ADOLAT 24

Ўзбекистон — ҳуқуқий давлат

Фуқароларнинг энг муҳим орзу-интилишлари ва мақсадлари Асосий қонун – Конституцияда тўлиқ ифода этилади. Мустақиллик йилларида Конституция асосида инсон қадри улуғланадиган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш мақсадида кенг қамровли янгиланишлар ва ислоҳотлар амалга оширилди, бу борада бой тажриба тўпланди.

Ўзбекистон бугун ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўймоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари бундан буён барча соҳаларда устувор аҳамият касб этишини қатъий қоидага айлантириш, бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда бугунги ислоҳотларнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни янги таҳрирдаги Конституциямизнинг мазмун-моҳиятига чуқур сингдиришни тақозо қилмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, ички ва ташқи сиёсий воқеликлар нуқтаи назаридан конституциявий ислоҳотлар табиий ривожланиш натижаси бўлиб, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ўта аҳамиятлидир, адолатли жамият қуриш йўлида қўйилаётган улкан қадамдир.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳуқуқий давлат тамойилини амалга оширишга қаратилган конс­титуциявий кафолатлар белгиланмоқда.

Ҳуқуқий давлат – инсониятнинг минг йиллар мобайнидаги машаққатли меҳнати эвазига шаклланган тараққиёт ғоясидир. Бундай давлат демократик тамойиллар асосида қабул қилинган қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлган, ҳеч ким қонундан устун турмайдиган давлатдир.

Бугун Янги Ўзбекистон инсонпарвар, адолатли, эркин ва халқчил давлат қуриш йўлида одимламоқда. Шу мақсадда, Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 1-моддасида “Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат” деган тамойил мустаҳкамланмоқда.

Жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортиққа ошмоқда.

Конституцияда Ўзбекистоннинг ҳуқу­қий давлат эканлигини алоҳида белгилаш – давлат ўз фаолиятини, жамият ва фуқароларнинг яшаш тарзини фақат Конституция ва қонунлар асосида амалга оширилишини таъминлайди. Пировардида, давлат органлари ва мансабдор шахслар қонун устуворлиги асосида халқ манфаатлари учун ишлайди, унга хизмат қилади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг бошқа нормаларида ҳам ҳуқуқий давлат тамойилини амалга оширишга қаратилган механизмлар ва кафолатлар мустаҳкамланмоқда. Биринчидан, давлат фаолияти қонун устуворлиги ва қонунийлик асосида амалга оширилишини таъминлаш бўйича Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳамда унинг тўғридан-тўғри амал қилиши белгиланмоқда. Натижада давлат органлари, судлар ўз фаолиятида Конс­титуцияга тўғридан-тўғри мурожаат қилган ҳолда қарорлар қабул қилади. Иккинчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ ва Конституция нормаларига мувофиқ кафолатланмоқда, улар қонунчилик ва давлат органлари фаолиятининг мазмунини белгилаши мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, инсонга нисбатан давлатнинг ҳуқуқий таъсир чоралари қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши шартлиги ва инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши мус­таҳкамланмоқда.

Мазкур янгилик барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан ҳеч ким устун эмаслигини таъминлаш, инсонлар онгига қонунларга ҳурмат ва итоат этиб яшаш лозимлигини сингдириш, умуман олганда, давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мус­таҳкам ҳуқуқий асос бўлади. Шунинг­дек, бу ҳолат Ўзбекистоннинг “Ҳуқуқ устуворлиги индекси”, “Жаҳон мамлакатлари демократияси индекси” каби халқаро нуфузли рейтингларда ўрнини яхшиланишига имкон беради. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланмоқда. Ўлим жазосини тақиқлаш конституциявий даражада белгиланиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.

Бундан ташқари, шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб туриш мумкин эмаслиги белгиланяпти. Яъни, шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт. Ушбу қоида тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилгандир. Бу орқали халқаро эъти­роф этилган “Хабеас корпус” институтини қўлланиш кўлами янада кенгаяди.

“Хабеас корпус” жиноий таъқибга учраган фуқаронинг адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқи ҳисобланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш, лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида қўллашни жорий қилиниши ўз навбатида суднинг мус­тақиллиги, холислиги ва беғаразлигини таъминлашни, жиноят процессида тортишув принципини кучайтиришни назарда тутади.

Қамоқ эҳтиёт чорасинининг судлар томонидан қўлланилиши амалиётини келтирадиган бўлсак, 2022 йилда тергов органларидан судларга келиб тушган жами 24 мингдан зиёд илтимосномадан 23,5 мингтаси қаноатлантирилган, 480 дан ортиғи эса рад этилган, яъни 480 нафардан ошиқ шахсга нисбатан асоссиз равишда қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилишининг олди олинган.

2022 йилнинг 20 июнь куни Президентимиз Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нутқида “Хабеас корпус” институтини ривож­лантириш зарур. … Бу ҳақдаги муҳим нормани ҳам Асосий қонунимизда акс эттиришимиз зарур. Бундай қоидалар инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинлик­лари – олий қадрият деган эзгу тамойилга ҳар томонлама мос келади”, деб таъкидлади. Шунинг­дек, илк бор шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши кераклиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси”), сукут сақлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон хабарлари ҳамда бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда. Бундай ҳуқуқларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгилаб қўйилмоқда.

Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлилиги белгиланяпти. Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти шундаки, фуқаролар ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини, ўзгалар ҳуқуқларини буз­маган ҳолда, мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ягона шарт – бу фуқаролар томонидан ўзини ҳимоя қилишда қўлланиладиган усуллар ёки чораларнинг қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бўлишидир. Шу мақсадда, Янги таҳрирдаги Конституциямизда “Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас”, деган инсонпарвар қоидалар мустаҳкамланмоқда.

Янги киритилаётган норманинг аҳамияти шундаки, эски тузумдан мерос бўлиб қолган суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни жазоловчи ёндашувдан инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи ва ҳимояловчи, поймол қилинган ҳуқуқларни тикловчи, рағбатлантирувчи ёндашувга ўзгартиради. Хусусан, жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтиришга, суд-тергов жараёнларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб туришга, шахсни асоссиз ҳибсга олиниши ҳолатларини бартараф этишга, шу орқали инсоннинг озодлигини чеклаш билан боғлиқ бўлган хатоларга йўл қуйилмаслигига ҳамда халқимизнинг судларга бўлган қатъий ишончини оширишга хизмат қилади.
Умиджон СУЛАЙМОНОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Tegishli xabarlar

КИМ КИМНИ АЛДАЯПТИ? Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаровга очиқ хат

admin

Сайловлар янгича тизимда ўтади

admin

ОСТОНА САММИТИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАШАББУСЛАРИ

admin