ADOLAT 24

ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШ, КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ МУРОСАСИЗ КУРАШИШ АСОСИЙ МАҚСАДИМИЗ

Партиямизнинг бош мақсади Конституция ва қонунлар устуворлиги таъминланган ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимояланган ҳуқуқий давлат қуришдир.

Таъкидлаш лозимки, ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси барча фуқаролар ва мансабдор шахслар ўз ҳаёт тарзини қонун асосида йўлга қўйишидир. Бунинг учун, энг аввало, жамиятда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашимиз лозим.

Ҳуқуқий давлат барпо этишда, энг аввало, адолатли ва мустақил суд тизимини яратишни мақсад қилганмиз. Бу борадаги энг муҳим ташаббусларимиздан бири судьялар сонини кўпайтириш ва уларнинг ихтисослашувини кенгайтириш ҳисобланади.

Бугунги кунда айрим ҳолларда эса судьянинг ўртача иш ҳажми бир неча юзлаб суд ишлари ва материалларни ташкил этмоқда. Бу эса ўз нав­батида судлар томонидан ишларни кўриш муддатига ва сифатига салбий таъсир ўтказмоқда.

Статистик рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2023 йил давомида жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судида 58 418 та жиноят иши, 600 966 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган. Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судлар 943 892 та, иқтисодий судлар 271 748 та ишни кўриб чиққан.

Бунинг натижасида жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судининг бир судьяси бир ойда ўртача 200 га яқин ишни, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судининг судьяси 300 га яқин, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судининг судьяси эса 200 га яқин ишни кўриб чиқишига тўғри келмоқда.

Хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, бир судья бир ойда АҚШда ўртача 40 та, Канадада 50 та, Японияда 10 та, Германияда 15 та ва Буюк Британияда 20 та иш кўради.

Шунингдек, Ўзбекистон аҳолисининг ўсиш суръати кундан-кунга ортиб бормоқда. Бироқ бугунги кунда судьяларнинг штатлар сони аҳоли сонига нисбатан мутаносиб эмас. Мамлакатимизда ҳар 100 минг аҳолига 3-4 нафар судья тўғри келса, бу кўрсаткич Германияда 24 та, Испания ва Италияда 10 та, Португалияда 19 та, Венгрияда 29 та, Хорватияда 42 та, Австралияда 27 тани ташкил этмоқда.

Ҳозир шиддат билан ўзгариб бораётган замонда айрим тоифадаги ишлар борки, судьялардан мазкур ишларни ҳал қилишда нафақат чуқур юридик билимларни, балки бош­қа соҳалар бўйича кўникмаларни ҳам талаб этади. Масалан, интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича судья бўлиш учун юқори малакали ҳуқуқшунос бўлишнинг ўзи камлик қилади, техника, рақамли технологиялар соҳаларида ҳам билимлар керак бўлади.

Шу боис, судьялар ресурсидан оқилона фойдаланиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлар сансалорлигининг олдини олиш учун судьяларнинг соҳалар бўйича ихтисослашувини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда меҳнат, солиқ, молия, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларига оид йўналиш­лар мураккаблигига кўра ихтисослашувни талаб этади.

Хорижий тажрибага мурожаат этсак, меҳнат судлари Германия, Францияда, интеллектуал судлар Япония, Жанубий Кореяда самарали фаолият кўрсатмоқда.

Шунинг учун ҳам ҳозир энг долзарб бўлган соҳалар, яъни меҳнат, солиқ, молия, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича судьялар ихтисослашувини амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Судьялар сонини кўпайтириш ва уларнинг ихтисослашувини кенгайтириш, аввало, одил судлов сифатини яхшилаш, судьяларнинг иш ҳаж­ми ва иш юкламасини камайтириш, шунинг­дек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Шу билан бирга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ортиқча сарсонгарчилигининг олдини олиш мақсадида давлат органи ва улар мансабдор шахсларининг қарори ва хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан маъмурий судга шикоят қилишда низоларни судгача ҳал килиш тартибини жорий қилиш, шунингдек, маъмурий суд ишларини юритишда дастлабки эшитув тартибини йўлга қўйиш таклифи ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Партиямиз томонидан илгари сурилаётган ҳар бир туман ва шаҳарда фуқаролик ишлари бўйича судларни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, буни шундай асослаш мумкин.

Биринчидан, айрим туманларда ташкил этилган фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлар бошқа туман аҳолисига анча ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Жумладан, узоқ ҳудудда жойлашганлиги фуқароларнинг вақти ва маблағлари кетишига сабаб бўлмоқда. Мисол учун, Жиззах вилоятида ташкил этилган фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судига Мирзачўл ва Арнасой туманлари аҳолиси ҳам фуқаролик ишлари юзасидан мурожаат қилишади. Бу эса узоқ туманлардан келувчи фуқароларга ноқулайлик­ларни юзага келтирмоқда. Шу боис, ҳар бир туман ва шаҳарда фуқаролик ишлари бўйича судларни ташкил этиш лозим.

Иккинчидан, бугунги кунда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларининг иш ҳажми жуда катта. Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди бир йилда ўртача ўн мингга яқин иш кўрган, шундан ўртача 4 мингга яқинини Бухоро тумани билан боғлиқ ишлар ташкил этса, қолган қисмини эса Бухоро шаҳри билан боғлиқ фуқаролик ишлари ташкил этади. Ҳар бир туман ва шаҳарда фуқаровий низолар сони салмоқлидир.

Умуман олганда, фуқаровий низолар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Фуқаролик ишлар бўйича судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишлар сони 2022 йилда 863 883 тани, 2023 йилда 943 892 тани ташкил қилган.

Шу билан бирга, партиямиз томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ортиқча сарсонгарчилигининг олдини олиш мақсадида давлат органи ва улар мансабдор шахсларининг қарори ва хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан маъмурий суд­га шикоят қилишда низоларни судгача ҳал килиш тартибини жорий қилиш, шунингдек, маъмурий суд ишларини юритишда дастлабки эшитув тартибини йўлга қўйиш таклифи ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Дастлабки эшитув босқичи демократик ва мақбул институт бўлиб, унинг жорий этилиши маъмурий суд ишларини юритиш учун конструктив ечим бўла олади.

Жаҳон амалиётида (АҚШ, Германия) кенг қўлланиллаётган дастлабки эшитувнинг самарали ва ижобий жиҳатларидан бири аризани иш юритишга қабул қилишда тарафларнинг тортишуви принципига амал қилинишига ва юқорида баён этилган шароитда судья тарафларнинг фикрларини эшитиши ва инобатга олиши, агар эътирозлар бўлса, у ўз ажримида асослаб бериш имконини беради. Шу билан бирга, судья мус­тақиллик принципига амал қилиб, ҳеч кимнинг фикри билан чекланмай, фақат тақдим этилган далиллар асосида ишни мазмунан кўриш учун суд муҳокамасига тайинлаш масаласини ҳал этади.

Яъни, дастлабки эшитувни ўтказиш асослари ариза (шикоят) судьяга берилганидан сўнг тарафларнинг ҳар бири судга бевосита мурожаат қилиши ва ўзи учун муҳим бўлган масалалар бўйича исталган саволларни бериши, далилларни тақдим этиши мумкинлиги ҳақидаги фундаментал қоидага асосланади.

Таъкидлаш зарурки, ҳозирда амалиётда маъмурий ишни судда кўриш учун тайинлаш босқичи формал аҳамиятга эга бўлиб, унда судьяга қатор кенг ваколатлар қонун билан тақдим этилган бўлсада (масалан, гувоҳларни чақиртириш, экспертиза тайинлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш, тарафларга зарур далилларни олишга кўмаклашиш, тарафларнинг илтимосномаси бўйича уларни талаб қилиб олиш кабилар), мазкур ваколатларни амалга ошириш учун судьяда реал процессуал имкониятлар деярли мавжуд эмас.

Маъмурий ишни судда ҳар томонлама ва холисона кўрилишига тўсқинлик қилувчи ҳолатларни бартараф этиш масъулияти судьянинг зиммасида бўлса-да, лекин уни амалга ошириш учун реал ваколати йўқлиги сабабли маъмурий ишнинг нуқсонларини кўра била туриб суд муҳокамасига “ўтказиш”га мажбур бўлади. Маъмурий ишнинг келгуси “истиқболи”га боғлиқ масалаларни судья томонидан тарафларнинг фаол иштирокида ўрганишнинг афзаллиги – бундай тортишув муҳити судьянинг ишини нафақат енгиллаштиради, балки ишда иштирок этувчи шахслар (аризачи, жавобгар, учинчи шахслар ва ҳ.к.)нинг қимматли вақтлари тежалишига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Ҳали асосий суд муҳокамаси бошланмасдан маъмурий ишнинг сифати масаласидаги “тарафлар рақобатида” судья исботлашнинг фаол позициясидан кузатувчи “бетараф арбитр” позициясига ўта бошлайди ёки “умидсиз” аризани иш юритишга қабул қилмай ишда иштирок этувчи бошқа тарафларнинг сарсон бўлишининг олдини олади.

Шундай қилиб, дастлабки эшитув босқичи: аризачининг иш бўйича “манфаатдор шахс” эканлигини аниқлаш; маъмурий ишни тўғри кўриб чиқиш ва ҳал қилиш учун муҳим бўлган ҳолатларни аниқлаш; маъмурий иш бўйича далилларнинг етарлилигини аниқлаш; судга мурожаат қилиш муддатларини ўтказиб юбориш факт­ларини аниқлаш; ариза бўйича иш юритувни тўхтатиш, кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш асос­лари мавжудлигини аниқлаш; маъмурий низони судгача ҳал қилиш имкониятини аниқлаш имконини беради.

Низони судгача ҳал этишнинг мажбурий тартиби ўрнатилишининг афзалликлари қуйидагиларда намоён бўлади:

биринчидан, қуйи органлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилувчи бирор-бир қарорни қабул қилишда қонун ҳужжатларига сўзсиз амал қилишини, мансабдор шахслар масъулиятининг ошишини таъминлайди;

иккинчидан, суд харажатлари ва давлат божининг мавжуд эмаслиги. Бу эса фуқаронинг ортиқча сарф харажат қилишининг олдини олишга хизмат қилади;

учинчидан, низоларнинг оператив ҳал этилиши. Натижада, манфаатдор шахсларнинг вақти тежалишига имкон яратади;

тўртинчидан, шикоятни осон расмийлаштирилиши. Бу эса фуқароларнинг ортиқча қийинчиликларсиз ва аризаларни “шаблон”га келтиришга уринишларсиз мурожаат этишига ва ушбу мурожаатлар юқори маъмурий орган томонидан қабул қилиниб, кўриб чиқилиши имконини беради;

бешинчидан, ҳамкорлик муносабатлар. Маъмурий орган ва фуқаролар ўртасида ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши уларнинг ҳуқуқий онг ва маданиятининг янада ошишига хизмат қилади;

олтинчидан, маъмурий органларнинг иш сифатини ошириш ва камчиликларни тўғрилаш. Яъни, юқори органлар томонидан қуйи органлар қандай тоифадаги масалалар бўйича қарор қабул қилишда қонунчиликка амал қилмаётганлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлади, натижада ушбу камчиликларни бартараф этиш ва амалиётни бирхиллаштириш мақсадида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, керак бўлса қуйи орган ходимларининг малакасини ошириш, зарур ҳолларда эса жазолаш тизимини ишлаб чиқишга хизмат қилади;

еттинчидан, фуқароларнинг ишончини қозониш. Бу энг муҳим масалалардан бири бўлиб, ноқонуний маъмурий актнинг юқори маъмурий орган томонидан кўриб чиқилиб, бекор қилиниши фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини янада оширади.

Охирги йилларда мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида кўплаб чора-тадбирлар кўрилмоқда. Аммо шунга қарамай, айрим ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини бузишда давом этмоқда.

Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши фожиали оқибатларга олиб келади. Натижада ҳар йили мамлакат йўлларида минглаб одамлар, жумладан, болалар ҳалок бўлади. Демак, ўрнатилган қоидаларга риоя қилмаган йўл ҳаракати қатнашчиларига нисбатан муносиб жазо чоралари қўлланилиши керак. Жазодан мақсад, биринчи навбатда, тарбия ва турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишдир. Токи, қоидани бузган инсон ўз айбидан тўғри хулосага келиб, бундай хатти-ҳаракатлардан тийилсин.

Статистик маълумотларга кўра, 2023 йилнинг етти ой давомида рес­публика ҳудудида 4 772 та ЙТҲ қайд этилган. Шундан 2 453 таси ёки 51,4 фоизи субъектив сабабларга кўра содир этилган, яъни ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига эътибор бермаслиги оқибатида келиб чиққан.

Агар ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилганда юқоридаги барча ЙТҲлар содир бўлмаслиги мумкин эди. Ачинарлиси, Ўзбекис­тонда йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 1 115 киши ҳалок бўлган, 4 минг 564 нафари турли тан жароҳатлари олган.

Биргина Тошкент шаҳарида 2023 йилнинг ўтган етти ойида 675 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Ҳодиса оқибатида 71 киши ҳалок бўлган, 787 киши турли тан жароҳатлари олган. Бахтсиз ҳодисаларнинг энг кенг тарқалган сабаби тезликни ошириш бўлган – 199 та ҳолат. Ҳайдовчилар томонидан 90 та ҳолатда тақиқловчи светофор ишорасига эътибор бермаслик, маст ҳолатда ҳайдовчилар иштирокида 8 та ЙТҲ содир этилган.

Бу каби ҳолатларнинг кескин ошаётгани йўлларда ҳаракатланиш бўйича қабул қилинган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини кес­кин кучайтириш зарур эканлигини кўрсатмоқда. Уларни тартибга чақириш учун фақатгина жарима миқдорини ошириш билан кифояланиш кутилган натижани бермаяпти.

Дунё тажрибасига назар солсак, Финляндияда тезликни оширганлик учун 200 минг доллар миқдорида маъмурий жарима қўлланилади. АҚШда ҳар бир штатда тезликни оширганлик учун алоҳида қонунлар мавжуд бўлиб, балли тизим ҳолатида кўп бора маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилса, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйи­лади. Буюк Британия­да ҳайдовчи тезлигини оширганида, 3 баллдан 6 баллгача баҳоланади. Миқдор ошиб кетса, судга чақирилади. Япония­да тезликни ошириш кўп бора содир этилса, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилиши, ҳаттоки, қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин.

Айрим давлатларда маст ҳайдовчиларга дарҳол жиноий жавобгарлик қўлланади.

Россияда маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун 30 минг рубль жарима солинади, шунинг­дек, 2 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан жазоланади.

2010 йил августида АҚШда жаҳонда илк бор маст ҳайдовчи умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бунгача Техас штатида яшовчи Бобби Стовалл рулга тўққиз марта маст ҳолатда ўтириб қўлга тушган. Округ прокурори Жон Брэдли ўз қарорини шундай тушунтирган: «У кимнидир ўлдириб қўйишидан аввал, биз уни тўхтатишга қарор қилдик».

Қўшма Штатларда қоида тариқасида автомобилни маст ҳолатда бош­қариш жарима билан жазоланади. Штатига қараб, ўртача 750 доллар жарима тўлаш ёки 30 кундан 6 ойгача қамоқхонада ўтиришга тўғри келади. Қоидабузарлар ҳайдовчилик ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилади. Биринчи марта тушганларнинг «права»си 90 кунга, иккинчи марта – 1,5 йилга, учинчи марта – умрбод олиб қўйилади. Айрим штатларда қоидабузарлик такрорланса, автомобиль мусодара қилинади.

Буюк Британияда рулга маст ҳолда ўтирган ҳайдовчи илк қоидабузарлик учун 6 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинади, у, шунингдек, 5 минг фунт-стерлинг жарима тўлаб, ҳайдовчилик ҳуқуқидан 3 йилгача маҳрум этилади.

Германияда ҳаммаси ҳайдовчининг қонида аниқланган алкогол миқдорига боғлиқ. Агар у 1,1 промилледан юқори бўлса, жиноят кодекси доирасида жазога мубтало бўлади. У ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади, 3 ойлик иш ҳақи миқдорида жаримага тортилади ёки 5 йилга озодликдан маҳрум этилади.

Сингапурда бундай қоидабузарлик учун 1 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси қўлланади. Шунингдек, ҳайдовчи катта миқдорда жарима тўлайди ёки ярим йилча қамоқда ўтиради. Қайта қоидабузарлик учун қамоқ жазоси 3 йил этиб белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, партия томонидан ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам бузганлик учун қонун ҳужжатларида жазо чораларини кучайтириш, шу жумладан, транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган ёки оғир оқибатларга сабаб бўлган ҳолатларда умрбод ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, “Адолат” СДП томонидан йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини кўп бузган транспорт воситаси эгасининг жавобгарлигини суғурта қилиш суммасини шунга мутаносиб равишда оширишни таклиф этмоқда.

Хорижий мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, бу борада ўзига хос тизим мавжуд. Масалан, АҚШда агар ҳайдовчининг жарима баллари бўлса – бу суғурта компанияларига кўринади, унинг суғурта полиси қимматлашади. Нью-Йорк штатида 2 балл (140 доллар) жарима учун суғурта полиси ҳақи ойига 15 доллар қимматлайди. Жарима баллари йилига 2 тага «куя­ди», агар бу орада янги қоидабузарлик қайд этилмаган бўлса! Яъни, қоидабузар 140 доллар жаримадан ташқари, бир йилда 180 доллар қўшимча суғурта бадали ҳам тўлайди.

Агар келгуси йил қоидабузар яна икки балли бирор қоидабузарликка йўл қўйса, суғурта ойига 40 долларга ошади. Боз устига, аввалги қоидабузарлик учун 2 балл «куймайди». Яъни, қоидабузар жаримадан ташқари йил давомида суғуртага 480 доллар ортиқча тўлайди.

Бу ҳолатда кейинги йил учун ҳам фақат икки балл «куяди». Демак, шундан сўнг ҳам оширилган суғурта — 180 доллар тўлашда давом этилади. Икки йил учун оширилган суғурта суммаси 660 долларни ташкил этади.

Агар бу муддат ичида қоидабузар ҳайдовчи яна бир-икки балли қоидабузарликка йўл қўйса, у бир йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади. Ҳуқуқ тикланганидан кейин ҳам яна икки йил «суғурта» оқибатларини тўлаш керак. АҚШда суғуртасиз юриш жарима, ҳибсга олиниш ва бир-икки ҳафта қамоқда ўтириш билан жазоланади.

Мамлакатимизда эса суғурта йўқлиги учун машинани жарима майдончасига киритиб қўйиш тартиби мавжуд эмас. Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда эса унинг ашаддий қоидабузарлиги мутлақо инобатга олинмайди. Шу боис, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини кўп бузган транспорт воситаси эгасининг жавобгарлигини суғурта қилиш суммасини шунга мутаносиб равишда ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Партия коррупция жамиятимиз тараққиёти, иқтисодиёти ҳамда халқимиз фаровонлигига катта салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган ҳолда, коррупцияга қарши курашиш соҳасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни муҳим, деб билади.

Бу борада илғор хорижий давлатлар тажрибаси асосида коррупция фактларини “дастлабки ўрганиш” (коррупцион суриштирув) институтини жорий этишни мақсад қилган. Шу ўринда савол туғилади. Коррупция ҳолатлари бўйича “дастлабки ўрганиш” институти қайси давлатларда бор ва унинг жорий этилиши Ўзбекис­тонга нима беради?

Гонконгда 1974 йилда мустақил Коррупцияга қарши курашиш комиссияси (ICAC) ташкил этилган. ICAC коррупция ҳолатларини суриштириш, олдини олиш ва таълим бериш билан шуғулланади. ICACнинг асосий вазифаларидан бири – дастлабки суриштирувларни ўтказиш бўлиб, бу коррупция схемаларини эрта аниқлаш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш имконини беради (IAP Association).

Индонезияда 2003 йилда ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш комиссияси (KPK) коррупция ишлари бўйича дастлабки суриштирувларни ўтказиш ваколатига эга. KPK коррупцияга қарши курашиш учун масъул бўлган бошқа муассасаларни фаол координация қилади ва назорат қилади ҳамда бу соҳада катта муваффақиятларга эришган (Centre for Public Impact).

Швецияда Миллий коррупцияга қарши бошқарма коррупция ҳолатлари бўйича дастлабки суриштирувлар билан шуғулланади. Масалан, 2022 йилда у Ироқдаги коррупцияда гумон қилинган Ericsson компанияси бўйича дастлабки суриштирувни бош­лаган (ICIJ).

Таъкидлаб ўтиш керакки, институтнинг Ўзбекистонда жорий этилиши қуйидаги имкониятларни беради:

биринчидан, коррупцияни самарали аниқлаш. Дастлабки суриштирув институтини жорий этиш коррупция схемаларини эрта босқичларда аниқлаш имконини беради ва йирик коррупция ҳуқуқбузарликларининг олдини олади;

иккинчидан, шаффофликни ошириш. Дастлабки суриштирувлар учун ихтисослаштирилган органни яратиш давлат муассасаларида шаффофликни оширади ва фуқароларнинг ҳукуматга ишончини мустаҳкамлайди;

учинчидан, ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш. Янги институт доирасида ишлаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини тайёрлаш ва ўқитиш ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилашга ва коррупцияга қарши кураш самарадорлигини оширишга ёрдам беради;

тўртинчидан, халқаро тажриба. Илғор халқаро тажрибаларни қўллаш Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлигини оширадиган синовдан ўтган метод ва ёндашувларни мослаштиришга ёрдам беради.

Бундай чора-тадбирларни жорий этиш ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлашга, фуқароларнинг ишончини оширишга ва мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун қулай шароитлар яратишга ёрдам беради.

Иномжон Қудратов, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП 

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Tegishli xabarlar

Таҳририятга мактуб: Халқ манфаати устун бўлиши керак…

admin

Улуғ алломанинг мангулик тафаккури

admin

Бор меҳримиз сенга, болажон!

admin