ADOLAT 24

Биз томонга кела кўрманг… Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги диққатига!

Мирзо Улуғбек тумани пойтахт марказида жойлашган. Фуқаролар туман номи билан фахрланса арзигулик. Аммо… мабодо йўлингиз тушиб қолмаса, биз томонларга атай кела кўрманг. 

Нега дейсизми?

Чунки кўзингиз тушган манзаралардан кайфиятингиз бузилиши турган гап. Айниқса, Дархондаги кўп қаватли биноларнинг зич жойлашгани, ҳатто кўчаларда юриш учун бир томонда йўлакча бор-у, иккинчи томонда йўқлигини кўриб ҳайрон бўласиз. Устига устак кўча жуда тор, лекин ўта серқатнов.

Буниси ҳам майлику-я, бу ердаги кўча юзидаги чиқиндихона таъбингизни хира қилиши турган гап. Бошқа туманларда махсус чиқинди тўплаш жойлари қурилган. Бу ерда эса беш-ўн метр наридан келаётган бадбўй ҳиддан кўнг­лингиз айнийди. 

Л.Толстой кўчасидаги ахлатхона оқавалари нақ ўн-ўн беш метргача оқиб келган. Йўловчилар босиб ўтганда, албатта, нафас йўлларини бекитишлари зарур.

Ёзнинг жазирама кунларида бу ерда яшаётган аҳолининг аҳволини тушунаверинг. Ҳокимият йўқ, деб ўйлаяпсизми? Ҳокимият ҳам, ҳоким ҳам бор. Маҳалла фуқаролар йиғини ҳам номи бор-у ўзи ҳам, иши ҳам йўқ. Маҳалла нуронийлари учун берилиши керак бўлган жой учинчи йилки, қулфлигича ёпиқ турибди.

Бу масалада ҳоким қабулига бордим, “Маҳалла” газетасига ёздим. Республика маҳалла уюшмасининг туман бўлими бош­лиғи З.Тулаганов имзоси билан жавоб хати келди. Хат охирида “Бугунги кунда маҳалла ҳудудида жойлашган бўш турган бинони маҳалла нуронийлари учун ажратилиши ва таъмирлаш ишларини амалга оширилиши юзасидан таклифлар ишлаб чиқилаётганлигини маълум қиламиз,” деб ёзилган. 04-18/24 сонли ушбу хат 29 март куни келган, орадан беш ой ўтди ҳамки…

Туман фуқаролари учун Ҳамид Олимжон майдонида фаввора бор. Болалар майдончасида сакрайдиган ботут, поездлар каби ўйин­чоқлар бўларди. Ҳозир улар йўқ, чунки майдонда биронта ўриндиқ қолдирилмаган. Бундан бир неча йил аввал қўйилган тахта ўриндиқлар синиб, умрини яшаб бўлган. Ёз чилласида кўп қаватли уйларда яшаётган аҳоли кечқурунлари ҳордиқ чиқариши, болалари билан сайр қилиши учун шароит йўқ. 

Туманимиз ҳокими ҳеч бўлмаса шуларга қараса, аҳоли ҳақида қайғурса яхши бўларди. Тўғри, туман ҳудудида майдони 12,9 гектарлик марказий боғ бор. Бундан 10-20 йил аввал боғга кирган одамнинг чиққиси келмасди. Ҳозир эса тонг саҳарда айлангани бориб, боққа ачиниб кетаман. Яшил газонлар суғорилмайди. Атроф тозаланмайди. Ҳеч нарса экилмасдан қақраб ётган ер қанча. Емакхоналарнинг атрофи супурилиб, сув сепилган. Қолган жойлар қаровсиз ётибди, фақат ўрмонсифат қалин экилган дарахт­лар яшиллиги боғни безаб турибди, холос.

Ён-атрофда қурилишлар кўпайиб, кўп қаватли бинолар қаторлашиб турганида ҳеч бўлмаганда, шу боғ ёки майдонларни қаровсиз қолдирмасак мақсадга мувофиқ бўларди. Қолаверса, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли, айниқса, ёшлар, болалар дам олиши учун шароит яратиш зарур эмасми? Ҳокимиятнинг аҳолига ғамхўрлик қилиш, унга зарур шарт-шароитни яратишдан ҳам муҳимроқ вазифаси борми?!

Хуллас, имкон қадар биз томонга йўлингиз тушмасин. Асабингиз бузилгани қолади. Сизга шу керакми?

Муқаддас Абдусаматова,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Tegishli xabarlar

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИ ТАЛАБАЛАРИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА УСТУВОР ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

admin

Қурултойга делегатлар сайланди

admin

«Бор меҳримиз сенга, акция давом этади болажон!»

admin