Суд тизими давлат ҳокимиятнинг муҳим тармоғи бўлиб, унинг асосий вазифаси қонунларга асосланган ҳолда низоларни ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда адолатни таъминлаш билан изоҳланади. Бу тизимнинг самарали фаолият юритиши кўп жиҳатдан унинг чинакам мустақиллиги таъминланганлигига боғлиқ.
Судларнинг холис ва мустақил бўлиши фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини янада оширади, жамиятда тинчлик ва барқарорлик мустаҳкамланади.
“Адолат” СДП жорий йили бўлиб ўтажак сайловлар олдидан судьялар ҳуқуқларини юқори даражада кафолатлаш ва иш юкламаларини мақбуллаштириш мақсадида “Судьялар мақоми тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурмоқда.
Хорижий давлатлар тажрибасига мурожаат қиладиган бўлсак, Польша, Россия, Германия, Япония каби давлатларда судьялар мақомига оид қонунлар мавжудлигига гувоҳ бўламиз.
“Судьялар мақоми тўғрисида” Қонунқабул қилиш зарурати қуйидаги жиҳатлари билан аҳамиятлидир:
– биринчидан, қонун судьяларнинг аниқ вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беради;
– иккинчидан, судьяларнинг иш юкламалари қонун асосида мақбуллаштирилади;
– учинчидан, қонунда судьялар лавозимга қандай тайинланиши ва ишдан қандай озод қилиниши аниқ тартибга солинади, шу тариқа жараённинг шаффоф ва қонунга мувофиқ бўлиши таъминланади;
– тўртинчидан, судьялар ўз фаолиятида ҳар қандай ташқи таъсирлардан ҳимояланади, қонун судьяларнинг адолатли ва мустақил қарорлар қабул қилишига тўсиқ бўладиган ташқи босимлардан ҳимояни таъминлайди;
бешинчидан, судьяларга нисбатан ижтимоий имтиёзларнинг назарда тутилиши уларнинг коррупцион фаолиятга аралашишларининг олдини олади.
Партиямиз ташаббуси билан “Судьялар мақоми тўғрисида” Қонуннинг қабул қилиниши судьялар мустақиллиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашга, шунингдек, суд ишларини самарали ташкил этишга хизмат қилади.