмайдилар. Аниқ-конкрет муносабат ўрнатадилар. Сифатли хизмат кўрсатадилар.

– Суҳбатингиз учун ташаккур!

Илҳомжон АБДУҚАЮМ ўғли

суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

Яшашга ундовчи ижод (Тўйхат ўрнида)

admin

Инсонга эътибор — саломатлик гарови

admin

Депутатлар ҳисобот берди: Энг холис баҳо сайловчилар фикрида намоён бўлади (Тошкент шаҳри Андижон ва Наманган вилоятлари)

admin