Ҳар бир соҳанинг ривожланиши, мамлакат тараққиёти таълимга қаратилган эътиборга бевосита боғлиқ. Педагоглар эса жамиятнинг илмий-интеллектуал, маданий-маърифий соҳадаги асосий таянч кучи, фаолият асосини келажак авлодни тарбиялаш, билим бериш ва инсоний қадриятларни сингдириш ташкил этaдиган муҳим зиёкорлар қатламидир. Зеро, уларнинг фидойилиги, шарафли ҳамда машаққатли меҳнати ҳар бир инсон камолоти, мамлакат тараққий этишида муҳим роль ўйнайди.
Эътиборли томони шундаки, таълимни ривожлантириш “Адолат” СДП фаолиятининг устувор йўналишларидан. Таълим ва тиббиёт соҳаси вакилларининг ҳақ-ҳуқуқлари, меҳнат муҳофазаси, касбий фаолиятини ҳимоя қилиш, манфаатлари учун курашиш партиянинг доимий диққат марказида бўлиб турибди. Партия етакчиси Робахон Махмудова ҳудудларда бўлиб, таълим соҳаси вакиллари билан мулоқот қилиш, уларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш мақсадида мунтазам учрашувлар ўтказяпти.
Уч минг йилдан зиёд тарихга эга, жаҳон цивилизацияси ва ислом маданияти ривожига бемисл ҳисса қўшган Бухоройи шариф шундай жонли мулоқотнинг галдаги манзили бўлди.
Даставвал Сиёсий Кенгаш раиси Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ҳудудида ташкил этилган “Адолат” СДП тарғибот-ташвиқот пункти фаолияти билан танишди.
Ушбу маскан партиянинг вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган бўлиб, унда бухоролик сайловчиларга партиянинг турли соҳалар ривожи йўлида режалаштирган асосий ғоя ва ташаббусларини тушунтириш, сайловчилар билан доимий алоқада бўлиш, фикрларини тинглаш учун мақсад қилинган.
Танишув мобайнида партия етакчиси пунктда “Адолат” СДПнинг ўтган даврда амалга оширган ишлари ҳамда келгуси мақсадларини ўзида акс эттирган медиа маҳсулотлари намойишини йўлга қўйиш, тарғибот-ташвиқот воситалари, тарқатма ва флаерлардан фойдаланишни кенгайтириш зарурлигига тўхталди.
Шунингдек, вилоятдаги партия тузилмаларининг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини янада кучайтириш, вилоят кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишларни доимий равишда ҳудудий ОАВлар билан ҳамкорликда ёритиш зарурлиги қайд этилди. “Партиянинг жорий сайловда муваффақиятли иштирок этишга бўлган юксак ишончи ҳамда аввалги сиёсий жараёнларда орттирган бой тажрибаси ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчиликка етказилиши лозим. Бу сайловчилар билан алоқани мустаҳкамлайди ва уларнинг партияга бўлган қизиқишини оширади», дея таъкидлади Робахон Махмудова.
Куннинг иккинчи ярмида партия етакчиси мазкур олийгоҳда бухоролик таълим соҳаси вакиллари, педагоглар билан учрашди. Таълим соҳасидаги долзарб муаммолар ечимига қаратилган таклифлар, қизғин муҳокама ва мунозараларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Таваккал Чориев, партиянинг Бухоро вилоят кенгаши масъуллари, депутатликка номзодлар, университет профессор-ўқитувчилари, партия фаоллари, талабалар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Учрашув аввалида партиянинг Бухоро вилоят кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов сўнгги йилларда жамиятимизда ўқитувчилар мавқеини мустаҳкамлаш, ижтимоий нуфузини ошириш бўйича амалга оширилган салмоқли ишлар юзасидан сўз юритди. “Адолат” СДП ўқитувчиларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, ҳақ-ҳуқуқлари ва ижтимоий муҳофазасини таъминлаш орқали ўқув самарадорлигини ошириш, таълимни мамлакат тараққиётида драйвер соҳага айлантириш борасида муҳим натижаларга эришилгани қайд этилди.
Жумладан, партия фракцияси ташаббуси билан “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилиб, 2024 йил 1 февралда расман кучга кирди. Натижада ўқитувчи мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳуқуқий асосда мустаҳкамланди.
Шу билан бирга, қонунга педагогнинг ўз касбий фаолиятини амалга оширишига аралашиш, касбий фаолият билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш, куз-қиш даврида ва ишланмайдиган байрам кунларида таълим ташкилотида навбатчиликка жалб этиш, педагогнинг зиммасига товарлар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан, лавозим маошидан унинг розилигисиз товарлар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш каби тақиқланадиган ҳолатлар киритилди.
Бу эса, ўз навбатида, юртдошларимизнинг таълимга бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш учун қулай шароит ва имкониятлар яратишга хизмат қилгани самараси, албатта.
– Педагоглар учун партия томонидан кўрсатилаётган эътибор ва таълим соҳасидаги янгиликлар, ҳақиқатан ҳам, бизни руҳлантирмоқда, – деди Когон шаҳридаги 11-мактаб директори Шоҳижаҳон Исамутдинов. – Партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида таълим тизимига янгича ёндашувлар ўрин олгани менда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, замонавий билим ва кўникмаларни ёш авлодга етказишга йўналтирилган ҳаракатлар, жумладан, мактабларда «робототехника» ва «технология» фанларини ўқитишни такомиллаштириш бўйича таклифлар бугунги кунда жуда долзарб ва аҳамиятлидир. Замонавий жамият ҳар қачонгидан кўра кўпроқ рақамли технологияларга ва инновацион ечимларга асосланиб бормоқда. Бундай шароитда «робототехника» ва «технология» фанлари ёшларимизнинг дунёқараши ва билим доирасини кенгайтириш, уларнинг замонавий касбларга тайёргарлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. «Робототехника» фанини кенг миқёсда ўқитиш, аввало, ёшларнинг техника ва технологияларга бўлган қизиқишини оширади. Шу орқали улар илмий изланишларга, технологиялар ривожига ҳисса қўшишга тайёр бўлишади. Бунда ёшлар нафақат тайёрлаш дастурлари билан танишади, балки ўз қўллари билан роботлар яратишга ҳам ҳаракат қилади, бу эса уларнинг ижодий ва мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантиради. «Технология» фанини ўқитишни такомиллаштириш эса, ёш авлодни рақамли технологиялар, сунъий интеллект, дастурлаш ва бошқа инновацион соҳалардаги билимлар билан таъминлайди. Бу нафақат таълим сифатини оширишга, балки келажакда уларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашларига замин яратади.
Учрашув давомида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова сўзга чиқди. Партия етакчиси даставвал учрашувда иштирок этаётган ўқитувчи ва таълим соҳаси вакилларини умумхалқ байрамига айланган 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни билан табриклаб, уларнинг ҳар бирини илм-маърифат боғининг жонкуяр боғбони сифатида эътироф этди.
“Бугунги замонавий дунёда давлат ва жамият тараққиётининг асоси юқори сифатли таълим тизими ва илм-маърифат эканлиги сир эмас. Шу сабабли Ўзбекистон тараққиётини илғор педагоглар ва сифатли таълимсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу икки соҳани тўғри йўлга қўярканмиз юртимиздан Учинчи Ренесанснинг етук намояндалари етишиб чиқади. Маърифатли ва қалби пок янги авлод билан биз комил жамиятни, бой ва фаровон Ўзбекистонни барпо қиламиз”, деди Сиёсий Кенгаш раиси.
Таълим соҳаси вакилларининг меҳнат муҳофазаси, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва манфаатларини кўзлаш масалалари партия дастурида устувор вазифалар сифатида қайд этилгани тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда таълим тизими доимо ривожланиб бормоқда ва сифатни ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиляпти, – деди Қоровулбозор туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ситора Каримова. – Партиянинг Сайловолди дастурида олий таълим муассасаларида ўқув жараёнларини янада такомиллаштиришга, ўқувчиларнинг билим олиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада, замонавий ва юқори сифатли адабиётларни харид қилиш ва уларни таржима қилиш муҳим омиллардан бири сифатида кўрсатилган. Таълим жараёнида сифатли ўқув материаллари ва замонавий манбалар билан таъминланиш ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириш имкониятини сезиларли даражада оширади. Бу эса, ўз навбатида, юқори малакали кадрлар тайёрлашга ёрдам беради. Жамоатчиликнинг таълим тизимидаги ислоҳотларга қизиқиши юқори даражада, чунки бу мамлакатнинг келажак авлодига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи омиллардан биридир.
Партия етакчиси тиббиёт соҳасида вилоятда етакчи олий таълим муассасаларидан бири бўлган мазкур олийгоҳдаги ўқитувчи-профессорлар, бўлажак шифокорларга “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастури мазмун-моҳияти, хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш бўйича акс этган ғоя ва таклифлари юзасидан малумот берди.
Таъкидланганидек, дастурда “Ақлли тиббиёт” тизимининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, “Электрон поликлиника” ва “Ягона электрон анкета” тизимларини йўлга қўйиш, тиббиёт даромад олиш манбаига айланиб қолмаслиги учун нодавлат тиббиёт ташкилотларини “тижорат ташкилоти”дан нотижорат ташкилотига ўтказиш, хусусий тиббиёт, таълим ва овқатланиш корхоналарида санитария-эпидемиология назорати амалга оширилишини кучайтириш орқали аҳолини заҳарланиш ва юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш каби муҳим масалалар ўрин эгаллаган.
– Учрашув давомида партиянинг Сайловолди дастури билан танишиб чиқдик ва биз шифокорларни унинг бир жиҳати ўзига тортди, – дейди тиббиёт фанлари доктори Шаҳноза Пўлатова. – Дастурдаги тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, нодавлат тиббиёт муассасаларида тиббий хизматлар учун тўловлар миқдори устидан давлат назоратини ўрнатиш таклифлари бизга жуда маъқул. Шунингдек, партиянинг соғлиқни сақлаш масаласига ижтимоий вазифа сифатида қараб, ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишдек конституциявий ҳуқуқи рўёбга чиқишини кафолатлаш йўлида хизмат қилиши эътиборга молик, деб айта оламан. “Адолат” партиясининг Сайловолди дастури нафақат мени, балки юртимиз равнақи учун жон куйдираётган барча фуқароларнинг кўнглидан жой олди, албатта. Айнан шу партия сайловларда энг кўп овозни қўлга киритишига тилакдошман.
Робахон Махмудова нутқи сўнггида бу йилги янгича, аралаш тизимда ўтадиган сайловларда сиёсий партиялар ўртасидаги ўзаро рақобат, ғоявий кураш янада юқори даражага кўтарилишини таъкидлаб, сайловчиларни фаол бўлишга чақирди.
Шундан сўнг сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Феруз Хусенов, Уткир Наджмиддинов, Зилола Носирова, Шохида Усмоновалар янги Сайловолди дастурда илгари сурилаётган муҳим таклиф ва ғоялар тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Мени ёш мутахассис сифатида, айниқса, партиянинг Сайловолди дастурида ёшлар, хусусан, талаба-ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган таклифлари қизиқтирди, – деди талаба Ҳумоюн Рустамов. – Партия ўз дастурида талабаларнинг турар жой билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири – талабаларнинг турар жойларга бўлган эҳтиёжидир. Партиянинг ҳар бир олий таълим муассасаси ҳузурида талабалар сонига мос равишда “Талабалар турар жойлари” қуриш ташаббуси биз ёшлар учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки талабаларнинг қулай турар жойларга эга бўлиши уларнинг таълим жараёнига тўлиқ диққат қаратишларини таъминлайди, бу эса уларнинг билим олиш самарадорлигини оширади. Бундан ташқари, партия ёшларнинг жаҳон илм-фанига эркин кириб бориши учун қўшимча имкониятлар яратиш ташаббусини илгари сурди. Айниқса, бакалавриатга кириш учун инглиз тилини билиш бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш таклифи бугунги ёшлар учун жуда долзарбдир. Глобаллашган дунёда инглиз тилини яхши билиш нафақат хорижий таълимга йўл очади, балки ёшларнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош бўлишини таъминлайди.
Учрашув якунида 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан бир гуруҳ фидойи педагоглар тақдирландилар.
Бухоро вилоят кенгаши
матбуот хизмати
