ADOLAT 24

Диёримиз довруғини дунёга таратган чемпионлар!

XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари тақдирланди

Сўнгги вақтларда она-Ватанимиз турли соҳалар ривожида улкан зафарларга эришиб, жаҳонда ўзининг муносиб ўрнини тобора мустаҳкамлаб бормоқда. Бу юксалишлар фақат иқтисодиётда, маданиятда ёки ижтимоий ҳаётда намоён бўлибгина қолмай, юртимиз байроғини юксакларга кўтариб, халқимиз шаънини ҳимоя қилаётган азиз спортчиларимиз ютуқлари тимсолида жаҳон спорт майдонларида ҳам яққол кўзга ташланмоқда.

Сўзимнинг аввалида бежиз бу ҳақда гапирмадим. Хабарингиз бор, “Париж-2024” ёзги олимпия ўйинларида Янги Ўзбекистон довруғини дунёга танитган, юртимиз байроғининг дунё спортидаги энг юксак – Олимп чўққисида ҳилпирашига сабаб бўлган иқтидорли спортчиларимиз муваффақиятидан қалбимизда чексиз ғурур, шодлик ва ифтихор туйғуси қайта-қайта мавжланган эди. Боиси ҳар бир медаль, ҳар бир муваффақият бу – шунчаки индивидуал ютуқ эмас, балки халқимизда миллий ҳамжиҳатлик ва бирлик руҳини жонлантирган улкан ғалаба сифатида тарихга кирди. Ўзбек шони, ғурури дунёга қайта юз очди.

Маълумот ўрнида айтганда, жаҳоннинг 206 та давлатидан 11 минг нафарга яқин энг кучли спортчилар қатнашган олимпия ўйинларида мамлакатимиз биринчи марта энг кўп таркиб, яъни 19 та спорт тури бўйича 90 нафар спортчи билан иштирок этди. Шиддатли баҳслар мобайнида 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалига сазовор бўлганимиз, боксчиларимизнинг 5 та олтин медалга эга чиққани мисли кўрилмаган оламшумул ютуқ сифатида дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилди. Шуни ҳам алоҳида қайд этиш жоизки, мамлакатимиз делегациясининг шу пайтгача энг яхши натижаси “Рио-2016”да бўлган, унда 4 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медаль қўлга киритилганди. “Париж-2024”да тарихий натижа янгиланиб, Ўзбекис­тон 206 та мамлакат орасида 13 та медаль билан 13-ўринни эгаллади. Битта олимпиадада саккизта олтин медални қўлга киритган Ўзбекистон спортчилари бу жабҳада Осиё қитъасида 4-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади. Бу юксак натижа давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида, 33-ёзги Олимпия ўйинларида қўлга киритилгани жасоратли ва матонатли спортчиларимизнинг Истиқлол байрамига муносиб совғаси бўлди.

Дарҳақиқат, спорт фақат жасорат ва куч синовидан иборат кураш жараёни эмас, балки миллат нуфузи, мамлакатда соҳани ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, спортчи-ёшлар қобилияти ва иқтидорини жаҳон ареналарида намойиш этувчи муҳим имконият ҳамдир. Мана шундай улуғвор ютуқларга эришиш, халқаро спорт майдонларида юртимиз номини муносиб ҳимоя қилиш, миллатимиз шон-шуҳратини бутун дунёга танитиш шарафли бурч, албатта. Шундан келиб чиқиб айтсак, бу борада мардларча курашган, ҳаётини спортга бағиш­лаган фарзандларимизнинг юксак номдаги давлат мукофотлари билан тақдирланиши биз учун ҳам чексиз ифтихор бўлди. Чунки бу мукофотлар фақатгина шахсий меҳнат, сабр ва матонатнинг эътирофигина эмас, балки она-Ватанимизнинг ўз қаҳрамонларига бўлган эҳтироми, меҳр-муҳаббатининг ҳам ифодасидир.

Қадрли спортчилар!

Сизларнинг Париж-2024 ёзги олимпия ўйинларида қўлга киритган ғалабаларингиз олийжаноб ва ватанпарвар халқимиз учун буюк ифтихор манбаи бўлди. Сизлар мусобақа майдонларида юртимиз байроғини дунёнинг нуфузли давлатлари байроқлари билан ёнма-ён кўтариб, миллий ғуруримизни ҳам тоғдек юксалтирдингиз. Демак, ушбу муваффақиятлар замирида ўзбек халқи ва давлатининг кучли иродаси, матонати ва буюк орзулари ижобати бор.

Сизларнинг ҳар бирингиз Ўзбекис­тон номини, миллатимиз шаънини дунёга танитишда улкан ҳисса қўшдингиз. Ҳар бирингизнинг ютуқларингиз орқасида йиллар давомида тўп­ланган тажриба, матонат, интизом ва энг асосийси, миллий ғурур мужассам. Сизлар нафақат спорт майдонларида, балки барча соҳаларда юртимиз ёшлари учун ўрнаксиз, байроқдорсиз! Сизлар бизларнинг умидимиз ва ғуруримизсиз! Сизларнинг ғалабаларингиз барча ёшларимизни улуғ мақсадлар сари илҳомлантиради!

Сўзимни қуйидаги статистика ҳам исботлайди. Бир эслаб кўринг-а, олимпия ўйинларида делегациямиз ҳисобига биринчи олтин медални ёзиб қўйган, дзюдо бўйича шонли ютуқларга эришишимизда илк пойқадамни ташлаган Диёра Келдиёровага шоҳсупада олтин медал топширилаётган оқшомни катта тантана қилгандик. Эътибор беринг, Диёра Келдиёрова 28 июль куни Тошкент вақти билан 21:46 да ғалаба қозонган. 29 июль ва 12 август кунлари оралиғида мамлакатимизда жами 43 450 нафар, шундан 20 861 нафар қиз чақалоқ туғилиши қайд қилинган бўлиб, уларнинг 466 нафарига Диёра исми қўйилган. Бу 466 оила, 932 нафар ота-она, 932 нафар бобо-бувилар фарзандимиз, набирамиз Диёра Келдиёровага ўхшасин, деб қилган эзгу ниятдан далолатдир!

Бу бежизга эмас. Чунки Олимпия ўйинлари тарихида Диёра қизимиз ўзбек аёллари ўртасида илк олтин медални қўлга киритиб, янги Ўзбекистон тарихига ўз номини зарҳал ҳарфлар билан ёздириб қўйди!

Улуғбек Рашитов эса Олимпия ўйинлари солномасида таэквондо бўйича энг ёш тоифада икки карра Олимпиада чемпиони бўлди. Улуғбеккача жаҳонда бор-йўғи 4 нафар спортчи шундай юксак шарафга сазовор бўлган эди.

Париж Олимпиадасида спортнинг бокс тури бўйича эркаклар ўртасида ўйналган 7 медалнинг 5 тасини бизнинг енгилмас боксчиларимиз қўлга киритди. Бу дегани, йигитларимиз бокс бўйича ўйналган медалларнинг 71 фоизини ўзлариники қилиб, бутун дунё боксчиларини лол қолдирди!

Айтинг, шундай улкан ютуқлардан фахрланмай бўладими?!

Олимп чўққисида Ватанимиз байроғини мағрур ҳилпиратган ўғил-қизларимизга ҳавас қилмай бўладими?!

Шунинг учун ҳам бугун бутун Ўзбекистон халқи ўзининг чемпион фарзандларидан ҳақли равишда фахрланиб, уларга ҳавас қилиб, туғилаётган фарзандларига яхши ният билан уларнинг исмларини қўйишмоқда!    

Комил ишонч билан айта оламанки, эндиликда миллионлаб ватандошларимиз ўғил фарзандлари қатори қиз фарзандларини ҳам спорт машғулотларига жалб эта бош­лайди, ўзбек қизлари ўртасида спортга муҳаб­бат оммавий ҳаракатга айланади. Энг муҳими, бу мақсад йўлида Диёранинг қўлга киритган Олимпия ўйинларидаги олтин медали илк дебоча вазифасини бажариб берди.

Бугун мамлакатимизда оммавий спорт ҳаракатига, соғлом турмуш тарзига катта эътибор қаратилмоқда. Сизлар – ушбу ҳаракатнинг асосий юлдузлари, юртимизнинг байроғини дунё майдонларида кўтариб, спорт оламида юртимиз номини юксакларга олиб чиққан асл фидойи­ларсиз. Сизларнинг жасоратингиз ва машаққатли меҳнатингиз натижасида эришилган ютуқлар нафақат спорт майдонларида, балки юртимизнинг барча соҳаларида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлаётганини кўриб турибмиз.

Шу ўринда таъкидлаб ўтмоқчиманки, Ўзбекис­тон “Адолат” СДП ҳам мамлакатда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг спорт билан шуғулланишини оммавий ҳаракатга айлантириш борасида муҳим ташаббус ва таклифлар ижодкорига айланишни мақсад қилган. 

Болалар спорти ҳамда мусиқа ва санъат мактабларини сон ва сифат жиҳатдан янгилаш, ривожлантириш масалалари ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлиб келган. Юқоридаги мақсадларимиз йўлида дадил ҳаракат қилиб, муҳим ва салмоқли ишлар ташаббускорига айланамиз. Шу мақсадда, янги Сайловолди дас­туримизда “Ёшларнинг соғлом камол топиши ва спорт билан шуғулланишини оммалаштириш мақсадида ҳар бир маҳаллада болалар шуғулланадиган спорт майдонларини ташкил этиш” ғоя­сини илгари сураяпмиз.

Зеро, “Адолат” партияси оммавий спортни янада ривожлантириш тарафдоридир.

Шу фурсатдан фойдаланиб, халқимиз фахрига айланган Янги Ўзбекистоннинг умидли спортчиларини бугунги эътироф билан яна бир бор табриклайман! Қолаверса, миллатимиз куч-қудратини дунё миқёсида намойиш этган, бу борада жонбозлик кўрсатган делегациямиз таркибидаги барча олимпия ўйинлари иштирокчиларига бир миллион нафардан ошиқ партиядошларимизнинг чуқур миннатдорлигини билдираман. Аминманки, юртимиз спортчилари учун бу ғалаба нафақат бугуннинг ютуғига айланади, балки келажакда ҳам юксак марралар сари дадил қадам ташлашга мустаҳкам замин яратади!

Робахон МАХМУДОВА, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Ўзбошимчаликми, ёки яна “салла билан калланинг” ўрни алмашдими?

admin

Огоҳ бўлинг: хавфсизликка таҳдид

admin

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР: Адолатли фуқаролик жамияти сари

admin