ADOLAT 24

Тарихий воқелик арафасидаги мулоқотлар

“Aдолат” СДП томонидан «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конс­титуциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини аҳолига содда ва тўғри тушунтиришга бағишланган давра суҳбатлари, учрашувлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.

Ушбу тадбирларнинг навбатдагиси Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Тошкент, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси. «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий Кенгашига ташриф буюрди.

Ташриф давомида партиямиз етакчиси ҳудудий Кенгаш ходимлари ва уларнинг иш фаолияти билан яқиндан танишди, Кенгаш Ижроия қўмитасининг 2022 йилдаги фаолияти ҳамда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга ошириладиган устувор вазифаларга эътибор қаратди.

Баҳром Абдуҳалимов ўз чиқишида Ўзбекис­тон Республикаси Конституцияси қонун лойи­ҳасини тайёрлашда «Адолат» социал-демок­ратик партиясининг салмоқли иштирокини ҳамда 30 апрель куни ўтказиладиган умумхалқ референдуми барчамиз учун тарихий воқеа эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ташриф якунида партия Сиёсий Кенгаши раиси амалга оширилган ишлар ҳамда келгуси режалар билан танишиб, ҳудудий Кенгаш саъй-ҳаракатларига ижобий баҳо берган ҳолда, барчани тарғибот-ташвиқот ишларида янада фаол бўлишга чақирди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Кенгаши матбуот хизмати

* * *

Хоразм. Тошкент Тиббиёт академия­­си Урганч филиалида “Адолат” СДП Сиё­сий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев иштирокида “Конституцион ислоҳотлар – инсон қад­ри учун” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, БПТ, “Аёллар ва ёшлар” қаноти раислари, ёш адолатчилар, мазкур олийгоҳда таълим олаётган талабалар, профессор-ўқитувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши раиси Тоҳир Полвонов кириш сўзи билан очиб берди.

Партия Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абду­ҳалимов сўзида Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти, илм-фан, таълим ривожига оид муҳим жиҳатлари, Асосий қонуннинг ҳуқуқий-демократик жамиятни барпо этишдаги муҳим омиллари, инсон қадри тамойилини янада мус­таҳкамлаш, айниқса, ёшлар масаласига доир киритилаётган моддалар ҳар бир униб-ўсиб келаётган ёшнинг келажаги мустаҳкамланаётганидан далолат эканини асосли мисоллар билан тушунтирди ва слайдлар орқали иштирокчилар эътиборига ҳавола этди.

ОМҚП депутати М.Қурбонбоев сўзида Конс­титуцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётгани замирида жамият ҳаётини янада демократлаштириш асосий мақсад қилиб олингани ва ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган янги Қомусимиз шаклланаётгани ва Конституцияга киритилган бир қатор янги моддалар тўғрисида гапирди.

ТТА Урганч филиали директори Рашид Рўзи­боев партиянинг Сайловолди дастурида илгари сурилган асосий масалалар ва партия томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга ижобий муносабат билдирди. Янгиланаётган Конституция халқчил ва ҳаётийлиги билан кенг омма орасида қўллаб-қувватланаётганида партиянинг ўрни беқиёс эканини бир қатор мисоллар билан таъкидлаб ўтди ва олийгоҳ жамоаси ва талабалари билан биргаликда референдумда фаол иштирок этишини билдирди.

– Партиямиз етакчисининг биз, ёшларга янги таҳрирдаги Конституциямиз тўғрисида берган тушунчалари конс­титуциявий билимларимизни янада бойитиши билан бир қаторда, юртимиз камоли учун шижоат билан меҳнат қилишга ундади, – дейди “Ёшлар парламенти” аъзоси Тўхтажон Қурязова. – Янгиланаётган Конституциямиз матни билан яқиндан танишар эканмиз, унинг партиямиз Сайловолди дастурида илгари сурилган кўп­лаб ғоялар билан ҳамоҳанг эканидан қалбимиз ғурурга тўлди.

– Янгиланаётган Конституциямиз тўғрисидаги маълумотлардан сўнг зиммамизга катта масъулият юкланганини ҳис этдим, – дейди тадбир иштирокчиси, бўлажак шифокор Зайнаб Раҳимбоева. – Тўғри, давлатимиз томонидан ёшларга қаратилган эътибор эътирофга лойиқ. Янгиланаётган Конституцияда бу имкониятлар янада такомиллашиб, мус­таҳкамланаётгани ҳар бир ўғил-қиз бахт­­ли келажак билан таъминланишига кафолат, деганидир. Бунга жавобан биз, ёшлар юқори билим ва салоҳиятга эга бўлиб шакл­ланишимиз учун ўз устимизда янада кўпроқ ишлашимиз, меҳнат қилишимиз, янги Ўзбекистонимизни барпо қилишда бор истеъдодимизни сафарбар этишимиз, референдумда фаол иштирок этишимиз лозим.

Шунингдек, Б.Абдуҳалимов Хоразм Маъмун академиясида ҳам бўлиб, мазкур мас­канда олиб борилган қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишди. Академия қошида ташкил этилган янги ва турли адабиётлар билан бойитилган кутубхона, музей экспозиция­даги ўзгариш­лар, барча талаб­ларга жавоб берадиган замонавий бино, лаборатория­лар фаолияти билан танишгандан сўнг, академия жамоасини дилдан қутлади ва келгуси ишларида муваффақиятлар тилади. Ўрганиш давомида академиянинг моддий-техник базасини янада яхшилаш, олимларга қулай шарт-шароитлар яратиш, кутубхона ва музейни янги китоблар ва экспонатлар билан бойитиш ва бошқа масалалар юзасидан келишиб олинди.

Шундай сўнг академия олимлари билан “Янгиланаётган Конституция – тараққиёт гарови” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирни Маъмун академияси раиси Икром Абдуллаев кириш сўзи билан очиб берди.

 Б.Абдуҳалимов ўз чиқишида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий тараққиётида олимларнинг ўрни беқиёслигига алоҳида эъти­бор қаратди.

Учрашувда олимлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

 Шубҳасиз, партиямиз етакчилари ва фаоллари томонидан ўтказилаётган бу каби тадбирлар жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

* * *

Тошкент вилояти. «Адолат» СДП Марказий аппарати ҳамда партиянинг Тошкент вилояти кенгаши ташаб­буси билан Чирчиқ шаҳридаги Чирчиқ давлат педагогика университетининг йиғинлар залида «Ўзбекистон Рес­публикаси Конституция­­си тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини қўллаб-қувватлаш ва бўлиб ўтиши кутилаётган референдумга муносиб тайёргарлик кўриш, аҳоли ўртасида янада самарали тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш, партиянинг жараёнда фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида тадбир ўтказилди.

Тадбирда «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов, партиянинг Тошкент вилояти кенгаши раиси Фармон Аллаев, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий, маҳаллий кенгашлар ходимлари, партиянинг «Ёш адолатчилар» қаноти раислари, Ёшлар парламенти аъзолари, халқ депутатлари Тошкент вилояти ва маҳаллий кенгашларидаги партия депутатлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда университетнинг ўқитувчи ва талабалари, ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Давра суҳбатида сўз олган «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциявий қонуни лойиҳасини қўллаб-қувватларкан, бу борадаги ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Таъкидланганидек, янгиланаётган Конституциямизда биргина ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатланиши борасидаги нормалар сони икки бараварга ошмоқда. Хусусан, киритилаётган концептуал ўзгариш­лар қаторида жамиятнинг ярмидан кўпини ташкил қиладиган ёшларга муносиб ҳаёт шароити яратиш, барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар янада мустаҳкамланмоқда.

Бундан ташқари, ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституция­вий мажбурияти сифатида белгиланаётганлиги, мазкур нормалар, нафақат ёшлар манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун муҳимдир.

Тадбирда халқ депутатлари Тошкент вилояти ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари сўзга чиқиб, Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар хусусида ўз фикр ва муносабатларини билдиришди.

Равшан МИРЗАҚУЛОВ,

Тошкент вилояти кенгаши матбуот котиби

* * *

Наманган давлат университети катта мажлислар залида умумхалқ референдумига бағиш­лаб ташкил этилган тадбирда “Адолат” СДП вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раислари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатлари, “Аёллар” ва “Ёш адолатчилар” қанотларининг фаоллари, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар, кенг жамоатчилик ва омма­вий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

“Конститутциявий ислоҳотлар – инсон шаъни ва қадр-қиммати учун” деб номланган давра суҳбатини “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси Исроилжон Жўраев олиб борди.

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов кириш сўзи билан мулоқотни бошлаб берди. У янги таҳрирдаги Асосий қонун лойиҳаси халқимизнинг фаол иштирокида тайёрланганлигини, унда 220 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазаларда билдирилган фикрлар ўз ифодасини топганлигини қайд этди. Шунинг учун бу ҳужжатни умумхалқ ижодининг маҳсули сифатида баҳолаш мумкин. Бош Қомус лойи­ҳасида жамиятимизнинг барча табақалари манфаатлари тўла ҳисобга олинган. Унда ўз аксини топган қоидалар фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва бурчлари уйғунлигини таъминлашга хизмат қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов “Ижтимоий давлат инсон ҳуқуқ ва манфаатлари кўзгуси”, НамДУ ректорининг биринчи ўринбосари Наримон Деҳқонов “Халқ – Конс­титуциявий ислоҳотлар ташаббускори” мавзуларида маърузалар билан чиқдилар. Улар янгиланаётган Конституцияда инсон қадр-қиммати энг асосий масала этиб белгиланаётганини алоҳида таъкидладилар. Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиш­ларнинг мазмун-моҳияти, илм-фан, таълим ривожига оид муҳим жиҳатлари, демократик жамият барпо этишдаги муҳим омиллари, инсон қадри тамойилини янада мустаҳкамлаш, айниқса, ёшлар масаласига доир киритилаётган ўзгартиришлар Ўзбекистоннинг ижтимоий давлатга айланишига мустаҳкам замин бўлиши мисоллар билан изоҳланди.

Шундан сўнг сўзга чиққан Наманган давлат университети табиий фанлар факультети деканининг ўринбосари Абдулбосит Собирхонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ёшлар парламенти аъзоси Нозима Акбарова, халқ депутатлари Поп туман кенгаши депутати Мафтунахон Маматова Конс­титуцияга киритилаётган ўзгартишлар жамият ҳаётини янада демок­ратлаштириши, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлашини баён этдилар. Бу “Адолат” СДПнинг Сайлов­олди дастурида олға сурилган ғоя ва мақсадлар билан ҳамоҳанглиги таъкидланди.

Тадбир қатнашчилари барчани шу йил 30 апрелда ўтказиладиган умумхалқ референдумида фаол қатнашишга чақирдилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА (Қашқадарё вилояти)

admin

АЗИМ ПОЙТАХТИМИЗ ЯНАДА ОБОД, ИНФРАТУЗИЛМАСИ РИВОЖЛАНГАН ШАҲАРГА АЙЛАНАДИ

admin

Товар айрибошлашдаги техник тўсиқлар бартараф этилади

admin