ADOLAT 24

ЭКОЛОГИК  хавф: огоҳ бўлайлик

Бугунги кунда табиатга ва атроф-муҳитга жиддий зарар етказаётган экологик хавф ядро талафоти ва терроризмдан ҳам даҳшатлироқ бўлиб, Ер юзидаги барча халқларни бу ҳақда чуқурроқ ўйлашга мажбур этмоқда. Зеро, инсониятнинг табиатга хўжасизларча муносабати ва атмосфера ҳавосининг ифлосланиши табиат, жамият ва инсон ўртасидаги мутаносибликнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Геб­рейесус ҳамда Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) бош директори Петтер Таалас имзолаган Иқлим, атроф-муҳит ва саломатлик соҳасида ҳамкорлик доиравий дастурида кўрсатилганидек, ҳар йили дунёда 12 миллиондан ортиқроқ киши атроф-муҳит ҳолати – ҳавонинг ифлосланиши, сув сифатининг ёмонлиги ёки кўзга кўринмас кимёвий моддалар сабабли оламдан кўз юммоқда. Уларнинг аксарияти тўфонлар, қурғоқчилик ёки иқлим билан боғлиқ юқумли касалликлардан вафот этади.

Демак, бугунги кунда дунёда, шу жумладан, минтақамизда экологик вазиятнинг кес­кин ёмонлашиб бораётгани ва иқлим ўзгаришларининг салбий таъсири барчамизни жиддий ташвишга солмоқда.

Шу сабабли Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 20 сентябрда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида «Ҳозирги вақтда дунёда кескин экологик вазият кузатилмоқда. Сайёрамиз миқёсида учта инқироз, яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучаймоқда. Ана шундай мураккаб шароитда Орол денгизи фожиасига қарши курашни давом эттираётган Марказий Осиё иқлим ўзгариш­лари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланмоқда… Кейинги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати бир ярим градусга кўтарилди. Бу – дунёдаги ўртача исишдан икки карра кўпдир. Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда. Агар ўз вақтида таъсирчан чораларни кўрмасак, ушбу муаммолар оқибатлари минтақамиздаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий путур етказади», деб таъкидлаган эди.

Шундай экан, ушбу экологик муаммоларни ижобий ҳал этишда Юртбошимизнинг концептуал ғоялари ва ташаббуслари илмий-назарий ҳамда амалий халқаро аҳамиятга эга.

Расмий маълумотларга қараганда, атмосферага дунё бўйича 50 миллион тонна ҳар хил углеводородлар, 260 миллион тонна олтингугурт оксидлари, 58-60 миллион тонна азот оксидлари, 2 миллион тоннадан ортиқроқ чанг ва кулсимон моддалар ташланмоқда. Атмосфера ҳавосининг кундан-кунга, йилдан-йилга ифлосланиб боришида автотранспортларнинг ҳам «айби» борлиги яққол кўриниб турибди. 

Ҳозирги кунда дунё бўйича 500 миллиондан ортиқроқ автомобиль мавжуд бўлиб, улар йилига 3 миллиард тоннадан ортиқ углеводород ёқилғисини сарфламоқда, натижада атмосферага жуда катта миқдорда зарарли газлар ажралиб чиқмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ер юзидаги барча автомобиллар бир сутка давомида атмосферага 0,5 миллион тонна углерод оксиди, 1000 тонна углеводородлар, 26 минг тонна азот оксидлари ва бензин буғлари чиқаради. 

Юртимизда эса умумий ифлослантирувчи ташламаларнинг 53% ини углерод оксиди, 15% ини олтингугурт ангидриди ва 15% ини юқори токсиклик хоссасига эга бўлган моддалар, 8% ини углеводородлар, 5% ини қаттиқ моддалар ва 4% ини азот оксид­лари ташкил қилади. Турғун манбалардан атмосферага 150 дан зиёд зарарли моддалар чиқариб юборилмоқда. Шулардан 84 фоизи Тошкент (300 минг тонна), Қашқадарё (214 минг тонна), Бухоро (99 минг тонна), Фарғона (57 минг тонна) ва Навоий (47 минг тонна) вилоятларида жойлашган корхоналар ҳиссасига тўғри келади.

Демак, барчамиз атмосфера ҳавоси ва она еримизни қандай қилиб муҳофаза қилишимиз, унинг табиатини қандай асрашимиз, ҳозирда долзарб бўлиб қолган экологик муаммоларни қандай ечишимиз мумкинлиги тўғрисида чуқур ўйлашимиз, ер шаримизни янада гўзалроқ, соғломроқ қилиш йўлларини излашимиз ва келажак авлод тақдирига бефарқ бўлмаслигимиз лозим бўлади.

Ана шундай вазифаларни амалга ошириш учун бугунги кунда она табиатни соф ҳолда сақлаш мақсадида, дунё бўйлаб заҳарли газларни ҳавога чиқаришни камайтириш борасида бир қатор режалар ишлаб чиқилган. Мутахассисларнинг фик­рича, агар ҳавога заҳарли моддаларнинг чиқиши камайтирилмайдиган бўлса, яқин келажакда ҳавонинг ифлосланиши оқибатида юз берадиган ўлимлар сони янада ортиб бораверади. Масалан, тахминий маълумотларга кўра, атроф-муҳитнинг ифлосланиши оқи­батида келиб чиқадиган касалликлар туфайли ҳар йили сайёрамизда камида 5 ярим миллион киши вафот этар экан. 2050 йилда бу рақам 6 миллион кишидан ортиб кетиши тахмин қилинмоқда ва атроф-муҳит ифлосланишининг кўпроғи Ҳиндистон ва Хитой ҳиссасига тўғри келади. Ифлос ҳаво оқибатида 2013 йилда Хитойда 1 миллион 600 минг, Ҳиндис­тонда бир ярим миллионга яқин, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларида 300 мингга яқин киши вафот этганлиги маълум.

Мавжуд муаммо борасида тадқиқот ўтказган АҚШнинг Бостон шаҳридаги «Health Effects Institutes» компанияси мутахассислари ўз хулосаларини эълон қилишган. Американинг Йельск университети олимлари эса сунъий йўлдошлардан олинган суратлар орқали ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ жаҳон харитасини яратишди. Унда бугунги кунда Деҳли ва Пекиндаги ҳавонинг ифлосланиши белгиланган меъёрдан 8-10 баробар юқори эканлиги эътироф этилган. Америкалик олимларнинг айтишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида юз берадиган касалликлар туфайли қайд қилинадиган ўлимлар жаҳонда иккинчи ўринда туради. 

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, эндиликда инсоният олдида маънавий, эстетик вазифалар ечимини топиш, яъни атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳамда табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш ва транспортда экологик хавфсиз, муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш ҳамда «яшил технология»га ўтиш каби ўта муҳим масалалар турибди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари профилактикаси, уларни аниқлаш ва олдини олишнинг самарали механизмларини жорий этиш, республика аҳоли пунктларининг санитария ва экологик ҳолати учун давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларга эришишни таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси янги таҳ­рирдаги Конституциясининг 48-моддасида «Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади… Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади», 66-моддасида «Мулкдор ўзига тегиш­ли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак» деб белгиланиши мавжуд экологик муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратилганлигини кўрсатади.

Мамлакатимизда экологик муаммоларнинг олдини олиш ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Ўрмон тўғрисида», «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида», «Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида»ги қонунлари янги таҳрирда, халқаро андозаларга мос қабул қилинганлиги ҳам соҳадаги муаммоларни ҳал этишнинг ҳуқуқий кафолатидир.

Мамлакатимизда атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилишига қарамай, айрим шаҳарларимизда, жумладан, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ортиб бораётганлиги ўта хавотирли ҳолатга сабаб бўлаётганлигини таъкидлаш ва бунга табиий ва антропоген омиллар таъсир этаётганлигини кўриш мумкин.

Умуман олганда, бу масалада биз Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг мурожаати ва ташаб­бусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш билан боғлиқ экологик муаммоларнинг олдини олиш ва уни ижобий ҳал қилиш мақсадига қуйи­даги омиллар салбий таъсир этаётганлигини таъкидлаш ўринли, деб ҳисоблаймиз:

– шаҳарларда автотранспорт воситалари сони кескин ортиб бориши, транспорт воситаларининг экологик даражаси фойдаланилаётган ёқилғи ва йўл ҳаракатини ташкил этиш сифатига боғлиқ. Масалан, республика бўйича автомобиллар сони 2021 йилда 3,14 миллион донани ташкил этган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 4,6 миллион донага етган. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида бир кунда ўртача 730 мингта автотранспорт воситаси ҳаракатланиб, ҳудудлардан 160 мингдан 300 минггача автотранспорт воситаси кириб келмоқда. «Халқаро экологик стандартлар»га тўғри келмайдиган А-80 маркали бензиндан фойдаланаётган техника воситалари эса атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқармоқда;

– шаҳарларда транспорт ва пиё­далар оқимининг кесишмалари сони камайтирилмаган, магистраллардаги юклама даражаси пасайтирилмаган, транспорт оқими таркибини, тезлик режимини тартибга солиш жараёни оптималлаштирилмаган, йўл ҳаракатлари тўғри ташкил этилмаган. Натижада, Тошкент шаҳрида тирбандлик ҳолатлари кўп кузатилиб, тирбандликда тўхтаб турган автомобиль эса ҳаракатланаётган автомобилга нисбатан атмосфера ҳавосини кўпроқ ифлослантирмоқда;

– демографик ҳолат ва урбанизация талаблари асосида, шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан, ўрнатилган тартибда тегишли рухсат берилмасдан қурилиш ишлари бетартиб амалга оширилмоқда. Зеро, Тошкент шаҳрида бир неча маротаба қурилиш ишларини амалга оширмаслик бўйича мораторий эълон қилинган бўлса-да, кўп қаватли уй-жой қурилиш ишлари ҳозиргача давом этиб келмоқда;

– Тошкент шаҳри ҳавоси ифлосланишига шамол йўналиши ва тезлиги, ҳаво ҳарорати, қуёш радиацияси, атмосфера ёғинларининг миқдори ва давомийлиги, ҳарорат инверсиялари (вертикал бўйича аралаш зарраларнинг тарқалиб кетишига тўсқинлик қилувчи илиқ ҳаво қатлами) ва бошқа табиий омиллар ҳам сабаб бўлмоқда. Чунки шаҳар тоғлар билан ўралган ва чуқурликда жойлашган. Шу сабабли шамол айланмаслиги ҳисобига чанг ҳаво оқими шаҳарда туриб, димланиб қолмоқда. Бу эса шаҳар ҳавосининг ифлосланиш даражаси ошишига олиб келмоқда;

– яна бир асосий сабаб шундаки, иситиш мавсумида аҳолига марказлашган иссиқлик етказиб бериш учун мавжуд иссиқлик марказлари томонидан қўшимча ёқилғи сифатида мазут ёқилғисидан фойдаланиш атмосфера ҳавосининг кескин ифлосланишига сабаб бўлиб, аҳоли эътирозларини келтириб чиқармоқда. Айрим маълумотларга кўра, биргина Тошкент шаҳридаги мавжуд 6 та иссиқлик марказларининг 9 та қозонхонасида 2023 йил декабрь ойида 3 минг тонна мазут ёқилғисидан фойдаланилганлиги ўта ташвишли ҳолдир;

– аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талаби ортиши натижасида углеводородлардан, жумладан, кўмир ёқилғисидан фойдаланиш ҳажми ҳам ортган. Хусусан, 2019 йилда 3,9 миллион тонна кўмир ёқилғисидан фойдаланилган бўлса, 2022 йилда бу рақам 5,3 миллион тоннага, 2023 йил якунига кўра 6,7 миллион тоннага етган. Кўмир ёқилғисини қазиб олиш, ташишдан то фойдаланишгача бўлган жараёнда ажралиб чиқувчи ифлослантирувчи моддалар атроф-муҳит, жумладан, атмосфера ҳавоси, туп­роқ ва сув ресурсларининг ифлосланишига олиб келмоқда;

– атмосфера ҳавосининг тозалиги кўпроқ «яшил қатлам» билан ҳам боғлиқ. Таъкидлаш жоизки, дарахтлар ва буталарнинг кесилишига эълон қилинган мораторий даврида 50 мингга яқин дарахтлар ноқонуний кесилган.

Умуман олганда, жаннатмонанд юртимизнинг табиати бетакрор бўлиб, шароити эса ҳаёт кечиришимиз учун жуда ҳам бой экологик имкониятларга эга. Афсуски, кўп ўринларда ақлимиз ва қалбимиз билан эмас, моддий манфаатларимиз ва нафсимиз билангина ҳисоблашамиз. Бироқ ҳар қандай муносабатнинг ўз жавоби бор… 

Она табиатимизнинг мусаффолигини асраб қолиш учун ҳар биримиз жон куйдиришимиз, атрофимиздаги муаммоларга эътиборсиз бўлмаслигимиз, конс­титуцион бурчимизни ўз вақтида бажаришимиз ўта муҳимдир. Ана шундагина ташвиш­ли экологик муаммо ва таҳдидларни бартараф этишимиз осонроқ бўлади.

Жуманазар ХОЛМЎМИНОВ,

Тошкент давлат юридик университети  

«Экология ҳуқуқи» кафедраси профессори,

 юридик фанлар доктори

Tegishli xabarlar

Фарзандларини “унутган” ота

admin

Келишув битими – муаммо ечими

admin

Манзилли режалар ва мақсадлар кўнгиллар ободлигига хизмат қилади

admin