ADOLAT 24

Манзилли режалар ва мақсадлар кўнгиллар ободлигига хизмат қилади

Президентимизнинг Қорақалпоғистон Респуб­ликасига бўлган навбатдаги ташрифи ҳудудда яшовчи кексаю ёшнинг қалбига бирдек илиқлиқ, қуёшдек меҳр нурларини олиб киргани айни ҳақиқат.

Бугун қайси маҳалла, қайси кўчага ёки қайси хонадонга борсангиз ҳам асосий мавзу Президент ташрифи якунлари, ҳудудга кўрсатилаётган эътибор, аҳолига берилаётган имтиёз, иқтисодиётни тараққий эттиришга қаратилган манзилли мақсадлар буйича мароқли суҳбатга гувоҳ бўласиз.

Ҳақиқатан ҳам Президентимиз раҳнамолигида Қорақалпоғис­тонда сўнгги 5-6 йилда деҳқончилик ва чорвачиликдан ташқари, замонавий тадбиркорлик ва саноатни ривож­лантиришга, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ёшлар учун кенг имкониятлар яратишга юксак эътибор қаратилмоқда.

Дастлаб Мўйноқдан бошланган эзгу ташаббуслар ҳудуднинг барча туманларида давом этаётганлиги, одамларнинг бугундан рози бўлиб, эртанги кунга ишонч билан қараб, бахтиёрлик, шукроналик туйғулари билан яшашига хизмат қилмоқда.

Президентимиз ташрифи, кун давомида ўтказилган самимий учрашувлар, суҳбатлар, Қорақалпоғистоннинг бугуни ва ёрқин истиқболи учун белгиланган аниқ мақсадли режалар – буларнинг ҳаммаси, Қорақалпоғистонда яшовчи ҳар бир инсоннинг юрак тубига кириб борди.

Олдинлари умуман саноат корхонаси бўлмаган Кегейли туманида ҳудудлараро ҳамкорлик натижасида, андижонлик тадбиркорлар билан биргаликда йилига 3 миллион донадан зиёд трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга “Ақтуба текстил” корхонаси ишга туширилди. Германия, Япония ва Туркиядан олиб келинган замонавий ускуналар ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайишига хизмат қилмоқда.

Асосийси, ушбу туманда яшовчи, ишсиз аёллар учун доимий иш ўрни яратилди. Корхона 500 та иш ўрнига эга бўлиб, йилига 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари ташрифини ушбу корхона фаолияти билан танишувдан бошлади, корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди, ишчи аёллар билан самимий суҳбатлашди.

Президентимиз томонидан шу куннинг ўзида видеоалоқа орқали 6 та янги корхона ишга туширилди. Булар Беруний туманидаги “Беруний буғдой кластер” ҳамда “Райҳон аппарел”, Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент” заводининг 3-босқичи, Қўнғирот туманидаги “ККРаси кемикал”, Нукус шаҳридаги “Азимут хотел”, Тўрткўл туманидаги “Хозагро” корхоналари ҳисобланади. Бу корхоналарда жами 1 минг 100 та доимий иш ўрни яратилган, улар орқали ишлаб чиқаришга 300 миллиард сўм, экспортга 20 миллион доллар қўшилади.

Албатта, янгидан ишга тушган ушбу корхоналар, аҳоли бандлиги, оилалар фаровонлиги, иқтисодиётимиз тараққиётига асос бўлади.

Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган йиғилишда, Қорақалпоғистон маҳаллаларини обод қилиш, сув, йўл, электр таъминотини яхшилаш, мактаб, боғча ва тиббиёт пунктларини қуриш ва таъмирлаш учун 2023 йилда 1,5 триллион сўм ажратилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, 452 та маҳалладаги шароити оғир 21 мингта хонадон таъмирланиб, 709 та уйлар янгитдан қуриб берилиши учун бюджетдан 132 миллиард сўм, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 232 миллиард сўм ажратилаётганлиги, қорақалпоқ халқига бўлган оталарча эътибор ва ишонч намунасидир.

Албатта, берилаётган маблағлар ҳажми катта, ушбу маблағлар замирида эса, одамларни ҳаётдан рози қилишдек юксак инсонийликдан иборат мақсад мужассам.

Давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистон учун аҳамиятли бўлган, шу ерда яшовчи аҳолининг фаровонлигини янада оширишга қаратилган 3 та янги ташаббус, нафақат бугун, келажакда ҳам одамларнинг ўз ҳаётидан розилигига хизмат қилиши аниқ.

Биринчи ташаббус: Қорақалпоғис­тондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилади. Бунинг учун алоҳида Қорақалпоғистон маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб, унга жорий йилда 250 миллиард сўм ажратиш белгиланди.

Иккинчи ташаббус: кадастри йўқ 38 минг уй-жой ва кўчмас мулклар бўйича тегишли ҳужжатлар қилиб берилади.

Учинчиси: аҳоли талаби инобатга олиниб, жорий йилда 4 мингта уй-жой қурилади. Бунга қўшимча равишда замонавий лойиҳа асосида 4 минг якка тартибдаги уй-жой қуришга 4 сотихдан ер ажратилади.

Ҳақиқатан ҳам, уч янги ташаббус ва Қорақалпоғистонни “ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари мўл ва арзон бўлишини таъминлаш, ичимлик суви таъминоти, магистраль ва ички йўлларни таъмирлаш, мактабгача таълим муассасаларини қуриш, мактаб ва тиббиёт масканларини таъмирлаш каби кўп сонли аниқ мақсадли режалар кун-кундан янгиланаётган Қорақалпоғистонда яшовчи кўп миллатли аҳолининг кўнглига ободлик олиб киради, бугунги фаровон ҳаётига, эртанги нурли келажагига асос бўлиб хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бугун биз, қорақалпоғистонликлар давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган имконият, берилаётган имтиёзлар, халқнинг бугуни ва ёш авлод келажаги учун қилинаётган эзгу ташаб­буслар учун Президентимиздан миннатдормиз.

Нурлибай Қаипбергенов,

“Aдолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Таназзул томон қўйилган қадам

admin

“АДОЛАТ” СДП: КЕЧА ВА БУГУН 18 февраль – “Адолат” социал-демократик партияси ташкил топган кун

admin

Ҳамкасбимиз “Олтин қалам” мукофоти билан тақдирланди

admin