ADOLAT 24

“Адолат” СДП: Янги ғоя ва ташаббуслар 

Жорий йил 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари  сайловларига Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастури лойи­ҳасини такомиллаштириш учун ҳудудларда партия фаоллари иштирокида оммавий эшитувлар, учрашувлар ўтказилмоқда. 

Самарқанд. Кўҳна ва навқирон шаҳар партия­нинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамаси юзасидан биринчи оммавий эшитув тадбирига мезбонлик қилди. Унда Сиёсий Кенгаш раиси Робахон Махмудова, вилоят ва маҳаллий кенгашлар ходимлари, партия фаоллари, депутатлар, ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди. 

Тадбирни кириш сўзи билан очган партиямиз етакчиси янги Сайловолди дастури лойи­ҳаси халқимиз орзу-истаклари, фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб, кўплаб соҳаларда ривож­ланиш истиқболларини қамраб олиш ва халқчил таклифларни илгари суришда партиянинг келгуси беш йилликдаги стратегик ҳужжати бўлиши кутилаётганини эътироф этди. Қолаверса, ушбу муҳокама жараёни, тадбир иштирокчилари томонидан билдирилган ҳар бир таклиф ва тавсия дас­турни янада мукаммаллаштириш ҳамда амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади.

Шундан сўнг Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзо­си Муҳаммаджон Валиев “Адолат” СДПнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган Сайлов­олди дастури лойиҳасидаги ғоя ва таклифлари тўғрисида” маъруза қилди.

Қайд этилганидек, дастур лойи­ҳаси иқтисодий барқарорликни таъминлаш, партия электорати вакилларининг ижтимоий муҳофазаси ва хотин-қизлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги тенгликни таъминлаш ҳамда давлат бошқарувининг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олган.

Сайловолди дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш бир йилдан ортиқ вақт давомида амалга оширилди. Бунда партия устави ва шу пайтга қадар қабул қилинган асосий дастурларининг танқидий таҳлилига, 150 дан ортиқ хорижий давлатдаги социал-демократик йўналишдаги сиёсий партия ва ҳаракатларнинг тажрибасини ўрганишга, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишларига катта эътибор қаратилди. 

Тадбир сўнггида жамоатчилик томонидан таклиф ва тавсиялар билдирилди, фикрлар алмашилди. Сайловолди дас­турини муваффақиятли амалга ошириш, ҳар бир фуқаронинг ҳаёт сифатини яхшилаш бўйича билдирилган таклифлар экспертлар томонидан ўрганиладиган бўлди. 

– Ушбу учрашув партиянинг келгуси стратегик режаларини белгилаш жараёнида самарқандлик “адолатчилар” ҳам ўз таклифларини билдириши учун самарали кечди, – дейди “Ёшлар парламенти” аъзоси, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Самарқанд вилоят бўлими мутахассиси Дилнур Аъзамов. – Шу ўринда қайд этиш жоизки, янги Сайловолди дас­турни ишлаб чиқиш бошланганида, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш ва ичимлик сувини тежаш мақсадида техник сувлардан янгича ёндашув ва жаҳон тажрибаси асосида унумли фойдаланиш таклифини бергандим. Бугун бизга тақдим этилган дастурни ўқиётганимда, таклифим ҳам жой олганини кўриб, хурсанд бўлдим. Умуман олганда, партиянинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган дастури турли соҳаларни ривожлантириш учун халқчил таклиф ва ғояларни қамраб олгани жиҳатидан аҳамиятли. Демак, “Адолат”нинг жорий сайловдаги иштироки муваффақиятли кечишида Сайловолди дастурнинг, юқорида таъкидлаганимиздек, бир қанча афзаллик­ларга эга экани ҳам муҳим роль ўйнайди.

Албатта, бу каби учрашувларнинг “Адолат” СДП томонидан юқори савияда тизимли ўтказилиши партиянинг жамият олдидаги масъулияти ва бўлажак сайловлардаги ғалабага бўлган имкониятларини юксалтиришга хизмат қилади.  

**

Шунингдек, Фарғона шаҳридаги Юридик техникумда ҳам “Адолат” СДПнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Уни “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева кириш сўзи билан очиб, жорий йилда сайловлар олдидан вилоят кенгаши томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар, кампания давридаги тарғибот ишларида фарғоналикларнинг фаоллик билан иштирок этаётганини таъкидлади. Шундан сўнг  “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Ислом Ҳамроев “Адолат” СДПнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури лойиҳасидаги ғоя ва таклифлари тўғрисида”ги маърузасида дастурнинг мазмун-моҳияти, уни ишлаб чиқиш жараёнлари хусусида иштирокчиларга батафсил маълумот берди.

Савол-жавобларга бой ўтган тадбирда иштирокчилар янги Сайлов­олди дас­турда кўплаб соҳалардаги узоқ вақтдан буён ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш, ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган муҳим таклифлар илгари сурилаётганини эътироф этдилар.

– Менга партиянинг янги Сайлов­олди дастури жуда маъқул келди, – дейди тадбир иштирокчиси Лобархон Каримова. – Кейинги пайтларда ҳали воя­га етмаган гўдакларга бўлган зўравонликлар, айниқса, жинсий зўравонликларни интернет тармоқлари орқали кўриб, эшитиб, эртанги кунимиздан жуда хавотирда эдим. Партиянинг янги дастурида бу каби разилликни амалга оширган зўравонларга умрбод қамоқ жазоси тайинланиши юзасидан таклифларни қонунчиликка киритиш борасидаги ташаббуси менга маъқул келди. Бу каби таклифлар дастурда кўплаб ўрин олган.   

Дарҳақиқат, социал-демократиянинг адолатлилик, эркинлик, тенглик ва бирдамлик ғоялари устуворлик касб этган янги Сайловолди дастури инсон ҳуқуқларини олий қадрият даражасида эътироф этишга қаратилган. Унда мустаҳкам ҳимоя қўрғони яратиш, ҳар бир инсоннинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар камситилишига қарши курашиш, адолат – ҳар бир инсон учун тамойилига амал қилиш каби ғоялар асосий йўналишлар сифатида ифодасини топган. Зеро, ушбу таклифлар халқимиз, хусусан, электоратимиз манфаати йўлидаги муҳим ислоҳотларга, амалий натижаларга йўл очади.

Самарқанд ва Фарғона вилоят кенгашлари матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Товар айрибошлашдаги техник тўсиқлар бартараф этилади

admin

Эркинликнинг яшаш қонуни – курашмоқ Омон Матжон таваллудининг 80 йиллигига

admin

ТАМАГИР ШИФОКОР

admin