ADOLAT 24

Жадид, дипломат Акбар Ўрозалиев

Маълумки, 2024 йил 19 июлда “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги муҳим қарор қабул қилинди.

Қарорга кўра, сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси ташкил этилди ва унинг вазифалари бирма-бир кўрсатиб ўтилди. Ҳар бир қатағон қурбонининг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларни номма-ном аниқлаш, тарихий хизматлари ҳақидаги маълумотларни, архив ва музейлар, кутубхоналар ва турли фондларда сақланаётган ҳужжатларни тўплаш ва тадқиқ этиш, оммалаштириш учун ишчи гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш каби қатор вазифалар қўйилди. 

Мазкур қарордан кўплар қатори Бобур номидаги Андижон давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси музейи” жамоаси беҳад руҳланиб, Ўзбекис­тонда, жумладан, Андижонда мус­табид совет даврида қатағон қилинган юртдошларимиз ҳаёти, фожеаси ҳақида олиб бораётган илмий тадқиқот ишларимизни янада жонлантириш, фаоллаштиришга астойдил киришдик. Журнал ва газеталарда, телекўрсатувларда мақолалар ва суҳбатлар ёритилмоқда. Ушбу мақолада эса қатағон қурбонларидан бири Акбар Ўрозалиев тақдири ҳақида маълумот берамиз.

 Қўлимизда Андижон вилоят давлат архивининг 90-фонди материаллари. 1923 йил 16 апрелда Бешлик ҳайъати раиси, Андижон уезд револ­юцион комитети раиси Акбар Ўроз­алиев раислигида Янги шаҳарда ўз-ўзини ҳимоя қилишни ташкил этиш, рўза ҳайити байрамини ўтказиш, Гуручмозорда гарнизон ташкил этиш масалалари кўриб чиқилган ва тегишли қарорлар қабул қилинган. Ўша 1923 йилнинг май ойи охирида СССР Қуролли кучлар бош қўмондони, Ҳарбий революцион совет раиси Сергей Каменев Андижонга келган. Асака билан Андижон ўртасида С.Каменев поездига босмачилар ҳужуми бўлади. А.Ўрозалиев бутун гарнизонни, милиция қисми отрядларини кўтариб, уларни тор-мор этишга сафарбар қилади, шахсан ўзи масъулиятли операцияда иштирок этади. 

СССР Ташқи сиёсати архивида Акбар Ўрозалиевга тегишли биографик маълумотлар мавжудлигини аниқладик. Москвадаги архивда Акбар Ўрозалиевнинг таржимаи ҳолидан қисқа маълумотлар келтирилган. У 1890 йили Андижон шаҳрида туғилган, ерсиз саҳрочининг ўғли, Андижон шаҳрида рус мактабини, Қўқон шаҳридаги билим юртида тўртинчи синфини битирган. 1907-1908 йилларда Қўқон шаҳридаги Москва ҳисоб банкида контурачи бўлиб хизмат қилган. 1909-1916 йилларда Андижон шаҳридаги келиштирувчи судьяга таржимонлик қилган. 1914 йилдан 1917 йилгача ёш ўзбекларнинг яширин ташкилоти “Иттиҳоди ва тараққий”нинг аъзоси бўлган. 

1917 йил апрель-май ойларида Андижон уезди туб аҳолисининг инқилобий ҳаракати кучаяди. Айниқса, 1916 йили мардикорликка олинган андижонликларнинг фронт ортидан ўз юртига кела бошлаши туфайли маҳаллий аҳолининг инқилобий ҳаракати кенг қулоч ёзади. Акбар Ўрозалиев маҳаллий миллат меҳнаткашларининг Мусулмон советининг ташкилотчиси, раҳбари бўлади. Жадидларнинг “Нажот” газетаси 21 май сонидан: “Андижон. 11 май куни мардикорлар ўз ватанларига соғ-саломат етиб келдилар, сўнгра улар қувноқ кайфиятда қўлларида байроқлар билан шаҳарни айланиб чиққанлар. А.Ўрозалиев раҳбарлигида мардикорлар намойиш ва митинглар ўтказишган”. “Знамя свободы” ўлка газетаси эса шундай ёзган: “Бугун 14 июнь куни соат 3 да Андижон шаҳрининг иккинчи қисмида ҳаракатдаги армиядаги мардикорчилик ишларидан қайтиб келган 900 га яқин ишчи-мусулмонларнинг Олимжонҳожи заводида бўлган йиғинида бир овоздан мусулмон ишчилари Совети ҳайъати сайланган, шундан 13 киши мусулмон ва 2 киши европалик руслар бўлган”.

Эндигина 27 баҳорни кўрган А.Ўрозалиев шу совет ҳайъати раиси бўлиб сайланди. Бу совет бойларга, буржуазияга, руҳониятга ва уларнинг ташкилотларига қарши кураш олиб бориб, омманинг сиёсий жиҳатдан чиниқишига эришди. 1917 йил 17 июнда А.Ўрозалиев раислигида ўтган йиғилишда мулк­дор синфлар манфаатини ҳимоя қилаётган турли хил жамият ва ташкилотларни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган. У эски маъмуриятни тугатиш, ҳокимиятнинг янги органларини сайлаш, шаҳар ва уезд хўжалигини яхшилаш, меҳнат аҳлининг сиё­сий ҳуқуқларини ҳимоя этишни талаб қилди. 

1918-1919 йиллари Андижонда социалист-революционерлар, социал-демократлар, меньшивиклар, “Дашнакцутюн” ва РСДРП(б) гуруҳлари асосий фаолиятда бўлган. Улар ўртасида ўткир кураш кетган. Улардан энг хавфлиси сўл эсерлар бўлиб, унинг раҳбари Мария Николаевна Орда номли аёл бўлган. Шундай мураккаб вазиятда 1918 йил 19 декабрида Акбар Ўрозалиев большевиклар партияси сафига кирди. Тез орада у уезд-шаҳар совети раиси ўринбосари, инқилобий трибунал аъзоси бўлиб фаолият кўрсатган. 1918 йилдан РКП(б) аъзоси. 1917 йилдан сўнг у совет, партия ва хўжалик органларида турли лавозимларда ишлаган, ишчи, солдат ва деҳқонлар депутатлари совети раиси ўринбосари, Қўқон шаҳрида совет халқ хўжалиги раёсати аъзоси, Ўш ва Андижон уездларида революцион комитет раиси, Қўқон шаҳрида область ревкоми раиси ўринбосари вазифаларида хизмат қилган. 1922 йили Туркистон АССР Марказий ижроия комитети аъзоси бўлган. 1925 йил РКП(б) Марказий Комитети Ўрта Осиё бюроси тавсияси билан Ғарбий Хитой, яъни Қошғарга СССРнинг бош консули бўлиб тайинланади ва 1927 йилгача фаолият кўрсатади. 

1928 йил октябрида Фарғона область банки бошқарувчиси, кейин Андижонда Манжара номидаги артель раҳбари бўлиб ишлаган. 

1936 йил 10-11 сентябрда Акбар Ўрозалиев 3 йил қамоқ жазосига ва 3 йил давомида сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилинишга ҳукм қилинган. У Сирдарё области Мирзачўл районидаги “Малик” совхози жойлашган меҳнат посёлкасига сургун қилинган. Маҳбус Акбар Ўрозалиев 1937-1938 йиллардаги “Катта террор” қурбони бўлган. 

Қўлимизда айбланувчи Акбар Ўроз­алиевнинг 1937 йил 18 ноябрдаги тергов баённомаси. НКВД терговчисининг “Қачон ва нима учун сиз қамоққа ҳукм этилдингиз?” деган саволига Акбар Ўрозалиев: “1935 йили НКВД органлари томонидан Андижон шаҳрида қамоққа олиндим ва 1936 йили мен аксилинқилобий тарғиботим учун 3 йил қамоқ жазосига ҳукм этилдим”, деб жавоб беради. Тергов органларининг оператив маълумотлари бўйича Акбар Ўрозалиев “Малик” совхози 4-бўлимида маҳбуслар орасида тизимли тарзда аксилинқилобий тарғибот олиб борган. РКП(б)га қарши аксилинқилобий бўҳтонлар билдирган, халқ душманларини мақтаган. Япония ва унинг ҳарбий қудрати, босқинчилик сиёсатини мақтаган. Айни вақтда қизил армияга қарши аксилинқилобий бўҳтонлар ёғдирган. Маҳбусларни ишга чиқмасликка чақирган. Ўрозали­евнинг қўпорувчи аксилинқилобий фаолияти туфайли 4-сонли бригада ишлаб чиқариш режасини доимий равишда бажармаган. У ЎзССР Жиноят кодексининг 66-, 21-моддалари бўйича айбланиб, “Малик” совхозида суд қилинган.

1937 йил 21 ноябрда ЎзССР Ички ишлар халқ комиссарлиги ҳузуридаги йиғилишда Акбар Ўрозалиев “Миллий иттиҳод” миллатчи аксил­инқилобий ташкилотнинг собиқ фаол аъзоси сифатида айбланган. 1935 йили аксилинқилобий фаолияти учун 3 йил қамоқ жазосига тортилган Акбар Ўрозалиев жазо муддатини ўтаётганда маҳбуслар орасида аксилинқилобий тарғибот олиб борган, лагерда меҳнат интизомини издан чиқаришга қаратилган фаолият кўрсатган, маҳбус­лар­ни ишга чиқмасликка чақирган. Унинг аксилинқилобий фаолияти натижасида ишдан бўйин товловчилар сафи кўпайиб борган… НКВД “учлиги” Акбар Ўроз­алиевни отувга ҳукм қилишга қарор қилган. Унга тегишли мулк мусодара қилиниб, ҳукм дарҳол ижро этилган. Шунда у эндигина 47 ёшга кирган эди. 

КПСС ХХ съездидан кейин “Катта террор” даврида сиёсий қатағон қилинганлар, улар қаторида Акбар Ўрозалиев ҳам оқланган. Ўзи туғилиб ўсган Андижон шаҳри кўчаларидан бири Акбар Ўрозалиев номи билан аталган. Андижонда ҳозиргача Акбар Ўрозалиев ва унинг ўғли марҳум Санжарбек Ўрозалиевнинг оила аъзолари яшаган уй сақланиб қолган. Унда Акбар Ўрозалиевнинг набираси Санжарбек Ўрозалиевнинг қизи Уфорахон оила аъзолари билан яшамоқда. 

Рустамбек Шамсутдинов,   

Бобур номидаги Андижон давлат университети профессори, 

“Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори 

Tegishli xabarlar

ТИЛАК ЖЎРАНИ ЙЎҚЛАБ…

admin

Ерга оид низоларни маъмурий судларда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

admin

“Ўткан кунлар”да ўтган кунларим

admin