ADOLAT 24

Салоҳиятли номзодларга овоз берамиз

«Адолат» СДП кучли, эркин ва адолатли фуқаролик жамияти қуришни ўзининг бош мақсадларидан бири деб билади. Бу йўлда депутатларнинг сайловчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотини йўлга қўйиш ва муаммоларга жойида ечим топиш учун депутатлар иш вақтининг ярмини, албатта, ўз сайловчилари олдида ўтказишни белгиловчи тартибни жорий этишни таклиф қилади. Бу ташаббус жойларда сайловчилар билан ўтказилаётган учрашувларда қўллаб-қувватланмоқда.

Избоскан туманида Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзод Сухроб Алиев билан ўтказилган учрашувда юқоридагилар тўғрисида сўз борди. Иштирокчилар партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад ва ғоялар билан таништирилгач, унга мос равишда ишлаб чиқилган номзод дастурига эътибор қаратдилар. Жамоатчилик билан яқиндан ишлаш, маҳалла институтининг мақомини янада ошириш, фуқаролар мурожаатларига эътибор ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган таклифлар қўллаб-қувватланди.   

– Сайловчиларнинг фаоллиги ошиб бораётганидан хурсандмиз, – дейди халқ депутатлари Избос­кан туман Кенгаши депутати Дилфуза Аҳмедова. – Улар беш йил аввалги сайловчи эмас. Номзодларнинг сайловчилар билан яқин мулоқотда бўлаётгани ҳам ўринли. Ўз дастурларини сайловчиларнинг таклифлари асосида янада бойитишмоқда. Бугунги учрашув ҳам номзодимиз билан сайловчиларни яқинлаштирди. Ҳозирдан уларнинг нафаси билан яшаган халқ вакили келгусида сайловчиларнинг ишонч­ли вакилига айланиши аниқ.

Тадбир якунида номзод С.Алиев сайловчиларнинг саволларига жавоб берди. Дастурини қўллаб-қувватлашлари куч берганини таъкидлади.

***

Сурхондарё: Қумқўрғон Агротехнологиялар техникумида партиямиз томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 41-Сурхондарё вилоят сайлов округидан номзоди кўрсатилган Умида Боқиеванинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Номзод иштирокчиларни ўзининг Сайловолди дастури билан батафсил таништирди. Номзоднинг дастурида фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинлик­лари, манфаатларини ҳимоя қилиш, ФҲДЁ органларига никоҳланувчиларнинг яқин қариндошлик алоқаларини текшириш ҳуқуқини бериш масаласига устувор аҳамият қаратилган. Шунингдек, илм-фан билан шуғулланиш истагида бўлган олима хотин-қизларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида соҳага оид қонунчиликка уларга қўшимча имтиёзларни кўзда тутувчи нормалар киритиш каби устувор вазифалар ўрин олганлигини ҳам иштирокчиларга аниқ мисоллар билан тушунтириб ўтди.

Депутатликка номзод Умида Боқиева тумандаги «Улуғбек» МФЙдаги хонадонларда бўлиб, партиянинг Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилаш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, бандлик ва бош­қа масалаларни қонунчилик доирасида ҳал этиш устувор вазифа этиб белгилангани хусусида тушунтиришлар бериб ўтди.

* * *

Жарқўрғон туманидаги ҳарбий қисмда 40-Сурхондарё вилоят сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига номзод Самандар Худойбердиев сайловчилар билан учрашди.

Тадбирда номзод ўз Сайловолди дастуридан ўрин олган устувор масалалар тўғрисида иштирокчиларга тушунчалар берди.

* * *

63-Қашқадарё вилоят сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Мансур Мирзаевнинг  Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтида сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда номзод ўз  дастурида илгари сурилган устувор вазифалар ҳақида сўзлаб берди.  

– Сайловолди дастуримизда олий таълим муассасаларида ўқув сифатини ошириш мақсадида ўқув адабиётлари сифатини яхшилаш, замонавий хорижий адабиётларни харид қилиш ва таржима қилиш ишларини тизимли йўлга қўйиш масаласи илгари сурилган. Биз ёшлар сиёсатини амалга оширишда давом этиб, келажагимиз ворисларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан шакллантириш, ёшлар муаммоларини ечиш учун барча чора-тадбирларни кўрамиз, – деди у. 

Депутатликка номзод ва партия фаоллари тарғибот пунктида ҳам бўлиб,  партия Сайловолди дастури ва ўз дас­турларини кенг тарғиб қилди. 

Шунингдек, 4-Университет сайлов округидан халқ депутатлари вилоят Кенгашига номзоди кўрсатилган Муяссар Халилованинг ҳамда 11-Талабалар сайлов округидан халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашига номзоди қўйилган Акмал Ҳайитовнинг ҳам сайловчилар билан учрашувлари самарали ўтди. 

**

Сайлов кампанияси доирасидаги тарғибот-ташвиқот тадбирлари давомида “Адолат” СДПдан депутатликка кўрсатилаётган номзодлар сайловчилар билан учрашмоқда. Бундай юзма-юз мулоқотларда сайловчиларга партиянинг илгари сураётган янги ғоя ва таклифлари, Сайловолди дас­туридаги муҳим масалалар хусусида маълумотлар тақдим этиляпти. 

Жумладан, 12-Бухоро вилояти сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Феруз Хусеновнинг Когон шаҳар касб-ҳунар мактабида сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда номзоднинг таржимаи ҳоли, иш фаолияти, шунингдек, Сайловолди дастурида белгиланган муҳим йўналишлар бўйича ишончли вакили Жамшид Муҳсинов томонидан батафсил маълумот тақдим этилди.

Таъкидлаш жоизки, Феруз Хусенов ўз Сайловолди дастурида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилишга, айниқса, ижтимоий аҳволи оғир бўлган, ногиронлиги бор аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш чораларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратган. Номзод, шунингдек, зўравонликка дуч келган аёлларга ҳуқуқий кўмак берувчи махсус электрон платформа яратиш ғоясини илгари сурди. Бу каби ташаббуслар фақатгина аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнини оширишга қаратилган бўлиб қолмай, балки жамиятда адолатни таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Учрашув давомида савол-жавоблар, фикр ва мулоҳазалар қизғин кечди ва сайловчилар томонидан билдирилган таклифлар эътиборга олинди. Номзод ва унинг жамоаси йиғилганларнинг саволларига батафсил ва аниқ жавоблар беришди. 

Учрашувдан сўнг Феруз Хусенов Когон шаҳар “Зиёкор” маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Амрилло Тошев хонадонида бўлди. У билан суҳбатлашиб, партиянинг янги Сайловолди дастури ва номзодларнинг ғоялари билан яқиндан таништирди.

– Бугунги сайлов жараёни биздан фаолликни талаб этади, – дей­ди меҳнат фахрийси Амрилло Тошев. – Ҳар бир фуқаро овоз беришдан аввал номзоднинг Сайлов­олди дастури билан чуқур танишиб, ўз фикрларини, таклифларини билдириши лозим. Депутат халқ муаммоларини амалий тарзда ҳал эта олиши билан халқ ишончини қозонади. Шу боис, ҳар бир сайловчи ўз танловида адашмаслиги керак. Бугунги учрашув кўплаб фуқаролар, айниқса, ёшлар орасида катта қизиқиш уйғотди ва уларнинг сиёсий қарашларини бойитишда муҳим аҳамият касб этди.

Бухоро вилоятида номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.

**

Жиззах: Ўтаётган ҳар бир кун бизни мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим жараён – Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тобора яқинлаштиряпти. Сайловолди жараёнларига фаол киришган “Адолат” социал-демократик партияси адолат, тенглик ва фуқаролик жамияти ғояларини амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда янги демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида урғу бермоқда. Айни пайтда ҳудудларда партия номзодлари иштирокида сайловчилар билан учрашувлар уюшқоқликда давом этмоқда. 

Дўстлик туманидаги “Алишер Навоий” маҳалласида ўтказилган учрашув ҳам айнан шу мақсадга қаратилди. Унда “Адолат” СДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий Кенгашларга кўрсатилган номзодлар сайловчилар билан юзма-юз мулоқот қилиш имкониятига эга бўлишди. Партиянинг вилоят кенгаши раиси ўринбосари Пўлат Ҳамзаев ўз сўзида партиянинг “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!” номли янги Сайловолди дастури, унинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берди.

Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига номзод Дилбар Шоназарованинг ишончли вакили ҳам сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолияти билан таништирди. Шундан сўнг сўзга чиққан депутатликка номзод ўз дас­туридаги аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш каби муҳим йўналиш­ларда илгари сураётган таклиф ва ташаббуслари хусусида сўз юритди.

– Бугун бизнинг округдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатликка кўрсатилган номзод маҳалламизга келиб, партиянинг ҳамда ўзининг Сайлов­олди дастурини батафсил, халқчил, содда тилда тушунтириб берди, – деди “Ғафур Ғулом” маҳалласида яшовчи уй бекаси Тамара Пардабоева. – Мен шу юртнинг бир оддий аёли сифатида номзодимизнинг Сайловолди дастурида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини янада кафолатлаш ҳамда ёлланма ишчи аёллар меҳнати муҳофазасини янада кучайтириш ниятида эканини, шу билан бир қаторда ҳар бир маҳаллада болалар шуғулланадиган спорт майдонларини ташкил этиш ташаббусини илгари сураётганини билгач, хурсанд бўлдим. Албатта, маҳаллаларда аҳоли билан бундай учрашувлар ташкил этилиши, биз сайловчиларга номзодлар билан янада яқиндан танишиш имконини беради.

Шу куни номзод Дилбар Шоназарова тумандаги бошқа маҳаллаларда ҳам сайловчилар билан учрашди.

Албатта, мазкур учрашувлар халқ билан бевосита мулоқотни таъминлаб, номзодларнинг сайловчилар ишончини қозонишидаги муҳим қадамларидан бири сифатида хизмат қилмоқда. 

“Адолат” СДП Андижон, Бухоро Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах вилоят кенгаши кенгашлари матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

МАКТАБЛАР ҚИШГА ТАЙЁРМИ?! (Фарғона, Сурхондарё, Наманган, Жиззах)

ШАХСИЙ МАНФААТ халқ саломатлигидан устунми?

Ибрат